O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ҲАЗРАТИ УМАР ҚИССАСИ

ҲАЗРАТИ УМАР ҚИССАСИ
244 views
08 May 2012 - 18:14

Аҳмад Лутфий Қозончи

* * *

Абу Мусонинг ёш йигитни ўзига ўринбосар қилиб олиши айб эмасди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Саид Худрийни қўшиннинг бир қисмига бош қилиб ғазотга жўнатганларида, у ҳали ўспирин эди. Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларига яқин катта қўшинга Усомани қўмондон қилиб тайинлаган эдилар. Усомо эса, ўша пайт жуда ёш эди. Ҳолбуки, Абу Саидга ҳам, Усомага ҳам ёш эканликлари туфайли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ухуд жангида қатнашишига рухсат бермаган эдилар.
Бу борада Вадо ҳажидаги воқеалар ҳам диққатга сазовордир. Ўшанда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафотдан қайтаётганларида Муздалифага Усоманинг, кейин амакиваччалари Фазлнинг отига мингашиб келганлар. Улардан каттароқ одамлар туриб, ёш йигитчаларнинг уловига минганлари у кишининг ёшларга берган аҳамиятлари ва уларни жамиятга тиргак қилиб тарбиялаш кераклигини билдиради.
Зиёд ҳам жуда ёш эди. Шунга қарамай, у ақл-заковати ва қобилияти билан кўпчиликни ортда қолдирарди. Тадбиркорлиги ва ишбилармонлиги туфайли Абу Мусо уни ўрнига қолдириб, беҳавотир кетар, қайтиб келиб, бунга заррача афсусланмас эди.

* * *

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан айтилган гапнинг ҳақиқатдан ҳам, у кишидан эканини аниқлашда Ҳазрати Умарнинг ўта диққат билан иш юритишлари таҳсинга сазовор. Чунки бир гапни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериш бошқа бировга нисбат беришдан фарқланади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аллоҳ ўзгача бир мақом берган. Масалан, у кишини бошқаларни чақиргандек чақириши ман қилинган. Ҳузурларида гапираётганда ҳам овозни у кишиникидан баландроқ кўтариш мумкин эмас. Буларга риоя қилмаганларнинг амаллари бекор бўлиши ҳам аниқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтмаган гапни айтди, дейиш, қилмаган ишни қилди, дейиш гапирган одам учун ҳам, уни тасдиқлаган одам учун ҳам хатарлидир. Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ воқеаларга жуда эҳтиёткор ва диққатли бўлиш керак. Ҳазрати Умар ўша эҳтиёткорлик ва диққатни қўлдан бой беришни истамасдилар.
Саййидул Мурсалин соллаллоҳу алайҳи ва саллам Вадо хутбаларида: “Бу ерда ҳозир бўлган ҳозир бўлмаганларга сўзларимни етказсин”, деган эдилар. Бу амр, албатта, бажарилиши керак эди. Зеро, Қуръон Аллоҳга ва Расулига итоат қилишни буюради. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни билган, динни шахсан, у зотнинг гап-сўзлари, ҳаракатларидан ўрганган ва у киши билан мулоқотда бўлган одамлар билганларини ўзларидан кейингиларга аслидагидек етказишлари шарт эди. Бу уларнинг бурчи эди. Мусо ва Исо алайҳиссаломларнинг динларини ўзларидан кейингиларга асл ҳолида етказмаганларга ваъда қилинган жазо Ислом миллатига ҳам тегишлидир! Қуръонда шундай дейилган: “Биз нозил қилган ҳужжатлар ва ҳидоятдан иборат нарсаларни одамларга Китобда (Тавротда) равшан қилиб берганимиздан кейи яширадиган кимсаларни, шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлаган ва лаънатловчи зотлар (фаришталар ва мўминлар) лаънатлаганлар” (Бақара сураси, 159-оят).

Бироқ Ҳазрати Умарнинг бу ҳаракатлари вақтинча яроқли эди. Кейинги авлодлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларига асҳоби киром кўрсатган диққат-эътибор ва ҳурматни кўрсатмайди. Шу боис Набийи акрамнинг суннатлари ёзиб қўйилиши керак эди. Акс ҳолда, баъзи хотираларни вафот этганлар ўзлари билан қабрга олиб кетиши аниқ, Ундан ташқари, мусулмонларни ибодатга ундаш ва гуноҳдан узоқлаштириш мақсадида ёки Ислом душманлари томонидаи уни ичдан йиқитиш учун ёлғон ҳадислар тўқиб чиқарилиши мумкин эди.
Шунинг учун қилиниши лозим бўлган энг зарур иш Расулуллоҳнинг гаплари, ишлари, такрирлари — ҳузурларида қилинган ишларга индамаганларининг барчаси ёзилиб, келгуси авлодларга китоб шаклида қолдирилиши керак эди. Аммо у пайтда Ҳазрати Умар ҳам, у кишининг издошлари ҳам бу зарурат ҳақида ўйлайдиган вазиятда эмасдилар. Фақат ҳижрий 99 йили илк бор ҳалифа Умар ибн Абдулазизнинг амри билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини ёздиришдек шарафли ишга асос солинди.

* * *

Зиёд Басрани тарк этаркан, Ҳазрати Умар билан бўладиган учрашувни тасаввур қилиб ҳаяжонланиб кетди. Аввалги учрашувда у ўзи ҳақида яхши таассурот қолдирган, ҳатто жамоат ичида Ҳазрати Умар ўринларидан туриб: “Бу бола иқтидорли нотиқ экан”, деб мактаб ҳам қўйган эдилар. Шундай бўлса-да, амирул мўминин билан кўришиши ҳаяжонли эди. Ўшанда Ҳазрати Умар фақатгина унинг жанг ҳақида гапириб берганларини эшитган эдилар. Бу сафар жиддий имтихрн қилиб, синовдан ўтказишлари аниқ.
Зиёд Мадинага етиб келиб, мўминлар амири ҳузурига кирди. Лекин ўзини таништиришга улгурмади. Ҳазрати Умар уни: “Зиёдмисан?” дея қарши олдилар.
— Ҳа, мўминлар амири. Чақиртирган экансиз. Мана, келдим, — деди.
Ҳазрати Умар вақтни кетказмай, уни сўроқка тутишни бошладилар.
— Сенга минг дирҳам эҳсон қилган эдим. Уни нима қилдинг?
— Отам Убайдни қулликдан озод қилдим.
Унинг бу жавобидан Ҳазрати Умар мамнун бўлдилар ва:
— Кейинги маошингни нима қилдинг? — деб сўрадилар.
— Онаизоримни озод қилишга сарфладим.
— Онангга катта яхшилик қилибсан. Эгнингдаги қанақа либос?
— Бу юпқа бўз, амирул мўминин. Рангги бошқачалигини айтмаса, оддий халқ киядиган кийимдан фарқи йўқ. Қимматбаҳо кийим эмас.
— Қуръон ўқийсанми?
— Мусулмонман, ҳар бир мусулмон каби Қуръон ўқийман. Ҳазрати Умар Қуръон ахқомларига доир бир неча савол бердилар ва Зиёднинг жавобларидан қоникдилар. Кейин суннатдан сўрадилар, йигитча бу мавзуда ҳам илмини кўрсатди.

Сўнгра Ҳазрати Умар қоғоз-қалам олиб, Зиёдга бердилар ва Басрада хал қилиниши керак бўлган муаммоларни рўйхат қилиб ёзиб беришини сўрадилар. Зиёд чиройли ифодалар билан рўйхат тузиб чиқди. Ҳазрати Умар ўқиб хурсанд бўлдилар ва уни ёнларига қўйиб, иккинчи қоғозга бошқатдан ёзишни буюрдилар.
Зиёд бу сафар бошқа тарафдан Басра халқи учун қилиниши керак бўлган ишларни ёзиб берди. Унда аввалгисидан кўра тўлиқроқ рўйхат тузди.
Ҳазрати Умар яна қоғоз узатдилар:
— Басрага оид баёнот туз!
Зиёд учинчи маротаба ҳам ўша муаммоларни ёзиб, амирул мўминин узатди; шу билан синов ниҳоясига етди.
— Қаламни менга бер!
Ҳазрати Умар бу сафар ўзлари қоғоз олиб, бир жумладан иборат буйруқ ёздилар ва уни Абу Мусога етказишни буюрдилар. Зиёд мамнун ҳолда ҳалифа ҳузуридан чиқиб юртига шошилди. Басрага боргач, хатни Абу Мусога топширди. Унда: “Зиёд билан маслаҳатлашиб, унинг фикрларидан фойдалан”, дейилган эди. Шу тариқа Зиёд имтиҳондан муваффақиятли ўтди, Ҳазрати Умар эса, “Ҳақни эгасига берувчи амир” эканликларини кўрсатган эдилар.

Жабала ибн Айҳам

Ғассон амири Жабала ибн Айҳам Ислом динини қабул қилиб, вазифасида колдирилган эди. У ҳижрий 17 йили ҳажга йўл олди. Башанг кийиниб олган ҳолда Байтуллоҳга бормоқда эди. Бундай кийимларни умрида биринчи кўриб турганлар ҳам йўқ эмасди. Ҳатто хизматкорларининг кийими ҳам бошқалар учун ушалмас орзудек эди.
Каъбани тавоф қилишаётганда Фазора қабиласидан бўлган бир киши Жабаланинг оёғини босиб олди. У билмай қолганини айтиб, узр сўрамоқчи бўлиб турган эди ҳамки, юз-кўзи аралаш тушган муштдан гангиб кетди. Нима бўлганини англолмай турган бир пайтда, мушт туширган одам:
— Сен мендек амирнинг оёғини босишга қандай журьат этдинг? — деди.
“Мана бундай”, деёлмади. Чунки атрофини шу кишидек башанг кийинган одамлар ўраб олишган эди. Қаршисидаги одамни ургудек бўлса, улар уни шу ернинг ўзидаёқ бир ёқлик қилиб қўйишлари турган гап эди. Бундан ташқари, хажга келган одам ёмон гап айтиши, бошқалар билан тортишиши ва ёқалашиши мумкин эмасди. Зеро, ушбу муборак кадамжода бунақанги бемаъни ишлар қилиш таъқиқланган, барчага тазарруъ билан юриш буюрилган эди. Бу ҳукм нафақат ҳаж пайтида, балки, йил бўйи амалда эди.
Бурнидан оқаётган қони билан фазоралик киши Ҳазрати Умарнинг олдига борди.
— Ким сени бу аҳволга солди?
— Яхши кийинган бир одам. “Амирман”, деди. Билмасдан оёғини босиб олган эдим, менга мушт туширди.

