Аҳмад Лутфий Қозончи
Рамода йили
Бир йили Мадинада кучли қурғоқчилик бўлди. Осмондан бир томчи ёмғир ёғмас, шунинг учун ҳосил ҳам кам эди. Очарчилик оғир тош каби ҳар ёқни эза бошлади.
Ҳатто ёввойи ҳайвонлар ҳам озиқ излаб, одамларнинг ёнигача келди.
Эсаётган шамол кулранг тупроқни ҳавога тўзғитарди. Одамлар ўша йилни «Омур-рамода» (кул йили) деб атадилар. Ҳаёт беҳаловат бўлиб қолди. Бу ҳаловатсизликни кўрган Ҳазрати Умар ёмғир ёғиб, одамлар қайта жонлангунга қадар гўшт, сут, ёғ кабиларни емасликка қасам ичди.
Қасамида собит турган Ҳазрати Умар анча заифлашиб қолди. Юзидаги қизиллик йўқолиб, сарғайиб кетди. Кўрган одам танимас даражада ўзгарди. Бир оз муддат ўтиб, атрофдагилар Ҳазрати Умарнинг ҳаётидан хавфсирай бошлашди. (Ибн Касир, “Ал-бидоя”)
Жойлардаги волийларга мактуб жўнатилиб, Мадинадаги аҳвол маълум қилинди ва зудлик билан ёрдам юборишлари сўралди. Рамода йилининг чидаб бўлмас очарчилиги бошланган замон, чор-атрофдаги кўчманчиларга ҳам ўлим хавфи туғилиб, Мадинага келдилар. Ваҳоланки, пойтахтдаги аҳвол ҳам дуруст эмасди. Ҳазрати Умар уларнинг қийналаётганини кўриб, эзилар ва кўпинча кетма-кет рўза тутиб, оқшом озгина зайтун мойи ва қотган нон ейиш билан чекланарди.
Бир кун туя сўйишиб, гўштини одамларга тарқатишди. Ўша туянинг пишган этидан озгина Умарга ҳам келтиришди.
— Нима бу?
— Бугун сўйилган туя гўштидан сизга ҳам олиб келдик.
— Бу қанақаси? Одамлар очликдан ўлсин-у, мен туянинг энг ширин жойларини паққос тушириб ўтирайми? Унда ростдан ҳам ёмон ҳоким бўлиб қоламан-ку. Олиб кет лаганни. Йарфа! Ейишга бошқа нарса олиб кел.
Ҳазрати Умарга яна суви қочган нон ва зайтун мойи келтирилди. Нонни олиб, уни эзғилади ва устига озгина зайтундан қўшди.
Ҳазрати Умар емишни қўлида ушлаб бир неча сония ўйланиб қолди, сўнг яна:
— Йарфа, — деди.
— Лаббай, мўминлар амири!
— Манави емишни Самғ оиласига олиб бор. Уч кундан бери уларнинг олдиларига киролмадим, ҳойнаҳой, ейишга нарсалари қолмаган.
Йарфа ликобни олиб чиқиб кетди.
Ҳазрати Умар эртанги рўзани ҳам сахарликсиз тутадиган бўлди, ҳолбуки, бу таом бугунги рўзаларини очиш учун келтирилган эди. (Ибн Саъд, “Табақот”)
Ҳазрати Умар хуфтонни ўқиб бўлиб, хонасига кириб кетар, соатлаб намоз ўқир эди. Йиғлаб туриб гоҳ-гоҳ «Аллоҳим, уммати Муҳаммадни менинг қўл остимда ҳалок қилма», деб дуо қиларди. (Ибн Саъд, “Табақот”)
Ўша кунлари айланишга миниб чиққан оти йўлда бўшанди. Ҳазрати Умар ҳайвон ахлатида арпа доналарини кўриб қолиб, ғалати бўлиб кетди.
«Кизиқ, одамлар очликдан ўляпти, бу ҳайвон эеа, арпа ейди. Йўқ, одамлар ҳаётга қайтиб, ўзларига келмагунича сени минмайман». Шундай деб йўлида давом этди. (Ибн Саъд, “Табақот”)
Бир кун олдига қўйилган таомни бадавий билан бирга едн. Таом ҳар доимгидек зайтун мойи ва қотган нон эди. Бадавий мойга нонни кўпроқ ботириб олишга ҳаракат қиларди.
— Мой ўзи озроқ, — деди халифа.
— Мўминлар амири, анчадан бери мой нималигини билмайман.
Бадавийнинг жавоби Ҳазрати Умарга қаттиқ таъсир қилди.
Шу кундан эътиборан, нонга қўшиб ейиладиган озгина мой ҳам дастурхонга қўйилмайдиган бўлди. Ҳазрати Умар баъзан қоринлари ғулдураб қолганда, уни уриб:
— Одамлар яна ҳаётга қайтгунларига қадар сенга бошқа овқат йўқ. Бекорга шовқин солаверма,— деб қўярди. (Ибн Саъд, “Табақот”)
* * *
Бир куни Ҳазрати Умарни икки елкасига иккита халта ортиб олган ҳолда кўришди. Халталарга ун солинган эди. Қўлидаги кўзада ёғ. Қўли эса, ёнида борарди. Уларни танимаган одам Ҳазрати Умарни Асламнинг нарсаларини олиб кетаётган хизматкор деб ўйларди.
— Қаерлардан келяпсан, Абу Ҳурайра?
— Бир жойдан.
— Мен билан юр!
Абу Ҳурайра ҳам уларга кўшилди ва юкни бўлишиб олди. Сирор деган жойга етиб келганида, йигирматача тикланган чодирга кўзлари тушди. Чодирдагиларга яқинлашиб, салом беришди.
— Нега буёққа келдинглар?
— Очлик олиб келди бизни.
Кейин одамлар ўлган ҳайвон терисини пишириб, суякларни қайнатиб, ивитиб ейишаётганини айтиб беришди.
Ҳазрати Умар ридоларини ечиб, уларга овкат пиширишга киришди ва аёлларга:
— Сув илимасидан унни солманглар. Кейин оз-оздан қўшинглар ва капгир билан аралаштиринглар. Шунақа қилмасангиз, ун тўппа бўлиб қолади, — деди.
Ҳазрати Умар уларни тўйдириб бўлгач, Асламга етарлича туя келтиришни буюрди. Туяларга ҳаммаларини миндириб, Жаббона деган жойга олиб келди.
Очарчилик тугагунча, уларнинг ёнига келиб, аҳволларидан хабар олиб турди. (Ибн Саъд, “Табақот”)
Ҳазрати Умар бир кун уйдан чиқаётиб, фарзандларидан бирининг қўлида қовун кўриб, жаҳли чиқди:
— Бу нимаси? Муҳаммаднинг уммати очликдан ўляпти. Сен бўлсанг қовун еяпсан?
Отасидан гап эшитган бола уйга отилди. Ортидан уйга кирган Ҳазрати Умар:
— Қовунни қаердан олди? — деб сўради.
— Хурмога алишган эдим.
Буни эшитиб, Ҳазрати Умар ҳовуридан тушди. (Ибн Саъд, “Табақот”)
* * *
Очарчилик кунларининг бирида Ҳазрати Умар Мадина кўчаларини айланаркан, чанқаб келди ва сув сўраб бир эшикни тақиллатди. Халифани танимаган уй эгаси бир пиёла шарбат кўтариб чиқди.
— Бу нима?
— Асал шарбати.
Ҳазрати Умар қўлларини пиёлага узатолмади ҳам. Зеро, одамлар очликдан ўлаётган бир пайтда асал шарбати ичишга виждони йўл қўймади.
— Худо ҳаққи, киёмат куни ҳисобини берадиган ҳеч нарса ичмайман, — деди.
Кейин хонадон соҳиби сув олиб чиқди. Ҳазрати Умар сувни ичиб, «Аллоҳим, бизни очарчиликдан маҳв этиб, ичимиздаги бу балони даф қил», дея дуо қилди.
Ҳазрати Умар асалнинг мубоҳлиги, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асал шарбатини севиб истеъмол қилишларини биларди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўшниси оч бўлатуриб, тўқ қорни билан тонг оттирган одам биздан эмас», деганлари у кишининг ёдида. Шу кунларда у зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу муборак сўзларини бот-бот эсларди.
Ҳазрати Умар уйқуга ётаркан, мўминлар очлигини ўйлар, уйғонганларида ҳам хаёлларини биринчи бўлиб, яна ўша очарчилик банд этар эди. Ҳазрати Умар Рамода йилида қаттиқ имтиҳондан ўтаётган эди. Ҳеч ким у киши чидаётган нарсага чидолмасди.
Бир куни Мадина кўчаларида айланиб юрганида, қули Аслам кўпчилик айтаётган бир гапни Ҳазрати Умарга айтиб юборди: «Бу бало мўминлар амирининг бошига етади». Бу бор гап эди. Қўл остидагиларга бўлган мурувват ва шафқат туфайли у зот кеча билан кундузнинг фарқига бормай қолди. Ранглари синиқиб, қарашлари ўзгарди. Баъзан тунда масжидга келганлар халифанинг хазин овоз билан дуо қилиб ўтирганларига гувоҳ бўлардилар: «Аллоҳим, бизни очарчиликда халок қилма, бу балони устимиздан даф эт!» Қоронғулик буюк ва одил зотнинг кўз ёшларини яширса-да, товушидаи унинг йиғиси қалбдан чиқаётгани сезилиб турарди. Мусулмонларнинг дардларига шерик бўлмаган инсон ҳақиқий мусулмон бўлолмаслиги яна бир бор намоён бўлди.
* * *
Мадинага биринчи бўлиб, Абу Убайда ибн Жарроҳ ёрдам келтирди. Келтирилган озиқ-овқат тўрт минг туяга юкланган эди.
Ҳазрати Умар ўзида йўқ хурсанд. У киши ҳаётдан мамнун ҳолда енгил нафас оларкан, кўзларида ўт чақнарди.
— Ташаккур, Абу Убайда. Буларни ўзинг тарқатишингни истайман.
Абу Убайда Мадина аҳли ва унинг атрофидагиларга олиб келган нарсаларини тарқатди. Ишни битиргач, хайрлашиш учун Ҳазрати Умарнинг ҳузурига келди.
— Аллоҳ рози бўлсин, Абу Убайда, сенга оқ йўл тилайман, — деб олдиндан тайёрлаб кўйилган пул халтасини узатди.
— Бу нима, Умар?
— Тўрт минг дирҳамлик мукофот.
— Йўқ, буни ололмайман. Мен бу ишни фақат Аллоҳ ризосини кўзлаб қилдим. Дунё молини бериб, ниятимни бузма.
— Олавер, ахир сен тамаъ қилмагансан-ку. Шунинг учун узринг қабул эмас.
— Узримни қабул қил.
Ҳазрати Умар унамади:
— Оласан. Чунки худди шундай воқеа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳн ва саллам билан ўртамизда бўлган. Мен олиш ниятим йўқ эди. Лекин у зот тамаъ қилмай ва кўз тикмаган ҳолда олиш мумкинлигини айтган эдилар.
Абу Убайда пулни олди, лекин бундан қувончи ортмади. Кейин тўрт минг дирҳамлик бўлгани учун эмас, самимий туйғулар соҳиби бўлгани учун Аллоҳга ҳамд айтиб, йўлга чиқди Абу Убайда келаётганда Раббул оламийн ризосини истаб йўлга чиқкан эди. Ҳозир ҳам кўнглида Аллоҳ ризосидан ўзга талаб йўқ эди. (“Тарихи Табарий”)
Абу Убайдадан кейин кетма-кет Мадинага ёрдам карвонлари етиб келди. Ниҳоят, одамлар эркин нафас олиб, юзларига табассум югурди. Бироқ ҳануз кўкда бир парча булут кўринмас, ёмғир ёғай демасди.
* * *
Бошқа шаҳарлардан келган ёрдам Мадннага кирмай туриб, давлат кўриғига олинди, чунки оч қолган одамлар карвонни талаб кетишлари мумкин эди. Ҳазрати Умар қўлларидан келганча бемор ва хасталарни зиёрат қиларди, баъзида ўнлаб жанозаларга дуч келиб, титраб кетарди. (Ибн Саъд, “Табақот”)
* * *
Бир кун Ҳазрати Умар шом намозидан кейин минбарга кўтарилиб, жамоатга юзланди:
— Эй одамлар! Раббингизга истиғфор айтиб, гуноҳларингизга тавба қилинг. Унинг карамидан умид узманг. Ундан раҳмат ёмғири сўраб, азоб ёмғиридан сақлашини илтижо қилинг.
Жамоат бу тавсияларни бир неча бор эшитди. (“Тарихи Табарий”)
Охири бир кун Ҳазрати Умар ёмғир сўраш учун Мадина аҳлини шаҳар ташқарисидаги намозгоҳда йиғилишни буюрди. Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Аббос билан етиб келди. Келиб, икки ракъат намоз ўқиди ва:
— Аллоҳим, ёмғир ёғдир,— дея ёлвора бошлади. Бир қўллари билан Аббоснинг қўлини ушлаб олган, кўзларидан эса шашқатор ёш оқар эди. Эгнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳирқалари бор эди. Бир оз ўтиб уни ечди, теридан тикилган кийимни кийиб, қўлларини дуога кўтарди:
— Аллоҳим, Пайғамбарнинг амакиси ҳурмати ёмғир ёғдиришингни сўраймиз. Бу балони бошимиздан даф қил!
Ҳазрати Умарнинг ёнида Аббос ҳам йиғлаб дуо қиларди.
Узундан-узоқ қилинган дуодан кейин халқ Мадинага қайтди. Умид ва тушкунликка тўла бир неча кун ўтди. Ниҳоят, узокдан кўринган булутлар одамлардаги тушкунликни бир зумда тарқатиб юборди. Булутлар тобора яқинлашиб, Мадина тепасига келганда, тиллар шукр ва ҳамду сано айта бошлади. Зеро, орзиқиб кутилган ёмғир ёғаётган эди.
Емғир кутилган натижани бериб, ер сувга қонди. Кўнгли хотиржам бўлган Ҳазрати Умар бадавийларга: «Қани, энди юртингизга қайтинг», деди.
* * *
Ҳазрати Умар очарчилик йилида закот йиғмади, чунки ортиқча молнинг ўзи йўқ эди. Ўғриларга ҳам жазо берилмади, сабаби, ўғирлик очликдан ўлмаслик учун қилинган эди.
Жизя – хирож
Савод вилояти (Куфа ва Басра ўртасида ерлар) фатҳ этилгач, бу ерлар қай тариқа тақсим этилиши баҳсга айланди. Кўпчиликнинг фикрича, Савод ерлари фатҳда қатнашган ғозийларга бўлиб берилиши керак эди. Ҳазрати Умар эса, «Ер халқ қўлида қолдирилиб, жизя ва хирож ундирилсин», деган фикрни билдирди. Чунки шундай қилинсагина, келажак авлодга ҳам фойдали бўларди, аксинча, ғозийлар ва уларнинг фарзандлари бу ерларга эга бўлиб, бошқа мўминларга ҳеч нарса қолмас эди.
Қолганлар: «Модомики, ғозийлар бу тупроқни қон тўкиб, жон бериб қўлга киритган эканлар, демак, у ерларга ўзлари эгалик қилишлари керак. Бир жойда ўтириб, фақат уларнинг ҳаққига дуо қилиш билан чекланган одамларнинг у ерларда қандай ҳақлари бўлиши мумкин? Сиз уларга ўзлари фатҳ этган ерларни бермай зулм қиляпсиз», деган фикрни айтдилар. (“Китобул хараж”)
Ҳолбуки, Ҳазрати Умар учун зулм бутунлай бегона нарса эди. Тўғри Ҳазрати Умар хато қилиши мумкин, лекин билатуриб бир инсоннинг ҳаққини бермаслик у кишининг хаёлига ҳам келмасди. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло ҳақиқат ва рост гапни Умарнинг тилига ёпиштириб кўйган» (Ибн Можа, “Муқаддима”), деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна Ҳазрати Умар ҳақида: «Умар бир йўлдан юрса, шайтон бошқа йўлдан юради», деган эдилар. (Бухорий, “Фазоилу асҳабун-набий”)
Ҳазрати Умар бу гапларнинг нақадар тўғрилигини бир неча бор исботлаб берган. Бундан буён ҳам шу тамойилга амал қилиб: «Инсоният тарихининг тирик адолат биноси», деган эътирофга сазовор бўлди.
Умар эътироз билдирганларга:
— Бу ерларни олиб, бошқаларни ҳайдаб юборсам, чиндан ҳам зулм қилган бўламан. Кўриб турганингиздек, Аллоҳнинг амри билан ғаниматнинг бешдан бирини олдим. Қолган қисмини улар ўртасида тақсимладим. Ушбу ерлар фатҳ қилингандан кейин шаҳар мудофаа ва муҳофазаси учун қўшин бириктирилиши ва уларга маош тўланиши керак. Шунинг учун маҳаллий аҳолидан жизя ва хирож ундирамиз, ўша маблағни мудофаа ва муҳофаза учун сарфлаймиз. Агар сизнинг айтганингизни қилсам, унда қайси қўшин билан у ерни мудофаа қиламиз, уларга қаердан маош топиб берамиз, — деди. Лекин улар қулоқ солишмади.
Охири Ҳазрати Умар юраклари сиқилиб, дуога қўл кўтарди:
— Аллоҳим, Билол ва унинг шерикларининг ҳақини билдир. (“Китобул хараж”)
Кейин Хашр сурасидаги фатҳ этилган ерлар кимларга тегишли эканини бнлдирувчи оятларни ўқиди.
Оятларни ўқиб бўлиб, Ҳазрати Умар гапларида давом этди:
— Ўша ерларни бугун уларга тақсимлаб берсак, Аллоҳнинг оятидаги «Улардан кейин келган…» дейилган одамларга нима қолади? Уларнинг ҳақини ким беради?
Сўнгги савол жавобсиз келди, шу билан бирга эътироз ҳам тинди. Кейин Ҳазрати Умар ерни ўлчаб, адолат билан солиқ тайинладн ва тадбирли одам борми деб, сўради.
— Бу ишни Усмон ибн Ҳунайф эплайди, — дейишди.
Умар уни чақиришни буюрди.
