O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳалигача бу кир “Иш” узил-кесил ёпилмади

Ҳалигача бу кир “Иш” узил-кесил ёпилмади
186 views
18 May 2016 - 8:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(11-қисм)

Ёзувчи ўзи кейинчалик Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга ёзган хатида таъкидлашича, у “Муҳаммад Солиҳ менинг дўстим!” дегани учунгина қамоққа ташланган.

У ёзишича, “16 феврал воқеаларини Муҳаммад Солиҳ уюштирди деб кўргазма берасан!” дея мажбурлашган, қийнашган, лекин у дўстига қарши кўргазма бермаган. Шунда хотини ва қизини тергов хонасига келтириб, кўзи ўнгида уларни таҳқирламоқчи бўлишган! Мамадали Маҳмудов шунисига чидамаган ва синган – судда Муҳаммад Солиҳни “сотиш”га мажбур бўлган. Давлат суд ишини телега ёзиб олиб, бутун республикага кўрсатган.

Мана шу сохта кўргазмаларга асосланиб давлат 16 феврал учун “ҳамма айбни Муҳаммад Солиҳ бўйнига юклаб”, уни ғойибона 15,5 (ўн беш ярим) йил қамоққа ҳукм этди. Ишни қойиллатдик деб ўйлаб Халқаро полис (Интерпол) ташкилотига Муҳаммад Солиҳни дунёнинг қайси бурчагида бўлса ҳам ушлаш талаби билан мурожаат қилди…

Ниҳоят, жиноятнинг 5-йилига келиб, тепада айтганимиздек, “Би-би-си” радиоси қайта-қайта мурожаати натижасида Ўзбекистон ҳукумати чет эл мухбирлари Зайниддин Асқаров билан учрашиши учун рухсат беришга мажбур қолди. Шундан кейин ҳамма парда очилиб кетди, ёлғонлар ошкор бўлди ‒ 16 феврал учун айбни Муҳаммад Солиҳга тўнкаш режасини бутун дунё билиб қолди!

Бу айтилганларга қўшимча: давлат бу қалбаки айблов билан (диққат қилинг: ёлғондакам ундирилган кўргазмалар билан!) яна қанчадан-қанча гуноҳсиз кишиларни қамади, айримларини йўқотиб юборди, қизлари ё аёлларининг номусини булғади; ҳамон ўша қуруқ туҳмат билан кўплар зиндонларда ётибди!

Учинчи гумон Ўзбекистон исломий ҳаракатига тушди. Бу ташкилот, тушунтириш йўли билан халифалик қуришни мақсад қилиб олган “Ҳизбут таҳрир”дан фарқли ўлароқ, “Ўзбекистонда куфр тузум ўрнига ижтимоий адолатли Ислом давлатини жиҳод йўли билан қурамиз” деб ҳисоблайди ва ҳаракатига қуролли усулни танлаган. Аъзолари бир пайтлар мамлакатдан қувғинга учраб четга чиқиб кетишга мажбур бўлган юртдошлардан иборатдир. Усуллари тўғри ё хато экани бошқа масала ва бошқа мавзу бўлгани учун бу ерда тафсилотга берилмаймиз, биз фақат ва фақат мавзу доирасидаги битта нуқтага – улар ҳам 16 феврал воқеаларига айбдор деб топилгани масаласига диққатингизни қаратяпмиз.

Роса айб ахтариб кўрилди, қалбаки гувоҳликлар ҳам олинди, лекин барибир кўнгилдагидек натижага эришилмади. Чунки ўртада Зайниддин Асқаровнинг кўргазмаси турибди!

У айтишича, қўпорувчилар Тошкентда қилмоқчи бўлаётган ишларидан хабар топган Тоҳир Йўлдош зудлик билан олдин Баҳром Абдуллаевни, у қамалиб қолгач эса Алоуддин Болтаевни атай Тошкентга йўллаб уларни бу ишдан қайтаришга ҳаракат қилган, ҳатто, “Ниятларидан қайтмаса, ўлдир!” деб буйруқ берган. Давлат олдида унинг бошқа айби кўпдир, лекин хоссатан 16 феврал воқеаларида “ЎИҲ”ни айбдор қилиб кўрсатиш зўрма-зўраки бир иш экани очиқ кўриниб турибди.

