O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Ҳайратул аброр”. Учинчи ҳайрат

“Ҳайратул аброр”. Учинчи ҳайрат
141 views
01 December 2019 - 11:15

(Боши)

“Ҳақдин ўлуб тоза вужуде анга…”

Кўнгил малак, малакут оламларини саёҳат қилди. Аллоҳнинг зикрини ҳар жойда кўрди. Сўнг ажиб бир дунёга қадам қўйди. Бу – бадан мулки эди. Инсон жисми эди. Кўнгил Аллоҳнинг амри ила Одам танасига кириб борди. Алишер Навоий инсон вужудини бир салтанатга қиёслайди. У ерга кирган Кўнгил ҳар бир узв Қодири мутлақ Аллоҳ таоло ёди билан эканини кўради. Шу ўринда шоир Бақара сурасининг 152-оятини келтирган:
ﻓَﺎذْﻛُﺮُوﻧٖٓﻰ اَذْﻛُﺮْﻛُﻢ
“Мени зикр этинг, сизни зикр этурман!” (Бақара, 152)
Бадан мулкининг аҳли шу буйруқ ила зикрда бардавом эди. Шу билан Кўнгилни ҳайрат буткул ишғол этди. Ҳайрат ўт каби уни ёқди. Кўнгил ҳайрат оловида ёниб кул бўлди. Фано елида соврулди. Шундан сўнг у иккинчи фано мақомига эришди. Ҳақнинг амри ила будун мулкидаги хилофат тахтида қарор тутди.
Учинчи ҳайрат боби ана шу воқеаларни батафсил ҳикоя қилган.

Қуёш машриқдан порлади, жаҳонни эгаллади. Оламга ҳарорат солди. Кўнгил ҳайрат майидан маст бўлиб ухлар эди. Қуёш қиздириб, уйғонди. Аччиқ майдан масту махмур, бир қизиқ ўтда ҳароратда маҳрур эди. Ҳар куни у оламдан бу оламга сайр этиш асносида ўзига бир ватан тутиш хаёлига тушди.

Ғурбат ўти ҳардам ўлуб шуълазан,
Тушти хаёлиға ҳавойи ватан.

Шунинг учун сафар қилиб, ранж чекишни қабул қилди ва Ер юзига тушди. Жаҳон ичида бир денгиз топгандек бўлди. У бир ажойиб шаҳарга дуч келди. Ҳар ёни ажабланарли нарсалар ила тўлган ва ажиб нарсаларнинг адади йўқ эди. Аллоҳ уни санъат ила лойдан хамир қилиб, яратган эди. Бу шаҳарни икки устун – икки оёқ тутиб турарди. Бу шаҳарда тўрт унсур – сув, ҳаво, тупроқ ва олов жам бўлган. Ўзаро қарши бу тўрт унсур бирикиб, бу шаҳар асосига айланган. Бу шаҳарда масжид, бозор, маҳаллаларни, кўча, бўстону харобаларни ҳам топмоқ мумкин. Бу кишфарнинг тахти қалбда, аммо бўш эди. Бу тахт шундайки, жамики иқлим унга таслим. Агар тахт эгаси соғлом бўлса, бутун мулк соғлом, агар хаста бўлса, бутун мулк хаста!
Бу шаҳарнинг Меъмори унинг тепасини бир гумбазли қилибди. Фалак гумбазида неки бор бўлса, барчаси шу гумбаз остида ҳам бор экан. Бу қасрниннг бир эшиги бўлиб, унинг овозидан гавҳарлар сочилади.

Алишер Навоий инсон танасидаги бошни назар тутади. Бошни гумбазли қасрга қиёсламоқда ва оғизни гавҳар сочувчи эшикка менгзайди. Шоирнинг талқинича, икки лаб – икки эшик. Айнан шу эшикдан бадан мулкига кирилади. Неки кирса, шаҳар элининг ризқига айланади. Ортиқча кирган нарсалар эса икки йўл билан чиқиб кетади. Яъни инсоннинг ахлат чиқариш аъзолари айтилмоқда:

Фузлалари дафъи учун икки йўл,
Жониби асфалдин ўлуб зоҳир ул.

Шаҳар эшигининг тепасида икки бодгир – шамол йўли бор. Ундан ҳаво кириб ҳаво чиқади. Бу бурундир. Нафас олиш ила шаҳар шоҳига ажиб ҳузур етади. Шоҳнинг ўрни қалбда бўлса, унинг ноиби бош гумбази ичидадир. Ақлдир.

Бу қасрда беш йўлбошловчи бор. Бири кўриш, бири эшитиш, бири таъм, бири сезги, бири ҳид билишдир. Бу беш нарса бадан мулкида ҳамма нарсага йўл бошлар эди.