Шундай қилиб, солиқ йиғиш вазифаси Усмон ибн Ҳунайф билан Ҳузайфа ибн Ямонга топширилди. Ҳазрати Умар уларга адолат билан иш юритишни уқдирди. Шу тариқа икки-ўртоқ йўлга тушди. Усмон Дажла дарёсининг бу тарафига, Ҳузайфа нариги тарафнга йўл олди. Солиқлар миқдори ўша пайтда ер ўлчов бирлиги бўлган жарибга нисбатан белгиланди. Усмон бир жариб узумзорга йилига ўн дирҳам, хурмозорга саккиз дирҳам, шакарқамиш даласига олти дирҳам миқдорида солиқ белгилади. Шунингдек, ҳар бир жариб буғдой даласидан тўрт дирҳам, арпа даласидан икки дирҳам солиқ олинишини тасдиқлади.
Бу солиқнинг номи хирож эди. Киши бошига тўланадиган солиқлар белгиланаётганда, аёллар ва ёш болалар ҳисобга олинмадилар. Эркаклар эса, даромадларига қараб уч тоифага бўлинди. Юқори табақадаги эркаклар қирқ саккиз дирҳам, ўртаҳоллар йигирма тўрт, куйи табақадагилар эса ўн икки дирҳам бериши белгилаб қўйилди. Бу солиқнинг номи жизя эди.
Ҳазрати Умар берилган вазифани бажариб ортга қайтган икки дўстни ҳузурига чорлади:
— Умид қиламанки, сиз маҳаллий аҳолига имкониятлари даражасидаги миқдорни белгилагансиз.
Бу гапни айтишдан мақсад эртага ҳисобини бериб бўлмайдиган адолатсизликнинг олдини олиш эди. Зеро, у кишининг мақсадлари давлат хазинасини тошириб-тўлдириш эмасди.
Усмон:
— Мен одамлар ҳамма вақт тўлай оладиган даражада солиқ белгиладим. Белгиланган миқдордан ҳам кўпроқ тайинласам бўларди, лекин адолат бўлмасди. Баъзи шароити ёмон фуқароларни соликдан озод қилдим, — деди.
Ҳузайфа ҳам шеригининг гапларини қайтариб, қўшиб қўйди:
— Уларнинг кўпчилигига ҳиммат қилиб, солик, тўлашдан озод қилдим.
Ҳазрати Умар ортиқ савол бермади. Кейинчалик гоҳ-гоҳида Ҳузайфа билан ҳам, Усмон билан ҳам шу мавзуда суҳбатлашиб, имконият даражасидан ташқари миқдорда солиқ олмасликни бот-бот уқтириб турди. Ҳазрати Умар шаҳид қилинишидан тўрт кун аввал улар билан шу мавзуда гаплашиб: «Халифа бўлиб турсам, ироқлик беваларни мендан кейин келадиган халифага муҳтож бўлмайдиган даражада таъминлаб қўйишни ўйлаяпман», деган эди.
Шом, Басра ва Куфа ҳокимлари Ҳазрати Умардан энг ишончли, энг яхши деб билган бир вакилни Мадинага юбориш ҳақида буйруқ олдилар. Ҳокимлар одамларни масжидга тўплаб, халифанинг амрини етказишди. Шомликлар Маън ибн Язидни, Куфа халқи Усмон ибн Фарқодни, басраликлар эса Ҳажжож ибн Аллатни танладилар. Учовлон нега чақирилганларидан бехабар ҳолатда Мадинага йўл олди. Диққатга сазовор жойи учови ҳам Бани Салама қабиласидан эди. Мадинага етиб келишгач, Ҳазрати Умар уларни қаршисига ўтқазиб:
— Сизларни солиқ йиғувчи этиб тайинламоқчиман. Зулмдан, одамларнинг энг яхши молларини олишдан йироқ бўлинглар, уйда сути ёки гўшти учун боқилаётган ва бўғоз қўй-эчқиларни олманглар. Насл олишга боқилаётган қўчқорларга ҳам тегманглар. Қари, кичик жуссали ҳайвонлардан олинглар. Семиз, наслдор ҳайвонларни олманглар, — деди.
Бу тавсиялар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоби киромга қолдирган билим ва тавсияларига асосланган эди. У зот закот йиғувчиларга бу йўлда баъзи нарсаларни тайинлаган эди. Хусусан, Яманга волий бўлиб жўнаётган Муоз ибн Жабалга «Одамларнинг энг яхши молларини олишдан йироқ бўл», деганлари ҳанузгача Умарнинг қулоқлари остида жаранглаб турарди. (“Китобул хараж”)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни закот йиғувчилардан бири семиз ва етилиб турган туяларни олиб келганини кўриб:
— Ўзингни ҳам, закот берганни ҳам маҳв этдинг, — дега лекин ҳалиги одам:
— Расулуллоҳ мен буларнинг ҳар бирини иккита озғин эвазига олдим, — деганидан сўнг, у зот:
— У ҳолда зарари йўқ — деб хурсанд бўлган эдилар.
Расулуллоҳнинг закот йиғаётганда мол эгаларининг манфаатларига бу қадар эътиборли бўлишлари саҳобийларда қуйидаги фикрнинг туғилишига сабаб бўлди: «Закот олаётганда ҳаддидан ошган ва мол эгасининг энг қимматли молини олган инсон закотга тўсиқ бўлган билан баробардир». (“Китобул хараж”)
* * *
Шом, Куфа ва Басрадан энг ишончли одамлар сифатида чақирилган вакиллар халифанинг ўгитларини қулоқларига қуйиб олиб, Мадинадан чиқдилар. Шаҳарларига етиб келгач, волийлар уларга ёрдамчи берди ва Усмон ибн Ҳунайф билан Ҳузайфа ибн Ямон белгилаб кетган солиқларни йиғиб олишди. Тўпланган пуллар дарҳол Мадинага жўнатилди. Ҳазрати Умар яна Куфа ва Басрадан ўн киши чақиртирди. Ҳар икки шаҳардан иккитадан тўрт киши халифа ҳузурига кириб чиқди.
Ҳазрати Умар:
— Закот ва зиммийлардан олинаётган бошқа солиқларда адолатсизликка йўл қўйилмаяптими? Бу ҳақда нима дейсиз? — деб сўради.
Бу саволни беришдан мақсад олдиндан белгиланган миқдордан ортиқ олинмаяптими, солиқ тўлаётганлар молларининг энг яхшисини беришга мажбур қилинмаяптими, шуларни билиш эди. Савол ортида «Билмасдан ҳам хато қилиб қўйманг. Давлатни ўйланг. Амирул мўминин ҳақида нотўғри фикр уйғотадиган гапларни гапирманг», деган ният йўқ эди.
У зотнинг нияти зулм ёки ноҳақликка йўл қўйилган бўлса, адолат қилиб, ҳақни эгасига қайтариш эди. Ҳазрати Умар уларнинг ростгўй бўлишлари ва бўлаётган воқеаларни аслидагидек етказишларини талаб қилди.
—Йўқ мўминлар амири, адолатсизлик бўляпти, дея олмаймиз.
Ҳазрати Умар аввал илк тўрт киши билан суҳ6атлашиб, кейин бошқаларни чақирди. Уларга ҳам юқоридаги саволларни берди. Қолганлар ҳам шерикларининг гапини такрорлади. Шу тариқа халифа келганларнинг барчаси билан шу мавзуда суҳбатлашиб чиқди. Бу мисли кўрилмаган воқеа эди. Давлат раҳбари воқеалар ривожини шахсан кузатиб, ўз халқи олдида ҳисобот берар эди. Ўз навбатида, бу ҳол халқнинг ҳам давлатга бўлган ишончини орттирарди.
Ҳазрати Умар бир куни семиз, катта елинли қўйни кўриб қолди.
— Бу ҳам закотга олиндими?
— Қўй эгаси уни ўзи рози бўлиб бермаган бўлса керак. Одатардан молларини тортиб олманг,— деди.
* * *
Кунларнинг бирида Мадинага Тағлиб қабиласидан бўлган одам келди. Уст-бошидан унинг мусулмон эмаслиги кўриниб турарди. У халифани қаердан топишни сўради ва одамлар айтган жойга йўл олди. Ҳазрати Умар бадавийни кўриб:
— Гапир дардингни, — деди.
— Мен Тағлиб қабиласиданман. Отимга солиқ тўлаш учун Зиёд ибн Ҳузайрга учрадим. Отимни йигирма минг дирҳамга баҳолади. Кейин: «Истасанг, минг дирҳамни тўла, истасанг, сенга ўн тўққиз минг берайлик-да, отни бизга қолдир», деди. Мен отимни адолат билан йигирма мингга нархлаганлари учун минг дирҳам солиқни тўлаб, у ердан кетдим. Лекин ишларимни битириб, ўша шаҳарга қайтиб борсам, яна солиқ тўлашни талаб қилишди. Уларга отимнинг солиғини тўлаб бўлганимни айтсам ҳам, унашмади. Вазиятни ўзингизга тушунтириб бериш учун бу ёққа келдим.
Ҳазрати Умар бадавийнинг гапларини эшитиб хафа бўлиб: — Битта отдан икки марта солиқ олинмайди-ку! — деди. Ҳалиги одам у зотнинг: «Дарҳол буйруқ ёз. Бу одамнинг ҳаққига хиёнат қилинмасин», дейишини кутди. Лекин Ҳазрати Умар индамай, яна ўз ишлари билан машғул бўлди. Тағлиблик киши халифа ҳузуридан чиқаркан, келганига афсусланди. Буёғи борадиган жойи, шикоят қиладиган одами йўқ эди. У энди шунча йўл босиб келганига куйсинми ёки ноҳақлик туфайли тўлайдиган минг дирҳамигами? Йўлда кетаркан, ўзига ўзи «Одил халифа деганлари шу бўлса, золими қандай бўларкан?» деди. Иккинчи марта отига солиқ тўлаш учун Зиёднинг олдига борди. Зиёд эса жавобан шундай деди:
— Ол пулингни. Сен аввалроқ солиқ тўлаган эдинг. Бадавий севиниб кетди.
— Ўзингиз икки марта олмоқчи эдингиз-ку!
— Тўғри, лекин халифадан келган буйруққа кўра, бир йил ўтмай туриб, иккинчи марта солиқ олиш мумкин эмас. Ундан кейин, сендан узр сўраймиз.
Тағлиблик ҳаммасини тушунди. «Халифа кўп гапиргандан кўра, амалда қилишни афзал биладиган одам экан.
Ҳазрати Умар вақтни бой бермасдан юқоридаги амрни юбориб, бу одам етиб келмасдан Зиёдни огоҳлантирган эди. Ҳолбуки, ўша пайт Ҳазрати Умар: «Сен насрониймисан? Тўлайвер», дейиши мумкин эди. Ҳозир бир кўнгил забт этилди. Ким билади, бу адолат яна қанча кўнгилларни ўзига ром этган? Бадавий қисқа фурсатда бир қарорга келди:
— Мен халифанинг динига кириш учун нима қилишим керак?
У айтилганидек аввал ғусл қилди, кейин шаҳодат калималарини айтиб, икки ракъат намоз ўқиди.
* * *
Ҳазрати Умар одатига кўра Мадинани айланаркан, бир тиланчини учратди. Бечора қариб, кўзлари кўр бўлиб қолган эди. Ҳазрати Умар чаққон бориб, унинг билагидан олди:
— Тўхта-чи, биродар, қайси диндасан?
— Яҳудийман. Ўзинг кимсан, нега сўраяпсан?
— Мен Умар ибн Ҳаттобман. Қани айт-чи, не сабабдан тиланчилик қилиб юрибсан?
— Шунга мажбурман. Акс ҳолда, гарданимдаги жизяни тўлашга қурбим етмайди.
— Мен билан юр!
Ҳазрати Умар тиланчини олдига солиб, уйига олиб келди. Унинг қорнини тўйғазди ва қўлига садақа қилиб, озгина пул ҳам тутқазди. Тиланчини кузатиб қўяркан, Ҳзрати Умар унинг ёнига бир одамни қўшиб, Байтулмолга юборди ва:
— Бу одам ва шу кабилардан хабар олиб туринглар. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйсак, инсофдан бўлмайди, — деб тайинлади. Бундан буён қария фақирлардан солиқ олмасликни буюрди.
Бир куни Тоифдан мактуб келтирдилар: «Асаларичилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тўлаган солиқларини бизга тўлашмаяпти, устига устак қутиларини қўриқлашимизни ҳам талаб қилишяпти».
Ҳазрати Умар уларга қуйидагича жавоб ёзди: «Улар Расулуллоҳга ўн меш асалдан бир мешини солиқ сифатида тўлар эдилар. Агар улар шуни тўлашда давом этмасалар, сиз уларнинг қутиларини қўриқлашингиз шарт эмас».
* * *
Ҳазрати Умар Басрага сув келтиришга Маъқул ибн Ясорни масъул қилиб тайинлади. Режага кўра, дарёдан анҳор қазилиб, ҳам ичишга, ҳам суғоришга сув келтирилиши лозим эди. Анҳор қазилди. Бу ҳашарда, айниқса, волий Абу Мусонинг вакили Зиёд бин Убайд жонбозлик кўрсатди, кўп меҳнат қилди. Анҳорнинг дарёга уланадиган жойини қазиб, сувни очиб юбориш Маъқул ибн Ясорга топширилди.
Ҳазрати Абу Бакрнинг ўғли сувнинг оқиш тезлигини ўлчаш учун отга миниб кутиб турди. Анҳор очилиши билан у ҳам отини ниқтади. Шамолдек елаётган от шиддат билан оқаётган сув билан ёнма-ён кетаётгандек эди. Одамлар бу ҳолатни завқу шавқ билан кузатиб турарди.
Анҳорга «Маъқул ариғи» деб ном берилди. (Ибн Саъд, “Табақот”)
Кейинчалик одамлар Зиёднинг анҳор қазишдаги жонбозликларини унутдилар. Ўшандан кейин Зиёд бир одамнинг қўлига минг дирҳам пул бериб, анҳор бўйлаб одамлардан унинг номини сўраб чиқишни буюрди. Ким: «Бу Зиёднинг ариғи», дейдиган бўлса, унга ўша пуллар бериларди. Афсуски, халқ орасида ҳеч ким Зиёд кутган жавобни бермади.
Ислом оламида янги қози
Ҳазрати Умар бир от сотиб олди. Уни синаб кўриш учун бир одамга берди. Синалаёттан от югурган маҳалда қоқилиб, шикастланди. Ҳазрати Умар отни эгасига қайтармоқчи бўлди, чунки савдолашилаётганда «ёқмаса олмайсиз» деган келишув бор эди. Лекин отнинг эгаси унамади: «Мен отни берганимда, у соппа-соғ эди», деди. Икковлари ўртасида тортишув юзага келгани боис, кимдир масалани ҳал қилиб бериши керак эди.
— Майли, ўртадаги масалани ҳал қилишга одам тайинлай қол. От эгаси бу таклифни бажону дил қабул қилди.
— Мен ироқлик Шурайҳнинг ҳукм чиқаришини истайман.
Ҳазрати Умар, бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир неча саҳобалари бор, нега улардан бирини танламадинг, демади.
Умрида биринчи маротаба кўриб турган бу кўса киши олдига даъвогар сифатида ўтирди. Исми Шурайҳ бўлган бу одам икки тарафни ҳам диққат билан тинглади. Сўнг:
— Агар сотган одам синашга рози бўлиб, воқеалар ривожи шундай тус олган бўлса, унда унинг даъво қилишга ҳаққи йўқ. От унинг рухсатисиз синаб кўрилган бўлса, унда зарарни қоплаш харидорнинг бўйнига тушади, яъни, отни қайтаролмайди, — деб ҳукм чиқарди.
Ҳазрати Умар отни синаш шарти билан олмаган эди. Ҳукм у зотнинг зиддига чиқди.
Бошқа бир ривоятда Шурайҳ Ҳазрати Умарга: «Сиз отни соғ ҳолда олган эдингиз, соғ ҳолда қайтаришингиз керак», деган.
Ҳазрати Умар Шурайҳнинг адолат мезонларига риоя қилиб, ҳар икки тарафни ҳам тинглаб, ҳаққоний ҳукм чиқаришига эътибор берди ва унинг бу хатти-ҳаракатини олқишлади. Шурайҳ ҳукм чиқариб бўлгандан кейин, халифа ўзини танитди ва:
— Сен мен излаган одам экансан. Сени Куфага қози қилиб тайинлайман. Дарҳол вазифангга кириш, — деди. (Мавлоно Шиблий, “Асри саодат”)
Шурайҳ вақтни ўтказмасдан ишга киришди. У бу вазифани эллик уч йил бажарди. Шу давр мобайнида тўлиқ ишончга сазовор бўлди, чунки адолат чизиғидан бир қадам ҳам нари хатламади. Қариб қолгани туфайли ишдан бўшамоқчилигини айтганда ёши юздан ошиб қолган эди. Ҳажжож унинг истеъфосини қабул қилди. Шурайҳ сўнгги кунларини дам олиб ўтказди. У жуда ақлли, ўта ростгўй ва одобли инсон эди. Ҳазрати Али унга: «Сен арабларнинг энг яхши қозисисан», деганида муболаға қилмаган эди. (Мавлоно Шиблий, “Асри саодат”)
Ислом адолатини ўрнатишда унинг ҳам ўзига ярашг ўрни бор эди.
* * *
Бир куни Ҳазрати Умар Шурайҳга мактуб ёзди: «Ҳал қилаётган бирон масаланг борасида, аввало, Аллоҳнинг китобига мурожаат қил, ҳукмни ундан ол. Мабодо, ундан алоқадор ҳукмни топмасанг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқарган ҳукмларга қара. Ундан ҳам топа олмасанг, солиҳ инсонлар ва одил имомларнинг фатволари орасидан қидир. Улардан ҳам фойдалана олмасанг, ихтиёр ўзингда. Истасанг, мен билан кенгаш. Менинг фикримча, бундай ишларни мен билан бамаслаҳат қилганинг маъқул. Саломлар бўлсин сенга, Шурайҳ”. (Ибн Ҳажар, “Ал-исоба”)
* * *
Кунларнинг бирида Убай ибн Каъб билан Ҳазрати Умар ораларида тушунмовчилик келиб чиқди. Улар қозига боришга қарор қилишди. Ҳоким (ҳукм чиқарувчи) Зайд ибн Собит Ҳазрати Умарга нисбатан ҳурмат кўрсатиб:
— Келинг, мўминлар амири, — деб юборди.