Юмшоқ қилиб айтганда, бу иш ўзи сувга чўкмаслик учун бошқани чўктиришга уринишдир. Ўзини оппоқ кўрсатиш учун бошқани лойга пийпалашдир. Шунда авом чалғийди, кўнгилларни тушуниксиз бир қўрқув босади, сўнгра давлат нима қилса, тўғри қиляпти деб ўйлайверадиган бўлади у.

Диққат этинг: Ўзбекистон давлати ва ҳукумати “Ўзбекистон исломий ҳаракати”ни террорчи-қўпорувчи ташкилот деб билади ва бошқа давлатлардан ҳам уларни шундай деб тан олишга чақиради. Шунчалик “террорчи-қўпорувчи ташкилот” ҳам, унинг ашаддий “террорчи” бошлиғи Тоҳир Йўлдош ҳам бу мудҳиш ишга – Тошкентда президентга қарши суиқасд қилиш ва бўмбалар портлатишга кескин қарши бўляпти, аммо Ўзбекистон давлатининг ўзи кўпдан-кўп вайронагарчиликларга ва қанчадан-қанча тинч аҳоли ўлимига олиб келадиган террорчилик ҳаракатига МХХси ва президенти тимсолида бош-қош бўлиб турибди! Буни қандай тушунса бўлади?!

Тўртинчи гумонли – иккинчи билан учинчининг бирикмаси, яъни, Муҳаммад Солиҳ + Ўзбекистон исломий ҳаракати.

Бу гумон туғилишига демократ Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистон исломий ҳаракати бошлиғи Тоҳир Йўлдош билан кўришгани сабаб бўлди. Ҳолбуки, кўришишнинг ўзи ҳали ҳеч нарсани билдирмайди. Булар бир-бирининг ҳаракат усулларини қўллаб-қувватлаганми – шу томонига қараш керак.

Зайниддин Асқаров гувоҳлик беришича, демократик мухолифат бошлиғи Муҳаммад Солиҳ қуролли курашга кескин қарши чиққан, Тоҳир Йўлдошни ҳам тинч йўл билан курашишга чақирган. Иккаласи тил топиша олмагач, ҳар қайсиси ўз фикрида қолиб, ажрашишган. Хоссатан, 16 феврал портлашлари демократ мухолиф Муҳаммад Солиҳ учун ҳам, қуролли мухолиф Тоҳир Йўлдош учун ҳам кутилмаган иш бўлган ва иккаласи ҳам бу қўпорувчиликни кескин қоралаган.

Энди уларнинг бу воқеалардан олдин бир неча марта бир-бири билан кўришгани масаласига келсак, бу учрашувлар Зайниддин Асқаровнинг ташаббуси билан, мухолиф кучларни бирлаштириш мақсадида юз берган. Зайниддин Асқаров айтишича, у Тоҳир Йўлдошни Муҳаммад Солиҳдан ташқари “Бирлик” бошлиғи Абдураҳим Пўлатов, мустақил мухолиф Жаҳонгир Маматов, диний қочоқ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан ҳам алоҳида-алоҳида (1996 йили) учраштирган. Бир неча кунлаб гаплашишган, талашишган-тортишишган, ҳаммалари Тоҳир Йўлдош танлаган йўлга қарши бўлишган, уни бу йўлдан қайтаришга уринишган, аммо Тоҳир Йўлдош ўз йўлида қайсарлик билан туриб олгач, бирлашиш тўғрисидаги хаёллар пучга чиқиб, ҳар ким ўз фикрида қолиб тарқалишган.

Табиий, мамлакат ичида қарор топган тузумдан қониқмаган, уни ўзгартиришга чора ахтараётган чеккадаги ҳар қандай мухолиф шахс ёки ташкилот бир-бири билан топишишга, кучларни бирлаштиришга уринади. Бу ерда тилга олинган шахсларнинг ўзаро кўришувини ҳам шу маънода тушуниш керак, холос. Лекин Ўзбекистон давлатига ҳақиқат керак эмас, у мухолифларни террорчи қилиб кўрсатиши, уларни ичкарида ўз элининг, ташқарида дунё ҳамжамиятининг назаридан қолдириб, ҳокимиятга бир ўзини ҳақли қилиб кўрсатиши керак. Шунинг учун куракда турмайдиган бу туҳматни илгари суриб, портлашларга янгича тус беришга ҳаракат қилиб кўрди: “Мана демократик мухолифатнинг чин башараси, улар очиқ террорчилар билан бирлашди!” деган шов-шув кўтариб, халқаро сиёсий майдонда Муҳаммад Солиҳ обрўйини тўкишга, ташқи қўллаб-қувватловлар йўлини кесишга уринди.

