O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ҲАЗРАТИ УМАР ҚИССАСИ

ҲАЗРАТИ УМАР ҚИССАСИ
147 views
30 April 2012 - 20:47

Аҳмад Лутфий Қозончи

— Суюнчи! Ўғил кўрдинг!.. Арслондек!..

Бу хушхабардан Ҳаттоб ибн Нуфайлнинг кўзларида қувонч порлади. Қаҳрли юзига табассум югурди. Асосийси, бир неча ойдан бери ичида илон каби тўлғонаётган шубҳаларни тарқатиб юборди. Ҳар замон «Қиз бўлса-чи?» деган фикр миясига урилар пешонасидан терлар чикар, юзи тундлашиб, муштлари тугилар эди. Сабаби бу вақтларда қизнинг қадри йўқ эди. Шунинг учун қиз кўрганда эрларнинг кайфияти бузиларди. Қиз фарзанд ҳақида хабар эшитган одам ўзини қўйишга жой тополмас, инсонларнинг кўзига қарай олмас эди. Ҳаттоб ҳам шу жамиятда яшагани боис, унга-да бу одатлар бегона эмасди.

Чақалоққа Умар деб исм қўйишди. Макканинг кескин об-ҳавоси, отасининг қаттиққўллиги унинг қоя каби мустаҳкам бўлишига замин ҳозирлади. Маккадаги Окир тоғи (унга кейинчалик «Жабали Умар» — Умар тоғи, деб ном берилган) этагида яшайдиган Адий қабиласининг одамлари кун сайин ўсиб бораётган болани кўриб, «Худди отаси Ҳаттобнинг ўзи-я», дейишдан чарчамасдилар.

Болалигиданоқ шижоатли, жасур ва довюраклиги туфайли «Абу Хафс» — Арслоннинг отаси (яъни, эркак арслон) лақабини олган эди. Умар чапақай бўлишига қарамай, ўнг қўлини ҳам эркин ишлата оларди. Ёшлигини чўпонлик билан ўтказди. Эрта тонгдан у ўтлокдан бу ўтлоққа чопаркан, ёд олган шеърларини хиргойи қилиб юрарди. Гоҳида Ҳаттобнинг шафқатсиз зарбалари гарданига ҳам тушиб қоларди.
Болакай курашга қизиқди. Гоҳида ўртоқлари билан олишиб, даврани ғолиб сифатида тарк этаркан, ҳаётининг энг бахтли лаҳзаларини ўтказаётганини ҳис қиларди. Ҳар йили Макка ва Тоиф шаҳарлари ўртасида Укоз бозорида уюштириладиган баҳодирлар мусобақасида ҳам қатнашиб турарди. Лекин хар доим ҳам ғалаба насиб қилавермасди (Ибн Саъд, «Табақот»).

Кунларнинг бирида холаваччаси Холид ибн Валид билан кураш тушаркан, оёғини синдириб олди. Синган оёк, соғайиб кетган бўлса-да, бу воқеа Умарнинг хотирасида муҳрланиб қолади (Ибн Касир, «Ал-бидоя ван-ниҳоя»).
Онаси Хашама ибн Хошим Ислом душмани Абу Жаҳл билан амакивачча эди.

* * *

Умарнинг биринчи никоҳи Зайнаб бинти Мазъун исмли аёл билан бўлган. Бу аёлдан Абдуллоҳ, Абдураҳмон исмли икки ўғил, Хафса отли қиз кўрди.
Иккинчи никоҳи Хузоъа қабиласидан бўлган Мулайка исмли аёл билан бўлиб, ундан Убайдуллоҳ, деган фарзанд кўрди.
Учинчи жуфти Абу Умайя ал-Махзумийнинг қизи Қурайба бўлиб, мўминлар онаси Умму Саламанинг синглиси эди. Лекин у билан турмуши узоқ давом этмаган. Ҳазрати Умарнинг яна бир никоҳи Умму Гулсум билан бўлиб, у зотнинг Исломга кириши бу турмушнинг бузилишига сабаб бўлган (Ибн Саъд, «Табақот»).
Маккадаги воқеалар ривожи бошқалар каби Умарнинг ҳам асабига тегарди. Ҳошим авлодидан бўлган Абдулмутталибнинг невараси Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, Ислом деб аталган янги динни тарқата бошлаши билан бир гуруҳ одам ота-боболарининг динидан юз ўгириб, бутлардан воз кечган ва уларга нисбатан ҳурматсизлик қилаётган эди.