Ҳазрати Умар муомаладан ранжиди.
— Бундай муомала ён босишга ва кейинчалик адолатдан четланишга олиб боради. Мен бу ерда Умар ибн Ҳаттобман, — деди.
Ҳеч ким бу маҳкамага бой бериш учун келмайди. Даъвони ютиб чиқиш одамга қувонч бағишлайди. Ҳатто қозини ўз тарафига оғдириб олиш учун жаҳонда қанчадан-қанча чўнтаклар кўриб, қанчадан-қанча поралар берилган. Ҳозир эса, даъвогар ўзига қилинаётган муомаладан истиҳола қилиб, икки тарафга ҳам тенг муносабатда бўлишни талаб этяпти.
Масала баён қилинди. Даъвогар Убай ибн Каъб Ҳазрати Умарни айблаб, ўзининг ҳақлигини исботлашга тиришди.
Зайд унга:
— Ўзингнинг ҳақлигингга далил келтир, — деди. Лекин Убай етарли далил келтиролмаса-да, бўш келмай:
— Унда Умар менинг ноҳақлигимга қасам ичсин, — деди.
Аслида бу гапни қози айтиши керак эди, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Даъвогар далил келтириши керак. Даъвогар далил келтиролмаса, инкор қилувчи қасам ичиб ўзини оқлайди», деган эдилар.
Убайнинг бу таклифи Зайдга ёқмади. Халифага — Ҳазрати Умардек инсонга қарши бундай гапни қабул қилишга виждони йўл қўймади. Динда одоб деган нарса ҳам бор. Ҳазрати Умардек одам қандай шароитда бўлмасин, бировнинг ҳаққига тажовуз қилишлари мумкин эмасди. Анчадан бери танийдигани у зот ҳақни эгасига қайтариш учун бутун умрини сарфлаб, адолатни маҳкам ушлаш учун ҳар қандай жонфидоликларга тайёр эди. Энди Ҳазрати Умарга бундай муомала қилиш тўғри эмасди. Зайд Убайга юзланди:
— Амирул мўмининга қарши бунақа таклиф киритма.
Ҳазрати Умар:
— Сенинг олдингда халифа билан оддий одам бир хил ҳуқуқка эга бўлмагунича ва тенг кўрилмагунича тўғри ҳукм чиқаролмайсан, — деди (Ибн Қаййум Жавзиййа, “Иъламул Муваққинй”).
Бундан кейин маҳкамада нималар содир бўлгани бизга номаълум. Фақат Ҳазрати Умарнинг ўзини бундай тутишини шундай изоҳлаш мумкин: буюк ва одил халифа даъво билан чиқишдан кўра, муҳокама (ҳукм чиқиш жараёни) адолат билан бўлишини кўпроқ истарди.
* * *
Ҳазрати Умар Зайд ибн Собитдан ҳам, Шурайҳдан ҳам илмлироқ эди, уларга устоз бўлишига, ибрат кўрсата олишига шубҳа йўқ эди. Убай билан тортишиб қолган масалани ҳам Зайд чиқарадиган ҳукм ёки Шурайхнинг қозилигисиз ҳал қилишга илми етарди. Аммо даъвони маҳкамада кўриб, у ердаги иш юритиш тарзини назорат қилиш ва қозиларни синаб кўриш ниятида эди. Шу ўринда Ҳазрати Умарнинг шаҳар волийлари ва қозиларига порага муҳтож бўлмайдиган даражада маош тайинлаганларини эслатиш жоиздир. (Мавлоно Шиблий, “Асри саодат”)
* * *
Сўнгра Ҳазрати Умар бозор ва савдо расталарини ҳам қаттиқ назорат остига олди. Катта нарх қўйиб сотиш, тарозидан уриб қолиш ва бошқа нохушликларнинг олдини олиш мақсадида Абдуллоҳ ибн Утбани муҳтасиб (назоратчи) қилиб тайинлади. Абдуллоҳ бу вазифадан ташқари, шахс ва жамият ҳуқуқларини назорат қилиш мақсадида шаҳарни тез-тез тафтиш ҳам қиларди. Масалан, давлат ва жамиятга оид ернинг бир одам томонидан эгалланишига қарши турар, ҳайвонига кўтаролмайдиган юкни ортган ёки бешафқат калтаклаганларга танбеҳ берар, мабодо гапи ўтмаса, Ҳазрати Умарга мурожаат қилиб, ҳақиқатни қарор топтирар эди. Бу мансабда Самра бинти Нахиқ исмли аёл ишлагани ҳам маълум. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ёшлик чоғларида бозор ва савдо расталарини айланиб, шароитни кузатган, керак пайтда қўлидаги асоси билан одамларни жазолаган бу аёл Ҳазрати Умар даврида ҳам ўз ишини давом эттирган.
Ҳазрати Умар инсоний меъёр билан рисоладагидек яшамайдиганлар учун Ислом тарихида илк бор қамоқхона ташкил қилди. У киши яхши иморатга эга бўлган Сафвон ибн Умайянинг уйини тўрт минг дирҳамга сотиб олиб, уни «Жазо ва тавфиқ уйи»га айлантирди. Кейин бошқа шаҳарларга ҳам мактуб ёзиб, худди шундай қилишни буюрди. Мақсад бировни қийнаб, озодликдан махкум қилиш эмас, балки бировларнинг хотиржамлигини бузаётган, ҳурриятларига дахл қилаётганларни тарбиялаш эди. Ундайлар жамиятдан четлатилмаса, зиёнлари кўпайиб кетарди. Бутун шаҳар тинчлигини таъминлаш учун хотиржамликка таҳдид солаётганларни қамоққа тиқишдан ўзга чора йўқ эди.
Авваллари қамоқхоналар фақат жиноятчилар учун эди. Қози Шурайҳ, кейинчалик қарзни тўлашни чўзиб юборганларни ҳам қамади. Бу орада неча марталаб шароб ичган Абу Миҳжан саксон дарра ейишдан ташқари, ҳибсда ҳам ўтириб чиқди. (Мавлоно Шиблий, “Асри саодат”)
Ҳаётда фақат кўсалигидан нолиган Шурайҳ адолатни соқолдан устун қўярди. У кундан-кунга обрўси ортиб, ташаккурларга сазовор бўлди ва буюк инсонлар сафидан жой олди. Вафот этганида эса адолат тимсоли, кучли олим йўқотилганидан одамлар аччиқ кўз ёши тўкдилар.
Номаълум маҳбуб
Ҳазрати Умар кечалари Мадинани айланиб завқ олардилар. Чунки бу шаҳарнинг ҳар бир кўчасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ хотиралари бор эди. Ҳар замонда севимли Пайғамбар билан ўтказган кунларини эслаб, у зотни худди ёнларидагидек ҳис қилардилар. Зеро, севган севилган билан ёнма-ёндир.
Баъзан ой нури ҳам бўлмаган тунларда Умарни ёлғизлатмаган, ўзини унуттирмаган Зот борки, эртага Унинг олдида ҳисоб беради. У Умарнинг шу дамда қандай фикр ва ҳиссиётлар билан айланиб юрганини унинг ўзидан яхши билади. Қудрати чексиз, илми ва раҳмати барчани қамрайдиган Зот севимли Расулига юборган китобида шундай деган: “Қаерда бўлсангизлар ҳам, У сизлар билан биргадир”. (Ҳадид сураси, 4-оятдан)
Қаерда бўлмасин, Аллоҳ билан биргалигини ҳис қилиб турган одамлар орасида Ҳазрати Умарнинг ўзига хос ўринлари бор. Чексиз қудрат соҳиби бўлган буюк Парвардигорга нисбатан бўлган бу тақво ҳеч ким йўқ жойларда Ҳазрати Умарни кўп йиғлатган…
* * *
Шундай ҳислар билан тунда шаҳар айланар эканлар, Ҳазрати Умар бир аёлнинг овозини эшитиб қолдилар:
— Сутга озгина сув қўшайлик, қизим.
— Онажон, амирул мўминин: “Сутга сув қўшманглар”, деган.
— Амирул мўминин бу ерда йўқ. У сенинг нима қилаётганингни ҳам билмайди.
— Сиз ҳақсиз, онажон. Амирул мўминин нима қилаётганимни кўрмаяпти. Лекин Аллоҳ кўриб турибди-ку!
Ҳазрати Умарнинг этлари жимирлаб, кўзларига ёш келди.
Қиз Қуръон тарбиясини олган, Аллоҳдан қўрқув ва Унга муҳаббатни қалбига жо қилган эди. Бунақа қизни кундузи чироқ ёкиб қидириб топиш душвор. Бинобарин, бунақа қизлар учун бор-йўғингни сарфласанг, бу йўлда бир умр тер тўксанг ҳам, кам эди. Инсоният ҳақиқий масъулиятини шундай фикрларга эга бўлибгина билиши мумкин.
Фарзанд онасидан одоб ўрганиши керак, лекин онасига одоб берган бу қиз Ҳазрати Умарнинг тамойилларига роса мос келарди. Чунки одамлар Ҳазрати Умарнинг: “Мен учун энг маҳбуб инсон адолатга зид иш таклиф қилинганида, манфаатли бўлишига қарамасдан, рад эта олган инсондир”, деганларини эшитишган эди. Мана, ўша мафтун бўлган маҳбубни топиб турибдилар. У киши ўзларида йўқ севиниб кетдилар. Дунёда шундай инсонлар борлигидан кўнгиллари кўтарилди.
Онасига танбеҳ берган қиз ташқарида воқеани кузатиб, ҳаққига дуолар қилиб турган ҳалифани сезмадиям.
Ҳазрати Умар шу кеча Қуръоннинг “Қаерда бўлсангизлар ҳам, У сизлар билан биргадир”, оятининг ҳаётдаги тафсирини кўриб, буюк Парвардигорга ҳамду сано айтдилар. Ана шу биргалик ни билиш қоронғу, амир кўрмайдиган жойлардагина билинади.
Ҳазрати Умар овоз соҳибаси кўрмадилар, унинг кимлигини ҳам билолмадилар. Аммо у қиз: “Мўминлар, шак-шубҳасиз, оға-инидирлар” (Ҳужурот сураси, 10-оятдан), оятига кўра, Ҳазрати Умарнинг қариндошидир.
Ўша тун Ҳазрати Умар одмигина ётоқларига ётарканлар, тинимсиз шу оятни такрорлаб, Аллоҳ билан бирга эканини ҳис қилиш қувончини ҳис этдилар ва кўнгилларини кўтарган ўша овозни эшитгандек бўлдилар.
* * *
Эртасига бомдодни ўқиб бўлиб, биринчи қилган ишлари кечаги уйни топиш бўлди. Уй соҳиби у кишини эҳтиром билан қарши олиб, иззат-икром кўрсатди. Ҳазрати Умар даставвал кечаги овоз соҳибаси турмуш қурганми, йўқми шуни сўрадилар.
— У ҳали турмушга чиқмаган, мўминлар амири.
Жавобдан Ҳазрати Умарнинг бошлари кўкка етди. Ҳеч бир тужжор савдо-сотиғидан қанча фойда олса ҳам, бу даражада хурсанд бўлмаса керак.
— Унда кизингни ўғлим Осимга сўрамоқчиман.
— Бош устига. Бу нарса оиламиз учун шарафдир, мўминлар амири. (Абдуллоҳ ибн Абдулҳаким “Сийрати Умар ибн Абдулазиз”.)
* * *
Биз Ҳазрати Умарнинг энг севимли ва жонларидан ортиқ кўрган келинларининг, ҳатто, исмини ҳам билмаймиз. У ҳақда Ҳазрати Умарнинг бошқа хотиралари ҳам бўлиши керак эди. Таассуфки, тарихчилар бу ҳақда етарлича гап айтмаганлар.
Маълум нарса шуки, бу келиннинг Умму Осим Лайло исмли қизи бўлган. Лайло эса, келажакда оламни ўз адолати билан безайдиган яна бир амир Умар билан Абдулазизнинг онасидир. Бошқача қилиб айтганда, Умар ибн Абдулазиз Ҳазрати Умарнинг ўғиллари Осимнинг набирасидир. Ота тарафдан бобоси эса, машҳур Марвон ибн Ҳакимдир. Аллоҳ ҳар нарсага қодир. У бир кун келиб, Марвон билан Ҳакам Умарнинг наслини бирлаштириб, дунёга адолат тимсоли бўлган Умар ибн Абдулазизни берди.
* * *
Абу Бакра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳаётларининг охирги икки йилида танишган эди. У Тоиф камали пайтида Пайғамбаримизнинг: “Биз тарафга ўтган қуллар озод бўлади”, деган эълонларини эшитиб, кечаси қалъадан арқонга осилиб тушган ва мусулмонлар тарафга ўтиб кетган эди. Яна ундан ташқари, Ислом лашкарига сафига саксон нафар қул ҳам қўшилган.
Мўминлар асл исми Нуфай бўлган бу одамни “Абу Бакра” деб чақира бошладилар. Шу тариқа унинг асл исми унутилди, унинг ўзи ҳам “Абу Бакра” деб чақирганларга: “Нега исмим билан чақирмаяпсиз? Ҳар ким ўз номи билан чақирилиши керак”, деб танбеҳ бериб ўтирмади ва бунга кўникиб кетди.
Шу дамгача отаси уни тан олмаган, Мусайянинг ўғли сифатида отасининг уйида қул бўлиб вояга етган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эълонларидан хабар топгач, фурсатни кўлдан бермай, тезда бир қарорга келди. У қалъа деворидан арқонга осилиб, пастга тушаркан, кетидан отаси Ҳорис етиб келди:
— Кетма. Сени ўз номимга оламан. Ўғлим бўласан!
— Энди кеч! — деди у.
Унинг ортидан эргашиб келаётган иниси Нофиъ эса отасининг таклифини қабул қилиб, қалъада қолди. Тунгача Ҳориснинг қули бўлган Нофиъ тонгни унинг ўғли бўлиб оттирди.
Абу Бакра шундан кейин чин мусулмон бўлишга интилди. Отаси ҳам бир йилдан кейин Исломни қабул қилган эса-да, у Расули акрамнинг ёнларида қолишни афзал билди, Тоифга қайтмади. Кейинчалик содир бўлган нохуш воқеалар ҳам Абу Бакранинг иродасини бука олмади.
У Ҳазрати Умар даврларида ота бир синглиси Сафийа ва куёви Утба ибн Ғазвон билан биргаликда Басра шаҳрини қурувчилар гуруҳига қўшилди ва ўша ерда қолиб кетди. Куёви вафот этгач, унинг ўрнига Муғийра ибн Шўъба Басра волийси этиб тайинланди. Лекин Абу Бакра Муғийранинг охирги қилган ишидан қаттиқ хафа бўлди. Чунки…
Бир куни Абу Бакра Нофиъ, Шибл ва Зиёдлар (булар унинг ё она тарафидан, ё ота тарафидан укалари эди) билан суҳбатлашиб ўтираркан, шамол эсиб, дарпардани кўтариб юборди. Абу Бакра уни ёпиш учун ўрнидан турганида, кўзлари катта-катта очилиб кетди. Чунки қарама-қарши уйнинг ҳам дарпардаси кўтарилиб, ичкаридаги бор-йўқ нарса кўзга ташланиб қолган эди.
— Буёққа каранглар! Мен кўраётган нарсани сизлар ҳам кўряпсизлармй?
У ерда Муғийра бир аёл билан қовушиб ётарди.
— Ким у аёл?
— Уми? Умму Жамил.
Умму Жамилнинг эри Ҳажжож ибн Убайд Сақафий ўлган эди.
…Муғийра пешинни ўқиб бериш учун меҳробга йўл олаётганида, Абу Бакра уни тўхтатди:
— Сен бу аҳволинг билан имомликка ўта олмайсан!
— Аҳволимга нима қилибди? Нега ўта олмас эканман?
— Сенинг бир оз олдин нима қилганингни кўрдик, Муғийра! Абу Бакра ишни шундоқ қолдирмади. У Ҳазрати Умарга мактуб ёзиб, Муғийра ибн Шўъбани зино қилаётганини кўргани ва гувоҳлар ҳам борлигини билдирди.
Мактубни олган Ҳазрати Умар, ўз навбатида Абу Мусо Ашъарийга хат жўнатдилар: “Сени шайтон измига солиб болалаган жойга юбормоқдаман. Ўзинг билган шариат аҳкомларига қатъий амал кил, ҳеч нарсани ўзгартирма. Йўқса, Аллоҳ сени ўзгартиради”. Абу Мусо ҳам жавоб хатини ёзиб: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бир-иккитасини қўшиб юборинг. Чунки улар менинг кўз очиб кўрганларим. Улар худди таомнинг тузи кабидирлар. Зеро, тузсиз таомда маза бўлмайди”, деди.
Ҳазрати Умар унинг ўзи истаган саҳобийни олиб кетишига рози бўлдилар.
Абу Мусо Анас ибн Молик, Имрон ибн Ҳусайн, Ҳишом ибн Амр ва бошқалардан иборат 29 кишилик гуруҳ билан Басрага йўл олдилар. Уларнинг қўлларида Муғийра ва Басра халқига ёзилган мактублар бор эди.
* * *
Кутилмаганда Муғийра пойтахтга чақирилиб, Басрага янги волийлар тайинланди. Муғийра Мадинага етиб келиб, Ҳазрати Умар билан кўришди. У устидан шикоят тушганини англади. Изидан Абу Мусо жўнатган гувоҳлар ҳам шаҳарга кириб келишди.
Даставвал, Абу Бакра ўрнидан туриб, Муғийранинг Умму Жамил билан зино килаётганини кўрганини айтди ва қасам ичди. Ундан кейин Нофиъ, Шибл ҳам қасам ичди. Навбат Зиёдга келди. Агар у ҳам тўғри гувоҳлик берса, Муғийрага муҳаққақ жазо тайинланар эди. Муғийра юраги бўғзига келар даражада, хаяжон ичида эди. Бошқалар ҳам қаттиқ хаяжонланарди.
