O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳайрат ила мундаги санъатни тамошо этардилар…

Ҳайрат ила мундаги санъатни тамошо этардилар…
137 views
31 October 2016 - 7:00

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(18)

49-рақамдан мобаъд

Сухратилло остиндаги ҳужраи шарифадан чиқдук. Масжид ичинда тўрт-беш газ баландликда биринжи бир шамъдонни ҳазрати Довуд ясаган шамъдон деб кўрсатдилар. Аммо шамъдонни яқин вақтда ясалгани зоҳирдур. Мунда беш-ўн нафар шайхлар мутаважжиҳ бўлдилар. Бир оз назр бердук. Қабул ва дуо қилдилар.

Масжид эшигидан саҳнаға чиқдук. Яна 4—5 шайх мутаважжиҳ бўлдилар. Ичкариға бердук деб ўтдук. Масжиди Сухра суфасинииг бир тарафинда ҳазратимиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг «Қабта-л-меърож» шарифлари музайян суратда бино қилингандур. Суфа атрофинда юруб яна 2-дафъа масжиди шарифға кирдим. Масжиди Умар “ал-Форуқ” разиоллоҳу анҳу 8 буржға бўлунуб, ҳар бир буржининг ораси 26 қадамдур. Масжидни ўртасинда Сухра тоши воқеъ бўлуб, Сухра атрофи яна 12 буржда тақсим қилиниб, мунинг 12 буржинда 12 (рангга мармар якпора стунлар бўлуб, бул 12 амуд* устинда бир гунбаз бино қилиниб, усти темурдур. Гунбаз қуббасининг доҳилий тарафинда қабартма сўм олтундан у қадар нақшлар — исломий гиреҳ, ироқи морпечлар ва бошқа ажойиб суратда ҳиндусий, араб услубинда ишлар қилганларки, мани синиқ қаламим анинг тавсифиға ожиздур.

Қуббанинг атрофинда қабартма — мунбат ва одамни йўғон қўлидан йўғонликда сўм олтун ҳарфлар ила сулс ва бошқа мутанавъи хатлар ила оят ва ҳадиси шариф ёзилиб ҳамда «Ғуломони атрокдан Мулки Носириддин Муҳаммад Қиловун» иборати ва бошқа бир неча иборатлар қабартма олтун ҳарфлар ила ёзилгандурки, жилоси кўзни олур. Бу қуббанинг устинда у қадар ажойиб нақшлар қилинибдурки, кўрмагунча инонилмас.

Бир оғуз ила хулоса қилайин: бутун қуббанинг ери олтун бўлуб, устинда ҳар рангда қабартма минолар ва мунбат олтун хатлар ва нақшлардур. Кўпни кўрган сайёҳлар дерки, дунёда мунингдек сақфиға кўп олтун ишланган на бир масжид ва на бир калисо бордур. Хулоса, қараган ила бу қуббаи сухранинг нақш ва нафис санъатларини кўруб, тамом қилолмайин кўзинг чарчайдур, бўйнунг-да қотар. Бу сақфдаги санъатлар аввалги мусулмонларнинг завқи салим эгаси ва санойиъ нафисанинг ошиқи ва мукаммили эканлигига бир далили мужассамдур.

Масжидни асоси Ҳазрати Умар “ал-Форуқ” разиоллоҳу анҳу тарафларидан қўюлуб, биноси 65-тарихи ҳижриясинда, маснади хулофатға ўлтургон Абдулмалик бин Марвон тарафидан бўлунгон ва Малик Носириддин Муҳаммад Қиловун тарафидан зийнат берилганлиги сўйланур.

Бу масжиднинг сақфлари ажойиб қандил ва овизалар ила ости қимматбаҳо нафис қолин ва сажжодалар ила зийнат берилиб, ҳар еринда садафкори лавҳлар устинда ниҳоятда зийнатлик Қуръони карим қўюлгандур. Халифа Абдулмалик давринда ёзилган, тўли икки газ, они очганда, икки ярим газ қадар бир Қуръони карим, катта ва санъатлик бир лавҳ устинда қўюлгандур.

Масжид ичини бир неча дафъа юруб ва намози шукр ўқуб, яна ташқори чиқдим. Масжиднинг ташқориси 6 газ қадар иртифоъиғача рангоранг, мусайқал мармарлардан бино қилиниб, у мармарларға қозма ва қабартма гул ва нақшлар қозилибдур. Мармардан юқориси бутун хитойи чиннидек ранггаҳ ва оят ила ҳадиси шариф ёзилган чиннилардан бино қилинган бўлуб, бир аъжубаи даврондур.