Алишер Навоий инсон ички аъзоларининг вазифаларига тўхталган: бири жисмга кирган жамики нарсани иккинчисига етказади. У ўзида бу нарсаларни тўплайди. Сўнг парчалаб керакли нутқаларга етказади. Бу – ошқозон. Жисмга кирган таомларнинг қайси узвга зарур эканлигини эса тан салтанатининг вазири – Мия аниқлаб беради. Мия ўзига келган жамики маълумотларни қабул этади ва бутун аъзоларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириб беради:

То етиб ул лаҳза нидони қабул
Топибон ул туҳфа тариқи вусул.

Хожа – кўнгил бу ҳолдан яна ҳайратда қолди. Кўрганлари бир жаҳон эди. Заррада бутун олам яширинган. Қатрага дарё беркитиб қўйилган! Бу ишларнинг сирига фикри ожиз бўлди. Кўнгил гўё фикр наҳанги учун бир емиш бўлди – фикрга ютилиб кетди. Ўзи эса ҳайратга чўкди. Аммо бунинг тубига ета олмай фикрати ўт олиб ёнди, тутуни кўкка қадар етди. Ҳайрати эса Кўнгилни нобуд қилди.

Фикрат ўти кўкка чекиб дудини,
Ҳайрати нобуд этибон будини.

Бу ҳайрат, бу ранж Хожани фоний қилди – йўқликка олиб кетди. Кўнгил улуғ Аллоҳ олдида, Унинг қудрати олдида ўзини топди. Ҳеч ким эканлигини тушунди. Унинг ҳам иши бутун оламдаги жамики нарсалар сингари ўз Роббисига ҳамду сано айтмоқ эканлиги маълум бўлди. Буни англаши ҳамон унга қайтадан тоза вужуд насиб этди, у қайта тирилгандек бўлди. Бу қайта тирилмоқ энди шаҳодат ила, шоҳидлик кўзи ила рўй берди. Эди аввалгидек бетоқат, аввалгидек ўзига бегона эмас эди:

Ҳақдин ўлуб тоза вужуде анга,
Тоза вужуд ичра шуҳуде анга.

Кўзлари оламни кўрди ва у шу киргани – вадан мулкида қолиши кераклигини билди. Тан салтанатига унга фатҳ этилди ва гўё бутун жаҳон унга итоат қилди:

Фатҳ ўлуб мулк ила кишвар анга,
Балки жаҳон мулки мусаххар анга,

Мулк ўзию тахт ўзию шоҳ ўзи,
Борча ўзи, борчадин огоҳ ўзи.

Кўнгил нафснинг орифига айланди. Нафсни таниди. Нафсни таниган онда Роббисин таниди:

Нафсға чун ориф ўлуб мў-бамў,
Фойиз ўлуб “қад арафа раббаҳу”.

Алишер Навоий кўнгилни хожа деб атади. Кўнгил малак, малакут оламидан ўтиб, бадан мулкига келди ва шу ернинг шоҳига айланди.

Шу билан ҳаммаси тугадими? Жуда содда. Аммо тушуниш-чи? Биз кўраётган нарсанинг моҳиятида нима бор? Шоир инсон Кўнглининг Буюк Ҳодиса эканлигини ойдинлаштирмоқда. Нима учун кўнгил даставвал бадан мулкидан малак оламига кўтарилмади? Кўнгил оламларни айланиб келиб, бадан мулкида ҳаловат топди. Бунинг замирида ҳақиқатни инсон ўзида кашф этади деган маъно бор. Буни Алишер Навоий бошқа бир ўринда: “Ҳар не истарсен – ўзингдин истагил!” – тарзида баён этган.

Кўнгил азалдан бадан мулкига тегишли этиб яратилди.

Биз, аксари ҳолларда, ўзимизга таскин берадиган ҳақиқатни ташқаридан излаймиз. Кимларгадир ҳавас ила қараймиз. Кимлар биландир ўзимизни солиштирамиз. Кимларнингдир устидан ҳукм чиқарамиз. Кимларнидир муҳокама қиламиз. Кимларнидир қабул қиламиз. Кимларнидир рад қиламиз. Шу тариқа, ўзимиздан узоқлашгандан узоқлашиб борамиз. Бир куни ойнага қараб, ўзимизни таний олмай қоламиз. Аслимизни йўқотиб қўямиз. Ҳали унинг кўзига, ҳали бунинг кўзига ёқимли кўриниш учун интилиб, мутлақо ғалати ва ёқимсиз тусга кириб қоламиз.