Ҳазрати Умар нима дейишга ҳайрон бўлиб турган йигитчага қараб, уни эшитишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Зиёёд:
— Бир одамни кўрдим, — деб гап бошлаб, унинг зино қилаётгандаги ҳолатини айтиб берди.
Ҳазрати Умар бошқалардан сўраганлари каби ундан ҳам:
— Сурмадоннинг ичига қалам киргани каби аниқ кўрдингми? — деб сўрадилар.
Зиёд акалари қасам ичиб, “Ҳа”, жавобини берган бу саволга у “Йўқ”, деб жавоб берди.
Муғийра терга ботиб, ҳатто бўшаниб юборай деб ўтирарди. Ичига тўлиб кетган ҳавони беихтиёр ташқари чиқарди.
Абу Бакра ва бошқа гувоҳлар юзида норозилик аломатлари пайдо бўлди. Зиёд аравани қуруқ олиб қочиб, охирида гапириб юборган эди.
Балки у Муғийранинг котиб бўлгани сабаб шундай йўл тутгандир? Балки ростдан ҳам акаларидек воқеани аниқ кўрмагандир?
Ҳазрати Умар:
— Аёлни танийсанми? — деб сўрадилар.
— Йўқ. Лекин кўрсам, танийман.
Ҳаэрати Умар Зиёднинг “Йўқ” деганини Муғийранинг оқланишига етарли деб баҳоладилар ва Зиёдга:
— Сен бир чеккага чиқиб тур, энди, — дедилар.
Зиёд четга чиқди. Абу Бакра билан укалари номусли одамга туҳмат тошини отганлари учун саксон дарралик жазога тортилдилар. («Тарихи Табарий»)
Абу Бакра бундан хафа бўлмади, аксинча, хурсанд бўлди. Чунки виждони тоза эди. Бу ҳақсиз жазога, шубҳасиз, ажр бор. Зотан, у ёлғон гапирмади, туҳмат қилмади. У фақат иниси Зиёднинг ғалати гаплари туфайли калтак еди.
Қизиқ, Зиёд кўрганини тўлиқ айтиб бермагани сабаб оғалари айбсиз дарра егани учун виждони қийналганмикан? У эса, бир чеккада ўтириб, оғалари қай тариқа жазога тортилганларини томоша қилишдан бошқасига ярамади. Ҳолбуки, виждони қийналганида:
— Тўхтатинг калтаклашни. Воқеа, ҳақиқатдан, улар айтгандек бўлган, — дер эди.
Энг ёмони, ҳаммаси дарра уриш билангина тугаб қолмасди. Энди улар одамлар орасидаги ҳурматини йўқотиб, “туҳматчи” деган ном олади, ҳеч бир ишда уларнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди. Бошқача қилиб айтганда, улар бир неча ижтимоий ҳуқуқлардан маҳрум бўлишади.
Бир тарафдан, шундай қилиш керак ҳам эди. Бировни зинода айблаган одам тўрт гувоҳ билан воқеа тафсилотларини аниқ сўзлаб бера олмаса, қози ҳам исбот учун қаттиққўллик қилмаса, кўп оилалар номуси топталиб, ҳар қандай одам бир-иккита ёлғончи гувоҳ топиб келиб, туҳмат қилишлари мумкин.
Абу Бакра саксон даррани еб бўлиб ўрнидан турди.
— Гувоҳлик бераманки, бу одам зино қилган, — деб қўли билан Муғийрага ишора қилди. Ҳазрати Умар хизматчиларга:
— Ушланглар буни, ётқизинглар, — деб буюрдилар.
Шунда Ҳазрати Али ўртага тушдилар:
— Унга яна жазо беролмайсиз, амирул мўминин.
— Нега?
— Чунки унинг гапини яна бир бор гувоҳлик деб қабул қилсангиз, гувоҳлар сони тўрттага етади. Унда Муғийранинг зонийлигини тасдиқланиб, уни жазолашга тўғри келади. Агар буни аввалги гувоҳликнинг такрори десангиз, унинг жазосини олиб бўлди.
— Сен ҳақсан, Али. Мен хато қилдим.
Ҳазрати Умар хизматчиларга Абу Бакрани қўйиб юборишни буюрдилар. Муғийра ўзини тутолмай, Абу Бакрага ташланмоқчи бўлди.
— Рухсат этинг, амирул мўминин, шу қулваччаларнинг таъзирини бериб қўяй.
Ҳазрати Умар шиддат билан унинг йўлини тўсдилар:
— Аллоҳ унингни ўчирсин, эй сўқир кўз! Сен тек тур! Валлоҳи, гувоҳлик тўлиқ бўлганида ўзинг таъзирингни ердинг, — дедилар ва Абу Бакрага юзландилар:
— Тавба қил, бундан кейин гувоҳлигингни қабул қилай. (“Тарихи Табарий”; Ибн Асир, “Ал-комил”; “Ёқубий тарихи”)
— Йўқ — деди Абу Бакра, — тавба қилолмайман. Чунки мен ёлғон гапирганим йўқ. Бировга туҳмат ҳам қилмадим. Шунинг учун ўзимни ёлғончи деб ҳисобламайман. Унда ўз номусимни топтаган бўламан. Гувоҳлигим қабул қилинмаслиги мен учун муҳим эмас.
Энди Абу Бакра умрининг охиригача инсоний ҳуқуқлари чекланган одам сифатида яшаб, баъзида гувоҳлик учун чақирилганида ҳам “Мен гувоҳлиги қабул қилинмайдиган одамман”, деб рад қилди.
Нофиъ ва Шибл Ҳазрати Умарнинг таклифларини қабул этиб, тавба қилишганини билдиришди.
Тўрт оға-ини яна Басра томон йўл олдилар. Зиёд бундан буён ҳам Басранинг янги волийига котиб қилишда давом этди. Бироқ, оғаси Абу Бакра билан ўрталарига совуқчилик тушиб, бир умр ярашмадилар.
Зиёд бу воқеани яхши эслаб қолди. Чунки кейинроқ унинг бошқа отадан экани айтилганида, у виждон товушини бостиришга уринди.
Муҳим мактуб
Ҳазрати Умар Басра волийлигига янга тайинланган Абу Мусо Ашъарийга мактуб ёздилар. Фақиҳлар катта аҳамият берган ва Исломда ҳукм чиқариш усулларининг асли ва асоси кўрсатилган ушбу мактубда одил раҳбар шундай деганлар:
“Абу Мусо, ҳукм қилиш Аллоҳ китобидаги фарз ва Расулуллоҳнинг суннатлари эканини биласан. Сенга даъво билан келганларида, уни чуқур англаб, кейин ҳукм чиқар ва уни ижро эт. Зеро, ижроси таъминланмаган ҳукмнинг баён қилиш билан чекланишидан наф йўқ.
Даъвогарларни ҳузурингда баробар кўр. Ҳар икки тарафга бир хил муомала қил. Юз ифоданг иккала тарафга бир хил бўлсин. Токи, обрў-эътиборлиси сенинг ноҳақликка йўл қўйишингга умид қилмасин ва, айни чоғда, заифроқ тараф адолатингдан ноумид бўлмасин.
Даъвогар даъвосини далиллар билан исботлаши лозим. У исботлолмаган тақдирда даъвони инкор қилган тараф қасам ичиб ўзини оқлаши керак.
Мусулмонларни ҳақ-ҳуқуқлари таъминлаган ҳолда ўзаро яраштириб қўй. Аммо Аллоҳ ҳаром қилганни ҳалол деган ва ҳалолни ҳаром деганлар билан муроса қилиш асло мумкин эмас.
Бирор одам ҳали йўқ, нарсани даъво қилса ёхуд далили узоқдалигини айтадиган бўлса, унга мухлат бер. Даъвосини исботлай олса, ҳаққини ато эт. Исботлай олмаса, унга ҳукм чиқариш ўзингга ҳавола.
Узоқдаги далил учун мухлат берилса, кейин эътироз пайдо бўлмайди.
Мабодо чиқарган ҳукмингга шубҳа қилган ёки ҳақиқат бошқа ёқда эканини англаган тақдирингда ҳақ ҳукмни танлашдан сени ҳеч нарса қайтармасин. Чунки ҳақиқат азалийдир. Вақтинча яширин қолса-да, бир куни ошкор бўлади ва ҳеч бир нарса уни инкор қилолмайди. Ҳақиқатга қайтиш эса, ботилда қолиб кетишдан яхшироқдир.
Барча мусулмонларнинг гувоҳликларини қабул қил. Фақат ёлғончилиги исботланган ёки шаръий жазо сифатида гувоҳлик бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлган кишилар бундан мустасно. Шунингдек, қариндошлик ва қул-хожалик муносабатлари туфайли гувоҳликлари қабул қилинмайдиганлар бор. (Яъни, фарзанд отаси, қул хожаси фойдасига гувоҳлик бериши мумкинлиги эҳтимоли бор.) Булардан бошқа барча мўминларнинг гувоҳлиги қабул қилинади.
Бандаларнинг ниятлари ва ички дунёларини буюк Аллоҳнинг ўзи баҳолаб, ўзи ҳукм чиқаради. Далил билан исботланмаган ва қасам билан тасдиқланмаган ишга жазо берилмайди (яъни, буларнинг ҳукми Аллоҳга ҳавола).
Агар сенга Қуръон ва суннатда ҳукми айтилмаган даъво билан келсалар, аввал, уни яхшилаб тушуниб ол. Кейин у масаланинг Қуръондаги ўхшашлари билан таққосла ва ўшанга қараб ҳукм чиқар. Аллоҳ ҳузурида мақбул, ҳақиқатта яқин эканига кўнглинг чопса, ҳукм чиқар.
Ғанимларни муҳокама этаётганингда қаҳр-ғазаб, бепарволик қилма. Даъвогарга ҳам, айбланувчигаям азият етказма. Бировга паст ва бегона назар билан боқма. Чунки ҳақиқатни юзага чиқариш учун муҳокама қилиш муҳим вазифадир. У Аллоҳнинг мукофотига васила бўлади ва ҳукм чиқарувчи учун шарафдир.
Нияти холис ва самимий инсон, зарарига бўлса-да, ҳақиқатга интилса, Аллоҳ у орқали одамлар орасидаги ишларни ислоҳ этади ва тартибга солади. Ким ўзида йўқ, фазилатни бордек кўрсатишга уриниб, риёкорлик килса, Аллоҳ унинг айбини очиб, хор этади. Чунки Аллоҳ бандаларидан холис ва самимий ният билан, суннатга мос қилинган амалларнигина қабул этади. Сен Аллоҳнинг бу дунёда берадиган ва охират учун ҳозирлаб кўйган неъмат ва мукофотлари ҳақида нима деб ўйлайсан? (Яъни, улар буюк ва қийматлидир.)
Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳ”. (Ибн Қаййум Жавзий, “Иъламул муваққийн”)
* * *
Абу Мусо Хайбар фатҳидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳн ва саллам билан бирга бўлган эди. У Ҳабашистондан қайтган мўминлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борганида, Хайбар қалъаси кўлга киритилиб, ғалаба нашидаси сурилган эди.
Қайтаётганида бир тепаликни ошиб ўтган баъзи саҳобалар поёнсиз уфқ ва юксак чўкқиларни кўрган ва Оламлар Яратувчисини эсга олиб, баланд овозда такбир айтиб юборган эдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга:
— Ўзингизни тутинг. Сизлар узоқдагиларга ёки карга эшиттира олмайсизлар, — деганлар. Кейин ёнларида кетаётган Абу Мусонинг “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”, деб кетаётганини кўриб:
— Абдуллоҳ — дея чақирдилар.
— Лаббай, Аллоҳнинг Пайғамбари!
— Сенга жаннат хазиналаридан бирини айтайми?
— Албатта, Аллоҳнинг Расули.
— У “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” калимасидир.
Абу Мусонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ илк хотираси шу эди. Шундан сўнг Набийи акрам билан яна тўрт йил бирга бўлди.
Энди Абу Мусо пойтахтдан анча узоқ бўлган Басра халқини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳн ва саллам келтирган диннинг асосларига таяниб бошқариш вазифасига тайинланди.
* * *
Ҳазрати Умар Абу Мусога яна бир мактуб ёздилар: “Қайси кун бўлишидан қатъий назар, ҳақи еб кетилганларни қабул қил ва уларни тингла. Адолатни қарор топтир, токи фосиқлар сендан қўрқсинлар. Сен ҳам уларни кўздан қочирма ва истаган вақтингда уларнинг таъзирини бериб қўйишга тайёр тур.
Жоҳилият давридагидек, қабилалар ўртасида адоват бўлиши мумкин. Кимдир бўлар-бўлмасга қабиласини ёрдамга чақираверса, билгинки, бу чақирув шайтондандир. Уларни Аллоҳнинг амрига бўйсунишга даъват кил. Уларга: “Сиз қабилангизга эмас, Аллоҳ ҳукмига чакиринг”, де. Кўнгунларича уларга қилич ялонгочлаб тур.
Берилган неъматга шукр ва ҳамд айтиб яша. Одамлар орасида хушмуомалалик ва дўстона алоқани мустаҳкамлашга ҳаракат эт. Кечириш билан кучни ҳамоҳанг қил! Соддадил бўл ва одамларни севиб, улардан ёрдамингни аяма.
Менга келган хабарларга кўра, Дабба қабиласидан бўлганлар: “Яшасин, Дабба халқи”, деб жоҳилият даврининг қичқириқларини айтиб юришганмиш. Уларга бу бақир-чақирлари яхшилик олиб келмайди, менимча. Мактубим сенга етиб борганида, уларга тушунтир. Агар қайтишмаса, уларнинг жазоларини бер ва бир-бирларига етолмайдиган жойларга кўчириб юбор.
Мўминларнинг жанозасида қатнаш, беморларни зиёрат қил. Уларнинг ишлари билан қизиқ. Эшигинг уларга доим очиқ турсин. Чунки сен ҳам уларнинг бирисан. Аллоҳ уларга юкламаган оғир масъулиятни сенга юклади.
Яна менга келган хабарларга кўра, сенда ва оилангда мусулмонларда йўқ озиқ-овқат, кийим-кечак ва уловлар бор эмиш. Эҳтиёт бўл, Абдуллоҳ ибн Қайс, бутун дарди еб-ичиб семириш бўлган, лекин семириши фақат ажалини тезлаштирадиган ҳайвон каби бўлма. Шуни яхши билки, волий йўлдан озса, фукаро ҳам адашади. Инсонларнинг энг бадбахти эса, инсонларни бадбахтликка бошлаган, уларга ёмонликда ибрат бўлган одамдир.
Вассалом”. (Ибн Абду Раббиҳ.)
* * *
Шу ўринда Табарийнинг қуйидаги ривоятини келтириб ўтиш жоиз.
Четдан келганлардан Ҳазрати Умар:
— Волий беморингизни бориб кўрадими? Қулларингиздан ҳол-аҳвол сўраб, дардини эшитадими? Иш билан келганлар унинг эшиги олдида сарғайиб турмайдими? — деб сўрарди.
Агар салбий жавоб берилса, дарҳол ўша волийни ишдан олиб ташларди.
Дабба ибн Миҳсон
Абу Мусо Ашъарий Басрага волий бўлганидан кейин хутбаларда Аллоҳ таолога ҳамду сано айтар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловоту саломлар йўллар, кейин Ҳазрати Умар шаънини мадҳ қилар эди.
Бир куни Дабба ибн Миҳсон Абу Мусонинг ёнига келди.
— Нега хутбаларингда Абу Бакрни зикр қилмайсан, — деб у зот билан боғлиқ бир қанча хотираларини айтиб берди.
Ҳазрати Абу Бакр ҳақларидаги унинг бу эътирози Абу Мусога ёқмади. Балки Дабба, қўпол-дағал муомала қилгандир. Абу Мусо Ҳазрати Умарга хат ёзиб, Даббанинг устидан шикоят қилди. Мактуб унинг хутбадан норозилиги ҳақида эди. Ҳазрати Умар жавоб хати йўллаб, ўша одамни Мадинага юборишини сўради.
Бир куни Ҳазрати Умар усти-боши чанг, хорғин одамни учратиб қолдилар. Салом-аликдан кейин, йўловчи ҳалифага сўз қотди:
— Мен Дабба ибн Миҳсонман. Басрадан келяпман.
Ҳазрати Умарнинг юзлари буришиб, энсалари қотди:
— Сенга марҳабо, демайман. Хуш келибсан, ҳам деёлмайман. Ўз оилангдагидек ҳурмат кўрасан, деб ҳам айтмайман.
Йўловчига бунақа кутиб олиш ёқмади. Бошқа бировга ҳам ёқмаслиги аниқ эди. Ҳазрати Умардек адолати билан шуҳрат қозонган зотдан бу сўзларни эшитиш, айниқса, оғир эди.
Абу Мусога даъвогар сифатида қаралди. Лекин Дабба айбдор сифатида тингланиши керакмасмиди? Фақат шикоятчининг гапи билан чегараланиб, шикоят қилинувчининг жазоланиши адолатни синдириш бўлади. Шикоят қилувчи қандай жиддийлик, диққат ва сабр билан эшитилса, устидан шикоят тушганга ҳам шундай муомала қилинсин, дея йўриқнома жўнатган шахсан Ҳазрати Умарнинг ўзлари эмасмиди?
Дабба астойдил хафа бўлди. Нима бўлса бўлар, дея ичидагиларни тўкиб солди.
— Сиз хуш келибсан, демасангиз ҳам роҳат ва ҳузурни берадиган Аллоҳдир. Оила масаласига келсак, у ҳам муҳим эмас, чунки менинг оилам йўқ. Ҳеч кимим йўқ. Ҳеч кимим, ҳеч вақоим йўқ, Лекин сиздан бир нарсани сўрамоқчиман: айбим бўлмай туриб, нимага асосланиб, мени ўз юртимдан чақириб олдингизу нима сабабдан бундай кутиб оляпсиз? Аллоҳ олдида бунинг ҳисоби берилмайдими?
Ҳазрати Умардек одамга бундай муомала қилиш, бундай савол бера олиш учун инсонда катта жасорат бўлиши ёки йўjтадиган ҳеч нарсаси бўлмаслиги керак эди.
— Нега менинг волийимни хафа қиляпсан? У билан нимани келишолмаяпсан?
Дабба енгил тин олди.
