O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Ҳайратул аброр”. Аввалғи ҳайрат

“Ҳайратул аброр”. Аввалғи ҳайрат
201 views
22 November 2019 - 18:11

“Нури ҳидоят била очти чу кўз…”

Алишер Навоий кўнгилни таърифлагач, кўнгилнинг уч ҳайратини баён қилган. Кўнгил – Алишер Навоий тасвирлашича, ўлим ва ҳаёт чегарасини бузган бир хилқатдир. Кўнгил – бир яратиқ. Уни Аллоҳ яратган. Кўнгилни Аллоҳ ўзининг жилвагоҳи қилиб бунёд этди. Кўнгил – инсоннинг ўзидан кашф этиши лозим бўлган мўъжизаси. Кўнгилнинг ҳайратлари шу жиҳатдан муҳим. Алишер Навоий уч ҳайрат орқали Кўнгилнинг Аллоҳни таниш босқичлари ҳақида ҳикоя қилган.

Кўнгил йўқлик тунидан халос бўлди. У йўқ эди – бор бўлди. Сўнг вужуд тонгига ҳамнафас бўлди. Вужуд тонгида нафас олди. Малак оламига қадам қўйди. Бу олам бир баҳористон эди. Бу оламда ранго-ранг гуллар, тарфа дарахтлар бор эди. Уларнинг барчаси:
ﺳَﺒِّﺢِ اﺳْﻢَ رَﺑِّﻚَ اﻟْﺎَﻋْﻠٰﻰ
(Аъло сураси, 1-оят) “Буюк Роббингиз исмини барча нуқсондан пок тутган ҳолда тасбиҳ ўқинг!” амрига итоатда эдилар. Буни билиб, у ҳайратга тушди. На ҳайратга тушди! – димоғи боғида ҳайрат гуллари очилди! – бу гуллар атридан беҳуш бўлиб йиқилди!
Кўнгил яралган онда ҳали ўзини танимас эди. У малак оламига сайр қилиб, барча фаришталар Аллоҳнинг зикри билан бандлигини кўрдилар. Саноқсиз, саноққа сиғмайдиган даражада кўп ва чиройда тенгсиз, нурдан яралган фаришталарнинг иши – ўз Роббилари Аллоҳнинг исмини зикр этишдан иборат эди. Фақат зикр! Улар Аллоҳнинг барча нуқсон, камчиликлардан пок эканини айтардилар. Бутун вужудлари ила Аллоҳга тасбиҳ ўқирди! Бу Бақаранинг 30-оятидаги ҳолат эди:
وَﻧَﺤْﻦُ ﻧُﺴَﺒِّﺢُ ﺑِﺤَﻤْﺪِكَ وَﻧُﻘَﺪِّسُ ﻟَﻚ
“Ва биз Сени барча нуқсонлардан пок эканингни айтиб, ҳамд ила, муқаддас тутган ҳолда тасбиҳ айтяпмиз!”
Бу фаришталарнинг Аллоҳга айтган сўзларидир. Улар Аллоҳ Одам ато алайҳиссаломни ва Одам болаларини ўзимга халифа қилиб яратаман деганида ана шу сўзни айтган эдилар.

Кўнгил малак оламига кириб, барча фаришталарнинг муттасил зикрда, тасбиҳда кўриб ҳушдан кетди. У ўзини улар каби тасбиҳ эта олмаслигидан. Роббисининг марҳамати ва буюклиги қошида заифлигидан, ўзига кўрсатилган муҳаббатнинг улканлигидан беҳуш бўлган эди.
Алишер Навоий “Аввалғи ҳайрат” деган бобнинг сарлавҳасида ана шуларни назарда тутади. Кўнгилнинг беҳуш бўлгани воқеасини батафсил сўйлашга киришади.
Шоир соқийга қараб гапиради. Соқий ким? Соқий – май қуйиб, узатувчидир. Соқий – иймонлашадиган дўстдир. Ҳар сўзидан ҳикмат, ҳар каломидан нур ёғилиб турган орифдир. Унинг ҳар лутфи худди май каби таъсир этади. Қалбни ҳароратга солади.