Ҳозирги кунда юзни пластик операция қилиш урф. Пули кўп, бадавлат аёллар, артист хотинлар ойдай чеҳраларидан нуқсон топиб, терини торттиришади ва ҳоказо. Ойнага қарайдилар, яна шу иш. Юз сеники бўлса, бошқа биров учун уни қийнаб нима қиласан?.. Ойдай чеҳра адо бўлиб, қисқа вақт ичида таниб бўлмайдиган даражада бошқа бир башара пайдо бўлади. Совуқ, ҳиссиз, одамнинг этини сескантирадиган башара бўлади бу.

Жамоат олдида ўзини кўз-кўз қилишни севадиганларнинг ичи шалдираган бир идиш кабидир. Улар ташқи томонини безаб, ичини унутади. Балки, ичи сасиб ётгандир?!

Каримов даврида йўл ёқасига қурилган уйларнинг олд фасади бўя, зийнатлаб қўйиларди. Орқаси эса қўрқинчли – ҳар нарсани топиш мумкин. Ахлатни ҳам, бошқани ҳам.

Нега шунча мисолларни келтирмоқдаман? Чунки одамзод ўзининг ичидаги ҳақиқатни кашф этмаса, ана шундай хароб аҳволга тушади.

Чангалзордасиз. Балчиққа тушган кўзгуни топиб олдингиз. Бу кўзгу ниҳоятда муҳим. Унда ўз аксингизни кўрмоқчисиз. У орқали жуда муҳим ишларни бажармоқчисиз. Шундан бўлак кўзгу йўқ. Сиз бор кучингиз билан кўзгуни тозалашга киришасиз. Ҳар қанча вақт, ҳар қанча куч кетса-да, эринмайсиз. Ниҳоят, кўзгу балчиқдан холи бўларкан, уни янада тоза, янада соф қилишга ва янада тиниқлаштиришга уринасиз. Унга қарайсиз. Ўзингизни кўрасиз. Агар хира бўлса, яна тозалашга тутинасиз.

Кўнгил ҳам шундай. Ундан бўлак кўзгу йўқ бизда. Уни тозалаш, ялтиратиш керак. Биз фақат у орқали ўзимизни кўра оламиз. Аммо уни қандай қилиб, тозалаймиз?

Алишер Навоий ана шу масалага диққат қаратган. Ўзимизни топишимиз, танишимиз мумкин бўлган ягона имконият – ўзимизнинг қалбимиздир.
Агар қалб уйғоқ бўлмаса, агар у тирик бўлмаса, ҳеч бир мўъжиза бизни ларзага солмайди. Таъсир этмайди. Уйғоқ қалб эса ҳар заррадан мўъжиза топади. Ҳайратга тушаверади.

Алишер Навоий кўнгилнинг фоний бўлгани ҳақида гапирган. Фонийлик нима? Фонийлик – йўқ бўлиш. Ўз иддаоларидан воз кечиш, ўзини йўқ қилиб, ҳақиқатга таслим бўлиш. Бу йўлда йўқ каби ўзини билиш. Кўнгил Аллоҳнинг қудрати қошида ўзини йўқ деб билди. Ана шу фано билан у қайта тирилди. Бу иккинчи ҳаётдир.

Инсон ҳаётида икки ҳаёт бор. Биринчи ҳаёт – болалигидан бошлаб онгига сингдириладиган догматик қарашлар, бузиш мумкин эмас деб уқтирилган стреотиплар. Иккинчи ҳаёт – ана шу қарашларнинг чил-парчин бўлишидан сўнг бошланадиган ҳаётдир. Одам боласи ана шу лаҳза кўриб турганларидан бўлак олам борлигини идрок этади. Бу олам аслида ҳақиқий олам бўлиб, кўриб юрганлари рўё эканлигини тушунади. Алишер Навоий Кўнгилнинг фоний бўлиши деганда шуни назарда тутган.

Ҳолбуки, кўпчилигимиз иккинчи ҳаётни кўрмай ўтиб кетамиз. Ўлганимизда уни топамиз. Ўлмасимиздан аввал ўлишни эплай олсак, кўп нарса ўзгарарди. Кўнгилнинг фоний бўлиб, Ҳақдан вужуд топиши айнан ўлмасдан аввал ўлишдир.

Алишер Навоий асарларини ҳарфма-ҳарф тушуниш мумкин эмас. Албатта, у тақдим этаётган шакл остида улкан маъно пиҳон сақланади. Сиз шаклни – матнни ўқиганингизда маъно аждаҳо каби уйғониб, олов сочади. Кўнгил ҳақида ҳам ўқирканмиз, унинг тагидаги ухлаб ётган уйғонса, албатта, олов сочиб қалбни куйдиради.

Мен матнни ўқидим. Кечирасиз, куйган қалбнинг исини сезмаяпсизми?

Акром Малик
16.11.19