Яқин қариндоши Амр ибн Ҳишом одамларнинг ақлини олган, отани ўғлидан ажратган, акани укадан бегона қилган, қариндошлик алоқалари узилишига сабаб бўлган бу динга қарши курашиш учун бор кучини сафарбар қилди. Умар ҳам ўзини ушбу ишга жавобгарлардан бири ҳисоблаб, курашга қўшилди. Бу кураш мусулмончиликни қабул қилганларни ҳақорат этиш,жавоб қайтарганларни дўппослаш билан амалга ошарди. Иш шу даражага етиб бордики, қўшни аёл икки нафар чўриси Исломни қабул қилганини айтиб, уни чақиртирди. Умар «қўшничилик ҳаққи»ни адо этиш мақсадида, ҳалиги икки жорияни бир неча маротаба дўппослаб, хуморидан чиқиб олди.

Кунлардан бир кун Муҳаммад алайҳиссаломнинг фаолиятларига барҳам бериши учун Макка зодагонлари «Дорун-надва»га йиғилишди. Мажлисда Ислом дини жуда кенг миқёсда тарқалиб кетаётгани, ўлим хавфи ҳам бу йўлни танлаган инсонларни ортга қайтара олмаётгани ўртага ташланди. Агар жиддий чора кўрилмаса, иш жуда кўнгилсиз равишда тугаши ҳам эсга олинди. Энг мақбул чора эса, Буюк раҳнамонинг ўлдирилиши эди. Фақат шу йўл билангина воқкеалар ривожини бошқа ёққа буриш мумкин эди.

Бироқ ким ўлдиради, деган саволга жавоб берадиган мард топилмай қолди. Амр ибн Ҳишом бу ишни бажарган одамга юзта туя ваъда қилди. Бу микдор кўпчиликнинг орзуидаги бойлик эди. Лекин бу бойликка эришиш учун ўлим билан юзлашиш керак бўларди. Шу сабаб ҳеч кимдан садо чиқмади. Масаланинг яна бир томони, Муҳаммад алайҳиссалом ўлдирилса, Бани Ҳошим унинг хунини олмасдан қўймасди. Буни ҳисобга олмай, майдонга чиқиш фақат ўзини эмас, балки бутун қариндош-уруғининг такдирини қил устига қўйиш билан баробар эди.
Амр ибн Хишом таклифини яна бир бор такрорлади. Лекин унинг сўзлари деворларга сингиб кетди.
Бирор инсон: «Эй Абулҳакам, ўзинг ботир инсонсан. Бу ишни ўзинг амалга оширсанг, юзта туянг ёнингга қоларди, бунинг устига, сен Муҳаммаднинг энг катта душмани бўласан», дея олмади.
Ғалати сукунатни 27 ёхуд 33—34 ёшлар атрофидаги басавлат бир йигит бузди:
— Бу ишни Ҳаттобнинг ўғлигина қила олади (Жавдат Пошо, «Қиссаи анбиё»).

Овоз эгасига мамнуниятга тўла кўзлар қадалди. Барча бир овоздан бу ишни ундан бошқаси қилолмайди, деб қўллаб-қувватлади. Бу эътирофлар самимий эди. Чунки Умарнинг кимлигини барча билар, у агар бу ишни амалга оширса, чорасиздек туюлган масала ҳал қилинган бўлар эди.
Амр ҳам ўтирганларга мағрур боқди (Ибн Саъд, «Табақот»).
Унинг сўзларидан «Сенларда ҳам борми шундай жиян?!» деган маънони уқиш мумкин эди. Кейин «ўзимнинг арслон жияним», деб, Умарни алқаб ҳам қўйди.