Ҳазрати Умар ўтирганлардан бирига буюрди:
— Дарҳол ўша амирни топиб кел!
Бир оздан кейин Ҳазрати Умарнинг ҳузурларига кирган Жабала рақиби ўша ерда ўтирганини кўрди. Ҳазрати Умар уни кўрсатиб:
— У сенинг устингдан шикоят қилди, — дедилар.
Жабала ҳайрон бўлди ва “авом бир одам амир устидан шикоят қиладиган кунларга қолдикми?” дегандек Ҳазрати Умарга каради. Унинг фикрича, ҳалифа, аввал амир устидан шикоят қилиш ҳуқуқи ва жасоратини ким берганини сўраши, кейин икки тарсаки тортиши керак эди. Амалда бундай бўлиб чиқмади:
— Қасос олишга тўғри келади, Жабала. Ё у ҳам сенга бир мушт туширади ёки сен уни рози қиласан.
Жабала қулоқларига ишонмай қолди. Ахир бу гапларни амирул мўминин гапираёттан эди.
— Ҳазиллашаяпсизми, мўминлар амири?
У Ҳазрати Умарнинг бунақа мавзуларда ҳазиллашмасликларини билмас эди.
— Йўқ, Жабала, ҳазиллашмаяпман.
— Лекин… Мен амирман, бу эса, авомдан.
— Шундай бўлса-да, қасос олиш керак. Зеро, Исломда ҳақ-ҳуқуқ борасида баробарсизлар. Амир бўлиш жазодан қутулиш учун етарли эмас.
Жабаланинг баттар ҳайрати ошди.
— Мен Исломни қабул қилиб, обрўйим янада ортади, деб ўйлаган эдим.
— Обрўйинг ошди. Лекин ҳар бир инсоннинг ҳақ-ҳуқуқи бор.
Амир бошини эгиб, бир оз ўйланиб қолди.
— Менга эртагача рухсат беринг.
— Хўп. Эртагача рухсат.
Жабала бояги фазоралик кишига ер остидан бир ўқрайиб қараб, чиқиб кетди.

* * *

Ўша тун одамлар Аллоҳнинг раҳматини сўраб, Каъба атрофида айланишар, баъзилар намоз ўкишар, баъзилар Қуръон тиловат қилиш билан машғул эди. Жабаланинг одамлари эса, йўл тадоригини кўриш билан овора бўлишди. Чодир ичида асабийлашганча у ёқдан-бу ёққа бориб келаётган Жабала гоҳ пешонасидаги терни сидирар, гоҳ жаҳл билан кадам босар ва тинмай: “Бўлиши мумкин эмас! Бўлиши мумкин эмас!” дерди.
Ғассон амири ҳалифа ҳузурида кўлларидан ушлаб турилади ва кимлиги номаълум фазоралик бор кучи билан унинг юзига туширади. Шу билан ҳақини олади. Ёхуд Жабала узр сўраб, “уятли иш бўлди”, дейиши ва ўша одамни рози қилиши учун у истаганча пул бериши керак. Жабала бунга чидай олмасди.
Жабала Ҳазрати Умарнинг ҳузуридаёқ бир қарорга келган эди. У ўзини пастга урмай, обрў билан кетиши лозим эди. Ҳозироқ йўлга чиқади, керак бўлса, Румда ҳам обрўйини сақлаб қолади.
— Чодирни бузсак бўлди, қолган барчаси тайёр, амир!
Жабала шу гапдан ўзига келди ва чодирдан чиқди. Чодирни қуравериб тажриба орттирган хизматкорлар беш-олти дакиқа ичида ишини тамомлади. Жабала шовқин қилмай ҳаракат қилишни буюрди.
Қуёшнинг заррин нурлари эндигина Маккага ёйиларкан, улар бир неча соатлик йўл босиб, энди дам олаётган эдилар. Энди буёқларга ҳеч қачон келмайдилар, Маккага қадамларини ҳам босмайдилар. Қалбларида Исломнинг зарраси ҳам қолмаган эди. Умар ўзини авомдан бўлганлар билан баробар кўраверсин, амирлигини оёқ ости қилсин, лекин Жабалани тинч қўйсин, унга тегмасин.
Уларнинг ортидан бир хабарчи келиб, олдиндаги шаҳар амирларига учраб, ўша шаҳарда бўлмаса, бошқасида йўлни тўсишлари ва: “Тўхта! Амирул мўминин сени сўраяптилар” дейишлари мумкин эди. Буни яхши тушунган Жабала оз дам олиб, кўп юриб, бир амаллаб Ғассонгача етиб келди. Бу ерда ҳам кўп турмай Румга қараб қочди ва бошқа қайтмади.
Ҳазрати Умар эртасига Жабаланинг келишини бекорга кутдилар. Юборган одамлар унинг чодири йўқлигини айтди.
Энди фазораликни амирул мўминин рози қилиб жўнатишлари керак эди.

Вабо

Ҳазрати Умар бир иш билан Мадинадан чиқиб, Сарғ қишлоғига келдилар. Аммо бир хабар у кишини тўхтатди: Шомда вабо тарқалибди. Дарров Абу Убайдага хабар жўнатилди ва у етиб келди.
Ҳазрати Умар саҳобалардан сафарни давом эттириш керакми ё ортга қайтиш, шу ҳақда сўрадилар.
Баъзилар:
— Аллоҳ ризоси учун йўлга чиқдингиз. Бундай вазиятлар йўлингизга ғов бўлолмаслиги керак, — дейишган бўлса, яна бошқалари:
— Олға бориш тўғри бўлмайди. Шу ерда қолиш мақсадга мувофиқ, — дейишди.
Ҳазрати Умар фатҳдан кейин Мадинага келган қурайшийлардан фикр сўрадилар. Улар бир овоздан ортга қайтишни, ҳаётларини хавф остига қўймасликларини ёқлашди.
Ҳазрати Умар ҳам шу фикрда эдилар ва эртасига йўлга чиқишга қарор қилиб, кайтишга тайёрланишни буюрдилар.
— Аллоҳ қадаридан қочасанми, Умар?
Саволни берган Абу Убайда эди. У бу билан: “Аллоҳнинг тақдиридан қоча олмайсан. Пешонангга ўлим ёзилган бўлса, вабо тарқалмаган жойда ҳам ўласан. Қайтишинг ажални кечиктирмайди”, демоқчи эди.
Ҳазрати Умар учун бу кутилмаган савол эди.
— Қанийди, бу саволни сен эмас, бошқаси берганида, Абу Убайда. Ҳа, биз Аллоҳнинг қадаридан яна Унинг қадарига қочамиз. Қани айт-чи, бир сурув қўйинг бўлса-да, бир тарафи қуруқ, бир тарафи серсув ва ўтли жой бўлса, нима қилган бўлардинг? Сувсиз ва ўтсиз ерда Аллоҳнинг қадари билан боқармидинг, серсув ва ўтли тарафда?!

Охири гапга аралашмай турган одам сўз қотди. У Ухуд жангида мушрикларнинг қиличи оёғига тушиб оқсоқ бўлиб қолган Абдураҳмон ибн Авф эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатга кириши башорат қилинган ўн саҳобанинг бири эди.
— Гапиришга изн беринг. Чунки мен сизларга ёрдам берадиган гап айта оламан.
Ҳамма Абдураҳмон томон ўгирилди. Ҳазрати Умар:
— Гапир, Абдураҳмон, қулоғимиз сенда, — дедилар.
— Набийи акрамнинг шундай деганларини эшитган эдим: “Бир жойда вабо тарқалганларини эшитсангиз, у ерга борманг. Сиз турган жойда вабо тарқалса, касалликдан қочиб, у ерни тарк этманг”.
Абдураҳмон ибн Авф нақл қилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари муаммони ҳал қилиб берди. Ҳар икки тарафга ҳам эътироз билдиришга ўрин қолмаган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу амрлари билан, ташкаридагилар ўз ҳаётини хавф остига қўймаслигини, ичкаридагилар у ердан чиқиб, бошқаларга касалликни юқтирмаслигини назарда тутган эдилар.
Ҳазрати Умар бир оз аввал берган буйруқларини такрорладилар: “Эртага қайтамиз”.
Абу Убайда Ҳазрати Умар ва бошқа дўстлари билан хайрлашди. Бу чин маънодаги хайрлашув эди. Энди охиратда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида дийдор кўришишади. У ўлим сари кетаётанини биларди. Зеро, ҳар куни бир неча дўстини олиб кетаётган ўлим, кун келиб: “Абу Убайда ибн Жарроҳ” дея чақирар, ўшанда ўзи истаса-истамаса бу чақирувга жавоб берарди.
Убайда бу орада бўш турган Химс волийлигига қариндоши Иёз ибн Ғаномни тайинлади.

* * *

Ҳазрати Умар ҳамроҳлари билан Мадинага кайтиб келдилар. Орадан кўп ўтмай, кетма-кет келган шумхабарлар пойтахтга мотам ҳавосини олиб келди.
— Абу Убайда ҳақ ҳузурига йўл олди. Ўрнига Муоз ибн Жабални қолдирди…
— Муоз ибн Жабал Бақо оламига рихлат қилди. Амр ибн Ос волий бўлди…
Бундан буён, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу умматнинг амини удир”, дея эъзозланган Абу Убайда, “Валлоҳи, сени яхши кўраман”, деган шарафга муяссар бўлган Муознинг энди Ислом оламида фақат исмлари яшайди, холос.
Бироқ ҳеч ким бирон кимса ортидан кўз ёш қилишга улгурмасди: ажал кетидан ажал келар, кузда дарахт япроқларини хазонга айлантирган шамолдек, ўлим ҳам одамлар умрига нуқта қўйишдан тўхтамасди.
Балодан омон қолганлар ҳар бир марҳумга алоҳида қабр қазишга имкон топа олмай, икки-учталаб дафн қилардилар. Қабр бошида дуо қилиб турганлар, нари борса, уч кундан кейин ўзлари ҳам қабр эгасига айланарди. Қўмондонлардан бири бўлган Язид ибн Абу Суфён ҳам илоҳий раҳматга қовушганлардан бири эди.
Язид Макка фатҳига қадар Исломдан йироқ яшаган эди. Ҳунайн жангидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, “Кўнглида Исломга мойиллик уйғонсин”, деган умидда ўлжадан юз туя ҳадя қилган эдилар. Аслида Ҳунайн жанги худди Абу Суфён оиласи учун қилингандек эди. Чунки ушбу муҳорабадан сўнг аввал Абу Суфён, сўнг унинг катта ўғли Язид ва кичик ўғли Муовия ҳам юз нафардан туя олишди. Улар йиллаб Исломни илдизи билан қўпориб ташлаш, Аллоҳ Расулини йўқ қилиш учун қўлларидан келган ишни қилдилар. Бироқ, илоҳий диннинг музаффарияти бу оилани умр бўйи ҳам йиғиш мумкин бўлмаган сарват-бойлик соҳибига айлантирди.