Соқий! Субҳ қуёшни фош этди. Менг қуёш каби жом тут! Шундай сўзларни айтки, шундай ҳикматларни сўйлаки, улар қалбимга қуёшдек кириб келсин! Қалбим зулматини парчаласин! Қалбимда тонг кўз очсин! Бу тонг Аллоҳни зикр қилиш, унга тасбиҳ айтиш тонги бўлсин! Субҳ сўфийси ҳам ўзини кўрсатди. Фалакка нурдан жойнамоз солди. Шомнинг қора тупроқларини тонг супургиси ила супуриб ташлади. Чарх олам узра мушк сепаётган эди, эди бу мушк устидан оппоқ хушбўйни сочмоқда. Осмон нилуфар каби кўзёшини тўкди, саҳар боғида эса сариқ лола очилди! Қуёш оловида зулматнинг туни куйиб, ҳавога юлдузлар учқун каби учиб кетди.

Мана бу – тонг! Мана бу – йўқликдан борлиқнинг пайдо бўлиши! Аллоҳнинг бир амри билан бутун оламнинг бунёд бўлишидир. Ана шу онда Кўнгил тирилди. Алишер Навоий уни Хожа деб атайди. Хожа! Нима учун Хожа? Чунки у вужуд салтанинг эгаси, тан мулкининг соҳибидир. Шунинг учун у Хожадир, у Кўнгилдир!

Аммо Кўнгил илк лаҳзада ҳайрон туриб қолди. У ўзини танимас эди. Зотан, у ҳозиргина яралди! Унинг онаси йўқ, отаси йўқ. Ака-укаси йўқ. У Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси ила яралди. Шунинг учун, ҳатто, ўзига бегона ҳолда қотиб қолди. Сўнг девонага айланди. Девоналарча ўзини ҳар томон ота бошлади. Ҳар нафаси тонг каби сарғаярди, тонг ели каби ўзидан кетиб, ўзига келарди.
Атрофга боқаркан, ўзи бўлиб турган оламнинг нима эканини тушунмасди. Бу ажойиб нарсаларнинг сирларини билишни истарди. Кўнгил ҳар қанча кўп хаёл қилмасин, саволларига жавоб топа олмас, ўзининг мақсади, асл мақсади нима эканини билолмас эди.

Унга бирор сир очилмади. Бирор сирдан насиба берилмади. Пардалар кўтарилмади. У ўзини Яратган Зотга сажда қила бошлади. Ожизлик ила ҳайрат қиёмида тик турди. Йиғлади, маъюс тортди. Ўзига сиғмади. Маҳзунлик ила ўз ожизлигини кўрсатди.

Бу – Кўнгилнинг ҳолати. Ўзини англай олмаётган, ўзини тушуна олмаётган кўнгилнинг ҳолати! Ё Роббий! Шу мисраларни ўқирканман, ўзимнинг ҳолатим ёдга тушди, дўстлар!

Ҳали бошимга тақдирнинг синов тошлари отилмасдан аввал қай ҳолда эдим? Каж ва қайсар, ўзини осмон тутувчи гўдак! Бошқаларга тепадан баҳо берувчи, оламларни бузувчи ҳавойи бир ўспирин! Тилига кучи етмайдиган, кучи етган нарсани тутмайдиган йигитча! Ақлу зеҳни ила фахр этувчи, самимийлик даъвосида ҳаммадан меҳру муҳаббат кутувчи бир эркатой! Аммо ёлғиз қолганимда нима қилардим?.. Ўзимга берилган савол. Ёлғиз қолганимда қилган ҳамма ишларимни айта олмасам-да, қалбимдаги яъс – маъюслик ила суҳбатлашардим. Юраётганим йўлнинг, қилаётганимнинг амалларнинг асл ҳайбати, асл мақсади ва асл ҳикматини англамас эдим. Ҳар ишим интиутив эди. Зарра ноҳақликдан ўт бўлиб ёнардим. Оламларга ўт қўйгудек бўлардим! Эҳ, бечора банда! Дунёни кўзимга сиққан чегаралардан иборат деб ўйлабман-да, азизим. Миям жамики доно фикрларни ишлаб чиқара оладиган машина деб хаёл этгандирман, валлоҳу аълам. Айтилган сўзлар устида яшаш нима эканини қайдан билибман! Айтилган сўзлар бадали ҳаёт ила ўталишини туш кўрибманми?!