«Дорун-надва»да бу ишлар содир бўларкан, маънавият оламида ҳам нималардир кечаётган эди.
Олти йилдан бери одамларни инсонийликнинг чўкқисига бошлашга уриниб, бу йўлда бор кучини сарфлаётган, эвазига эса, фақат адоват ва душманликка дучор бўлаётган Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам Парвардигорга илтижо қилиб: «Аллоҳим, шу динни, икки инсондан қайси бири суюклироқ бўлса, ўша билан азиз эт! Умар ибн Ҳаттоб ёки Амр ибн Хишом билан…» деб дуо қилардилар (Ибн Саъд, «Табақот»).
Бу дуо Аллоҳ ҳузурида ижобат бўлиб, Исломнинг икки катта душманларидан бирига ҳидоят шарбати насиб қилажак.
Бир тарафда «Ҳаттобнинг эшаги иймон келтириши мумкин, аммо Умар эмас», дея таърифланган Умар, иккинчи тарафда «Эй Худо, агар мана шу Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин ёки бизларга аламли азоб келтиргин!» (Анфол сураси, 32-оят. (Ояти карималарнинг маънолари таржимаси Шайх Алоуддин Мансурники.) дея сурбетлик қилган Амр (Амр ибн Ҳишом мушриклар орасида «Абулҳакам» (Ҳикмат отаси) куняси ила машҳур эди. Расулуллоҳ жанобимиз унга «Абу Жаҳл» (Жаҳолат отаси) дея ном қўйдилар) турар эди. Расулуллоҳ ҳам «иложи йўқ» нарсани сўрардилар.

Араблар бири Амр, иккинчи Умар исмли бўлган икки кишига «Умарайн» — икки Умар дерлар. Ҳазрати Пайғамбаримиздан келган дуоларда «Икки Умардан бириси ила азиз эт», шаклидаги ифодалар бор.
Бироқ буюк Аллоҳ, ҳар нарсага қодир, ўзи истаган нарсани «бўл» деса, албатта, бўлади.
Умар уйга важоҳат билан кириб келганида, калласида ёмон фикрлар ғов бойларди. Бундай пайтларда унга биров: Ҳа, Умар, нима бўлди?» дея олмасди. Бундай саволни фақатгина отаси Ҳаттоб бера оларди, аммо у орада йўқ эди. Умар белига қиличини боғлаб, уйдан чикди.

* * *

Нуайм ибн Абдуллоҳ Исломни қабул қилганини бировга билдирмаган эди. Ўша куни у қабиладоши Умарнинг қуролланиб, шахдам қадамлар билан шошиб кетаётганини кўриб, баданига муздек тер югурди. Одатда шаҳарда қилич билан юриш учун ўта жиддий бир сабаб бўлиши керак.
— Йўл бўлсин, Умар? Жангга шайландингми?

Умар савол эгасига қаҳр билан тикилди:
— Муҳаммаднинг олдига… Орамизга нифоқ солган, динимизни қоралаган, худоларимизга тил теккизган, отани боладан айирган Муҳаммаднинг амал дафтарига нуқта қўймоқчиман.
Бу гаплардан Нуаймнинг ҳуши учди. Титраганча пешонасидаги терни артди. Ахир Расулуллоҳдек инсонни ўлдириш учун ваҳший ҳайвон бўлиш ҳам камлик қилади.
— Ростданми? – дея олди зўрға. Жавоб кескин ва қатъий янгради:
— Умар жиддий одам. У нима деганини яхши билади.

— Худо ҳаққи, эсинг жойидамас, шекилли, — деди Нуайм, — Муҳаммадни ўлдирадиган бўлсанг, Абдуманноф авлодлари сени тинч қўймайди! Ундан кейин, аввал ўз оилангдагилардан хабар олсанг бўлармиди?!
Охирги гап Нуайм оғзидан бехосдан чиқиб кетди. Бу гап диндошларининг ҳаётини хавф остига қўярди. Лекин ўқ ёйдан чиқиб бўлган, ортга қайтаришнинг имкони йўқ эди. Нуайм, нима бўлса бўлсин, Пайғамбарга бирон нарса бўлмасин, дея ният қилган эди, балки Аллоҳ унга шу сўзларни сўзлатгандир.
— Қайси қариндошимни айтяпсан?
— Куёвинг бўлмиш амакиваччанг Зайд билан синглинг Фотимани назарда тутяпман. Иккови ҳам Исломни қабул қилган!