Язид ўша кундан эътиборан умрини Исломга бағишлади. Ҳазрати Абу Бакр уни қўшин кўмондонлигига тайин этдилар. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан узоқ суҳбат қурмаган бўлса-да, мўьтабар манбаларда унинг қуйидаги ҳадисни нақл қилгани келтирилади: “Намозни ўқиган, лекин рукуъ ва саждаларини яхшилаб қилмаган одам, оч инсон кабидирки, у уч-тўрт дона хурмодан ошиғини еёлмайди, еганининг фойдасини ҳам билмайди”.
Ҳазрати Умар Язид ибн Абу Суфённинг вафотини эшитиб, чуқур қайғуга тушдилар. Кейин бир мактуб ёзиб, Язиднинг акаси Муовияга жўнатди. Унда Муовияга акасининг ўрнига Дамашқ волиси бўлишни буюрганди.
Абу Суфён катта ўғлининг ўлимини эшитиб, қаттиқ хафа бўлган бўлса, кичик ўғлининг ҳоким бўлганидан севинди. Шу тариқа умавийлар ҳокимият пиллапояларидан кўтарилиб, ўз мавқеларини мустаҳкамлаб ола бошлади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ алайҳиссалом вафотларидан бери ҳошимийлар авлодидан ҳеч кимга давлат мансаби берилмаган эди. Чунки ўша пайтда: “Ҳошимийлар бир марта ҳокимиятни қўлга олсалар, кейин бошқаларга навбат келмайди” деган гап бор эди. Зотан, илгари Расулуллоҳ алайҳиссалом ва исломга қарши тиш-тирноғи билан курашиб келган умавийлар мансаб ва мавқе эгасига айланиб олгандан сўнг эгаллаган ҳокимиятга зулукдек ёпишиб олдилар. Ҳазрати Умарнинг ёмғир сўраб дуо қилганда Аббоснинг ҳурмати учун Аллоҳга ёлворгани ва маош белгилашда унга энг кўпини тайинлашини ҳисобга олмаганда, бошқа барча соҳаларда умавийлар пешқадамлик қилаётган эди. Ўша вақт Ҳазрати Умарнинг салобатлари уларни овоз чиқаришга йўл қўймасди. Бироқ Умарга ҳам дунё абадий манзил эмас. Кун келиб у ҳам ҳижрат сафарига отланди. Ана шундан кейин умавийларга ҳокимият шахсий мулкка айлантириш имконияти пайдо бўлди.
Муовия ҳам берилган имкониятни қўлдан чиқарадиган даражада ношуд эмасди. У ўз мансабида яна қирқ бир йил ҳукмдор бўлиб қолди.

* * *

Амвос вабоси кучли тўфон каби келиб, йигирма беш минг кишининг ёстиғини қуритди.
Муоз ибн Жабал вафотидан олдин Абу Убайдадан олган ҳокимиятни Амр ибн Осга топширди. Амр эса ҳар доимгидек ўз заковатини ишга солди. У юқумли касал тарқалган ҳудудни тарк этиб, аҳоли ва қўшинни одам яшамайдиган тоғнинг тепасига олиб ўтди. Шу тариқа хавфга тўла макон олисда қолди ва касаллик бировга бошқа юқмади. Бу ўша давр учун энг яхши тадбир эди ва шу тариқа вабонинг олди олинди. Орадан бир неча ҳафта ўтгач, рангпар чеҳраларга қон, заиф таналарга жон кира бошлади. Ҳар ким кундан-кунга тоза ҳаводан симириб, енгиллашаётганини ҳис этарди.
Иш вабонинг кетиши билан битмади. Вабо туфайли боқий дунёга сафар қилган кўпчилик саҳобалар ўзларидан кейин озми-кўпми мол-дунё қолдириб кетгандилар. Энди Макка ва Мадинадаги меросхўр қариндошларини топиб, қолдирилган мол-дунёни уларга етказиш керак эди.
Ҳазрати Умар яна йўлга отланди. Биргина хизматкори билан Дамашққа томон йўлга чиқди. Мадинани Ҳазрати Алига топширди.
Йўлда Ҳазрати Умар уловини хизматкори билан навбатма-навбат миниб келди. Айла деган шаҳарчага яқинлашганда уловни алиштириш пайти келганди. Ҳазрати Умар отидан тушиб, кулининг туясига яқинлашди.
— Қани, тушақол.
— Мўминлар амири, Айлага яқинлашиб қолдик.
— Нима бўпти?
— Туямни миниб олганингизни кўриб қоладилар.
— Аҳамияти йўқ, кўрсалар нима қилибди.
Хизматкорнинг қилган барча илтижолари беҳуда кетди.

Ҳазрати Умар унинг туясига, у эса хожасининг отига миниб йўлда давом этдилар.
Айла аҳолиси ҳалифанинг келаётганини эшитиб, кутиб олишга чиқдилар. Лекин йўлда икки киши келаётганини кўришди. Бири баланд бўйли, қотмадан келган, сочсиз, нигоҳлари ўқдек эди. У отга миниб олган, тагида терс ёзилган теридан бўлак ҳеч вақо йўқ эди. Ҳамроҳи эса отлиқ эди. Эгар ўрнига тўшалган намат шеригиникидан фарқ қилмас эди.
— Қаерга кетяпсизлар?
— Шом тарафларга.
— Амирул мўмин келяпти деб эшитдик?
— Тўғри айтишибди.
— Қани?
— Олдингизда.
Ҳазрати Умар бу гапи билан: “Мана у қаршингизда турибди, ҳозир у билан гаплашиб турибсиз”, демоқчи эди. Улар эса гапнинг фаҳмига бормасдан “бир оз юрсангиз учратасиз”, деб тушундилар.
— Унда сизга оқ йўл, — деб йўлларида давом этишди. Ҳазрати Умар ҳам йўлида давом этди ва йўлда кутишга чиққан одамларга учради. “Амирул мўминин қани”, деб сўраганларга олдингидек жавоб берди.
Эгнига ямоқ кийим кийган, жуда оддий улов минган, ҳеч қандай қўриқчисиз келаётган бу одамни тўхтатиб: “Сиз Амирул мўминин бўлсангиз керак”, дейиш бировнинг хаёлига ҳам келмас эди. Зеро, бу икки йўловчининг ҳар бир хатти-ҳаракати инсонникига ўхшар, ҳар иккисида “амирул мўминин шу бўлса керак” дейишга сабаб топилмас эди. Баъзан отлиқдан Амирул мўминин ҳақида сўрашар, қул эса Ҳазрати Умарга ишора қиларди. Лекин одамлар бу қиёфа билан мўминлар амири ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик тополмаганларидан, қулнинг ишорасини “Манави одамдан сўранглар!” деб тушунардилар. Ҳазрати Умар боягидек бир сўз билан жавоб бериб қўя қоларди.

У гап рост эди. Бинобарин, Ҳазрати Умар одамларга ҳазил-мутойиба қилаётгани йўқ эди. Бу бошқаларни овора қилмаслик чораси эди, холос. Бундан Ҳазрати Умар одамларни ўзларидан узоқлаштириш ниятида бўлган деган фикр ҳам чиқмаслиги керак.
Зеро, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Қул каби ейман, қул каби юраман, қул каби ўтираман” деганларини эшитган ва умр бўйи шунга амал қилишга ҳаракат қилиб келганди. Шуни била туриб ҳашамат ва сарват ичида яшай олмасди.
Айла халқи шаҳарга икки йўловчининг кириб келганини сезгани ҳам йўқ. Зотан, ҳар куни қанча киши шаҳарга кириб-чиқиб кетганидан бу икковининг келиши ҳам диққатни тортмаслиги табиий.
Ҳазрати Умар шаҳар бошлиғини чақириб, ўзини таништирди ва кўйлакларини ечиб берди.
— Йўлда кир бўлиб кетди, озгина йиртилибдиям, шекилли. Илтимос, шуни ювиб берсангиз.
Бошлиқ ҳадя этган бошқа кўйлакни Ҳазрати Умар олмади ва ўзининг кўйлагини кийиб йўлида давом этди. Улар ниҳоят Дамашққа етиб тоғ этагида тўхтаган қўшинга дуч келишди. У ерда Ҳазрати Умар аввал мерос масаласини ҳал қилди, ундан кейин Шураҳбилни вазифасидан озод этиб, ўрнига Муовия ибн Абу Суфённи тайинлади. Бундан Шураҳбил хафа бўлди.
— Мендан жаҳлингиз чиккани учун бўшатяпсизми, мўминлар амири?
— Йўқ, Шураҳбил. Сен мен истаган инсонсан. Мен фақат кучлироқ ва эпчилроқ одамга топширмоқчиман, холос.
— Жуда яхши. Унда буни аскарларга ҳам айтинг. Мен халқ орасида турли гап ва миш-миш тарқалишини истамайман. (“Тарихи Табарий”)

Шураҳбил ҳақ эди. Унинг тўсатдан вазифасидан озод қилинганидан хабардор бўлган халқ ҳали буни муҳокама қилар, зарурият юзасидан бўлса керак деб биров айтмасди. Аксинча, одамга ёқмайдиган ва ғашини келтирадиган турли ғийбат гаплар кўпайиши турган гап эди.
Ҳазрати Умар ҳам Шураҳбилни тўғри тушуниб, унинг илтимосини бажо келтирди. Аскарлар олдида Шураҳбилнинг бўшатилишига ундан норози бўлгани учун эмас, балки маҳоратлироқ кўмондон тайинламоқчи эканини ва Шураҳбилдан мамнун эканини айтди.
Шураҳбил ҳам касалга чалинган эди. Кўп ўтмай у ҳам Парвардигори олам ҳузурига йўл олди. Қанийди, Ҳазрати Умар тўрт кун у кишини ишдан олмасдан сабр қилиб турганида, деганда буюк саҳобанинг кўнгли озор чекмай, абадий сафарга хотиржам йўл оларди. Одил раҳбар Шураҳбилни кичикроқ қўшинга кўмондон қилиб тайинламоқчи эди. (Ибн Касир, “Ал-бидоя”)
Арабларнинг одатига кўра, бир одам отасининг номи билан аталган бўлса, Шураҳбил онаси Ҳасана номи билан танилган эди. У бир пайтлар имонини сақлаш мақсадида Маккани тарк этиб, Ҳабашистонга ҳижрат қилган инсонларнинг бири эди. Ҳазрати Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин Ҳазрати Абу Бакр уни лашкарбоши этиб тайинлаганди. Шураҳбил Ислом тарихидаги энг муҳим жанглардан бири — Ярмук муҳорабасига имзо чеккан беш нафар қаҳрамон қўмонлардан биридир. Ҳазрати Умар даврида эса Шом фатҳида жонбозлик кўрсатганди.
Йигирма беш минг (бошқа ривоятда ўттиз минг) мўмин ёстиғини қуритган вабо ўз йўлида учраган Абу Убайда, Муоз ибн Жабал, Шураҳбилдек зотларни ҳам аяб ўтирмай, қаро ер бағрига равона қилди.
Энди нариги оламда бир йиғилиш ўтказилиб, унда унутилмас хизматлар қилган Шураҳбилга дейилади: “Сен (Аллоҳ ато этган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ таоло томонидан сенинг амалларингдек) рози бўлишган ҳолда Парвардигоринг ҳузурига) қайт! Бас, (солиҳ) бандаларим қаторига киргин ва менинг жаннатимга киргин!” (Фажр, 28-30).
Бу воқеадан сўнг баъзи ҳарбийлар қўшиндан озод қилинди.
Абу Жаҳлнинг иниси Ҳорис ибн Ҳишом етмиш нафар оила аъзолари билан Маккадан чиқиб кетган эди. Энди эса, хасталик ва жанглардан омон қолган тўрт нафар аъзосигина ортга қайтаётган эди.