— Келинг, айтиб берай. Сизнинг волийингиз Аллоҳга ҳамду сано айтади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саловоту салом йўллайди, кейин сизни мақтай бошлайди. Унга Ҳазрати Абу Бакрни эслатиб: “Нега жуда кўп фазилатлари бўлган одамни зикр қилмаяпсан?” дедим. Гуноҳим шу. Ўртамизда бошқа англашилмовчилик бўлгани йўқ.
Шу гапнинг ўзи Ҳазрати Умарга етарли эди. У киши хато қилганларини тушуниб етдилар. Аввал бу одамни эшитиб, кейин гапирадиганини гапириш кераклигини ўйлаб, қилган ишидан пушаймон бўлдилар.
— Валлоҳи, сен ҳақсан. Аллоҳ сени кечирсин, мени афв этасанми?
Ҳазрати Умар буларни чин дилдан айтаётганларини кўзларидан оқаётган ёшдан ҳам билса бўларди. Ҳамма ҳам хато қилиши мумкин, у киши ҳам инсон бўлиб янглишган эдилар, лекин хатосини дарҳол тан олдилар. Зотан, Аллоҳ муттақий бандаларини “улар хатоларида туриб олмайдилар”, деган маънода мадҳ этган.
Дабба ҳеч иккиланмасдан: “Аллоҳ мўминлар амирини кечирсин”, деди.
Ҳазрати Умар сўзларида давом этдилар:
— Валлоҳи, Абу Бакрнинг бир куни ва бир кечаси, Умарданам, Умарнинг оиласиданам хайрлидир. Сенга унинг бир куни ва бир кечасини гапириб берайми?
— Ҳа, мўминлар амири, гапириб беринг.
У зот Ҳазрати Абу Бакрнинг Набийи Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳижрат йўлидаги ғорда ўтказган бир кечалари ва Расулуллоҳ вафот этган кундаги ҳолатларини гапириб бердилар, Ҳазрати Абу Бакрнинг ўшанда эришган даражаларини сўйладилар.
Сўнгра Абу Мусога қилган иши ёқмаганини айтиб мактуб ёздилар.
Дабба бир оз дам олгач, хотиржам юртига кайтди. У қайтаркан, оловдек тез аланга оладиган, лекин ҳақни севган, адолатни тиклаш учун ҳар қандай фидокорликка тайёр инсон ҳақида ўйлаб кетди.
Бу воқеа Ҳазрати Умарнинг ҳам хотираларида муҳрланиб қолди. Бу ерда жасорат аҳамиятли эди. Дабба Ҳазрати Умарга ҳақиқатни айтмай, жим туриб, ҳақини нариги дунёга олиб кетса ҳам бўларди. Аммо бу иши одамларга ибрат бўлди. Ҳақиқат порлаганда унга чексиз эҳтиром кўрсатадиган Ҳазрати Умарнинг содиқликлари бу воқеа билан янада мустаҳкамланди. Зеро, Ҳазрати Абу Бакриинг вафот этишлари у зотнинг ҳақлари топталишига сабаб бўлмаслиги лозим эди. Ўзидан билимлиларга Ҳазрати Умардек катта эҳтиром кўрсатадиган инсон бошқа йўқ бўлса керак.
Бир маст одам
Ҳазрати Умар соқолини силаб ўйга толдилар. Қаттиқ жаҳли чиқиб, ўзларини зўрға босиб турардилар. Чунки ҳозир рамазон ойи эди. Лекин у кишини асабларини ўйнаётган, лол қолдирган ва ўйлашга мажбур қилган нарса бу эмасди. Қаршисида турган сурбет одам куппа-кундузи ичиб олган эди. Ичганига гувоҳ қидириб юришнинг кераги йўқ, чунки оғзидан шароб ҳиди анқигандан анқирди. У гапираётганида бемалол гапиролмас, устига-устак оёқда туролмайдиган аҳволда эди.
— Жазосини берайликми?
— Йўқ, ҳозирча қўя туринг. Уни уришдан фойда йўқ. Нега таёқ еганини англайдиган ҳолга келиб олсин.
Мақсад уни ёмон ишидан пушаймон қилиш эди. Чунки бир гуруҳ одамлар олдида шармандали иши учун жазо олса, кейинги сафар қадаҳни ўйлаб кўтаради. Аксинча, маст одам фақат калтак еган бўлиб чиқади, нега калтакланганини ҳам билмаслиги мумкин.
Орадан бир неча соат ўтиб, ҳалиги одамнинг хуши бошига келиб, сўзга кириб қолди бинойидек. Ҳазрати Умарнинг амрлари билан қамчи келтирилди. Лекин қамчи у зотга ёқмади:
— Жудаям енгил ва юмшоқ экан.
Иккинчисини қаттиқ деб рад этди. Ўртача қаттиқликдаги қамчи келтиришди ва ўшаниси унга маъқул бўлди.
— Ураётганда қўлтиқ ости кўринадиган даражада қўлингни кўтарма, юзи, боши ва таносил (жинсий) аъзоларига урма, — деб огоҳлантирдилар Ҳазрати Умар.
Чунки мақсад душмандан қасос олаётгандек уриш эмасди. У шароб ичгани туфайли мана шундай қаттиқ жазо олаётганини билса кифоя эди. Лекин юмшоққина қилиб уриш ҳам мумкин эмасди.
Саксон дарра уриб бўлинди. Ҳазрати Умар қамчилаган одамга юзланди:
— Яна йигирма дарра урасан. Бу рамазонда ичганининг жазоси. (“Китобул хараж”)
Калтакдан кейин бояги одам қўйиб юборилди. Энди биров унга “ичма” дейишига ҳожат йўқ эди. Зеро, еган дарралари унга етарли насиҳат бўлди.
Исми номаълум бу инсон кейин яна ичган-ичмаганлигини билмаймиз. Билганимиз кейинроқ Ҳазрати Али ҳам рамазон ойида ичган одамга худди шундай жазони берган эди. (“Китобул хараж”)
Масжидул Ҳарамнинг кенгайтирилиши
Ҳижратнинг 17 йили ражаб ойида Ҳазрати Умар Зайд ибн Собитни ҳузурларига чақирдилар ва:
— Мен умра қилмоқчиман. Сени ўрнимга қолдираман, — дедилар. Сўнг Маккага отландилар.
Маккага яқинлашганларида бир чўпонни учратдилар ва салом бериб:
— Менга битта қўй керак, сотасанми? — деб сўрадилар.
— Сота олмайман.
— Нега?
— Чунки мен фақат чўпонман, сурувнинг эгаси эмасман.
— Яхшиси, қўйни сотиб, пулини ол. Хўжайинингга бўри еб кетди, дейсан, тамом— вассалом.
— Йўқ, бундай қилолмайман.
— Хўп, фойдали таклиф олдинг, нега қабул қилмаяпсан?
— Раббим мени кўриб, суҳбатимизни эшитиб турибди. Унга нима деб жавоб бераман?
Жавоб Ҳазрати Умарни йиғлатди. Излаганлари айни шу инсон эди. У мард, ҳалол ва дунё учун охиратини сотмаган инсон. Мана Аллоҳга бўлган муҳаббатнинг инсонни олиб чиқадиган даража ва мартаба намунаси.
— Сен кимнинг чўпонисан? Поданинг эгаси ким?
Ҳазрати Умар пода эгасини билиб олиб, чўпон билан хайрлашдилар. Чўпон эса, икки дақиқа аввал хиёнат қилишни таклиф этган, лекин унинг жавобидан йиғлаб юборган баланд бўйли сийрак сочли бу одам ортидан ҳайрат билан тикилиб колди (Ҳазрати Умар эҳромда бўлганлари учун бошлари очиқ эди).
Чўпон у зотни танимади ҳам. Унинг азиз кишилигини фақат нуроний юзи ва самимиятга тўла кўзларидан билган бўлса, бордир. Чўпон ёнида хизматчию қўриқчилари бўлмаган Ҳазрати Умарни таниши ва Амирул мўминин дея мурожаат қилиши ақл олмайдиган ҳолдир.
Ҳазрати Умар Маккага етиб боргач, пода эгасини чақиртирдилар:
— Ўша чўпонни сотиб олишни истайман.
— Уни сизга ҳадя киламан, мўминлар амири. Лекин нега уни сотиб олмоқчисиз, шуни билмоқчиман.
Ҳазрати Умар бўлган воқеани айтиб берди. Кейин ҳалиги қулни чақиртиришди. Чўпон қаршисида бир кун аввал учратган одам билан хўжайинини кўриб шошиб қолди.
— Энди амирул мўмининга тегишлисан, менга боғлиқлигинг қолмади.
“Менга йўлда сохтакорликни таклиф қилган шу одам амирул мўмининми?!” деб юборишдан ўзини зўрға тийиб қолди. Зотан, унинг гапиришига ҳожат йўқ, эди. Ҳазрати Умар:
— Сени Аллоҳ ризоси учун озод қиламан, энди эркинсан, — дедилар.
У қулоқларига ишонмай қолди. Кеча ўзи Аллоҳ ризоси учун ҳалоллик қилган эди. Бугун эса, уни Аллоҳ ризоси учун озод қилишяпти.
Юзларидан мамнуният ёғилиб:
— Аллоҳ сиздан рози бўлсин, мўминлар амири! — деди. (“Иҳйоу улумиддин”)
Ҳазрати Умар умрани адо этиб, Махрама ибн Навфал, Азҳар ибн Абду Авф, Ҳувайлид ибн Абдул Уззо ва Саид ибн Йарбуларни чақириб:
— Сизларга Масжидул Ҳарам чегарасини билдирувчи тошларни янгилаш вазифасини топшираман, — дедилар.
Маккада Ҳаром ҳудуди бор. Бу ҳудудда уришиш, ов қилиш ва дарахт кесиш ман қилинган. Бу ерда жанг ҳам олиб борилмайди. Бу жойлар пайғамбар Иброҳим алайҳиссалом тарафидан Жаноби Мавлонинг ваҳий ва илҳоми билан белгиланган, кейинрок, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни янгилаганлар. Шамол Ҳаром ҳудудини белгилаб турувчи тошларни қум билан қоплаб, вақт ўтиши билан кўринмай қоларди. Тошлар вақти-вақти билан янгиланмаса, бу ҳудудни билиш қийинлашиб, ҳатто билинмай кетарди. Шунинг учун бу ишни ҳудудни яхши билган тажрибали одамлар амалга ошириши керак эди.
Тўрт биродар буйруқни бажариш учун ишга киришдилар.
Ҳазрати Умар шу йили Каъба атрофини ўраб турувчи Масжидул Ҳаромни ҳам кенгайтиришга қарор қилдилар. Чунки йилдан-йилга ортиб бораётган ҳожиларга масжид кичиклик қилаётган эди.
Шу мақсадда Масжидул Ҳарамга кўшни яшовчилар билан учрашиб, уйларини сотиб олиш истагини билдирдилар. Лекин одамлар бунга унашмади. Улар Каъбадан узоқлашишни исташмаётган эди. Жоҳилиятдаки, катта аҳамият беришган Каъбадан энди Ислом даврида айрилсинларми?
Лекин бошқа йўл йўқ эди. Ҳазрати Умар ҳам уларнинг дилларига озор бериб, уйларини тортиб олиш учун бу қарорга келмаганлар. Зеро, беш-ўн кишини хафа қилиб ҳам бу ишни қилишлари мумкин эди. Мабодо, бу ишни қилмасалар, ҳар йили кўплаб мусулмонлар қийналади, ҳатто хаж арконларини бажаролмай қолишлари ҳам мумкин.
Ҳазрати Умарнинг амрлари билан, уйлар бузилиб, эгаларига белгиланган нарҳдан юқорироқ пул берилди. Лекин улар олишмади.
— Бу пулни истаган вақтингизда олиш шарти билан Байтулмолга қўяман, — дедилар Ҳазрати Умар.
Шундай қилиб, Масжидул Ҳаром қисқа муддатга бўлса-да, ҳожиларга кифоя қиладиган ҳолга келтирилди.
Яна бир масала “Мақоми Иброҳим” номли тошнинг ҳолати ҳақида эди. Бу тош Иброҳим алайҳиссалом Каъбани қураётганларида ҳавоза учун ишлатилган, Аллоҳнинг қудрати билан у зотнинг муборак оёқлари шу тошга ботган эди. У ўша замонлардан хотира бўлиб, ҳатто Қуръонда ҳам алоҳида зикр қилинган.
Ҳозирча эса, Каъбада турар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам унга тегмаган эдилар. Энди ҳожилар сони ортиб бориши билан, бу тош атрофида тирбандлик вужудга келиб, тавоф қилишда қийинчилик туғдирарди. Ундан ташқари, тавофдан кейин одамлар бу тошга яқин жойда намоз ўкиб, “Иброҳимнинг турган ўрнини намозгоҳ қилиб олинг”, (Бақара сураси, 125-оятдан) деган амрни бажармоқчи бўларди.
Ҳазрати Умар улуғ саҳобийлар билан кенгашиб, тошни Каъбага нисбатан жойлашган чизиғи бўйича узоқроққа кўчиртирдилар. Бугунги кунда Мақоми Иброҳим Каъбадан ўн беш қадамлар нарида турибди.
Бошқа ривоятга кўра, Ҳазрати Умар Мақоми Иброҳим ўрнини зулҳижжа ойида ҳажга келганларида ўзгартирганлар. (Ибн Касир, “Ал-бидоя”)
* * *
Бир неча киши Ҳазрати Умарнинг ҳузурларига келиб:
— Амирул мўминин, биз Макка ва Мадина орасида сув бўйида яшаймиз. Сув бор жойга уй қуришга рухсат берсангиз, — дейишди.
— Йўловчилар сояда дам олишлари ва сувдан фойдаланишларига имконият яратиб, уларга ҳалақит қилмайсизлар.
— Хўп, бу шартни қабул қилдик, — деб чиқиб кетишди. (Ибн Асир, “Ал-комил”)
* * *
Мадинадаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидлари ҳам кичиклик қилиб қолди. Чунки жамоат кундан-кунга ортиб борарди. Бу ерда ҳам муаммонинг ечими масжид атрофидаги уйларни сотиб олиб, масжидга қўшиб юбориш эди. Ўша уйлардан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Аббосники эди. У кишига белгиланганидан кўпроқ пул таклиф қилинса-да, сотишни ҳеч истамадилар.
Охири иш қозига ҳавола қилинди. Ҳазрати Умар одатларидан чекинмаган ҳолда ҳакам танлашни қаршиларидаги одамга қолдирдилар. Аббос розийаллоҳу анҳу Убай ибн Каъбни танладилар. Икковлон бориб, Убайга воқеани айтиб беришди. Убай ҳар икки тарафни ҳам тинглаб бўлгач, ҳукм чиқардилар:
— Аббосни рози қилишингиз керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларига бўлса ҳам, эгасининг розилигисиз хрч бир уйни қўшиб ололмайсиз.
Икковлари ҳам ташқарига чиқишди. Аббос Ҳазрати Умарга ўгирилдилар:
— Ўша уйни мен Аллоҳ ризоси учун баҳш этдим, эвазига ҳеч нарса керакмас. (Шиблий, “Асри саодат”)
Аббоснинг бу хатти-ҳаракати тушунарсиз эди. Уйни Аллоҳ ризоси учун баҳш этадиган бўлса, Ҳазрати Умарни овора қилишдан мақсади нима эди? Ёки у киши баҳш этмоқчи бўлди-ю Ҳазрати Умар унамадиларми? Ёхуд Ҳазрати Умар уйни арзон-гаровга сотиб олмоқчимидилар?
…Масжид етарли даражада кенгайтирилди. Фақат уммул мўмининлар — оналаримиз уйлари масжидга туташ қолдирди.
Тамим Дорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бажарган масжид қандилларини ёқиш ишини Ҳазрати Умар замонларида ҳам давом эттирди.
Бу орада Мадинага бир оз миқдорда ёғоч келтирилди. Уни одамларга бўлиб берилса, жуда оз улушдан тушар, бирор ишга яратиш маҳол эди. Шунинг учун Ҳазрати Умар ёғочни масжидда ўтин қилиб ёқиб, ундан барча фойдаланишини истадилар ва масжидга олдирдилар.
Масжид ичига аввал Ақиқ ўлкасидан келтирилган бўйралар, кейин намат тўшалди. Шундай қилиб, масжид анча кенгайиб, ибодат қилишга бир мунча қулай шароит яратилди.
* * *
Жума кунларининг бирида Ҳазрати Умар минбарда хутба ўқиётган эдилар, кўзлари эшикдан кирган одамга тушди. У киши Ҳазрати Усмон эди. Хутбаларини бўлиб, Ҳазрати Усмонга юзландилар:
— Одам шу пайтдаям келадими, Усмон?
Ҳазрати Усмон далада ишлаётганларини, азонни эшитишлари ҳамоно таҳорат олиб келганларини айтганларида, Ҳазрати Умар ҳайрат ва жаҳл ичра қолдилар. У киши Ҳазрати Усмондек дўстлари шундай кунда диққатлироқ ва зийракроқ бўлиши керак, дея ўйлаган эдилар. Зеро, у оддий Усмон эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам севган, ҳурмат қилган, икки қизларини берган Ҳазрати Усмон эди.
— Демак, шунчаки таҳоратми? Ваҳолангки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума кунлари ғусл қилиб келишни ва бадандаги ҳид билан бошқаларга озор бермасликка қандай аҳамият қилганларини билмайсанми? — дедилар, сўнг яна хутбаларида давом этдилар.
* * *
Шу ўринда Ҳазрати Умар намозни жамоат билан ўқишга катта аҳамият берганлари ҳақида ҳикмат бор:
— Дўстларингизни намозда кўрмасангиз, уйларига бориб зиёрат қилинглар. Бемор бўлса, шифо тиланглар. Касал бўлмай, масжидга чиқмаётган бўлсалар, жамоатга қўшилишга унданглар. Келаётганларни олқишланглар.
У киши намсозни вақтида ўкишга эътибор берардилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Амалларнинг қайси бири энг яхшиси?” дея сўраган саволларига: “Вақтида ўқилган намоз”, деган жавобни олган эдилар.