— Нуайм! Елғон гапираётган бўлсанг, калланг кетади-я!
— Худо ҳаққи, гапларим рост!
Умар индамасдан борадиган манзилини ўзгартирди. У шахдам қадамлар билан тезликда узоқлашаркан, Нуайм унинг кетидан: «Раббим, уларни Умарнинг ёмонлигидан сақла!» деб қолди.
Йўлда кетаркан, Умар ҳушига келолмасди. Ўзи мусулмон бўлганларни исканжага олиб юрса-ю, куёви билан синглиси Исломни қабул этса. Қандай қилиб бундай пасткашликка борди улар?! Буни аниқлаш керак.
Миясида чарх ураётган фикрлардан Умарнинг юзи шу қадар ўзгариб кетган эдики, агар кўзгуга қараса, ўзи ҳам важоҳатидан қўрқиб кетарди.

* * *

«Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва бошқаларга ўргатганларингиздир». (Имом Бухорий ривояти).

Ҳотамул анбиёнинг бу сўзлари иймон келтирганларга Қуръонни ўрганишда ўзгача ғайрат ва куч бахш этган эди. Аллоҳнинг каломи қалбларга худди шу ғайрат туфайли ўрнашиб, кейинги авлодларга ҳам шу ғайрат билан етказилди. Бу йўлда тиним билмаган ва Расулуллоҳ, ҳузурларига келишга имкон топа олмаганларга у кишидан ўрганганларини таълим берганлардан бири Ҳаббоб ибн Арат исмли саҳоба эди. Имкон бўлди дегунча, вақтини суюкли Пайғамбаримиз билан ўтказган, кейин у зотдан эшитганларини бошқаларга етказган бу фақир инсон ўша куни Саид ибн Зайд билан бирга эди. Ўша пайт яқиндагина нозил бўлган Тоҳа сурасини йиғилганларга ўқиб бераётган эди. Эшикнинг тўсатдан қаттиқ тақиллаши уларнинг хушини учирди. Фотима ким келганини англагач, титраганча: «Акам Умар», дея олди. Бу гапни эшитган Хаббоб ўзини ёндаги хонага уриб, Қуръон сахифаларини кўздан яширди. Эшикдан кирган Умарнинг важоҳати жуда қўрқинчли эди. Фотима унга ҳаяжон ва қўрқув билан боқиб: «Лаббай, акажон», деди. Умар кескин оҳангда айтди:

— Ўқиётган нарсангизни бир кўрай-чи!
— Ҳеч нарса ўқимаяпмиз.
Жавоб Умарнинг гумонларини исботлади, чунки уларнинг ниманидир ўқиётганини ташқаридалигида эшитган эди.
— Сизларни динингизни тарк этиб, Муҳаммадга эргашди, деб эшитдим. Эшик олдида эшитганларим бу гаплар тўғрилигини исботлаб турибди. Ўқиётган нарсангизни бир кўрсатинг-чи!
— Ўзаро гаплашаёттан эдик. Балки шуни эшитгандирсан.

— Ҳой, мен ахмоқ эмасман. Гапириш билан ўқишнинг фарқига бораман…
Умар қаттиқ асабийлашиб, қичқира бошлади. Шунда Саид:
— Ҳа, Умар! Биз Муҳаммаднинг динига кирдик. Ҳақ дин турганда сенинг ботил динингни тутайликми?
Бу сўзлар сабр косани тўлдирди. Шиддат билан тушган зарбадан Саид ерга қулади. Умар унга ташланиб, дуч келган ерига ура бошлади. Эрини ҳимоя қилиш учун Фотима Умарга осилди. Умар эса унга хам мушт туширди. Оғзи-бурни қон бўлган Фотима бор кучини тўплади:
— Ҳа, шундай! Биз Аллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтирдик. Сиғинаётган бутларингиз эса, бор-йўғи буюм, холос. Қўлингдан келганини қил! Гувоҳлик бераман, Аллоҳдан бошқа илоҳ, йўқ яна гувоҳлик бераман, Муҳаммад Унинг Расулидир!

Фотиманинг қонга беланган юзи ва довюраклик билан айтган гаплари Умарни ўзига келтирди. Бир чеккага чўкиб, сокин овозда:
— Ўқиганингизни менгаям беринглар, — деди.
— Нима қилмоқчисан?