* * *

Ҳазрати Умар Дамашққа шом пайти етиб келганди.
— Билолга буюрсангиз азон айтиб юборсин, — дейишди.
Ҳазрати Умарнинг ўзи ҳам Билолнинг азонини роса соғинганди. Билол Ҳабаший бир неча йиллардан бери фақат тинглаб келаётган азонни айта бошлади:
— Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!…
Азонни айтар экан, у кўз ўнгида Пайғамбаримиз масжидларини кўриб тургандек эди. Унинг назарида Ҳазрати Расули Акрам руҳлари ташриф буюриб, азонни эшитиб тургандек эди. Кўзлари ёшга тўлди. Азонни эшитиб турганлар унинг йиғлаётганини билиб турардилар. Лекин йиғлаётган фақат Билол эмасди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва у киши билан яшаган юзлаб инсон муаззин билан кўз ёш тўкарди. Ҳатто Пайғамбаримизни кўрмаганлар ҳам ўзини тута олмадилар. Худди азон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида Мадинада айтилаётгандек.
Азон тугади. Лекин кўз ёшлар тинмади. Афсуски, тўкилган ёшлар ўлганларни ортга қайтаролмайди.
Ҳазрати Умар Дамашқдаги ишларни бир ёқлик қилиб бўлгач, қандоқ аҳволда келган бўлса, хизматкори билан шундай ортга қайтди.

Муоз ибн Жабал

Вабо улуғ инсонлардан бири Муоз ибн Жабални ҳам олиб кетганди. Муоз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳали Маккадалик пайтларидаёқ Ақабада учрашган ва ўша ерда ҳидоятга мушарраф бўлган эди. У қотма, кўркам ва чиройли юзли инсон эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Сулаймнинг уйида муҳожирлар ва ансорлар ўртасида дўстлик ришталарини боғлагандилар. Ўшанда кичик жуссали ва нимжон бир муҳожирга қараб: “Ибн Масьуд, шу одам сенинг оғанг бўлади”, деб Муоз ибн Жабални кўрсатгандилар. Бу муносабат том маънода дўстликка айланди. Ибн Масъуд ислом аҳкомлари билимдони деган мақомга эришган бўлса, Муоз Қуръонни яхши билиши туфайли Расул алайҳиссаломнинг: Қуръонни тўрт кишидан ўрганинг” деб марҳамат қилган инсонлари қаторидан ўрин олди.
Муоз умри поёнига етганини ҳис қилганди. Чунки вабо ҳар куни кўплаб одамлар ҳаётига зомин бўлиб, кора ерга тиқар эди. Шундай офатдан у четда колиши даргумон эди. Лекин у бу бевафо дунёдан армонсиз кетмоқда эди. Зеро, озгина сабр қилса ўзини: «Муоз, мен сени яхши кўраман» деб айтган Пайғамбаримиз ёнларида кўражак ва дунёда энг севимли кишисига эришажак эди. Муоз етти йил мобайнида ажойиб бир васиятни ҳар доим ёдда тутиб келди. У Яманга отланаркан, эндиги учрашув охиратда бўлишини эслатган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай ўгит бердилар: “Қаерда бўлма, Аллоҳга тақволи бўл, қилган ёмонлигинг кетидан яхшилик қилиб юборгинки, токи, унинг изини йўқотсин. Одамларга хушхулқ бўл!” Муоз бу васиятни қалби ва зеҳнига жо қилиб, унинг нури билан яшади. Чунки эртага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашувда, васиятга амал қилмагани маълум бўлса, маъзур тутилмасди.
Абу Убайдадан кейин уч-тўрт кун қўшинга қўмондонлик килган Муоз борса келмас сафарга отланган эди. У қайта-қайта шаҳодат калималарини айтиб жон бергандан сўнг, унинг олдида кўз ёши тўкканлар Пайғамбаримиздан соллаллоҳу алайҳи ва саллам, эшитган гапларни такрорладилар: “Уммати Муҳаммаднинг ҳалол ва ҳаромни энг яхши биладиган инсонидан айрилдик”.
Муоз тупроққа топширилар экан, мўминлар қалбида ундан қолган хотиралар ғалаён қилди. Одамлар қабр бошидан буюк саҳобага раҳмат тилаб узоқлашдилар. Улар ҳар бир намоздан кейин: “Аллоҳим, сени зикр қилиш, шукр қилиш ва яхши ибодат қилишимда мадад бер” (“Аллоҳумма аъинна ъала зикрик ва шукрик ва хусни ъибадатик”), дуосини ўкиганларида, албатта, Муозни ҳам ёдга оладилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу дуони айнан унга тавсия қилгандилар. (Ибн Касир, “Ал-бидоя”)

Миср

Амр ибн Ос исломни қабул қилишдан аввал Мисрга бир неча марта келиб кетганди. У ҳар келганда Арабистоннинг ерларидан фарқли Мисрнинг серунум тупроқларига кўзи тушар экан, келажакда лашкарбоши сифатида шу ўлкани фатҳ этиши хаёлига ҳам келмаганлиги аниқ. Исломга қарши курашган, ҳаттоки Ҳабашистонга ҳижрат қилган мусулмонларни Қурайшга қайтарнш учун турли хийлалар билан Нажоший ҳузурига кирган Амр ўзини тақдири азал шу дин учун хизмат қилишга йўллашини билмас эди. Ниҳоят у ҳам Жаноби Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурида шаҳодат келтириш бахтига муяссар бўлди.
Амр жуда оқил ва иқтидорли инсон эди. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳам, ундан кейин ҳам масъулиятли лавозимларга тайинланди. Хусусан, Ҳазрати Умар даврларидаги гуллаб-яшнашни кўриб, ичида нимадир уйғонди. Эрон ва Шомдек буюк давлатларни тиз чўктирган ислом қўшни Мисрни фатҳ этолмайдими? Серунум ерлар ва чексиз бойликлари билан танилган шу юртни забт этиш ўй-фикри унинг тушларида ҳам безовта қила бошлади. Амр бу ҳақда Ҳазрати Умарга гап очиб, вақтни қўлдан бой бермай Мисрни фатҳ этиш таклифини ўртага ташлади. Ҳазрати Умар ҳам унинг фикрига қўшилиб, уни тўрт минг кишилик қўшинга бош қилиб эҳромлар мамлакатига йўллади.
Бу ишнинг жуда хатарли эканини англаган Ҳазрати Умар Амрга: “Мисрга етмасдан ортингга қайт”, дейишни унутмади.
Амр йўлга чиқди. У ортидан хат келмасдан аввал Мисрга етиб олиш учун тез ҳаракат кила бошлади.

Бир кун у эсанкираб қолди: Ҳазрати Умар хабарчи жўнатган эди.
— Халифадан мактуб олиб келдим.
Амр ҳам келган одам сайёҳ эмаслигини ўз исмини билгандек биларди.
— Тушунарли. Аввал бир оз дам ол.
Хабарчи мактубни чиқариб бермоқчи бўлганда, Амр муҳим ишлари борлигини айтди ва уни қўмондон ёнидан олиб кетди. Қўшин бир-икки кун йўл юрди. Олдинда Рафаж қалъаси кўринган замон Амр хабарчини ҳузурига чорлади.
— Олиб келган мактубинг қани?
— Сиз уни олишни истамадингиз-ку.
— Ўзинг кўрдинг-ку, муҳим ишларим бор эди. Мактубда “Мисрга кирмаган бўлсанг, изингта қайт” деб битилган эди. Амр ёнидагиларга ўгирилди:
— Биз Миср ерларида турибмиз, — деди.
Энди ортга қайтишнинг иложи йўқ эди. Амр Ҳазрати Умарга вазиятни тушунтириб жавоб хати ёзди ва йўлида давом этди. Аввал Фармо қалъаси куршаб олинди. Бир ойлик қамалдан сўнг қалъа таслим бўлди. Кейин Ислом лашкари ҳозирги Фустат шаҳри жойлашган чўлга етиб келиб Балбис ва Бобилонни қўлга киритди.
Амрнинг муваффақиятли одими Миср қироли Муқовқисда оғирлик уйғотди. У Мисрдаги икки дин арбобини музокара олиб бориш учун мусулмонлар олдига жўнатди. Амир уларга аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлган пайтларидаги, кейин бугунги кун ҳақида гапириб берди. Сўнгра Исломнинг бугунги нуфузи ҳақида тўхталди ва агар Исломни қабул қилсалар ўзлари эга бўлган барча ҳуқуқлар уларга берилиши, жизя тўласалар, ҳимояда бўлишларини билдирди.

Гап орасида Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳазрати Ҳожар ва Ҳазрати Мория оналаримиз орқали Миср халқига қариндошлик алоқалари борлиги, шу сабаб Миср халқи билан яхши муомилада бўлишни буюрганликларини айтиб ўтди.
Одамлар:
— Муҳтарам Пайғамбарнинг давом эттириш мумкин бўлган узоқ қариндошлик ришталари, — дейишди.
Амр уларга уч кун мухлат берди. Кейинчалик уларнинг хоҳишига қараб беш кунгача оширди ва ижобий жавоб келмаган тақдирда жанг бошлашини маълум қилди. Бу орада пойтахтдан Зубайр ибн Аввом бошчилигида мадад кучлари ҳам етиб келган эди.
Элчилар бориб, Муқавқисга вазиятни тушунтирди. Қиролнинг жанг қилиш нияти йўқ эди. У: “Барибир византияликларга ҳам солиқ тўлаяпмиз. Ўша солиқни арабларга тўласак нима кипти?” деган фикрда эди. Бошқа кўпчилик аъёнлар ҳам уни қўллаб-қувватладилар: “Эрон ва Византияни тиз чўктирган, бир неча маротаба мағлуб эттан қудратли қўшин билан олишиб нима наф оламиз?”.
Фақатгина Қуддусдан қочиб, Мисрдан паноҳ топган Артабунгина жанг қилиб, Амрдан ўч олиш ниятида эди. У бир кечада ҳужум қилиш таклифини ўртага ташлади. Артабуннинг таклифи қабул қилиниб, у қўшинга қўмондон этиб тайинланди. Бироқ унинг режаси саробга айланиб, бу сафар ҳам мағлублик чоҳига улоқтирилди. Бунинг устига у қочиш имконини тополмай жанг майдонида халок бўлди.
Ажал қиличи келганда тадбиркорлик ва ақлли хатти-ҳаракатлар ҳам фойда бермаслиги аниқ. Артабун ичида ёнаётган интиқом ҳислари билан жангга кираркан, ўзининг билими, тажрибаси ва жасоратига ишонган эди. Аммо бошқа одам ҳам шундай фазилатга эга бўлиши, ҳатто ундан ҳам кучлироқ бўлиши мумкин-ку. Модомики, ўлим фариштаси уни муҳораба майдонида кутаётган экан, унинг олдида тиз чўкишдан бошқа иложи йўқ.