Бешинчи:16 феврал воқеалари баҳонасида қувғинга учраган яна бир тоифа бор. Улар портлаш иштирокчилари қаторида гумон остига олинмади, лекин натижа ўлароқ террорчи оқимлар рўйхатига киритилди. Улар “нурчилар” номида машҳур бўлган, курд олими Бадиуззамон Саид Нурсийнинг “Рисолаи нур” туркум китобларини ўқиб имон дарси оладиган шогирдлардир.

Аммо давлат бу масалада ҳам жиддий хатога йўл қўйди. Аслида у хавфсираётган тоифа эларо “Хўжа Афанди” номи билан машҳур Фатҳуллоҳ Гулан ва унинг “Хизмат” деган жамоати эди. Булар ҳам дарсларида “Рисолаи Нур”ларни ўқигани учун давлат чалғиди ‒ “нурчи”лар билан “гуланчи”ларнинг фарқига бормади, айрим масалаларда улар ҳатто бир-бирига тескари жамоат эканини билмади: Бадиуззамон Саид Нурсий ва шогирдлари сиёсатга мутлақо аралашмасликни тарғиб этади, Фатҳуллоҳ Гулан ва унинг “Хизмат” жамоати эса сиёсат ва ижтимоий ҳаётнинг қоқ ўртасида иш юритади. Давлат бу икки тоифани бир деб ўйлагани оқибатида жуда кўп ёшлар ҳақсиз жабрга йўлиқди…

Бу ерда саналганлардан ташқари ҳар эҳтимолга қарши яна бир-икки тоифа гумонлилар қаторига мўлжаллаб қўйилган бўлиши керак, албатта. Чунки бизнинг мамлакатда давлатдан ва қонун ҳимоячиларидан ўзлари чиқарган қонунга риоядан бошқа ҳар балони кутса бўлади.

Давлатнинг кейинги хатти-ҳаракатлари бу хулосамизни тўла тасдиқлайди:

1. Битта тахмин тасдиғини топса, ўша заҳоти қолганлардан бу шубҳа-гумон кўтарилиши, ҳақсиз қамалганлар узр сўралиб бўшатилиши керак эди. Ундай бўлмади.

2. Чинакам исбот топилганида дунёга ноғора қоқилган бўлар эди. Ундай бўлмади.

3. Бунақа портлашлар юз берса, рисоладаги ҳар қандай давлатда Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари амалларидан учиб кетиши, вазифасини эплай олмагани учун эл-юрт кўзи ўнгида энг камида президент уларнинг попукларини юлиб олиши керак эди! Ундай бўлмади.

МХХ раиси Рустам Иноятов ҳам, Ички Ишлар вазири Зокир Алматов ҳам сувдан қуп-қуруқ чиқди – амал курсиларини сақлаб қолдигина эмас, кейин ҳам бемалол ишлаб юраверди!

Аксинча, бу мантиқлар ўрнига Ўзбекистон ҳуқуқида оддий ҳол бўлган ҳодиса юз берди – 16 феврал воқеалари бўйича очилган Иш ҳужжатли-далилли-исботли охирги натижага келмаганига ва биронта тахмин юз фоиз тасдиғини топмаганига қарамай, “жиноятчи”лар бирваракайига ҳамма тахмин бўйича қидирилди, бирваракайига ҳамма тахмин бўйича қамоққа ҳукм қилаверилди.