— Муҳаммад сизга келтирган нарсани бир кўрай-чи. – Йўқ олиб, йиртиб ташлайсан. Бу гап Умарга ёқмади:
— Йиртмоқчи бўлсам, гапни айлантирмай, йиртаман дейман. Ўқиб қайтариб бераман, Лот ва Уззо хаққи.
— Майли, лекин ичингдаги ёмонлик билан уни ўқиёлмайсан. Уни фақат пок инсонлар ушлаши мумкин. Ҳеч бўлмаса, бир ювиниб кел.
Умар ўрнидан туриб, Фотима берган сувга ғусл қилди.
— Қани, энди беринглар-чи.

Варақларни унга беришди. Уларда Тоҳа сурасининг илк оятлари битилган эди. Умар ўқий бошлади. «Осмонлардаги, ердаги ва уларнинг орасидаги ҳамда тупроқ остидаги бор нарса Унингдир», оятига келганда: «Демак, биз топинадиган илоҳларнинг ҳеч нарсаси йўқ экан-да», деб қўйди. Ўқиб бўлиб, қўлидагиларни синглисига узатди:

— Нақадар маънодор ва ёқимли сўзлар. Мени Муҳаммаднинг олдига олиб боринглар, — деди.
Бу гап Фотиманинг юзидаги қонни қизил гулга айлантириб, Саидни олтин топиб олган одамдек қувонтирди. Ҳаббоб ҳам, ортиқ яшириниб ўтирмасдан, Умарга пешвоз чиқди:

— Умар, зора буюк Аллоҳ Расулуллоҳнинг сенга қилган дуоларини ижобат этган бўлса. Чунки мен у зотнинг: «Аллоҳим, шу икки инсоннинг қайси бири сенга маҳбуброқ бўлса, у билан динимизни азиз эт. Ё Амр ибн Ҳишом, ёхуд Умар ибн Ҳаттоб билан», деганларини эшитганман.

— Қани, мени унинг олдига бошла. Муҳаммаднинг ҳузурида мусулмон бўлмоқчиман.
Бу гапдан кейин Фотима кўз ёшларини тия олмади. У умрида бу қадар қувонмаган эди. Бир оз олдин куфр сабаб қонаган чеҳрани иймон хушхабари сабаб оқаётган кўз ёшлари юва бошлади. Куфр ботқоғига ботган Умар шу ерда куфрга нуқта қўйиб, «Ҳазрати Умар» бўлиш сари қадам ташлаётган эди.
Умар Сафо тепалигига, Арқамнинг уйига йўл олди. Эшикни тақиллатганда, уни қуролланган ҳолда кўрган киши қўрққанича ортга қайтди:
— Умар қуролланиб келибди.

— Кираверсин! Яхши ният билан келган бўлса, бош устига. Ёмон ният билан келган бўлса, қиличи ўзининг бошини кесади, — деди амир Ҳамза.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшикни очишни буюрдилар. Улар ичкарига киргач, Расулуллоҳ ўринларидан турдилар. Умарга яқинлашиб, уни икки ёқасидан тутиб:
— Эй Ҳаттобнинг ўғли, бу ерга нега келдинг? Бошингга фалокат тушмагунча иймон келтирмайсан, шекилли, — дедилар. Кейин осмонга қараб: — Аллоҳим, мана Ҳаттоб ўғли Умар. Раббим, бу динни Умар ибн Ҳаттоб билан азиз эт, — дея дуо қилдилар.
Умар жавоб бермади. Паст овозда, ниҳоятда самимият билан:
— Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан бошқа илоҳ, йўқдир, гувоҳлик бераманки, сиз Унинг қули ва пайғамбарисиз, — деди.

Умарнинг бу ерга нима сабабдан келганини бошқа ҳеч бир сўз бу қадар аниқ ифодалай олмасди. Расулуллоҳ бундан бениҳоя қувондилар ва баланд овозда «Аллоҳу акбар» деб такбир айтдилар. Бошқалар ҳам севинчдан баланд овозда такбир айтишди. Макка тоғлари такбир садолари билан тўлиб кетди. Расулуллоҳ ҳали ҳеч кимнинг иймонга келганидан бунчалар хурсанд бўлмаган эдилар.
— Мусулмон бўлганлар қанча? — деб сўради Ҳазрати Умар.