Мағлуб қўшиннинг бир қисми асир олинди. Яна бир қисми эса, Айнушшамс номли қалъага яширинди. Амр бошлаган ишини ниҳоясига етказиш мақсадида қалъага юриш қилди. У шу вақтда чодири устига бир қуш уя қурганини кўрди.
— Чодиримни шундай қолдиринглар.
Айнушшамс камал қилинди. Қамал чоғида Зубайр ибн Аввом бир кеча қалъа атрофини айланди ва қулайроқ жой топиб, арқон отди. У тирмашиб девор устига чиқиб олди. Ундан кейин шериклари ҳам шундай қилдилар.
Зубайрнинг жасорати ва қалъа минораларидан баланд овозда айтилган такбир садолари одамларни саросимага солди. Қалъадагилар дарвозани очиб, Амрнинг олдига келдилар ва таслим бўлганликларинн билдирдилар.
Зубайр шериклари билан қалъада айланиб юраркан, Амрга дуч елиб қолди. Қўмондон қалъа сулҳ йўли билан олинганини айтди. Ўртада шартнома тузилди. Бу келишувга кўра одамларнинг жонлари, моллари, динлари ва номусларига дахл қилинмайди, ибодатхона ва хочларига зарар етказилмайди, қалъа аҳолиси эса, жизя тўлайди ва ички-ташқи душмандан мусулмон қўшини мудофаасида бўлади. Келишувга кўра қалъадан чиқиб кетишни истаганлар чиқиб кетиб, борган жойларигача хавфсиз бўлишлари таъминланади.
Шартномага мўминлар номидан Амр имзо чекди. Зубайр ва унинг икки ўғли Абдуллоҳ ва Муҳаммад гувоҳ сифатида қайд этилди.
Диққатга сазовор жойи шундаки, Ҳазрати Умарнинг ўғиллари Абдуллоҳ ҳам шу қўшин таркибида эди. Лекин унга ҳеч қанақа мансаб берилмаганди. Шартнома имзоланаётганда ҳам ҳатто гувоҳ сифатида қатнашиши лозим деб топилмади. У бошқа аскарлар чеккан азобга шерик бўлди, улар еган овқатдан еди, хуллас барча билан баробар кўрилди. Абдуллоҳ ибн Умар дўстлари даврасида бўлганида четдан туриб кузатган одам: “Шу халифанинг ўғли бўлса керак”, демас эди. Худди отаси ҳам бошқа мўминлардан ажралиб турмагандек.

Амр энди Искандарияга юриш қилишга қарор қилди ва фурсатни бой бермай, шаҳарни қамал қилди. Муқовқис арбобларини яна бир бор йиғиб, ўтган сафар айтган гапларини такрорлади. Унинг гапига ҳеч ким эътироз билдирмади. Шу заҳоти Амрга элчи жўнатилди.
— Шу кунгача сиздан ҳам ёмон кўрадиганларимга ўлпон тўлаётган эдим. Сизларга жизя бериш уларга ўлпон тўлашдан яхшироқ. Асирларимизни қўйиб юбориш шарти билан Эрон ва Румга тўлаётган ўлпонимизни сизларга беришга розимиз.
Амр ҳам:
— Ортимда маслаҳатлашадиган раҳбарим бор. У билан кенгашмай, бир нарса деёлмайман, — деб Ҳазрати Умарни воқеалар ривожидан бохабар этди.
Ҳазрати Умар шундай жавоб қайтарди: “Доимий олинадиган жизянинг келажак авлодга фойдаси тегади. Қўлингдаги асирларга Ислом динини таклиф эт. Ўз динида қолишини истаганларни қўйиб юбор ва улардан жизя ол”.
Амр Мисрда олган асирларнинг бир қисми Мадинада қолдирилган, қолганлари бошқа шаҳарларга юборилган эди. Ҳазрати Умар ўша шаҳарларга хабар юбориб, Амр берган беш кун муддат ичида ҳаммаси озод бўлганларини билдирди.
Мисрда эса халифанинг буйруғини бажариш учун кенг майдонга йиғилишди. Бир тарафга мусулмонлар, қарши тарафга маҳаллий христианлар туришди. Кейин асирлар ўртага бирма-бир таклиф этила бошланди. Асир “Исломни қабул қилдим” деса, мусулмонлар баланд овозда такбир айтиб, уни қучоқлаб олардилар. “Ўз динимда қоламан” деса, насронийлар қичқириб, унга талпинардилар.
Навбат Абу Марям деган асирга келди, У “Исломни қабул қиламан” дейиши билан мусулмонлар одатдагидек баланд овозда такбир айтаркан, буни кутмаган ота-она ва ака-укалари додлаганча унга отилдилар. Ҳар қанча ёлворишмасин, у қарорини ўзгартирмай, Исломда қолди. («Тарихи Табарий»)
Амр келишув ҳақида Мадинани огоҳ этди. Шу тариқа охирги йилларда унинг тушларига ҳам кириб чиқаётган воқелик амалга ошиб, Амр Ислом тарихига “Миср Фотиҳи” сифатида кирди.

* * *

Бир кун Муқовқисга Рум императори Ҳераклийдан мактуб келди. Император мактубда қандай қилиб бор-йўғи ўн икки минг бўлган арабларга бўйин эгганини таъна қилди. У қиролга Мисрда юз минг румлик яшаётгани, улар билан бирлашиб мусулмонларнинг адабини бериб қўйишини ёки каҳрамонларча ўлишини буюрган эди.
Муқовқис ўн икки йил бурун келган бир элчини хотирлади. Жуда фойдали гапларни гапирган бу инсон (Хотиб ибн Абу Балтаа) бундай деган эди: “Сиз ҳаётни қанчалик севсангиз, биз ҳам ўлимни шунчалик севамиз”. Ўша пайтлари фақатгина бир шаҳардан иборат бўлган Ислом давлати, бугун бутун Арабистонни эгаллаб, Эрон ва Византиядек давлатлар қўшинларини курагини ерга теккизган эди. Булар ҳаёл эмасди.
Қирол Румдан келган хат ҳақида Амрга хабар берди. Бу билан у ўзи чеккага чиқиб, мусулмонлар билан румликларни юзма-юз қолдирмоқчи эди.
Амр Муқовқисдан олган маълумотларни таҳлил қилаётган бир пайтда, қирол Мисрдаги Рум қўмондонлари билан учрашиб, келишувни бузолмаслигини, истасалар мусулмонлар билан ўзлари учрашишлари мумкинлигини айтди. Майдондан чиққан Муқовқис натижани кута бошлади.

* * *

Шомдаги жангларда мағлубият аламини тотиб кўрган ва умидини узган Ҳераклий Мисрни ҳам бой беришни истамасди. Румнинг икки ўқ илдизидек бўлган бу серунум ернинг бири қўлдан кетди, энди бошқасидан ҳам айрилиш мумкин эмасди. У ҳозирлик кўришни, Мисрга юришни буюрди. Қўшин йиғилар экан, Ҳераклий тўсатдан касаликка чалинди. Бу касаллик уни кўп қийнамади. Чунки уни ўлим кугиб турарди. У афсус-надоматлар билан жон берди. Унинг бу надомати шунча ерни бой берганиданми? Ёхуд абадий саодатга эришишга бир қадам қолганда шаҳодат келтириш ўрнига абадий бахтсизликни танлаганиданми? У охиратини барбод қилгани аниқ эди.
Имон келтирганда энг камида у дунёда соҳиби салтанат бўларди. Лекин у бундай имкониятни салтанат ва бойликка бўлган ҳирси туфайли қўлдан чиқарди.
Ҳераклийнинг ўлими туфайли Миср сафари ҳам ниҳоясига етди. Энди Амр Мисрда сон-саноқсиз румликлар билан юзма-юз қолганди.
Мисрдаги румликлар йиғила бошлади. Фустат билан Искандария орасида бўлиб ўтган шиддатли тўқнашувлар Амр ибн Оснинг тадбиркорлиги туфайли мусулмонларнинг мутлоқ ғалабаси билан якунланди. Давомли равишда ортга чекинган румликлар ниҳоят Искандарияга яшириндилар. Шаҳар уч ой қамал қилинди. Лекин барибир таслим бўлди. Шу тариқа бутун бошли Миср тамоман мусулмонлар қўл остига ўтди.

Кейин Нуба шаҳрига юриш қилинди. Қалъа туйнукларига жойлашиб олган мерганларнинг ўқлари туфайли Ислом қўшини бир оз ортга чекинди. Ўша ўқларнинг баъзилари аскарларнинг кўзига тегиб, оқиб тушди. Шу сабаб Нубадаги мерганларга кўз нишондорлари маъносидаги “Руматул хадақ” номи берилди.
Миср фатҳи тугаган бўлсада, амрнинг чодири ҳануз жойида турарди. У чодир ўрнида масжид барпо қилдирди. Кейинчалик масжид марказ қилиниб, атрофига уйлар қурилди. Шу тариқа, дунёнинг энг катта шаҳарларидан бирининг тамал тошлари қўйилди. Бу шаҳарга Фустат (Чодир) номи берилди. Вақ ўтиб, у «Қоҳира» деб атала бошлади. Ҳатто кейинчалик Фустат деган ном фақат тарих китобларида зикр этиладиган бўлди.
Фустат ҳозирги “Эски Қоҳира” номи билан маълум бўлиб, чекка даҳадир. Чодир жойлашган ерда қурилган ва кейинчалик кўп маротаба таъминланган “Амр ибн Оснинг масжиди” ҳозир ҳам Миср фотиҳи номи билан аталади. («Тарихи Табарий»)
Ҳазрати Умар мактуб жўнатиб, соҳил бўйлаб мудофаа деворлари қуришни буюрди. Бу денгиз тарафдан келиши мумкин бўлган хавф-хатар олдини олиш ёки бартараф этиш имконини берар эди. Амр буйруқни бажо этди.
Амр ақл-заковати, иқтидори ва қиличининг қудрати билан қўлга киритган Мисрнинг илк волийи сифатида ўша ерда қолди. Қўшин сафида бўлган Абу Айюб Ансорий, Абу Зарр, Зубайр ибн Аввом, Абдуллоҳ ибн Умар, Абу Дардо каби буюк саҳобалар вазифаларини адо этиб бўлгач, Мадинага қайтдилар.