“Ё Роббим! Менга ибодатлар ҳаловатини тоттир! Намозларимга муҳаббат бер! Нечун тоатингга тоқатсизман! Нечун ҳар ишга бесабрман! Менга мажнун каби қалб бер, Ўзингга муҳаббат, Ўзингдан қўрқув, Ўзингга умид йўлини кўрсат!” – деб дуолар қилмасмидим?!

Ҳа. Шундай эди. Кейин не бўлди? Оловларга отилдим. Ўтларда куйдим. Балки унчалик эмасдир. Лекин куйдирган оловнинг ҳарорати етарли бўлди. Тоқатимиз шу экан.

Алишер Навоий Кўнгил – Хожанинг ўзига ўзи бегона бўлиб, ўз ҳолидан девона бўлиши – ҳар инсонга хосми? Ё баъзиларга бу насиб, баъзилар бундан бенасибми?

Хожа ўз заифлигини айтгач, ғойибдан нидо келди: “Ўрнингдан тур! Бу гулшанга кир! Сайр қил! Атрофга назар сол!”

Кўнгил бу нидодан сўнг ҳайратга тушиб, ўрнидан туриб, бир-икки қадам қўйдию, кўз олдида боғи Ирам намоён бўлди. Балки уни боғи Ирам эмас, ҳар гули ойна каби тииқ бир жаннат деб атамоқ мумкиндир! Боғдаги ҳар дарахт Арш остидаги Сидрага қадар етади, ҳатто, шохлари Сидранинг шохларига чирмашган. Барглари худди осмон каби, бу барглар соясида қуёш парвариш топади. Сарвлари заркаш, зангор. Ҳар бири осмонга устун бўлгудек. Сандал дарахтларининг атри – Масиҳ нафаси каби.

Кўнгил бу гулшанга боқиб ҳайратда эди. Бу гулистон – бу жаҳон эди. Балки бутун жаҳон бир гул ичига пинҳон этилгандир! Бу гул ўз-ўзидан ўсиб чиқиши мумкин эмас! Ўз-ўзидан бу жаҳоннинг пайдо бўлиши мумкин эмас! Хожа шу хулосага келди. Келдию, аммо бу гулнинг деҳқони ким дея ўйланиб қолди.

Бутмак ўзи худ эмас имкон анга,
Гар бу эмас ким эса деҳқон анга.

Агар бу гулистон шундай улуғвор ва шундай буюк бўлса, унинг яратувчиси қандай экан! Кўнгил ана шундан ҳайратда эди. Шу ҳолда унга яна бир нидо эшитилди: “Сенинг бу бефойда ҳайратингдан сенга не фойда? Ҳақиқат сирридан баҳра ол ва басират кўзи билан атрофга боқ!”

Сирри ҳақиқатдин ўлуб баҳравар,
Айла басират кўзи бирла назар.

Сирри ҳақиқат. Басират кўзи. Ҳақиқатнинг сирри. Ҳақиқатларни кўра оладиган кўз. Агар ҳақиқат сирига соҳиб бўлишни истасанг, уни кўра оладиган кўзни топ! Ана шу кўзга эга бўл! Аммо у кўзни қандай топаман? У кўз ўзингда бор! Фақат уни парда босган? Бу пардани қандай кўтараман? Хавотир олма, сен ҳақиқатни истасанг, истагинг қанча кучли бўлса, у оловга айланиб кўзингни тўсиб турган парда ёқиб кул қилади.
Ғойибдан келган нидо дур каби қулоғига етди ва Хожа ҳидоят нури билан атрофга боқди.