Бу вақт масжид атрофинда юздан зиёда оврупойи ва амиркойи насороу яҳуд сайёҳлари бўлуб, ҳар бири ва алоҳа ва ҳайрат ила мундаги санъатни тамошо этардилар. Ва ҳар навъ тилда булар сўйларди.

Ўндан зиёда аёл ва эркак руслар ҳам сайёҳлар ичинда эди. Аммо мусулмон заввордан ики мисрий араб ила ялғуз ман бор эдим. Ер юзинда 400 милйўн насоро, 300 милйўн мусулмон бор, дерлар, аммо мунда 100 насоро сайёҳға 3 мусулмон тушарки, мундан бу икки қисм халқни аҳволи руҳиясининг кашф этмоқ мумкиндур. Бу насороу яҳуд сайёҳларининг оғзидан Умар, Абдулмалик, Қиловун, Масжиди Муҳаммадан иборатлари эшитилмоқдадур. Қўлларинда бўлса, ҳар навъ оврупойи тилларида ёзилгон «Раҳнамо»[1] китоблари бордурки, ҳар нимарсани тарихи ила биладурлар.

Қуддуси шарифдан мусулмоний хатда бир «Раҳнамо» ахтардим, йўқ. Франсавий, немис, англис, румча, русча, арманича, ҳатто, булғорчаси бор. Ялғуз мусулмончаси йўқ. Ана, биз мусулмонларнинг лоқайдлиги. «Мано сакал Қуддусаш-шариф» исминда арабий бир рисола топдимки, анда тарихий жиҳатидан бир нимарса йўқ ва ҳақ нимарсалар қаторинда бир хейле хурофотларни қўшуб бостурубдур.

Ҳарамнинг бир тарафинда бир қубба ва ичинда турба борки, қабри Ҳазрати Сулаймон алайҳиссалом дерлар. Кириб зиёрат қилдук. Бошинда фаслик авом бир ёш йигит мунда шайх экан. Панжараларинда ҳадсиз эски латта ва иплар боғлангандур. Алҳамдулиллоҳ, мундай латта боғламоқ Мадинаи мунавварадаги ҳарами муҳтарами ҳазрат пайғамбаримизға йўқдур. Шунга шукрки, сўюлган қўчқору ҳўкузлар шохи ва қуйруғини туғ деб ва синки бутпарастликдан қолган панжа суратини мундаги ҳеч бир муқаддас мазорға ва мақомға қўймабдурлар.

На Шом ва на Қуддус ва на Қоҳирадаги зиёратгоҳларда қўй ва ҳўкузни(нг) шохи ва қуйруғи муқаддас ва олий мазор устинда қўюлган йўқдур. Онинг учундурки, бир содадил туркистоний ҳарами муҳтарами ҳазрат набавийға кириб, ҳужраи саодатни зиёрат этгандан сўнг, «садағаси кетай, хўб мазор экан, лекин туғи йўқ экан», деб ҳасрат этиб экан.

Қуббаи Ҳазрати Сулаймон алайҳиссаломдан чиҳиб, ҳарам дохилинда ва қибла тарафиндаги Масжиди Ақсо-зиёратиға кетармиз. Ҳарами шарифни учдан икки ҳиссаси ифлос, чақир-чуқур, ҳар ерға ўт чиқиб, ўзи қуруб- чуруб кетмоқдадур. Ҳарам ичиға бир неча ерда су(в) бор экан. Мундаги сарв, зайтун ва бошқа дарахтлар сувсизликдан қурумоқдадур.

Мана мармар йўлакни бир тарафинда мундаги талаба ва машойих ҳам далилларни дастурхонидан чиқгон суяклар ва шиприндилар йиллардан бери тўдаланиб ётибдур.