Боз устига, ҳалигача бу кир Иш узил-кесил ёпилмади. Бу дегани “террорчиликка қарши кураш” лойиҳа-режасига кўра бошланган сиёсат “16 феврал” йўналишида ҳали-вери тўхтамайди. Демак, давлатга жиноятнинг изи аниқ топилганидан кўра, шубҳа-гумонлар мақомида қолгани яхши…

16 февралдан жавобсиз кўп саволлар қолди:

– ўша, майдонда “Оллоҳу акбар!” деб қочганлар – исм-фамилиялари аниқ саналганлар кимлар ва қайси оқим ёки ташкилотдан эди? Қани улар ўзи: топилдими, кейинги тақдирлари нима бўлди?

– МХХ ва ИИВ асосий ишни охиригача етказа олмагани, натижада қанчадан-қанча гуноҳсизлар қуруқ гумон билан қамоқларга отилгани учун айбни бўйнига оладими, халқдан узр сўрайдими?

– уюштирилган портлашлар оқибатида ҳалок бўлган қурбонларнинг хуни кимнинг ё кимларнинг бўйнига тушади?!

– бир вақтлар Тошкентдан кетиб қолган жуҳуд “ёзувчи” О. Якубов яшаб турган ери Исроилдан махсус чақиртириб келингани ҳамда бу воқеаларга бағишланган китобини портлашлардан олдиноқ (!) МХХ хоналаридан бирида ёзишни бошлагани ҳақида ижтимоий тармоқларда аниқ-тиниқ айб қўйилди, аммо унга расмий жавобни ўқимадик, эшитмадик.

‒ Зайниддин Асқаровнинг чет эл радиоларига берган суҳбат-кўргазмаси бўйича жиноий иш очилдими-йўқми? Унда тилга олинган ва портлашни билатуриб олдини олмаганликда, у қўпорувчиликни ғаразли мақсадларида бевосита уюштирганликда очиқ айбланган давлат мансабдор шахслари Йўлбарс Шералиев, Рустам Иноятов, Зокир Алматовлар устидан жиноий иш қўзғатилдими? Ҳеч бўлмаганда ҳақиқатни аниқлаштириш учун улар сўроқ-терговга тортилдими?

‒ йил ўтгани сайин 16 феврал нимага эсланмаяпти? Аксинча, атай унуттириляпти, худди ҳеч нарса бўлмагандай?

‒ мустақил журналистларга бу жиноятни текширишга имкон бериладими?

‒ 16 феврал “Иш”и қачон ёпилади ва охирги хулоса халққа қачон эълон этилади?

– …

Кичик хулоса

16 феврал Ўзбекистонимизнинг “мустақиллик йиллари” деб аталаётган қисқа тарихида салмоғи, аҳамияти, ўрганишга арзирлилиги боқимидан шу ясама “мустақиллик” эълон этилган 31 августдан ҳам устун туради, назаримда.

Эътирозга шошилманг. Ватанимиз ўрис-совет мустамлакасидан озод бўлишини умр бўйи орзу этиб яшаган, бу йўлда қўлидан келганича ҳаракат қилган бир инсон ўлароқ бутун бошли бир мустамлака даврининг тугаши куни билан Тошкентнинг у ер-бу ерида етти-саккиз бомба пақ-пуқ этган куннинг фарқини ажрата оламан, албатта. Лекин масалага бошқа томондан қаралса, бундай ғалати хулосага ҳам келса бўларкан.

Биринчидан, мустақиллик учун курашмаганлар, ҳатто қарши бўлганлар бирдан унга эга чиқди ва мустамлакадан қутулишни чин юракдан истаган, бошини кундага қўйиб курашган халқнинг чинакам мустақилликни қозонишдек бахтини ўғирлаб қўйди. Натижада бу тарихий ҳодиса буюкликдан кичик ва тушунарсиз бир воқеа даражасига тушиб қолди.

16 феврал воқеалари эса эски коммунистларнинг “мустақиллик” чиммати ортига беркинган асл башараларини, бундан кейин қанақа сиёсат юритишинию мамлакат қайси йўлдан боришини кўрсатадиган, бундан бу ёғига оддий халқ бошида кўп калтаклар синиши мумкинлигидан дарак бергани билан ҳам улкан ҳодисадир.

Иккинчидан, мустақиллик халқ кўнглидаги энг эзгу орзулардан бири эди, у эълон этилгач, яхши кунлар келишига озми-кўпми умид уйғонди. Аммо кейинги сиёсатлар, хоссатан “16 феврал услуби” халқнинг бутун бу орзу-умидини чиппакка чиқарди.