Дур киби етгач қулоғиға бу сўз,
Нури ҳидоят била очти чу кўз.

Валлоҳ! Бу гулистоннинг саъва, қумри, булбули, ҳар дарахтнинг баргию гули – ҳаммаси Қайюм Зот – Аллоҳнинг зикрида зокир эдилар, Унга шукур келтириб, шокир эдилар!

Барчаси қайюмиға зокир эди,
Ҳар бир анинг шукриға шокир эди.

Кўнгил кўзи очилгач, оламни бошқача кўрасан. Олам ўзгача жилва этади. Ҳар заррада Аллоҳнинг қудратини кўрасан. Ҳар зарра Аллоҳни зикр этаётганлигини кашф этасан. Сув худди куйлаётгандек туюлса, у Аллоҳнинг зикрида эканлигини билсаг, бунда ўзга бир сирни топасан. Шундай.

Гар ел агар сув бўлубон нағмасоз,
Сониъ ила ҳар бирига ўзга роз.
Хожа буни англаб етди. Кўнглида бир ўт хуруж қилди – чунки оламда ҳамма, ҳар бир зарра Аллоҳнинг зикрида эдию, биргин у ғофил эди. Бутун олам Аллоҳга шукур қилар эдию, биргина у хомуш эди!

Чекти бу ҳайрат била ўтлуқ хуруш,
Ким бори гўё эдилар, ул хамуш.

Кўнгил бу хомушлигидан қўрқиб, ҳаёси зўрлик қилиб ҳушуни йўқотди. Худди мен каби беҳуш бўлди. Қисмат имтиҳонларидан сўнг ўзининг кимлигини англаб, чорак аср хомуш юрганидан хижлатда қолган банда каби Кўнгил хомушлиги учун уялиб беҳуш бўлди. Шунча вақт Аллоҳ зикридан олис юргани учун фарёд ила ҳушини йўқотди.

Солди димоғиға бу хомўшлуқ
Оҳ бухори била беҳушлуқ.

Эй соқий! Эй ориф! Эй қалби ҳикмат ила тўлган ҳаким! Жисмимга яна ҳарорат етди. Юзимга бода сувидан гулоб ур! Ҳушимга келай. Сўз чамани ичра наво кўргузай!

Соқий, етубдур яна жисмимга тоб,
Юзума ур бода суйидин гулоб.

То топибон ҳуш такаллум тузай,
Сўз чамани ичра наво кўргузай.

Аллоҳга боғланиш, тасбиҳу таҳлил ила, такбиру таҳмид ила банд экансан, ўлим ва ҳаёт чегараси бузилади. Ҳаёт ўлимдан аввалги бир босқич, ўлим ҳаётдан кейинги бир ҳаётга айланур. Дунёни бир йўл, охиратни бир манзил, ўлимни эса бир эшик деб билурсан, эй Кўнгил!
Наволарим – илтижо, Аллоҳга муножот бўлсин. Коинотдаги жамики яратиқлар, ғофил инсондан бўлак, Аллоҳнинг зикрида экан, мен нечун ғофил бўлай! Зотан, Аллоҳ дедики:
ﺳَﺒِّﺢِ اﺳْﻢَ رَﺑِّﻚَ اﻟْﺎَﻋْﻠٰﻰ
“Буюк Роббингиз исмини барча нуқсондан пок тутган ҳолда тасбиҳ ўқинг!” (Аъло сураси, 1-оят)
Роббим! Кўнглимни, ақлимни, борлиғимни, ҳар бир ҳужайрамни, ҳар заррамни Ўзингга тасбиҳ айтиш ила машғул қил! Ғафлатдан асра!..

(Давоми бор)

Акром Малик,
14.11.19