— Сен билан қирқ киши бўлдик.

— Ундай бўлса, Масжиди ҳаромга бориб, ўша ерда қилайлик ибодатимизни.
Бу таклиф қабул килинди. Мусулмонлар Масжидул ҳаромга йўл олишди. Энг олдинда Умар билан Ҳамза юрди. Мусулмонлар, аввало Каъбани тавоф қилишди. Кейин Расулуллоҳнинг имомликларида жамоат бўлиб намоз ўқишди. Шу тариқа мўминлар ўзларини янада кучлироқ ҳис қилишди (Ибн Саъд, «Табақот», Ибн Касир, «Сийар»).
Аслида Ҳазрати Умар қирқинчи мусулмон эмасди. Чунки сал аввал Ҳабашистонга ҳижрат қилганларнинг адади саксон нафарга яқин эди. Балки ўша куни Ҳабашистонга бормаганлар қирқ нафар бўлгандир.

* * *

Шундан кейин Ҳазрати Умар мўминларга яхши бир ҳимоячига айланди. Абу Жаҳл Ҳазрати Расулуллоҳнинг ўлимлари ҳақидаги хабарни интиқлик билан кутаркан, жиянининг Исломга кирганини эшитиб, бошига гурзи тушгандек бўлди.

Макка мусулмонларига қилинган ҳақорат ва тазйиқлар Умарни бошига тушмади. У бор жойда биров Исломга тил текиза олмасди. Расулуллоҳ Қурайш тарафидан амалга оширилган бойкот туфайли Абу Толибнинг махалласига кўчиб ўтганларида, Ҳазрати Умар ҳам у зот билан бирга бўлди. Лекин у истаган пайтида ташқарига чиқиб, айланиб келар эди. Биров у кишининг кайфиятини буза олмасди.

* * *

Аллоҳ Пайғамбаримизга ҳижрат қилишни буюрганда Маккани биринчилардан бўлиб тарк этганлар орасида Ҳазрати Умар ҳам бор эди. Бироқ бошқаларга ўхшаб тунда, яширинча эмас, балки қиличини белига тақиб, қўлига камонини олиб, аввал Каъбани тавоф қилди. Сўнгра Масжидул ҳаромдагиларга қараб:
— Эртага Маккадан Мадинага кетяпман. Хотинини тул, болаларини етим қолдиришни истаганлар эрталаб Ақиқ водийига келсин, — деди. Бу гапни эшитиб ҳеч ким, сен ким бўлибсанки, бу гапларни гапиряпсан, дея олмади.

Кейин Ҳазрати Умар Мадинага кетадиган икки ўртоғи билан кун чиққунча Ақиқ водийида учрашишга келишиб олди. Ким қуёш чиққунга қадар етиб келолмаса, усиз йўлда давом этишга қарор қилишди. Ҳишом ибн Ос белгиланган вақтга қадар етиб келолмади. Шунинг учун Айёш ибн Робиъа билан иккаласи сафарга чиқишди. Бинобарин, кутгандан фойда йўқ эди. Зеро, ўзини тутишидан шубҳаланиб қолган танишлари Ҳишомнинг занжирбанд этган эди. Икки дўст эса йўлда давом этиб, Қубо қишлоғига етиб келишди ва Руфоа ибн Абдулмунзирникида тўхташди.

* * *

Кунларнинг бирида Ҳазрати Умар Исломнинг икки ашаддий душманини кўриб, оҳ тортиб юборди. Улар Абу Жаҳл ва унинг иниси Ҳорис ибн Ҳишом эди. Оҳ тортишга мажбур қилгани эса, уларга қарши бирон ҳаракатга рухсат берилмагани эди. Йўқса Ҳазрати Умардек зотга уларни шу ернинг ўзидаёқ бир ёқлик қилиш иш эмасди. Улар Айёшнинг она тарафдан қариндошлари эди.