Бундай “мустақиллик”нинг ўзи ҳам, уни эълон қилганлар ҳам иккиюзламачи эканини очиқ кўрсатгани, ички ва ташқи сиёсатда ёмон томонга кескин бурилиш нуқтаси бўлгани эътиборидан ҳам 16 феврал оламшумулдир.

Учинчидан, мустақилликни энг кўп маҳаллий халқлар истаган ва, энди кўксимизга шабада тегади деб энтикиб кутган эди, аммо “коммунистча мустақиллик”нинг энг кўп жабри ва оғирлиги айни шу маҳаллий халқ бошига тушди.

СССР замонида қўли, тили узун бўлганлар СССР қулаганидан кейин ҳам ҳаётдан том баҳра олиб, ўйнаб-кулиб юргани ҳолда, эски замонда зулм ва хўрлик кўриб яшаган маҳаллий халқлар 16 феврал каби турли баҳонаю сабаблар билан яна ўша зулм ва хўрликлар остида қолаверди. Яъни, 31 август маҳаллий халқларга том маънода мустақиллик бермади, 16 феврал эса эл бошига том маънода кулфат келтирди. 

Бу маънода ҳам 16 феврал 31 августдан тепада туради. Чунки коммунистлар 31 август куни юзига тортган “мустақилликчилик ниқоби”ни 16 феврал йиртди ‒ чин башараларни очиб ташлади.

16 феврал воқеаларидан қандай сабоқлар чиқди?

1. Бу давлат, бу ҳукумат ўз халқининг кўнглига йўл, тилига тил топа олмади. Натижада халқининг дўсти, ҳимоячиси, хизматчисига айланмади.

2. Бу давлат, бу ҳукумат “Ватан манфаати” деганда энг бирламчи ҳеч тўймас нафсини, сира қўйиб юборгиси келмаётган амалини тушунади, натижада юритаётган сиёсати Ватан, Халқ, Давлатнинг асл манфаатларига уйғун эмас.

3. Бу давлат, бу ҳукумат динга, хоссатан Ислом динига зимдан душмандир.

4. Бу давлат, бу ҳукумат Оллоҳга яширин душман, яъни, мунофиқдир.

5. Бу давлат, бу ҳукумат сўнг даражада шафқатсиздир: ҳокимиятини сақлаб қолиш учун энг жирканч ишларга ҳам қўл ура олади – мансабига халақит қилиши мумкин бўлган рақибларини, озгина ҳур фикрли кишиларни ўртадан кўтариш мақсадида уйига ё уловига гиёҳванд модда, қурол ташлаб қамайди; терговда руҳини синдириш учун кўзи ўнгида хотини ё қизини зўрлашгача боради; ҳатто даҳшатли портлашлар уюштиради… ва ҳоказо.

6. Бу давлат, бу ҳукумат ҳар қанақа макрдан қайтмайди – мазлумлар қони сачраган юзини эл кўзидан ёпиш, халқи фикрини мамлакатнинг чин аҳволидан, ички ва ташқи сиёсатда йўл қўйган кетма-кет хатоларидан чалғитиш учун йўқ ердан “душман” ва “қора кучлар” топиб, турли туҳмат-бўҳтонлар уюштириб, ҳар хил “хавфли” ёрлиқлар ёпиштириб, ўз айбини уларга ағдаради, ўзини эса тинч ҳаёт, осуда осмон учун курашаётган қилиб кўрсатади.

Иқтидордан сира кетгиси ва ҳокимиятни қонуний йўл билан бошқаларга бергиси келмаганидан “16 феврал” каби чиркин ва ифлос ишларга ҳам бемалол қўл ура олади.

2005 йил 13 май куни Андижонда бўлганидек ялпи қирғинлардан ҳам тоймайди.

Президентнинг доимий рақиби ва танқидчиси Муҳаммад Солиҳ ва бошқаларга суиқасд уюштириб чарчамайди, ҳар гал шармандали тарзда ошкор бўлганига қарамай, йиқилган курашга тўймас қабилида яна қотил ёллаб орқаларидан юбораверади!