Бир оқшом ишлар кўпайиб кетгани туфайли намоз вақтидан бир оз кечикди. Намоз адо этиб бўлинганида шафақ қизиллиги йўқолиб, қоронғу тушиб қолган эди.
Бу нарса Ҳазрати Умар кутмаган ҳол эди, шунда у киши қулларидан бирини чақириб:
— Сени Аллоҳ ризоси учун озод қиламан. Шу ондан эътиборан эркинг қўлингда, — дедилар. (“Иҳйоу улумиддин”)
Амирнинг қўли от узангиси бўладими?
Абдуллоҳ ибн Аббос ҳали ёш йигитча бўлса-да, Ҳазрати Умар унга катта ёшдагилар қатори илтифот ва ҳурмат кўрсатар эдилар. Буюк раҳбарнинг Ибн Аббосга бундай муносабатда бўлишларига сабаб унинг илми ва иқтидори эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотни ҳали болалигида қучоқларига олиб, Аллоҳдан уни Қуръон билимдони қилишини сўраб илтижо этган эдилар.
Ўзлари ҳам каттагина олим бўлган Ҳазрати Умар илмга бўлган эҳтиромлари туфайли набиралари тенги Ибн Аббосни мажлисларнинг тўрини кўрсатадиган даражада ҳурмат қилардилар. Нафақат уни, балки бошқа илмли ёшларни ҳам эъзозлар эдилар. Масалан, отга минаётган Зайд ибн Собитга қўлларини узанги қилган ҳолда оёғидан тутиб, ёрдамлашиб юборардилар. Буни ихлос билан Аллоҳ ризоси учун қилардилар. Ваҳолангки, Зайд Ҳазрати Умарнинг набиралари тенги ўспирин эди.
Бир куни Ҳазрати Умар яна Зайдга отни минишга кўмаклашдилар, кейин ҳайрат билан қараб турган атрофдагиларга ўгирилдилар:
— Зайд ва унинг шогирдларига шундай мулозамат қилингиз.
Аслида Абдуллоҳ ибн Аббос ҳам, Зайд ибн Собит ҳам илм савияси бўйича Ҳазрати Умарга тенг эмасди. Бу билан Ҳазрати Умар ҳар соҳада бўлгани каби, тавозуъда ҳам бошқаларга ибрат кўрсатар эдилар.
Ҳазрати Умарнинг фикрларича, кундузлари рўзадор, кечалари бедор мингта жоҳил обиднинг ўлими бир олимнинг ўлими билан бир хил эмас. Чунки олим адашса, олам адашади.
Одамлар гоҳ-гоҳида у кишининг шундай деганларини эшитиб қолардилар:
— Илм олинглар! Илм билан биргаликда вазминлик ва ҳалимликни ҳам ўрганинглар. Бошлиқларингизни ҳурмат қилинглар, уларга нисбатан тавозуъли бўлинглар. Такаббур олим бўлишдан сақланинглар. Агар кибрли ва манман бўлсангиз, илмнинг эмас, жаҳлнинг йўлига юрган бўласиз…
Бир суҳбат асносида Ҳазрати Умар шундай деганлари нақл қилинади:
— Бу уммат учун энг таҳликали ҳисоблаганим мунофиқ олимлардир.
Мажлисдагилардан бири:
— Билимдон мунофиқ деганда нимани назарда тутяпсиз, мўминлар амири? — деб сўради.
— Илм фақат тилларида бўлиб, қалбларида Аллоҳдан қўрқмаган, қиладиган ишлари фосиқлик бўлганларни назарда тутяпман.
Фитна
— Бугун жаноза борлигини биласанми, Ҳузайфа?
— Ҳа, биламан.
— Унда юр, ўқиб олайлик.
— Ўқишни истамайман.
Ҳазрати Умар Ҳузайфа ибн Йамонни зўрламадилар. Лекин ўзлари ҳам йўлларини ўзгартирдилар, жанозага бормадилар. Вафот этган киши мунофиқлардан эканини англадилар.
— Мунофиқлардан яна борми, Ҳузайфа?
— Ҳа, бир нечта бор.
Ҳазрати Умар: “Уларни менга айтсанг, хурсанд бўлардим”, деёлмадилар. Чунки илтимос барибир қондирилмасди. Бу мавзуда Ҳузайфа оғиз очмаслиги, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қулоқларига пичирлаб айтган бу сўзларни у ўзи билан қабрга олиб кетиши маълум эди.
— Майли, Ҳузайфа, лекин айт-чи, ўша бир нечтанинг ичида мен ҳам борманми?
Ҳазрати Умардек инсон бу саволни бермасликлари кераклигини биз биламиз. Агар бу дунёда Ҳазрати Умар ҳам мунофиқ бўлсалар, қолганлар орасидан чин мусулмонни кундузи чироқ ёқиб топиш даргумон. Ҳазрати Умар ҳам бу саволни майнавозчилик қилиб эмас, жиддий сўраётган эдилар.
Зеро, Ҳазрати Умарнинг фикрларича, унинг даражасидаги инсоннинг хатоси оддий одамнинг хатоси билан баробар эмас. Яна у зот бир тарафдан Аллоҳнинг раҳматидан умидини узмаган, бошқа тарафдан Унинг азобидан асло хотиржам бўлмаган тақво соҳиби эдилар. “Муҳаммад уммати орасида энг юксак мартаба соҳиби бор”, дейилганда, “Ўша мен эмасмиканман?” деб умид қилган ҳам, “Шу уммат орасида энг мунофиқ одам бор, ўша одам азобга маҳкум”, дейилганда ҳам, “Ўша мунофиқ мен эмасмиканман?” дея қўрққан одам Ҳазрати Умар эдилар.
— Йўқ, амирул мўминин, сиз мунофиқ эмассиз!
Ҳазрати Умар енгил тин олдилар.
* * *
Кунларнинг бирида Ҳазрати Умар Ҳузайфа ҳам қатнашаётган йиғилишда:
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фитна хусусида айтган гапларини ким хотирлайди? — деб сўрадилар.
— Мен! — деди Ҳузайфа ибн Йамон.
— Ҳа, Ҳузайфа, сен жудаям жасур инсонсан. Қани гапир-чи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима деган эдилар?
— Инсон хотин туфайли тушадиган фитналар юз беради. Яна моли, бола-чақаси, қўшниси ва, ниҳоят, ўзи туфайли фитналарга дучор бўлади. Уни буларнинг гуноҳи ва залворидан рўзаси, намози, садақаси, ёмонликдан қайтариб, яхшиликка даъват қилишлари қутқариб қолади.
Ҳазрати Умар яна сўз олдилар:
— Буни сўраётганим йўқ, Расулуллоҳнинг денгиз тўлқинлари каби жўшадиган фитна ҳақида гапирганларини айтмоқчийдим.
— У фитналарнинг сизга нима даҳли бор, мўминлар амири? Сиз билан ўша фитналар орасида қулфланган эшик мавжуд.
— Унда айт-чи, бу эшик очиладими ё бузиладими?
— Бузилади.
— Кейин ҳеч қачон ёпилмайди…
Суҳбат шу ерга келганда узилди. Кейинроқ Ҳузайфа билан бўлган суҳбатда бир киши:
— Умар бу эшик кимлигини билармидилар? — деб сўради.
— Ха, У буни тундан кейин кундуз келишини билгандек, аниқ биларди. Мен у билан бу мавзуда очиқ-ойдин гаплашиб олганмиз.
Улар ҳам: “Ўша эшик ким экан, Ҳузайфа?” дейишолмади, лекин бу билан кўнгиллари жойига тушмай, Масруқдан илтимос қилишди. Масруқ Ҳузайфани топди.
— Эй Расулуллоҳнинг дўсти. Дўстларингиз сиздан ўша бузиладиган эшик кимлигини сўролмабди. Аммо мендан шу одам кимлигини сўраб беришимни илтимос қилишди. Эшик бўлган ўша инсон ким?
— У Умар ибн Ҳаттобдир! (Муслим, “Фитналар”)
* * *
— Буям бир фитна…
Ҳазрати Умар шундай дейишга, шундай деб ўйлашга мажбур эдилар. Чунки келтирилган хабар кишини хурсанд қилмасди. Гап Сабиғ исмли шахс ҳақида эди. У илм мажлисларида Қуръондаги муташобиҳ оятлар ҳақида саволлар бериб, одамларни чалғитаётган экан.
Маълумки, Қуръондаги баъзи тушунилиши кийин ёки умуман тагига етиб бўлмайдиган оятлар муташобиҳ дейилади.
Аллоҳ таоло қалблари ботилга мойил бўлган одамларгина муташобиҳ оятларга бурун суқишларини ва буни фақатгина фитна-фасод кўзғатиш мақсадида қилишларини айтган. (Оли Имрон сураси, 7-оят)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида “Алиф Лом Мим” каби фақат ҳарфлардан иборат оятлар ҳақида савол сўралмаганидек, Аллоҳнинг қўли, юзи, кулиши, истивоси борасида ҳам биров сўраб ўтирмаган.
Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръоннинг муташобиҳ оятлари билан машғул бўлган ва бу йўлда жидду жаҳд қилган кишиларни кўрганингизда, билингизки, Аллоҳ “фитнага солувчилар” деган кишилар улардир. Уларга яқинлашманглар!” дея огоҳ этганлар. (“Тафсири Табарий”)
Шу кунгача бутун ҳаётини Ислом ва Қуръонга хизмат билан ўтказган Ҳазрати Умар, табиийки, бу хабардан ларзага тушдилар, ғазабландилар. Яна бир фитна чиққани учун Аллоҳга ҳамд ва шукр қилинмасди. Демак, гапни бунақа мавзуларга бурганлар секин-секин ғимирлаб қолишибди.
Зотан, Ислом давлати кенг сарҳадларга ёйилар экан, шундай муаммолар чиқиши табиий ҳол эди. Фикрлаш тарзи, урф-одати, анъаналари, маданияти бир-биридан фарқ қилувчи элатлар ўзларига етказилган Исломни Ҳазрати Умар, Ҳазрати Али каби чуқур англамас эдилар, уларнинг тушунчасига ўзлари яшаётган муҳит ҳам таъсирини ўтказарди. Ҳар кимни Ҳазрати Умардек диндор ва тақводор деб қабул қилиш, саҳобалардан кутилган ишларни эндигина мусулмон бўлганлардан кутиш тўғри. Арабларнинг ўзидаёқ динга турлича ёндошадиганлар бўлганидек, ажамлар орасидан ҳам шундайлар чиқиши аниқ эди…
Ҳозир қилиниши зарур бўлган иш ўша Сабиғ исмли одамни топиш, уни сўроқ қилиб таъзирини бериб қўйиш эди.
Ҳазрати Умар даставвал хурмо шохидан калтак ясаб олдилар ва ёнларига суяб қўйдилар. Кейин эшик очилиб, бир киши ичкари кирди. Салом бергач:
— Мен Аллоҳнинг кули Сабиғман, — деди.
— Мен Аллоҳнинг бандаси Умар ибн Ҳаттобман.
— Сиздан бир саволимга жавоб олиш учун келдим, мўминлар амири!
— Сўра, билганимиз қадар жавоб берамиз.
— Аллоҳ Қуръонда “Раҳмон Арш устига истиво қилди”, деган. Шу оятда нима назарда тутилган?
— Одамини топиб сўрадинг-ку! — дедилар Ҳазрати Умар ва қўл узатиб бояги калтакни олдилар. Сабиғ кутилмаганда кетма-кет бир неча зарба еди. Ҳазрати Умар уни урарканлар: “Сен мўминлар орасида фитна-фасод чикариб, уларнинг пок эътиқодларига шубҳа аралаштирмоқчимисан?!” дердилар.
Сабиғ бу сафар найранги ўтмаслигини англади. У берган саволига жавоб ҳам кутмай, калтакдан қутулиш пайига тушди.
— Худо ҳаққи, мўминлар амири, етади. Ишонсангиз, ҳамма нарсани унутдим. Нимани сўраганим ҳам эсимдан чиқиб кетди.
Ҳазрати Умар унга етарли сабоқ берганларига ишонч ҳосил қилгач, тўхтадилар.
— Ўша саволни яна бир бер-чи!
— Йўқ, валлоҳи, йўқ. Энди бунақа нарса сўрамайман.
— Яхши, боравер! Лекин яна шу ҳақда оғиз очганингни эшитиб қолсам…
— Хотиржам бўлинг, мўминлар амири, эшитмайсиз! (“Қуртубий тафсири”)
Ҳақикатдан ҳам, Сабиғ олган илк сабоғидан тўғри хулоса чиқариб, ҳаётининг охирига қадар бировни бу каби саволлар билан безовта қилмади. У “амирул мўмиин Умар” деганда ичини титроқ босиб, хурмо шохи калтаги эсига тушиб, етарли дарс олганини хотирлар эди.
Сабиғнинг бундан кейинги ҳаёти ибратли кечди, десак хато қилмаган бўламиз. Лекин иш шу ерда Сабиғнинг ўзи билан битмаслиги аниқ эди. Келажакда беҳисоб сабиғлар чиқиб, одамлар орасига қанчадан-қанча фитна-фасодлар ёяди, ҳаммаёқни вайрон қилади, аммо улар қаршисида хурмо шохини тутиб адабини берадиган умарлар бўлмайди.
Оз ейишга одатланган амир
Ҳазрати Умар бир хутбаларида шундай дедилар: — Менинг Аллоҳ берган мол-дунё олдидаги ҳолатим етимнинг молига қараб қолган одамнинг аҳволига ўхшайди. Шу сабаб, агар тасарруфимда ўзим ва оиламга етадиган маблағим бўлса, етимнинг молидан олиш ҳақида ўйламайман. Мабодо, муҳтож бўлиб қолсам, эҳтиёжим қадар оламан. Кейинчалик қўлим узайиб, бойлик орттирсам, еганим ҳаққини тўлаб қўйишни истайман. (“Табақот”)
Бошқа бир хутбаларида эса қуйидагиларни сўзлаган эдилар: — Байтулмолдан менга ҳалол бўлгани, ҳалифа бўлишдан аввал ўзимнинг молимдан қанча сарф қилган бўлсам, шунчадир.
Ўшанда Ҳазрати Умар хутба қилар эканлар, Анас ибн Молик, Абу Усмон Нақдий ва бошқаларнинг кўзлари ҳалифанинг эгнидаги кийимда эди. Ридонинг белдан тепа кисмининг ўзида ўн иккита ямоқ бор эди. Бу ямоқларнинг бир қисми тери парчалари эди. (“Табақот”, Ибн Асир, “Ал-комил”)
Ҳеч ким юрак ютиб: “Умар, биз сизнинг шундай деб ўйлашингизни қаердан билайлик?” деёлмас эди. Лекин у зот эгниларидаги кийимни бир-икки соатдан кейин ечиб ташлаб, сўнг яхшисини кийиш, фақат одамларда бошқача фикр уйғотиш учун киймаган эдилар. Ҳазрати Умарда бундай тубан ва бетавфиқ ният йўқ эди. Зеро, уйда ҳам, элчилар гуруҳини қабул қилганларида ҳам, масжидга чикқанларида ҳам киядиган кийимлари шу эди. Шундай кийинишни ўзлари учун расман қабул қилган эдилар.
Бир куни Ҳазрати Умар йўқлаб келган одамларга шундай дедилар:
— Эшитинглар, Аллоҳ берган молдан менга ҳалол бўлгани ҳақида айтаман: битта қишлик, битта ёзлик кийим, иккита энгил-бош. Ҳаж, умра ва бошқа сафарларга чиқиш учун бир бош улов. Ўзим ва оилам учун озуқа. Бу озиқ-овқатнинг миқдори Қурайшнинг ўртаҳол оиласи қанча еса, шунчадир. Бир нарсани унутманглар: мен ҳам бир мусулмонман. Уларнинг аҳволи қандай бўлса, меники ҳам шундай бўлади, улар қандай яшаса, мен ҳам шундай яшайман… («Табақот»)
Ҳазрати Умарнинг бу сўзлари самимий янграр эди. Ўн йилу олти ойу тўрт кун давом этган ҳалифаликлари мобайнида биров келиб: “Ҳей Умар, ўзингни бос. Нима, сен давлат молини уммондек чексиз деб ўйлаяпсанми?” демади, деёлмади.
Баъзида адолат шамшири бўлмиш Ҳазрати Умар Байтулмолга келиб, хазинабондан илтимос қилиб, бир оз миқдорда қарзга пул олар, сўнг вақтида қайтарар, баъзан вақтида тўлай олмас ҳам эдилар.
Қарз муддатидан ўта бошлаганда, хазинабон келиб, оёқ тираб тўлашни талаб қилганида, Ҳазрати Умар: “Йўқол кўзимдан! Менинг кимлигимни билмайсанми?!” демасдилар ёки хазинабоннинг ўрнига бошқасини кўйишни ҳам ўйламасдилар, аксинча, қарзларини тўлаш йўлларини ахтарардилар.
Гохида тўлолмаган қарзлари йиллик маошларидан олиб қолинарди. («Табақот»)
Лекин ўша маош ҳам ҳеч вақт Аббос ибн Абдулмутталибникичалик бўлмас эди.
Бир куни Ҳазрати Умар тижорат мақсадида Шомга мол юбормоқчи бўлиб, Абдураҳмон ибн Авфга одам жўнатдилар ва тўрт минг дирҳам қарз бериб туришини сўрадилар. Бироқ жўнатилган одам қуруқ қўл билан қайтиб келди.
— Байтулмолдан олиб, қўлига пул тушиши билан тўлаб қўйсин — дебди Абдураҳмон.
Жавобдан кўнгиллари оғриган Ҳазрати Умар Абдураҳмонни ўзлари қидириб бордилар.
— “Байтулмолдан олсин, кейин кўлига пул тушса, тўлаб қўйсин”, деган сенми? Хўп, ўша пулни топа олмай, ўлиб қолсам, нима бўлади, Абдураҳмон? Сизлар ўшанда “Амирул мўминин олган эди, қўяверинглар” дейсизлар. Лекин мен охиратда унинг ҳисобини бераман-ку! Йўқ, Абдураҳмон, бундай қилолмайман. Мен сенга ўхшаган қаттиққўл, берган нарсасини қайтариб олишни ҳам биладиган одамдан қарз олмоқчиман. Токи қарзни тўлолмай жоним узилса, келиб меросхўрларим билан талашиб-тортишиб, ҳаққини олиб кетсин. (“Табақот”, ‘Тарихи табарий”)
* * *
Ҳазрати Умар касал бўлиб қолдилар. Ошқозонларида чидаб бўлмас оғриқ хуруж қилар эди. Зиёратга келганлар бол шарбати ичишни тавсия қилишди.