Иёз ибн Ғанам

Иккинчи маротаба Ислом давлати таркибига қўшиб олинган Химс шаҳрига янги волий тайинланди. У Иёз ибн Ғанам бўлиб, Абу Убайда уни шу лавозимга кўтарган эди. Ҳазрати Умар бу хабардан унчалик хурсанд бўлмади. Лекин: “Абу Убайда тайинлаган волийларни алиштиролмайман”, деб қўйдилар, холос.
Ҳазрати Умар Иёзнинг бошқарувга лаёқати борлигини биларди. Лекин у волийликка тайинланган одам ҳокимиятга кизиқмаслиги керак, деган фикрда эди. Бинобарин, Иёзни бу лавозимдан бўшатиш ҳақида ўйлаб иккиланарди. Ҳазрати Умар Абу Убайдани хафа қилиб қўйишдан чўчиётган эди.
Иёз жуда қаттиққўл ҳоким эди. Бир кун саҳобий Ҳишом ибн Ҳаким Химсга борди. У Химсдаги ўзи кўрган манзарадан юраги увишди: бир қанча одамлар қуёш тиғида ўтирар, устига-устак қуёш тафтини яхшироқ сезадиганларнинг бошларига зайтун мойи тўкиб қўйилган эди.
— Буларнинг гуноҳи нима? — деб сўради Ҳишом.
— Улар жизя тўлашмаган.
Ҳишом тўппа-тўғри Иёзнинг олдига борди. У ҳам саҳобалардан бир эди.
— Бу не қилганинг, Иёз? Сен суннатга мувофиқ иш тутмаяпсан. Мен Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг: “Бу дунёда инсонларга азоб берганлар охиратда азобга дучор бўладилар”, деганларини эшитганман.
Кейин Ҳишом Ҳазрати Умарнинг Фаластинда шундай ҳолатга дуч келганини ва имконияти йўқлардан жизя олмаслик ҳақида буйруқ берганларини айтиб, Иёзга одамларни қўйиб юборишни буюрди.

* * *

— Эй Ҳаттобнинг ўғли, волийларингга берган фармонларинг ва қўйган шартларинг сенга нажот берадими? Ўзингни овутиб юравер. Лекин ҳали бунинг аламини тотадиган кунлар ҳам келади. Волийинг Иёз башанг кийимлар кийсин, одамларни ҳузурига киритмаслик мақсадида соқчилар қўйиб, одамларни куттирсин. Сен эса булардан ғафлатда қолиб юравер…
Бу гаплар Ҳазрати Умарга айтилмаётган эди. Ҳатто буни гапираётган одам сўзини Ҳазрати Умар эшитиб турганидан бехабар эди. У ўзича минғирлаб, ичидаги ғуссаларини чиқариб ташлаётган эди, холос.
— Шу гапларинг ростлигига ишончинг комилми?
Бояги одам қаршисида новча, кўзи жиққа ёшга тўлган кишига тикилди.
— Ҳа, рост. Мен бор гапни гапиряпман. Ўзингиз кимсиз?
— Мен Умар ибн Ҳаттобман.
— Узр…
— Узр сўрашинг шарт эмас. Муҳими ҳозиргина айтган гапларинг.
Ҳазрати Умар дарҳол Муҳаммад ибн Масламани чақиртирди ва Химсга бориб, Иёз ибн Ғанам қандай кийимда бўлса, ўшандай ҳолда ҳузурига келтиришини буюрди.
Узоқ давом этган сафардан сўнг Ибн Маслама манзилга етиб борди. У волийнинг хонасига кирганда, ҳақиқатдан ҳам уни башанг либосда кўрди. Муҳаммад ибн Маслама Иёзга салом бериб, халифа ҳузурига отланишини айтди.
— Шошмай тур. Кийимларимни алмаштириб олай.
— Йўқ, Умар шу кийимда келишингни айтди.
Иёз унинг гапига қулоқ осмай иложи йўқ эди. Йўлга чиқишди.

* * *

Ҳазрати Умар ҳузурида Иёзнинг либослари ечиб олинди, ўрнига бўздан тикилган уст-бош берилди ва қўлига таёқ тутқазилди.
— Энди қўй боқасан, Иёз. Унинг сутидан ичиб, бошқаларга ҳам ичирасан. Ортганидан бизга ҳам олиб келасан.
Ҳазрати Умарнинг гаплари Иёзга хуш келмади. У: “Бундай қилолмайман, Ҳаттобнинг ўғли. Мен тажрибали қўмондонман. Устига-устак шаҳар ҳокими бўлсам”, демоқчи бўлди. Лекин қаршисида турган инсонга юрак ютиб буни сўзлаш учун озмунча жасорат керакмиди?
— Эшитдингми, Иёз?
— Ҳа. Эшитдим, Умар. Мен учун ўлим бундай аҳволга тушишдан афзалроқ эди.
— Эшитдингми, Иёз?
Ҳазрати Умар шу саволни уч маротаба берди ва ҳар гал ўша жавобни олди.
— Бунинг нимаси сенга ёқмади? Отанг чўпон бўлгани учун «Ғанам» деб чақиришмасмиди?
Иёз бу сафар бошини эгиб, жавоб бермади.
— Унда… Чўпонликдан тузукроқ бошқа ишга нима дейсан?
— Нима экан у?
— Мен айтганларимга кўниб, эски вазифангга қайтиш. Агар ўзингни мен истагандек тутиб, мен истагандек кийинсанг, яна волийликка қайтишинг мумкин.
— Розиман.
— Ундай бўлса, шу кийимда ортингга қайт. Бундан буёғига халқни сенинг олдингга киришига йўл бермайдиганларни йўқ қилиб, уларнинг шикоятларини тинглайсан ва ёрдам берасан. Энди бор!

* * *

Иёз тушига ҳам кирмаган тарзда сабоқ олди. Буёғига у Ҳазрати Умарнинг мақтовларига сазовор ҳоким бўлишни дилига тугди. Лекин унинг умри поёнига етган эди. Унга иккинчи чақириқ келди. Бу гал Оламлар Парвардигоридан. Бу илоҳий ҳукмни ортга суриш мумкин эмасди. Инсоният Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг яна бир юлдузларидан айрилди.

* * *

Иёз вафот этгач, унинг ўрнига бошқа бировни тайинлаш керак эди. Ҳазрати Умар машварат қилиб, маслаҳат солди. Саид ибн Амр:
— Сиз, мўминлар амирисиз, нима десангиз шу, — деди.
Унинг гапидан хурсанд бўлган Ҳазрати Умар:
— Тур ўрнингдан! Сени Химсга волий этиб тайинлайман. Дарҳол вазифангга кириш.
Саид суяксиз тили билан ўзини қийин аҳволга солиб қўйган эди. У қандайдир мансаб олиш мақсадида гапирмаган эди. Зотан, у дунёга меҳр қўйган ёки мансабга интилган одам эмасди. Лекин у Ҳазрати Умарга эътироз билдиришни ўзига эп билмади. Саид чорасиз ҳолда ўрнидан турди ва йўл тадоригини кўришга тушди. Бир неча кундан сўнг у Мадинани тарк этди.

* * *

Мисрни фатҳ қилган Амр ҳаётидан мамнун эди. Зеро, у анчадан бери ўзига тинчлик бермаётган бой ўлкани забт этиб, ўша ерда ҳокимлик қилаётган эди.
Амрнинг буйруғи билан отлар мусобақаси ташкил қилинди. Бу мусобақада унинг ўғли ҳам қатнашди. У отининг мусобақада ғолиб чиқишига ишончи комил эди ва буни ич-ичидан истарди.
Ниҳоят ҳакамнинг ишораси билан мусобақа бошланди. Отлар ҳам эгаларининг кўнглидагини уққандек, шиддат билан югура бошлади. Мусобақанинг ҳар бир қатнашчиси ғолибликка эришишни истаётган эди.
Мусобақа тугагач, ҳеч ким танимайдиган бир қишлоқи йигит ўз хурсандчилигини яширолмасди. Чунки у ғолиб эди! У ғолибликка эришганидан ҳаяжонланиб, терга ботиб кетди. Шу пайт… Кутилмаган воқеа юз берди. Мусобақада катнашган Амрнинг ўғли қўлида қамчи билан ғолибга ташланди.
— Мен қатнашган мусобақада сен биринчи бўлишга қандай ҳаддинг сиғди?! Ҳали бу қилиғинг учун жазоингни оласан, — дея унинг гарданига кетма-кет қамчи туширди.
Эрка ўғил уни бир зумда қора қонга белади. Ахир бошқалар каби у ҳам ғолиблик учун курашишга келган эди-да! Ким ҳам мусобақада мағлуб бўлишни ўйлаб қатнашади? Ғолибнинг қувонч ва ҳаяжони бир зумда алам ва оғриққа айланди. Лекин қўлидан ҳеч нарса келмасди. Ахир ҳайҳотдек Миср волийсининг ўғлига жавоб қайтаролмасди-да. Кучи йиғлашга етди, холос. У бир чеккага ўтириб, тўйиб-тўйиб йиғлади.
— Ўрнингдан тур, йигитча. Йиғламоқдан наф йўқ,. Бориб Умари одилга арз қил. У ниҳоятда одил инсон.

Жабрланувчи буни ким айтганини билмади. Аммо ҳеч бир гап-сўзсиз ўрнидан туриб, кўзларини артди ва отига миниб, Мадинага сурди.
Миср билан Мадина ораси анча йўл эди. Лекин йигитнинг юраги шу қадар ёнар, кўнгли шунчалик чўккан эдики, бундан узоқроққа ҳам боришга тайёр эди. Амрнинг ўғли қамчилаб хуморидан чиққан бўлса, бу бечора тўккан кўз ёшлари билан ҳам аламдан қутулолмаган эди. Яна бир ҳақиқат: оддий инсон бундай масофани катта мукофот эвазига ҳам босиб ўтмаган бўларди. Ҳатто беш-ўн қамчи ё шу йўлни босиб ўтишни танлаш берилганида бошқа биров зарба ейишга рози бўларди. Бироғ жабрланувчи ғолиб шу қадар аламзада эдики, дунёнинг нариги чеккасига ҳам боришга тайёр эди.
Дарвоқе, бу ишнинг бошқа жиҳати ҳам бор. Ҳазрати Умар унга: “Сен кимсанки, менга Миср фотиҳининг ўғлидан шикоят қилиб келдинг? Бир-икки қамчи урган бўлса, нима қипти?” дея ўзи ҳам тушириб қолсалар-чи?
Бу фикрлар дамба-дам унинг хаёлини чулғаб олар, шундай пайт қўлларини само узра чўзиб, Аллоҳдан нажот сўрашни ўйларди.
Ниҳоят, хурмо боғларига тўла пойтахт Мадина кўринди. У тўғри Ҳазрати Умарнинг ҳузурига бориб, дардини айтди. Ҳазрати Умар унинг шикоятни эшитиб бўлиб, Амр ибн Осга ўзи ҳам, ўғли ҳам тезда етиб келишини айтиб мактуб ёзди.
— Улар келгунга қадар бизнинг меҳмонимиз бўласан, — деди йигитча.