— Эй Айёш, яхши иш қилмадинг, — дейишди улар, — онанг кетганингни билиб қаттиқ хафа бўлди. Сен қайтмагунча, қуёш тиғидан сояга ўтмасликка, сочига тароқ теккизмасликка қасам ичди. Кел, шу аёлни азоблардан халос қилайлик.
Бу гаплардан Айёш хафа бўлди. Шунда Ҳазрати Умар:
— Шуни яхши билки, Айёш, буларнинг мақсади сени динингдан қайтаришдир. Эс-ҳушингни йиғиб ол. Волиданг битлар берадиган азобга чидай олгунича бошига тароқ урмай турар, иссиққа чидолганча қуёш тиғида қолар, — деди.
Лекин бу билан Айёшнинг чеҳраси очилмади.

— Майли, мен борай. Онам қасамини қайтиб олсин. Ундан ташқари у ерда қолган молимни тартибга солишим ҳам керак. Бировларга берган пулларимни қайтариб олай, — деди.
Ҳазрати Умар бўш келмади:
— Айёш, мен бадавлат инсонман. Молу давлатимнинг ярмини олақол. Гапга кирда, у ёққа борма.
Бу таклиф ҳам Айёшнинг қарорини ўзгартиролмади:
— Барибир боришим керак, бўлмаса, тинч ухлолмайман.

Айёшнинг жавобидан Абу Жаҳл ва Ҳориснинг кўзларида хурсандчилик учқуни алангалади.
Ҳазрати Умар эса Айёшни бир чеккага тортди-да: — Бошингга бало орттириб оляпсан. Билиб туриб, ҳаётингни хавф остига қўйяпсан. Энди охирги маслаҳатимни эшит. Менинг туямни ол. Жуда зотдор туя. Бирон хавф сезсанг, қочасан, — деди. Сўнг хайрлашди.
Йўлда эса, Айёшнинг қўл-оёғини боғлаб, Маккага йўл олдилар. Абу Жаҳл йўлда учраган танишларига: «Сиз ҳам бебошларни худди шу кўйга солинг», деб, Айёшга ишора қиларди. Маккага етиб келгач, Уни зиндонбанд қилишди. Шу тариқа Айёшнинг бир неча ой давом этадиган қамоқдаги ҳаёти бошланди.

* * *

Мадинага биринчи бўлиб чиққан одамнинг ҳижрати билан Расулуллоҳнинг ҳижратлари орасида икки ярим ой фарқ бор эди. Биринчилардан бўлиб Абу Салама зулҳижжа ойининг ўрталарида, яъни, хаж мавсумидан кейин йўлга чиққан бўлса, Расулуллоҳ сафар ойининг 27-кунида Маккадан чиқиб, Савр ғорига келган эдилар. Ғорда уч кун қолиб, сўнг ўн икки кун йўл юриб, рабиъул аввал ойининг 12-нчисида Қубога етиб келдилар.
Пайғамбаримиз масжидлари қурилишида Ҳазрати Умар қаттик, тер тўкди. Бундан буён у зот ҳаётининг ҳар бир лаҳзаси Расулуллоҳ билан хотиржамликда ўтади.
Ҳижратдан беш ой кейин маккалик муҳожирлар билан мадиналик ансорлар ўртасидаги биродарлик ришталари ўрнатилди. Ҳазрати Умар Увайм ибн Саид билан қиёматли оға-ини тутинди. Кейинроқ Итбон ибн Молик ва Муоз ибн Афра билан ҳам биродарлашди.

Мадинанинг Аволий дахасида яшайдиган ансорий биродарининг уйига тушган Ҳазрати Умар шу дамдан эътиборан Расулуллоҳнинг ёнларидан бир лаҳза жилмади. Исломни Пайғамбарнинг ўзларидан ўрганди. Фақат хурмо териш мавсумидагина Расулуллоҳ билан учрашувлари бир оз камаярди. Лекин бунинг ҳам иложи топилди.

Ҳазрати Умар шериклари билан келишиб, кунора боғда ишлашга келишиб олди. Бошқа кун Расулуллоҳнинг эса ҳузурларига бориб, у зотдан эшитганларини ўзгаларига етказиб турди. Қачонлардир Аллоҳ Расулини ўлдиришга бел боғлаган Ҳазрати Умар энди Набий алайҳиссалом учун жон фидо қилишга тайер эди. У зот Исломга бўлган чексиз ҳурмати ва ўткир ақл-заковати билан Исломни энг яхши англаган инсонлардан бирига айланди.