Ҳарамни(нг) икки тарафинда бир неча ерда мармар фаршлар чўкуб, бизни қабристондаги ўюлган гўрлардек бузулуб, чўкуб ётибдур. 25 таноб қадар бир ҳарам ва мунинг 10 танобдан зиёдасини масжид, қубба ва ҳужралар ишғол қилгандур. 5 танобдан зиёдаси яна мармар тошлар ила фарш қилинган бўлуб, ниҳоят саккиз—ўн таноб қадар бўш ер борки, мунинг ҳам ҳар тарафидан бир неча мармар бўлаклар қилинган бўлуб, 5—6 танобини баъзи еринда қуругон ва қурумоқға юз қўйгон сарв, зайтун дарахтлари борки, шуларни суғориб ва ёввойи ўтини ўруб, чақир-чуқурини текислаб, шипринди ва ахлатларини беш юз қадам ташқаридаги сойға чиқариб тўкмоқға Қуддуси шарифға одам топилмайдур. Ҳукумати ва ё баладиясини ҳарамға қарайдургон кўзи кўр бўлғон. Ҳарами шарифни ваҳфидан юз минг сўмдан зиёда мадохил бўлуб, 40 минг сўм қадари шайх ва аҳли ҳарамға берилур. Аммо олами исломни ҳар ериндагидек ҳарамни назофати ва асл биноси таъмириға аҳамият берилмайдур.

Бу замон атрофимизда йигирма қадар ўн яшардан 60 яшарғача «назрхўр» борки, «Ҳожи, ман—тахиб, ман— имом, ман—турбадор, ман—мифтоҳдор, ман…, ман… назр бер»; деб мутаважжиҳ бўлмоқда ва чақириб, сани сақлаб, пул тиламоқдадурлар. Майда болалари бўлса, атрофингни олган ва этагингдан ушлаб, пул бер, дейдур.

Мани оташаробадан олган далил ёнимға бўлуб, Масжид ал-Ақсоға қараб кетмоқдамиз. Баъзи болаға пул бермадингми, сан яҳудий, деб айрилар.

Ажойиб ҳоллар. Бу ҳарами муҳтарам ичинда бир замон қалбинг айридур. Олами руҳониятға ва нуроний бир мозийға ва осмонларға учарсан ва беш дақиқа сўнгра бу ҳолларни кўруб, тошға айланарсан, гўёки бир биёбони ваҳшатда гезарсан. Тоқатим қолмади, тавҳиф этдим. Бир нимарса берур умиди ила атрофимни ўн қадар катта ва беш-олти майда назрхўрлар олди.

Дедим: «Худо учун, мунда ётган анбиё учун сўзумни тинглангиз. Ўзингизға маълум, бу ҳарами муҳтарамда Масжиди ал-Ақсо бўлуб, “Субхон ал-ази асру…” ояти шарифаси мунинг ҳаққиға нозил бўлгандур. Бу мақоми муқаддаснинг шаънидаги ҳадислар, албатта, маълумингиздур. Ўз нафсингиз учун бу қадар зиллати тамаъни қабул қиларсиз ва беш юз қадамдаги ҳужрангиздан чиқиб заввордан назр олмоқ учун югуриб, ман— имом, ман—хатиб, ман—ансордан ва саййид… дерсиз. Бу вайроналар ва бу ҳарами муҳтарам ичиндаги шу музбалаларни* кўрмайсизми? Ушбу болаларингиздек ахлоҳсиз болаларни ҳеч ерда кўрмадим. Заввор пул бермаса, сўкар, яҳудий дер. Бу на ҳолдур? Мундай кетса, амин бўлингки, анқариби ҳарамни ва арзи муқаддасни насоро ва яҳуд сиздан олар!..» Сўз тамом бўлмасдан назрхўрларни бир нечаси қайтиб кетди. Бир-иккиси далилдан сўрайдур: “Ман-ҳувва?[2]” “Муҳаррир ал-жарида*”».

Тумшуқини кўтариб жавобсиз кетар ва бир-иккиси жавобсиз қараб турар. Охири, қайюмбошидан шикоят этар.

Далил эртароқ зиёратни тамом қилдурмоҳ учун мани масжиди Ақсо тарафиға олиб кетди. Назрхўрлар ва болалар пароканда бўлдилар. Бироз нари кетдук. Яна бир неча катта ва кичик назрхўрлар кела берди. Далил аларға араби баъзи нимарсалар сўйлади, қайтиб кетдилар. Биз оёқларимизни ешиб, кафшини баввобғо бериб, масжид ал-Ақсоға кирдук.

(Бақияси бор)

«Ойна» ж., 1914 йил,
50-сон, 1189—1194-бетлар.

(Давоми бор)

*
Амуд – устун
Музбала – ахлатхона
Жарида – газета

[1] “Раҳнамо” – маълумотнома, йўл кўрсатувчи китоб
[2] Ман-ҳувва? — Ким у?