* * *

Шу кунларнинг бирида Ҳазрати Умар айб иш қилиб қўйган бир одамни урди. Жони оғриган одам яна жазоланиши мумкинлигини ўйлаб, шундай деди:
— Мўминлар амири, мени уришингиз шартмиди? Ахир инсон хато қилиши мумкин-ку! Унга хато қилганини тушунтириш керак. Қолаверса, айб қилганни кечириш ҳам мумкин. Сиз ҳам менга қилган хатомни тушунтириб, кечириб юборсангиз бўларди-ку!
Ҳазрати Умар унинг гапларини эшитиб, бошини эгди ва бир оз шундай турди. Бу одам ҳақ эди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай вазиятда дарҳол жазо берардилар. Қизиқ, у зот ҳаёт бўлганларида, бу фикрга қўшилармидилар?
— Сен ҳақсан, дўстим. Сен айтганингдек қилишим керак эди. Мен хато қилдим.
Кейин қўлидаги таёқни узатиб:
— Ҳаққингни ол! — деди.
Ҳазрати Умар ҳазиллашаётгани йўқ эди. Тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган бу хатти-ҳаракатлари билан Ҳазрати Умар ақл бовар қила олмайдиган адолат намунасини кўрсатаётган эди. У киши шуларни айтаркан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Кимнинг гарданига урган бўлсам, келиб ҳаққини олсин”, деганларини эсалаган бўлса керак. Ҳазрати Умар ўзини бундай тутишидан бояги одамнинг кўзларига ёш келди.
— Йўқ, мўминлар амири, сизни уролмайман. Ҳаққимни ҳалол қилдим.

* * *

— Ассалому алайкум, мўминлар амири!
— Ваалайкум ассалом, Амр, ке, ўтир.
Миср фотиҳи жойлашиб олгач, Ҳазрати Умар дарҳол мақсадга кўчди:
— Қачондан бери ҳур инсонларни қулга айлантиришни бошладинг?
Амр бундай саволни кутмаган эди. Бу савол нега берилаётганини англамаган бўлса-да, шикоят тушганини ҳис қилди.
— Нима деётганингизга тушунмадим, мўминлар амири. Ҳазрати Умар хизматкорига буюрди:
— Мисрдан келган одамни чақир. Сўнг яна Амрга юзланди:
— От мусобақаси уюштирибсан. Лекин Миср волийи ўғлининг отидан ўзиб кетмаслик шартини қўйиб, бунга бўйсунмаганни қамчилайсан! Буни қаердан ўйлаб топдинг?
Амр ҳаммасига тушунди, бироқ, Ҳазрати Умарни қониқтирадиган жавоб беролмасди. Зеро, ўғли қилган иш, том маънода, жоҳилият одатларига ўхшаб кетарди. Шу пайт шикоятчи хонага кирди.

Ҳазрати Умар Амрнинг ўғлини кўрсатиб:
— Сени қамчилаган шумиди? — деб сўради.
— Ҳа, шу эди.
— Унда қамчини олгин-да, у сени қанча урган бўлса, сен ҳам уни шунча ур!
Бу гапдан Амрнинг баданига совуқ тер тошди. Ҳазрати Умар жиддий эди. Амр: “Ташла, қамчини! Волийнинг ўғлини уриш мумкин эмаслигига фаросатинг етмаяптими?” — деёлмас эди.
— У сени қандай ва қанча урган бўлса, сен ҳам шунча ур! — дея такрорлади Ҳазрати Умар.
Қамчилаш бошланди. Кўз ўнгида ўғли калтакланаётган Амр қора терга ботиб кетди. Ҳар қамчи тушганда, унинг юзлари буришиб кетарди.
Ниҳоят, одам қамчилашдан тўхтади. У мамнун эди. Чунки анчадан бери ичида илондек вишиллаб азоб бераётган, муштлари тугилиб, юз ифодаларининг ўзгаришига сабаб бўлган алам ичидан чиқиб кетган эди.
— Ҳаққингни олдингми, мисрлик?
— Ҳа, олдим!
— У ҳолда кетаверишинг мумкин. («Саодат асри»)
У волийнинг ўғлидан бўлса-да, ҳаққини олиб берган Ҳазрати Умарни дуо қилганча хонани тарк этди. Бу воқеа келажак авлодлар учун ибрат бўлиб қолди.

* * *

Мадинага келган бир қанча савдогарлар Ҳазрати Умарнинг зиёратига киришди.
— Қаерликсиз?
— Химс шаҳриданмиз.
— Жуда соз. Менга шаҳрингиздаги камбағаллар рўйхатини тузиб беринглар. Уларга моддий ёрдам бермоқчиман.
Тижоратчилар ўзлари таниган камбағал одамларни ёзиб бердилар. Ҳазрати Умар рўйхатни кўздан кечирар экан, бирдан сергак тортди.
— Саид ибн Амир ким?
— Уми? Волийимиз бўлади.
— Волийингиз камбағалми?
— Ҳа. Худо ҳаққи, у фақир инсон. Ҳафталаб уйида олов ёқилмайди.
Бу гапдан Ҳазрати Умарнинг кўзлари ёшга тўлди. Ҳолбуки, бир неча йил аввал Абу Убайда у кишига: “Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дўстларини валоят ва закот ишчиси сифатида фойдаланиб, уларни роса овора қиляпсан”, деб таъна қилган, Ҳазрати Умар эса: “Мен диним мусаффолиги йўлида диндор кишилардан фойдалансам, бунинг нимаси ёмон? Аллоҳ амрларини амалга қандай татбиқ қиламан?” дея жавоб берган эдилар.
Рост-да, ахир Расулуллоҳ алайҳиссалом шахсан ўзлари уларни волий ва закот масъули қилиб тайинлаганларида овора бўлмаган, энди Ҳазрати Умар тайин қилса, овора бўлишадими? Лекин Абу Убайданинг қуйидаги таклифи ўринли эди:
— Унда, Умар, уларни юқори мансабга тайинлаётганингда кўпроқ маош бериб, пулдан бемалол қилиб қўй, токи улар ноқулай аҳволга тушмасинлар ва хиёнат кўчасига кирмасинлар.
— Ҳавотир олма, Абу Убайда, мансабга тайинлаган одамга етарли даражада ойлик маош тўлаймиз.
Ҳозир Химс ҳокими халқнинг тилига тушадиган даражада камбағаллашиб қолибди. Бу одам қандай яшайди? Унинг бола-чақаси-чи? Улар қачонгача сабр қилишади? Ҳазрати Умар минг динорни санаб, тожирларнинг кўлига тутказди:
— Бу пулларни волийингизга беринг, аҳволини ўнглаб олсин.

* * *

— Сизга нима бўлди, Саид, жуда ўйчан кўринасиз? Рангингиз ҳам ўзгариб кетибди.
Саид Ҳазрати Умар юборган пуллар ҳақида гап очди. Хотини юзида табассум жилоланди. Саиднинг хотини хурсанд бўлганича бор эди. Ахир шунча кийинчилик ва муаммолар чидаб бўлмас даражага келиб қолган эди. У Ҳазрати Умар ҳақларига дуолар қилиб, энди оғир кунлар ортда қолажагини ўйлаб суюнар эди.
— Пулнинг озгинасига озиқ-овқат олиб келиб, қолганини эртанги кунимизга олиб қўйсак яхши бўларди.
— Мен бу пулни номимиздан иш юритадиган ишончли одамга фойдага бериб қўйсакми, деб ўйлаб турибман.
— Шунақа қилсак ҳам бўлади.
Саид пулнинг бир қисмига озиқ-овқат, иккита туя ва иккита қул сотиб олди. Қуллар туяларда пул ишлаши кўзда тутилган эди. Қолган пулни садақа қилиб тарқатиб юборди. Саиднинг фикрича, пулни “фойдага берадиган ишга сарфлайдиган” Зот Аллоҳ эди. Тарқатган пулини камида ўн баробар миқдорича охиратда олишига ишонарди.
Орадан бир қанча муддат ўтгач, оилада пул керак бўлиб қолди ва Саиднинг хотини:
— Анави одамнинг олдига бориб, шу кунгача тушган фойдани олиб келсангиз.
Саид жавоб бермади. Кунлар ўтиб эҳтиёж кўпайиб, Саиднинг хотини яна ўша гапни қайтарди. Энди Саид уйга кеч келадиган одат чиқарди. Охири бир куни хотинининг олдига ўтириб, пулнинг ҳаммасини садака қилганини айтди. Аёл йиғлаб юборди, зеро ўзлари садақа оладиган аҳволда эди-да. Оиласининг оч қолиши ҳисобига садақа улашишдан нима наф?
Аммо Саиднинг фикри бошқача эди.
— Қара, хотин. Менинг содиқ дўстларим бор эди. Уларнинг ҳаммаси абадий оламга мусофир бўлиб кетишди. Мен ҳам улар сафига улар каби ҳаёт кечириб қўшилмоқчиман. Дунёнинг барча неъматлари ҳам менинг орзуйим олдида ҳеч қандай қийматга эга эмас. Яна шуни билиб қўйгинки, менга осмондан энг гўзал аёл туширилса-ю, унинг чиройи қуёш ва ойни сўндириб, жаҳонга нур таратса ва дунёдаги энг яхши кийимларни кийиб, энг қимматбаҳо зебу зийнатга бурканиб олган эса-да, мен учун сен энг севимли бўлиб қолаверасан.
Саиднинг гаплари хотинини эритиб юборди.