Кунларнинг бирида Расулуллоҳга:
— Сизни ҳамма нарсадан ҳам яхши кўраман, ё Расулуллоҳ — деди.
Расулуллоҳ эса агар ўзидан ҳам кўпроқ яхши кўрмаса, комил инсон даражасига ета олмаслигини айтдилар. Шунда Ҳазрати Умар айтди:
— Ё Расулуллоҳ мен сизни ўзимдан ҳам яхши кўраман.
— Ана энди, бўлди, — дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

* * *

Ҳазрати Умар Расулуллоҳ билан барча сафарларда бирга бўлди ва ҳамма жангларда қатнашди. Баъзан Расулуллоҳ, Ҳазрати Умарни қўшиннинг маълум бир қисмига бошлиқ этиб тайинлар эдилар.
Бадр жангида асир тушганлар хақида Расулуллоҳ ундан сўраганларида:

— Улар сизни сеҳргар, ёлғончига чиқарган, мусулмонларни турли азоб-уқубатларга гирифтор этган. Аллоҳнинг динини йўқ қилишга уриниб, устимизга қўшин тортиб келган ҳам шулар. Шунинг учун каллаларини олиш керак барчасининг. Мусулмонлар ўртасида бир-бирларига нисбатан адоват туғилмаслиги учун ҳар ким ўзининг яқинини ўлдирсин. Ҳамза Аббосни, Али Оқилни. Мен ҳам фалончини ўлдираман, деган эди. Ҳазрати Абу Бакр эса унга қарши фикр билдирди: — Эй Расулуллоҳ ахир улар сизнинг қавмингиз, ҳатто баъзилари қариндошларингиз. Уларни фидя эвазига қуйиб юборайлик. Шоядки, Аллоҳ уларга ҳам ҳидоят берса.

Икки дўстдан икки хил фикр чиққанини эшитиб, Расулуллоҳ Ҳазрати Абу Бакрга юзландилар:
— Сен Аллоҳга «Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир (яъни, менинг динимдадир). Ким менга исён қилса, яна Ўзинг мағфиратли, мехрибонсан (яъни, ундай кимсаларни ҳам Ҳақ йўлга ҳидоят қилишга қодирсан)» (Иброҳим сураси, 36-оят), деб мурожаат қилган Иброҳимга, «Агар уларни азобласанг, улар Сенинг (ожиз) бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг албатта, Сен ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан» (Моида сураси, 118-оят), деб ёлворган Исога ўхшайсан. Кейин Ҳазрати Умарга юзланиб:

— Сен эса Аллоҳга «Парвардигорим, ер юзида кофирлардан бирор ҳовли-жой эгасини қолдирмагин» (Нуҳ сураси, 26-оят), деб дуо қилган Нуҳга ва «Парвардигоро, уларнинг мол-дунёларини йўқ қилгин, кўнгилларини қаттиқ қилгин, токи, улар аламли азобни кўрма-гунларича иймон келтирмасинлар» (Юнус сураси, 88-оят), деб баддуо қилган Мусога ўхшайсан (Қуртубий тафсири).

Кўпчилик фидя олишни ёқлагани учун Расулуллоҳ уларнинг гапига кўра қарор қилдилар. Лекин кейин «Ҳеч бир пайғамбар учун то ерда ғолиб бўлмагунича, асир олиш жоиз эмас эди. (Эй мўминлар), сизлар дунё нарсаларини истамоқдасиз, Аллоҳ эса, охират (неъматлари сизларники бўлиши)ни истайди. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир. Агар Аллоҳ томонидан (билмасдан қилган хатони кечириши) ёзиб қўиилмаганида эди, албатта, сизларга (товон) олганинглар сабабли улуғ азоб етган бўлур эди» (Анфол сураси, 67—68-оятлар), деган итоб ояти нозил қилиниб, Ҳазрати Умарнинг фикрича иш кўриш лозим бўлгани таъкидланди. Шу оят тушгандан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаттобнинг ўғлига қарши чиққанимиз учун сал бўлмаса азоб юборинглар, бу азобдан фақат Умаргина омон қолар эди», дедилар. (Қуртубий тафсири)

давоми бор.