Лекин Ҳазрати Умар ари боқмас эдилар, бинобарин, уйларида асал ҳам йўқ, эди. Шу сабаб минбарга чиқиб, бир кўллари билан ошқозонларини силаб, оғриқни босишга ҳаракат қилиб, жамоатга зиёратга келганларнинг тавсияларини айтдилар. Кейин:
— Байтулмолда озгина асал бор. Рухсат берсанглар, ўша асалдан шарбат қилиб ичардим, — дедилар.
— Албатта, ичинг, мўминлар амири, Аллоҳ учун олиб ичаверинг, — дейишди саҳобалар.
Сўнгги асрда демократия ва тенг ҳуқуқлилик тушунчалари соҳиби бўлган кўпчилик бу воқеани эшитиб, “бўлиши мумкин эмас”, демоққа шай. Чунки уларнинг тафаккур қозонларида адолат ва мурувватнинг бу даражасини амалда кўриш у ёқда турсин, англаб етишга жой қолмаган.
Минглаб километрларга чўзилган ҳудудда гапи икки бўлмайдиган инсон бўлиш билан касаллигини тузатиш мақсадида Байтулмолдан икки кило асал олишга халқдан изн сўраш ўртасида боғлиқлик кўришга ожиздирлар улар.
Яна бир ҳақиқат. Ҳазрати Умар минбарда букчайиб, асал олишга рухсат сўрарканлар, жамоатдан ҳеч ким ўрнидан туриб: “Эй мўминлар амири, сиз биз ҳақимизда қайғуряпсизми?” демади.
Зотан, ўша давр одамлари шундай эди. Давлат раҳбари сифатида буюк Умар уларни шундай савияга кўтара олган эдилар.
Ниҳоятда оғир бўлган ҳаёт кўпчилик саҳобанинг мадорини қуритиб, ҳеч бўлмаса, оддий турмуш тарзига етарли даражада маош олишга мажбур қилган эди. Улар ҳам: “Амирул мўминин икки кило асал учун жамоатдан рухсат сўрамаслиги, ўзларида эҳтиёжларини қондира оладиган миқдорда ҳамёнлари бўлиш керак эди”, дейишди. Уларнинг фикрича, амирул мўмининнинг маоши икки баробар оширилса, Байтулмол касодга учрамайди. Ҳолбуки, Ҳазрати Умар хизматининг ярмини ҳам қилмаган жуда кўп одам у кишидан кўпроқ маош оларди.
Бироқ, ўша маош оширилиши учун Ҳазрати Умарнинг ўзлари рози бўлишлари керак. Зеро, у киши рози бўлмасалар, бу ёқдагиларнинг гапи бекор.
Мақсадларини Ҳазрати Умарнинг ўзига баён қилишга журъат қилолмаган Ҳазрати Али, Ҳазрати Усмон, Абдраҳмон ибн Авф ва бошқалар аввало, мўминлар онаси Ҳафсага учраб, ўртадаги гапни етказдилар. Уларнинг яна бир илтимоси — Ҳазрати Умар таклифни қабул этмаган тақдирда, номлари ошкор этилмаслиги шарт қилинди. Ҳатто қабул қилган тақдирларида ҳам таклиф кимдан чикканини билишларидан фойда йўқ.
Ҳафса онамиз уларнинг кўнгилларини хотиржам қилиб, оталари ҳузурига йўл олдилар.
Отажон, Аллоҳ ризқимизни кенг қилиб қўйди. Қанчадан-қанча мамлакатлар фатҳ этилди. Аллоҳ ҳамма нарсани мўл ва баракали қилиб қўйди. Энди яхшироқ тановул қилиб, яхшироқ кийинсангиз ҳам бўлаверади.
Ҳазрати Умар қизларининг гапини эшитишни ҳам истамадилар:
— Сенга бу гапларни кимдир ўргатган, Ҳафса. Қани айт-чи, ким улар?
— Сиз “ҳа” демагунизча мен уларнинг номларини айтолмайман. Лекин бир нарсани яхши билингки, бу ўй кўпчиликда бор.
— Майли, сен Расулуллоҳни эслайсанми? — деб, Ҳазрати Умар Ҳафса онамизга бир қанча хотираларни эслатдилар ва: — Сен одамларга эш бўляпсан, аммо отангни тузоққа туширмоқчимисан? Инсонларнинг молим ва баданимда ҳақлари бордир. Лекин динимда эмас, дея таъкидладилар. (“Табақот”)
* * *
Ҳазрати Умар ҳаж ва умрага соябон ва чодирсиз чиқардилар. Ўн икки кун давом этадиган сафарда хоҳ кеча, хоҳ кундузи кун тиғида дам оларканлар чодир қурдирмасдилар.
Уларнинг ўрнига бирон дарахт соясида чўзилиб ухлаб олардилар. Баъзан дарахтга илинган рўмол сояси ҳам Ҳазрати Умарга кифоя қиларди.
Ҳазрати Умар амирул мўминин сифатида йўлда, айниқса, сув бор жойларда йўловчилар эҳтиёжини қондирадиган, дам оладиган работлар қурдирган эдилар. Бу эса, у кишининг инсонларга бўлган мурувват ва хизматлар қилиш истаклари қай даражада бўлганини кўрсатади. Бир сафар Ҳазрати Умар ҳисларини тилларига кўчирдилар: “Қалбимни мўминларга нисбатан марҳамат ва шафқат туйғулари билан, мўминларнинг қалбини ҳам менга нисбатан ҳурмат ва севгилар билан тўлдирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
* * *
Ҳазрати Умар кўчаларда айланиб, ерга тўкилган хурмоларни тўплар, қайси дарахтдан тушган бўлса, уларни ўша дарахт жой-лашган бокка ирғитар эди.
Одамлар бир куни ҳалифанинг елкаларига кўзада сув ортиб олганларини кўришди. Кўришди-ю ҳеч нарсага тушунишмади:
— Бу не ҳол, Амирул мўминин?
— Нафсим ғурур ва кибр билан бир нарсалар деб пичирлаяпти. Мен эса, унга яхши сабок, бўлсин деб кўзани елкамга ортдим, — дедилар Ҳазрати Умар ва йўлларида давом этдилар.
Зеро, Ҳазрати Умарнинг фикрларича, нафас ростлашга ҳам йўл берилмаслиги лозим бўлган рақиб — ўзини Ҳаққа қарши исёнга ундаган, ноҳақликка кўз тиктирган, ғурур ва кибрни чиройли қилиб кўрсатган нафсдир. Баъзида Ҳазрати Умар гапни бошлаб, охирига етказмасдилар. Гапларини қоқ ўртасида бўлиб, жим бўлиб қолардилар. У кишини тинглаб турганлар аввал ҳайратда қолардилар. Кейинроқ ичларида нафслари ғимирлаб қолгани туфайли шундай йўл тутганларини англардилар.
Бир кун Ҳазрати Умар Анас ибн Молик билан кетиб борар эканлар, ҳожат чиқариш учун девор ортига ўтдилар. Девор ортидан у кишининг нафсларига қилган панд-насиҳатлари эшитилиб турарди.
— Қандай яхши… Қандай яхши… Умар ибн Ҳаттоб амирул мўминин бўлди. Валлоҳи, Умар, сен буларга алданма. Ё Аллоҳни севишни ўрганиб нажот топасан, ё Аллоҳнинг ғазаби келади ва сен ўзингга бир балони сотиб олган бўлиб, нажот йўлинг кесилади.
Минбар хотиралари
Ҳазрати Умар минбарда мавъиза қилардилар:
— Мен Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат этсам, сизнинг ҳам менга эргашишингиз вожиб бўлади. Мабодо, мен Аллоҳ ва Расулига итоатда бўлмасам…
Шу пайт бир йигит ўрнидан турди:
— Унда биз сизни қиличларимиз билан тўғри йўлга бошлашни ҳам биламиз.
Ҳазрати Умар йигитнинг гапларидан хурсанд бўлиб, қўлларини юқори кўтардилар:
— Аллоҳим, Сенга ҳамду сано айтаман, шукр киламан. Сенга қарши борсам, мени қилич билан бўлса-да, тўғри йўлга бошлайдиган бандаларинг бор, — дея Аллоҳга илтижо қилдилар.
Бу ерда ўша йигитнинг жасорати кимдан, қаердан илҳомланиб вужудга келганини изласак, бунда фойда бор. Қизиқ, шу минбарнинг ўзида Ҳазрати Умар эмас, масалан, Марвон, Язид, Абдулмалик ибн Марвон бўлганида йигитча жасоратини намоён қилиб, Ҳазрати Умарга айтган гапларини сўзлай олармиди? Ё сўзлаган тақдирда ҳам Ҳазрати Умар айтган ҳамд ва шукрни эшитармиди? Ёхуд шу ва бошқа гапларни гапириб бўлгандан кейин унга керакли муомала қилинармиди?
Бизнингча, унинг жасорати Ҳазрати Умарнинг ҳақ ва адолатга бўлган эҳтиромларидан келиб чиққан. Агар Ҳазрати Умар ҳалифаликка ўтиришлари билан яхши ва дуруст раҳбарлик қилмаганларида, юқоридаги сўзлар ўша йигит ва бошқаларнинг ҳам кўнгилларини орзиқтирган, лекин тилларига чиқаролмаган орзулигича қолиб кетган бўларди.
Орадан кўп ўтмай, яна ўша минбарда ҳаётини Исломга ва уни тарқатган Пайғамбар алайҳиссаломга хизмат қилиб ўтказган одамларга тазйиқлар ўтказилганда ҳам ҳеч кимнинг оғзи очилмайди. Чунки очилган оғизлар ёпиладиган кунлар келади. Ҳазрати Умарга қарши исён қилганлар Ҳазрати Али ва унинг авлодлари шаънига оғизга олиб бўлмайдиган ҳақоратларни жума хутбаларида тез-тез эшитишга мажбур бўладилар.
“Бундан буён менга Аллоҳдан қўрқувни эслатганинг калласини оламан”, деган таҳдид мана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Умар хутба қилган минбардан янгради. Шу гапни гапирган Абдулмалик ибн Марвон мана шу минбарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳалифаси ўлароқ сўзлайди. Аллоҳдан қўрқувни эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир ҳикматнинг боши деб ўргатилган, Буюк Раҳмон ҳам бандаликнинг энг муҳим сифати деб эътироф этган. Абдулмаликнинг гапларини эшитганлар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳамнафас бўлган, Ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Умарларнинг риёсатларини кўрган шахслар ҳам бўлади. Лекин энди ўшандай жасорат соҳибининг калласи кетиши ҳам ақлларга ўрнашиб улгуради.
Модомики, Ҳазрати Умарга ўша сўзларни гапирган одам мақтовга сазовор экан, унга шундайин имкониятни берган Ҳазрати Умар ҳам қиёматга қадар олқишга сазовордирлар.
* * *
Бошқа сафар Ҳазрати Умар хутбаларида бир қарорларини баён қилдилар:
— Бундан буён Расулуллоҳ ўз аёлларига берган тўрт юз дирҳамдан ошиқ маҳрни бекор қиламан.
Орқа сафда ўтирган бир аёл ўрнидан турди:
— Бундай қилолмайсан, Умар!
Бу Фотима бинти Қайс эди.
Ҳазрати Умар сўзларини бўлиб, Фотимага юзландилар. Шу дам: “Ташқарига олиб чиқинг буни. Ақлини киритиб қўйинглар!” десалар бўларди.
Ҳамма ўша аёлга ўгирилди.
Лекин биров унга: “Жойингга ўтир! Бу ишни эрингга қўйиб бер”, демади. Ҳазрати Умарнинг юзларига қарай олишнинг ўзи ботирлик бўлатуриб, бир аёлнинг шунча одам орасида, яна жума хутбасида эътироз билдира олиши барчани ҳайратга солди.
— Қайснинг қизи, нега қилолмайман? Қани, гапир-чи.
— Чунки, Аллоҳ “…сон-саноқсиз молу дунёни (маҳр қилиб) берган бўлсангиз-да, ундан бирор нарсани қайтариб олмангизлар” (Нисо сураси, 20-оятдан), деган. Аллоҳ бизга ҳуқуқ беряпти, сен эса унга ғов бўляпсан.
Барча эътиборини Ҳазрати Умар қандай жавоб беришларига қаратди. У киши эса кўп гапириб ўтирмадилар:
— Бу ерда ҳар ким Умардан билимдонроқ. Аёл тўғри гапирди, Умар хато қилди, — дея чиқарган ҳукмларини бекор қилдилар. (Ибн Касир тафсири)
Бизнингча, Фотимани оёкқа турғизган ва гапиртирган жасорат Буюк Умарнинг ўша шонли ва одил шахсияти эди.
* * *
Яна бир хутбада Ҳазрати Умар жамоатга:
— Эшитинг, эй одамлар, — дея маърузани бошламоқчи бўлдилар.
— Эшитмаймиз, — деди кимдир. Эътироз билдирган Салмон Форсий эди.
— Нега эшитмайсиз?
— Эгнингиздаги кийим бизникидан бошқачароқ экан. Бизга берганингиздан икки баробар ортиқ экан. Сабабини айтмагунинг-ча, сизни эшитмасликка ҳаққимиз бор.
Буни эшитганлар орасида биров: “Жим, Салмон, давлат раҳбари бўлиб, биздан бошқачароқ кийинса ҳеч нарса қилмайди”, деёлмади.
Ҳазрати Умар атрофга қараб:
— “Ўғлим Абдуллоҳ қани?” дедилар.
— Шу ердаман, отажон!
— Ўрнингдан туриб, жавоб бер.
Абдуллоҳ ўрнидан турди.
— Отам бошқалардан ортиқча ҳеч нарса олмаганлар. Шунчаки баланд бўйли бўлганлари сабаб, улушларига тушган кийимлари калта келса керак деб ўйладим ва ўзимнинг ҳиссамни отамга тортиқ қилдим. Кўриб турганингиздек эгнимда бу кийим йўқ.
Ҳазрати Умар Салмонга юзланиб:
— Шу тушунтириш етарлими, Салмон? — дедилар. Тасдиқ жавобини олгач, сўзларида давом этдилар.
Салмонга бундай жасоратни берган Умардир. Аксинча, ранг-баранг кийимларни кийиб олиб расмий салтанат об-ҳавосини ҳосил қилиб гапираётган бошқа бир ҳалифа худди шундай эътирозни эшитган замон асло хурсанд бўлмайди.
* * *
Ҳазрати Умар келган ғанимат молини тақсимлар, одамлар эса у кишининг атрофларига тўпланишган эди. Саъд ибн Абу Ваққос сал кейинроқ келгани учун оломон орасини ёриб, Ҳазрати Умарнинг ёнларига етди. Бироқ бу нарса Ҳазрати Умарга хуш келмади ва ёнларида доим олиб юрадиган таёқлари билан бехосдан Саъднинг бошига тушириб қолдилар.
— Аллоҳ белгилаган ҳукмга бўйсунмай, бошқалар навбатини олдинг. Аллоҳ белгилаган қонун сендан қўрқмаслигини тушунтирмоқчи эдим, — дедилар. («Табақот») Одил ҳалифа ҳар ким ўз навбатига риоя қилиши кераклиги, акс ҳолда, бошбошдоқлик юзага келишини тушунтирмоқчи эдилар.
* * *
Баъзан Ҳазрати Умарнинг ҳузурларига икки даъвогар келиб, бир-биридан шикоят қиларди. Ўша пайт Форуқ тиз чўкканча Аллоҳга илтижо этардилар: “Раббим, буларга тўғри ва одил ҳукмни етказишимда мадад бер! Чунки уларнинг иккиси ҳам ўзларини ҳақ деб топишим учун динимдан ниманидир юлиб олмоқчилар”. («Табақот»)
Яна бошқа пайт шундай деган эдилар: “Ҳузуримга бир-бирининг устидан арз қилиб келганларнинг қай бири ҳақ экани мени қизиктирмайди”. («Табақот»)
Ҳазрати Умар бундай дейишларидан мақсад: “Даъвогарларнинг мен таниган, яхши кўрган, қариндошим ёки душманим бўлиши чиқариладиган ҳукмга таъсир этмайди. Мен фақатгина ким ҳақ, ким ноҳақлигини аниқлашга ва уни очиб беришга ҳаракат қиламан”, деб айтиш эди.
Шунинг учун ҳам Ҳазрати Умарнинг қариндошларидан бирига ён босганлари ёхуд ҳукм чиқараётганларида ўзлари таниган кишини ҳақ деб топганлари ҳақида биров бир нарса эслаёлмайди.
Бизга маълуми шуки, Ҳазрати Умар бирор нарсани таъқиқласалар, аввало, ўз қариндошларига ўша таъқиқни эслатар, “ҳеч бирингизнинг мана шу таъқиқка амал қилмаганлигингизни эшитмай. Шундай бўлган тақдирда, бошқаларга бериладиган жазони икки баробар оласизлар”, дейишини канда қилмас эдилар. («Табақот»)
* * *
Ҳазрати Умар раият ишларини тартибли олиб боришга жаҳд килсалар-да, бу хатти-ҳаракатлари ибодатларига ҳалақит қилмас эди.
Дўстларидан бири у киши ҳақида шундай дейди: “Инсонларнинг энг кўп рўза тутадигани ва энг кўп мисвок ишлатадигани Умардир”.
Ҳазрати Умарнинг ўзлари: “Агар ҳалифаликнинг оғир юки бўлмаганида, муаззинлик ҳам қилган бўлардим”, деган эдилар.
Ҳазрати Умар хуфтон намозини ўқиб бўлиб, кўнгиллари тўлгунча Мадина кўчаларини айланардилар. Ёрдамга муҳтож одамлар бор-йўқлигини билиб, кейин уйларига қайтар ва узоқ вақт Холиқ ҳузурида У билан ёлғиз қолар эдилар. («Табақот»)
Бир куни дўстларига шундай дедилар:
— Аллоҳ йўлида юрмасам, Унинг ҳузурида пешонамни тупроққа қўймасам ёки меванинг энг яхшиси танлаб олинганидек, сўзларнинг ҳам энг яхшиси танлаб гапириладиган мажлисларда ўтириб ўзимни бахтиёр сезмасам, бундан ўлим афзалроқ”.