* * *

Вақт ўтиб Ҳазрати Умар Химсга келди ва Саид ҳақида суриштирди. Одамлар унинг тонг отмагунча уйдан чиқмаслиги, кечалари одамлар билан бирга бўлмаслиги ойда бир кун умуман уйида ўтиришини айтиб, шикоят қилишди. Саид уй ишларига қарашиб, нон ёпишини, кечаларни Парвардигорга бағишлашини, бошқа кийими йўқлиги туфайли ойда бир маротаба уст-бошини ювишини ва қуригунга кадар ташқарига чиқолмаслигини тушунтирди.
Саид волийдан кўра, кўпроқ ўзини ўйлайдиган, оиласи эҳтиёжларини ҳам қондира олмайдиган инсонга ўхшарди. Ҳазрати Умар шахсан ўзлари соатлаб шаҳар айланиб, халқнинг дардини тингласалару, Саид нафл ибодатлар билан вақт ўтказса. Агар у волий сифатида тўғри иш қилаётган бўлса, нега Ҳазрати Умар у каби яшамасди. Аксинча бўлса, нима сабабдан уни бу лавозимдан олиб ташламади? Бир луқма таом ва битта ҳирқа билан яшаш, ўзига тайинланган маошни мискинларга тарқатиш яхши ҳоким бўлишга камлик қиларди. Халққа унинг дардини тинглайдиган ва шароитларни янада яхшилаб берадиган ҳоким керак эди. Нафл ибодатларни одамлар манфаатидан устун қўйган одам қандай қилиб яхши волий бўла оларди? Кимга, қанака фойдаси тегарди? Ўринсиз қилинган шикоят сабаб Саъд ибн Абу Ваққосни ишдан бўшатган, халқ орасида обрўси ошиб кетаётгани учун Холид ибн Валидни қўшиндан четлатаётган Ҳазрати Умарнинг Саидни мансабида қолдириши ва устига-устак: “Сен ҳақингда қилган тахминларимни тўғри чиқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин” дейишлари одамни ўйга толдиради. (Тарихи ислом)

* * *

Саид машҳур кофир Уқба ибн Абу Муойтнинг синглиси Арванинг ўғли эди. Ҳудайбия шартномасидан аввал мусулмон бўлиб, Хайбар ва ундан кейинги барча ғазотларда қатнашган эди. Бир ривоятга кўра ҳижрий йигирманчи йилда қирқ бир ёшида вафот этган.

Ҳарратул Лайло

“Ҳарра” иссиқ, қайнок, деган маънони билдиради. Араблар нима билан исинсалар, ўша ерга “Ҳарра” номини беради. Мадина яқинидаги Ҳарратул Лайло ҳам шундай жойлардан биридир.
Ҳижрий 19-йили эди. Бир куни шу ерда кимнингдир чақмактош чақиши биланми, қуёшнинг тиғи биланми, ўт чиқиб кетиб, атрофга олов ўрлади. Ёнғинни кўрган одам даҳшатга тушарди. Чунки ёнадиган нарсанинг ўзи йўқ эди. Фақат тош, қум ёнар, олов катталашгандан каттариб, сувга ўхшаб оқа бошлади.
Умрида бундай ёнғинни кўрмаган ва ҳатто эшитмаган одамлар қўрқиб, Ҳазрати Умарнинг олдига югуриб келишди ва кўрган нарсаларини гапириб беришди.
Ҳазрати Умар дастлаб ҳамма мадиналикларни тўплаб, ёнғин бўлаётган жойга боришни ўйлади. Лекин бунинг фойдаси йўқ, эди. Ўша давр шароитидан келиб чиқадиган бўлсак, бундай ёнғинни ўчиришнинг имкони йўқ, эди.
— Садақа беринглар ва Аллоҳга илтижо қилинглар!
Бир неча кун давом этган ёнғин борган сари кичрайиб, ўзи ўчди. (Ибн Касир, “Ал-бидоя”)

* * *

Аллоҳ таоло Арабистон заминига ёкилғи заҳираларини яшириб қўйганидан на Ҳазрати Умарнинг на бошқа бировнинг хабари бор эди.
Ўша пайт ер остидан чиқиб келган ёқилғи учқун олиб, бир неча кун ёнган бўлса керак.

Қудома ибн Мазъун

Қудома ибн Мазъун дастлабки мусулмонлардан бири бўлиб, Расулуллоҳнинг эмикдош укалари Усмон ибн Мазъуннинг инисидир. Ибн Исҳоқ ўз асарларида Қудома эътиқодини ҳимоя қилиш мақсадида Хабашистонга ҳижрат қилганини ривоят қилган.
Тахминимизча Қудома Ҳабашистонда узоқ турмай биринчилардан бўлиб юртига қайтиб келган бўлса керак. Чунки у Бадрда, Ухудда ва бошқа ғазотларнинг барчасида қатнашган.
Қудома Ҳазрати Умарга куёв ҳам бўлади. У Ҳаттобнинг кизи, яъни Ҳазрати Умарнинг сингиллари бўлмиш Сафийяга уйланган, ҳатто ундан қиз фарзанд ҳам кўрган эди.
Саъд ибн Абу Ваққосга тақлидан очиқ денгизга руҳсатсиз чиқиб, таҳликали вазиятга тушиб қолган ва шу туфайли Баҳрайн волийлигидан олиб ташланган Алоъ ибн Хадрамийнинг ўрнига Ҳазрати Умар айнан Қудомани тайинлади.
Лекин бир куни Ҳазрати Умар пешоналарини шапатилаб, бошларини чангаллаб қолди. У киши эшитганларининг шунчаки ёлғонлигини суриштирди. Лекин қаршисида турган инсон Ҳазрати Умарга:
— Куёвингиз Қудома шароб ичиб, маст бўлди. Унга жазо беринг, — деб турарди.
— Гапингга гувоҳ, борми, Жоруд?
— Менга Абу Ҳурайрани чақиринг.
Абу Ҳурайра чақириққа биноан Мадинага етиб келди ва Ҳазрати Умарнинг ҳузурига кирди.
— Қудоманинг ичганини кўрдингми?
— Ичаётганини кўрганим йўқ. Лекин мен кўрганимда маст эди.
Дарҳол Қудомани мактуб жўнатилиб, Мадинага чақирилди.

Қудома келганда, Жоруд Ҳазрати Умарнинг ёнида эди.
— Бу одамга Аллоҳ ҳукмини қўлланг.
— Сен даъвогармисан, ё гувоҳ?
— Мен гувоҳман, мўминлар амири!
— Унда сен гувоҳлигингни қилиб бўлдинг.
Жоруд индамай, жойидан кўзғалди. Эртасига келиб, Қудомага жазо берилишини сўради. Ҳазрати Умар унга:
— Назаримда сен гувоҳдан кўра кўпроқ душманга ўхшаб кетяпсан. Ҳозир бор-йўғи бир нафар гувоҳ бор, холос.
— Аллоҳ йўлида жазосини беринг.
Ҳазрати Умарнинг жаҳли чиқди.
— Ё тилингни тиясан, ё мен сенга буни ўзим ўргатаман, — дея қўлидаги таёкқа ишора қилди. Лекин Жоруд чекинишни истамади.
— Эй Умар, қилаётган ишингиз адолатдан эмас. Куёвингиз ичкилик ичиб турса-ю, сиз мени ураман дейсиз. Гапга Абу Ҳурайра қўшилди:
— Мўминлар амири, сиз бизнинг гувоҳлигимизга шубҳа қилаётган бўлсангиз, Валиднинг қизи (Қудоманинг бошқа хотини) ҳам бундан хабардор. Унга хабар жўнатинг, сўраб кўринг-чи.
Ҳазрати Умар яна Баҳрайнга мактуб жўнатарканлар: “Аллоҳ учун ростини айтсин”, деб қўшиб қўйишни ҳам унутмадилар. Баҳрайндан келган жавоб гувоҳларни учтага етказди. Ҳазрати Умар куёвларига юзландилар.
— Сенга жазо бераман энди.
Лекин олган жавоблари ўтирганларнинг ҳайратига сабаб бўлди.
— Агар сиз айтганингиздек ичган бўлсам, мени жазолашга ҳаққингиз йўқ,.
— Нега?
— Чунки Аллоҳ таоло: «Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун — агар (ҳаром нарсалардан) сақланиб, иймон ва яхши амалларида собит бўлсалар, сўнгра ўзларини сақлаб (у нарсаларнинг ҳаромлигига) иймон келтирсалар, сўнгра Аллоҳдан қўрқиб, чиройли амаллар қилсалар — (илгари) еб-ичган нарсаларида гуноҳ, йўқдир. Аллоҳ чиройли амал қилгувчиларни севади» (“Моида, 93”) деган. Мен эса Аллоҳдан тақво қиламан.
— Оятни нотўғри шарҳладинг. Чунки ҳақиқатдан ҳам Аллоҳдан қўрққанингда эди, у ман қилган шаробни ичмаган бўлардинг.

Кейин воқеани кузатиб турганларга мурожаат қилдилар:
— Сизлар нима дейсизлар, Қудомага жазо тайинлаймизми?
Йиғилганлар:
— Жазо бериш керак. Лекин ҳозир унинг тоби йўқ. Хасталиги озгина чекингунча кутиб туриш дуруст бўлса керак, — дейишди.
Бу жавоб Ҳазрати Умарга маъқул келди. Беш-ўн кундан кейин у киши яна ўша саволни ўртага ташладилар. Лекин яна ўша сабаб рўкач қилинди. Ҳазрати Умар бунга унамадилар:
— Қудоманинг қамчи еб Аллоҳга сафар қилиши Умарнинг бу ишни қилмай жон беришидан яхширок,. Менга таёқ келтиринг!
Шу тариқа Қудома халқиинг кўз ўнгида саксон таёқ еди.
Ҳазрати Умар аввало Қудоманинг ичкилик ичганидан, қолаверса, оятни ўз билганича таъвил қилганидан қаттиқ ранжидилар. Кизиқ тарқоқлик бошланмаяптими? Абу Жандал дўстлари билан ичиб: “Ичимлик ичиш борасида ихтиёр ўзимда”, деган эди, энди эса Қудома Аллоҳдан тақво қила туриб, ичкилик ичгани учун жазо бермаслигини айтиб турибди.
Бу каби хатти-ҳаракатнинг Қудома каби илк мусулмонлар тарафидан қилиниши катта кулфат эди. Янги мусулмон бўлиб, ҳали Исломни яхши тушунмайдиганлар шундай қилса, маъзур тутса бўларди.
Ҳазрати Умар вақти келиб, Қудома билан гаплашиб олишни кўнгилларига тугиб, Баҳрайнга Абу Ҳурайрани волий қилиб жўнатдилар.

* * *

Ўша йили ҳаждан кайтишда Сукя деган жойда дам олишди. Ҳазрати Умар ҳам етиб, бир оз дам олдилар. Уйғониб, тезда Қудомани топиб келишни буюрдилар:
— Тушимда кимдир келиб: “Қудома билан ярашиб ол. У сенинг инингдир, деди”, дедилар.
Кетган одам кайтиб келиб:
— Қудома келмаяпти, — деди.
— Бу нима дегани? Судраб олиб келинг!
Ниҳоят, Қудома келди. Ҳазрати Умар унинг кўнглини олиб “Аллоҳ сени афв айласин!” дедилар.
Шу билан куёв-кайноға ўртасидаги совукчилик кўтарилди.

давоми бор.