Бир куни Шифо исмли аёл бир гуруҳ ёшларнн кўрди. Улар чумолиларни босиб олмаслик учун аста-секин қадам босишар, паст овозда сўзлашишар эди. Аёл уларнинг бу қилиғини тушунмади.
— Нима киляпсизлар? Бу нимаси?
— Бизлар зоҳидлармиз (дунёдан кўнгил узган одамлар).
Шифо ҳайрон бўлди. У шу кунга қадар бунақанги зухд ва тақвони кўрмаган эди.
— Валлоҳи, Умар гапирганда эшиттириб гапирар, юрганда шахдам қадам ташлаб виқор билан юрар, урганда оғритар эди.
Лекин ҳақиқий зоҳид у эди.
* * *
Ҳазрати Умар доим ўзини сарҳисоб қилар, айбни, аввало, ўзларидан излардилар. У зот “Давлат раҳбари ҳақгўй ва тўғри бўлгандагина, унинг раияти ҳам ҳалол ва дуруст инсонлар бўлади. Давлат раҳбари Аллоҳ олдидаги бурчларини адо этиб қўйсалар, раият ҳам бурчларини адо этади”, дердилар.
У киши одамлар орасида хато ва камчиликларини эслатиб турадиганларни севардилар.
Бир куни минбарда эканлар:
— Одамлар, нон билан ейишга қатиқ тополмаган пайтларим бўлди. Холаларимга булоқдан зилол сув олиб келиб берардим, улар менга майиз ва шунга ўхшаш нарсалар беришарди, — дедилар ва давом этмасдан, минбардан тушдилар.
Ҳазрати Умар шуни айтиш учунгина минбарга чиққан бўлишлари мумкин эмасди.
— Давом этмадингиз, амирул мўминин, нимадир демоқчи эдингиз шекилли, — дейишди ўтирганлар.
— Ҳа. Лекин нафсим ғалаён қила бошлади. Унинг ғурур ва кибрини синдириш, қилаётган мавъизамдан унга ҳисса бермаслик учун тўхтатишни афзал билиб, минбардан тушдим, — дедилар.
…Ҳазрати Умар хуфтондан кейин шаҳар айланар, кейин масжидга қайтар эдилар, Масжидда намоз ўқиётганларга тегинмай, қолганларни ташқарига чиқарардилар. Бир куни одатларига кўра, масжидга келдилар. Ичкарида бир гуруҳ, саҳобийлар суҳбатлашиб ўтирар эди. Ҳазрати Умар крронғуда уларнинг юзларини кўролмай:
— Кимсизлар? — дедилар. Убай ибн Каъб жавоб берди:
— Сенинг дўстларингмиз, амирул мўминин.
— Сизларни намоздан кейин бу ерда нима ушлаб қолди?
— Ўтириб, Аллоҳни зикр киляпмиз.
Бу гапни эшитиб у киши ҳам даврага қўшилдилар. Кейин ўзларига энг яқин ўтирган саҳобага: “Қани, бошла!” дедилар.
У Қуръондан озгина ўқиди. Ҳазрати Умар кейин унинг ёнидагини ва бошқаларни ўкитдилар. Давра айланиб, навбат бу ёнларида ўтирган Абу Саид номли одамга келди. У эса титраб, бирорта ҳам сўз айтолмади.
Ҳазрати Умар:
— Кошки “Аллоҳим, бнзни афв эт, марҳамат қил”, десайди, — деб, ўзлари ўқий бошладилар. Тиловат қиларканлар кўз ёшлари шашқатор оқарди. Бир оздан кейин ўқишни тўхтатдилар ва:
— Етар, энди тарқалинглар, — дедилар. («Табақот»)
* * *
Кунларнинг бирида Ҳазрати Умар қуллари Асламнинг эгнида янги либос кўриб, қаердан олганини сўрадилар.
— Ўғлингиз Убайдуллоҳ ҳадя қилди.
— Майли, ўғлимдан бўлса ол. Бошқа бировдан ҳадя қабул қила кўрма. Убайдуллоҳни чақир, бошқа ҳеч кимни ичкарига қўйма.
Ҳазрати Умарнинг бошқадан ҳадя олмасликка буюришларидан мақсад порага йўл қўймаслик эди. Зеро, тўғридан-тўғри ўзларига бўлмаса-да, қуллари орқали берилиши эҳтимоли бор. Бу эса, одамларнинг шу йўлдан юришларга сабаб бўлиши мумкин эди.
Убайдуллоҳга хабар жўнатилди. Лекин у келмасдан аввал Зубайр ибн Аввом келиб: “Мўминлар амири уйдамилар?” деб сўради.
— Ҳа. Ичкаридалар. Бандлар, бир муддат олдларига ҳеч кимни қўймаслигимни буюрдилар.
Қулнинг жавобидан Зубайрнинг жаҳли чиқиб, унинг қулоқ чаккасига бир тарсаки тортди. Аслам оғриқдан инграб юборди. Унинг овозини эшитган Ҳазрати Умар: “Нималар бўляпти?” дедилар. Аслам ичкарига кириб, бўлган воқеани сўзлаб берди. Ҳазрати Умар Зубайрнинг хатти-ҳаракатидан хафа бўлдилар. Ҳақиқатдан ҳам, хафа бўлса арзирди. Гапирилган гап учун шапалоқ тортиш… Қизиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам шундай дейилганда Зубайр каби шапалоқ тортармидилар ёхуд сабр қилиб кутиб турармидилар? Ҳазрат Умарнинг амрини етказиб қўйгани учун беайб қулни уриш ҳеч бир қолипга сиғмас эди.
— Зубайрни чақир.
Зубайр ичкарига кирди.
— Қулни нега урдинг?
— Ёнингизга кирмай туришимизни айтди.
— Шу пайтгача сени бирон маротаба кутдириб ёки ортингга қайтариб юбордими?
— Йўқ.
— Унда сенга: “Бир оз сабр қилинг. Мўминлар амири банд”, деса нега маъзур тутмадинг? Валлоҳи, йиртқичгина йиртқичнинг қонини тўкиб, уни ейди… («Табақот»)
Ҳазрати Умар бу билан Зубайрга сабрли бўлганинг яхшироқ демоқчи эдилар.
* * *
Кунларнинг бирида Қурайш катталари Ҳазрати Умарнинг зиёратларига келишди. Ичкарида у киши Билол, Суҳайб, Аммор каби аввал қул бўлганлар билан ўтирган эдилар. Абу Суфён уларга ҳануз қул деб қарар, озод этилганларини ва юз йиллар мобайнида мўминларнинг бошига тож бўлишларини англамас ёки англашни истамас эди.
Ҳазрати Умар ичкарида улар билан ўтирганларида ташқарида Абу Суфён ва унинг ҳамроҳлари борлигини билардилар.
Абу Суфён чидай олмай:
— Қандай кунларга қолдик?! Қуллар биздан кўпроқ икромга сазовор бўлишяпти, — деб юборди.
Унинг фикрича, Ҳазрати Умар уларнинг келганларини эшитиб, ўша заҳоти ҳузурларидагиларни чиқариб юборишлари ва келганларни кутиб олишлари керак эди.
Лекин у билан келган Суҳайл ибн Амр инсофли одам эди.
— Расулуллоҳ ҳаммамизни Исломга даъват қилдилар. Бу одамлар Исломни қабул қилишди, биз эса уларга қарши чиқдик. Энди биз ҳаққимизга рози бўлишимиз керак. Ўша пайт бизни “Исломни қабул қилмайсанлар”, дея ушлаб турган нарса йўқ эди…
Бир пайтлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам “Ёнингдаги фақирларни мажлисингдан чиқариб юборсанг, сен билан кўришишимиз мумкин”, дейишган эди. Ўшаларнинг баъзилари ҳамон эски фикрлари билан яшаб келаётган эди.
Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин Маккада бошланган муртадлик (диндан қайтиш) Суҳайл ибн Амрнинг саъй-ҳаракатлари билан босилган эди. У: “Эй инсонлар, Исломни охирги бўлиб қабул қилганлар сиз эдингиз, энди биринчи бўлиб ундан чиққанлар ҳам сиз бўлмангиз!” деган ва бу сўзлари одамларнинг ҳушини жойига келтирган эди.
Абу Мусонинг саломи
Кунларнинг бирида Ҳазрати Умар Басрадан келган бир гуруҳ кишиларни қабул қилдилар. Улар Абу Мусодан шикоят қилиб: “У эшикда одамларни кутдиради, сафарга кетаётиб, тажрибали ва ёши катта одамлар бўлатуриб, Зиёд деган котибини ўрнига қолдиради”, дейишди. Яна бошқа бир одам Муғийра ибн Шўъба Басрани тарк этаркан, Абу Мусога Оқила исмли чўрини қолдириб кетганини етказди.
Ҳазрати Умар уларга бу иш билан шуғулланишларини айтдилар ва дарҳол мактуб ёзиб Абу Мусони Мадинага чақирдилар.
Бир куни Ҳазрати Умарнинг эшиклари олдида турган мусофир ичкаридагиларга эшиттириб салом берди ва: Абдуллоҳ ибн Қайсман”, деди.
Ҳазрати Умар унинг овозини эшитдилар, лекин бандликлари сабаб, жавоб беролмадилар. Мусофир яна бир оз муддат кутгач: “Ассалому алайкум! Мен Абу Мусоман”, деди.
Жавоб бўлмагач, учинчи марта салом берди ва бу сафар “Ашьарийман”, деди.
Ичкаридан Ҳазрати Умарнинг овозлари келар, лекин эшикни очмас эдилар. Энди унинг қайтиб кетишдан ўзга чораси йўқ эди. Эхтимол, Ҳазрати Умар атай жавоб бермай, Абу Мусони кутдирган ва бу билан бировни куттириш қандай бўлишини кўрсатиб қўймоқчи бўлгандирлар.
Ҳазрати Умар Абу Мусонинг овози келмай қўйгач, аёлларига:
— Абу Мусонинг овозини эшитилдими? — дедилар.
— Ҳа. Лекин жавоб бермадингиз. Ўзингиз уни чақиртирган эдингиз. Қайтиб кетди.
— Уни менга топиб келинглар!
Бир оздан кейин Абу Мусо кириб келди.
— Нега кайтиб кетдинг, Абу Мусо? Ишим борлиги туфайли жавоб беролмаган эдим.
— Мен уч дафъа салом бериб, ўзимни танитдим. Жавоб бўлмагач, изимга қайтдим. Чунки бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай ўргатганлар. У кишининг: “Изн сўраш уч марта. Рухсат берилса кир, бўлмаса ортингта қайт”, деганларини эшитганман.
Абу Мусо буларни оддий гапдек гапирарди. Лекин у Ҳазрати Умарнинг юзларида қаҳр аломатларини кўргач, довдираб қолди ва: “Хато гапириб қўйдимми?” дегандек ҳалифага қаради.
— Сен буни Расулуллоҳдан эшитганмидинг?
— Ҳа.
— Мен Расулуллоҳдан ҳадисни эшитмаганман. Ҳозир сен менга у зот шундай деганларига гувоҳ топиб келасан. Тополмасанг, гарданингга тушадиган қамчиларни ўйла! Бу Расулуллоҳ номларидан билиб-билмай гапирадиганларга ҳам ибрат бўлади. Абу Мусонинг юзида “янглишдимми?” деган ифода пайдо бўлди. Лекин амирнинг чеҳрасида ҳазил аломатлари кўринмасди. У ўрнидан турди ва хайр-маъзурни ҳам насия қилиб, қалтираганча чиқиб кетди.
* * *
Ҳазрати Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бўлган бир воқеани унутмаган эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан бир ой узоқ бўлиш мақсадида масжид ёнидаги чордоққа чиқиб кетган пайтлари Ҳазрати Умар зиёратга келган ва ичкарига кириш учун изн сўраган эдилар. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабул қилмаганлари учун у киши кайта-қайта келган ва бу учтадан ортиб кетган эди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч маротаба изн сўраш керак, Умар”, демаган эдилар. Бинобарин, Абу Мусо ҳам тўртинчи бор эшик қоқиши лозим эди.
* * *
Убай ибн Каъб, Абу Саид Худрий ва яна бир қанча киши суҳбатлашиб ўтиришган эди. Барчалари ансорийлар эди. Шошилганча кириб келган Абу Мусони кўриб: “Бу инсон нимадандир қўрқиб кетган бўлса керак”, дедилар.
— Сенга нима бўлди, Абу Мусо?
— Орангизда Расулуллоҳнинг: “Изн уч бора сўралади”, деганларини эшитганлар борми?
Унинг саволига ўтирганлар кулиб юборишди. Абу Мусо бундан норози бўлди.
— Олдингизга ташвиш билан одам келсаю, сизлар эрмак қиласизлар, — деди.
— Қани, ўтир! Дардингни айт.
Абу Мусо ўтириб, бўлган воқеани гапириб берди ва саволини яна бир бор такрорлади:
— Ичингизда кимдир менга ёрдам бера оладими?
— Ҳа, Абу Мусо, биз бунга гувоҳмиз.
Абу Мусонинг қуруқшаган лабларига кизиллик югурди ва юзидаги қўрқув бир зумда йўқолди. Хурсанд бўлиб:
— Аллоҳ сизлардан рози бўлсин, — деди.
Энди Ҳазрати Умарни топиб, вазиятни айтиш керак эди.
— Бу ишни орамиздаги энг ёшимиз қилиши керак, — деди у.
Абу Саид Худрий ўрнидан турди, Абу Мусонинг қўлидан тутиб:
— Қани, кетдик, — деди.
Ҳазрати Умар Абу Саиднинг гапларини дикқат билан тингладилар. Абу Саид деди:
— Мўминлар амири, Абу Мусо тўғри айтибди, мен ҳам Расулуллоҳнинг шундай деганларини эшитганман. У ёқда яна гувоҳлар бор. Улар орасида Убай ибн Каъб ҳам бор.
Сўнгра Абу Саид бошқа воқеани айтиб берди:
— Бир куни Расули Акрам бир неча дўстлари билан Саъд ибн Убоданинг уйига бордилар ва алоҳида-алоҳида уч бор салом бердилар. Лекин эшик очилмади. Биров жавоб бермагач:
— Биз ўз гарданимиздагини қилдик, — дедилар ва энди кетмоқчи эдик, ичкаридан:
— Марҳабо, Расулуллоҳ — деган овоз эшитилди.
— Биринчи марта салом берганимни эшитдингизми?
— Эшитдик. Лекин кўпроқ салом беришингизни ва унинг баракотини олишни ният қилган эдик.
Ҳазрати Умар бу воқеани эсладилар. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳатто таомдан сўнг: “Дастурхонингизда рўзадорлар ифтор қилсин, таомингизни яхши инсонлар есин ва фаришталар кечирилишингиз учун Парвардигорга дуо килсинлар”, дея дуои хайр ўқиган эдилар.
Ҳазрати Умар бошқа эътироз билдирмадилар.
— Якшанба кунлари бозорда савдо қилиш мени бу гаплардан чалғитган, шекилли.
Абу Мусо кисқа фурсатга бўлса-да, елкасидан юк ағдарилганидан хурсанд чиқиб кетди.
* * *
Шом намозидан кейин Ҳазрати Умар минбар ёнида ўтирган икки кишига яқинлашиб салом бердилар. Улар Убай ибн Каъб билан Абу Мусо эди. Ҳазрати Умар Абу Убайга юзландилар:
— Бу биродаринг нималар деяпти? Сен ҳам Расулуллоҳдан шу гапларни эшитганмисан?
— Ҳа, Ҳаттобнинг ўғли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шуларни гапирганларида эшитганлар орасида мен ҳам бор эдим. Сиз ҳам Пайғамбаримиз саҳобаларига озор берманг.
Унинг гапларидан Ҳазрати Умар титраб кетдилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни бошлиқларга ишониб топширганларини билардилар.
— Субҳаналлоҳ… Мен фақат эшитган нарсамни яхшилаб тасдиқлатиб олмоқчийдим, холос.
Бироқ ҳануз Абу Мусони нега чақиртирганларини айтмаган эдилар. Волий Басрадан шунчаки йўл юриш учун чақирилмагани аниқ эди. Ҳазрати Умар уни бир чеккага тортдилар:
— Демак, эшик тагида кутиш оғир келди, дегин. Шуни яхши билки, Басрада одамлар сени кутишса, уларга ҳам шунақа оғир келади, дедилар ва унинг устидан қилинган шикоятларни айтиб бердилар (Муслим, “Одоб китоби”). Тажрибали ва улуғ саҳобалар туриб, ёш йигитни ўрнига қолдириб кетгани сабабини сўрадилар.
Абу Мусо усталик қилди.
— Мўминлар амири, сизга маълумки Зиёд ёш бўлишига қарамай, бундай ишларга қобилиятлидир. Мен ёши катталарни менсимаганим учун эмас, аклли, тадбиркор бўлгани учун Зиёдни улардан афзал биламан.
— Унда Зиёдни менга юбор. Уни шахсан ўзим кўришим керак. Дарвоқе, Муғийра ибн Шўъба қолдириб кетган жорияни йўқот. Энди ишингга қайтавер.
Ҳазрати Умар, аслида Абу Мусони жуда яхши кўрар, қаттиқ ҳурмат қилар эдилар. Гоҳ-гоҳида унга: “Қани, Абу Мусо, бизга Раббимизни ёдга сол”, дер, Абу Мусо ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам севган овозлари билан Қуръон ўқир, Ҳазрати Умар уни берилиб тинглар эдилар.
Ҳазрати Умар бир куни яна:
— Қани, қалбимизни Раббимизга юзлантирадиган нимадир ўқиб бер, — дедилар. Абу Мусо Қуръон ўқишни бошлади. Бир оз муддат ўқигач, одамлар:
— Намоз вақти бўлди, мўминлар амири, — дейишди.
Худди ўзга оламга чўмгандек Ҳазрати Умар илкис бош кўтардилар:
— Намозда эмасмидик?.. («Табақот»)
давоми бор.