Мас., Абдулла Ўта, Абдували қори Мирзаев каби дин уламоларини ўғирлаб, дом-дараксиз йўқотиб юборди. Обид қори Назаровни Шветсияда оттирди. Қамоқхоналардан қанчадан-қанча гуноҳсизларнинг ўлиги чиқди… Бунақа разил ишлар ҳалигача тўхтаётгани йўқ! Ажабланарлиси – сири очилиб қолганидан кейин ҳам тан олмайди, уялмайди, ҳеч нарса кўрмаган-билмагандай без бўлиб тураверади. Уят йўқ, ор йўқ, номус йўқ.

7. Бу давлат, бу ҳукумат дўст билан душманнинг фарқига бормайди. Бир динли-бир тилли дўстларига неча йиллардан бери душманга ўхшаб муомала қилиб келяпти, ҳатто ён қўшни-жон қўшни Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон билан ҳеч чиқиша олмайди, вижи-вижилашиб уришгани уришган.

Халқимиз асосан мусулмон бўлгани ҳолда биронта мусулмон давлати билан қалин дўст эмас. Тили ҳам, дини ҳам бир бўлган Туркия билан муносабатлар ўта таранг, ҳатто душман кабидир.

8. Бу давлат, бу ҳукумат Туркистон тупроқлари қайтадан бирлашишига, ерли аҳоли боши бирикишига тарихий имкон ва шарт-шароит етилган бир пайтда, аксинча, қадимдан бир ватан бўлиб келган ўлкани тинимсиз майда-чуйда гап-сўзлар билан янада бўлиниб кетишига сабабчи бўляпти. Умумий сиёсати айниқса туркий миллатларнинг бир-бирига талпинишига тўсқинлик қилишга қаратилгандир.

Туркий давлатлар раҳбарлари йиғилишларига Ўзбекистон қатнашмай қўйганига анча йиллар бўлди. Президент ўзи ҳам бормайди, бошқаларни ҳам қўшмайди. Туркий давлатлар билан тузилган ва тантанали имзоланган “Абадий дўстлик” ҳақидаги битим қоғозда қолиб кетган. Бундай сиёсат кимнинг манфаатига хизмат қилади? Ҳарҳолда Ўзбекистоннинг ва ўзбек халқининг манфаатига эмас.

9. Бу давлат, бу ҳукумат ўзи тузган Асосий Қонунга суянмайди, суяниш тугул, писанд қилмайди. Давлат сиёсатини Бир Кишининг қош-қовоғи белгилайди.

Одамларда на Конститутсияга, на халқ иродасига, на қасамга ва на сайловга ҳурмат қолди. Қонунга Бош риоя этмаса, бошқа аъзолар риоя этармиди. Мамлакатдаги бошбошдоқликнинг асосий сабаби шунда.

Ахлоқ издан чиқди. Порахўрликни эплаб бўлмай қолди. Мансаб савдоси очиқ тус олди. Давлат мулкини ўмариш, ўғрилик, мамлакатга божхонани четлаб ўтиб мол олиб кириш… каби қинғир ишлар кучайди. Инсон ҳуқуқлари топталди. Қонунлар ишламас ҳолга келди. Мамлакатда тўла ва узил-кесил президент диктатураси ўрнатилди.

10. Бу давлат, бу ҳукумат сўзининг бурди йўқ: 16 феврал айбдорларини бир ой ичида топамиз деб халқ вакиллари – депутатлар ҳузурида катта ваъда қилган, МХХ бошлиғи тили билан: “Ислом ака, мана, депутатлар ҳузурида мен сизга сўз бераман: у жиноятчиларни бир ой ичида топамиз!!!” деб қасам ичган эди, орадан йиллар ўтди, сира ёпишмаса ҳам ўнлаб тоифага ўнлаб айб қўйилди, бироқ далилли-исботли аниқ айбдор ҳам, далилли-исботли аниқ сабаб ҳам “топилмади” ва… аста-секин “унутилди” – у ҳақда гап очмай қўйилди. “Унутилди” дедик. Чинакамига унутилгани йўқ, индалмай қўйилди, холос.

Индалмаётгани билан юзлаб, балки минглаб ёш-ялангни қамашни унутгани йўқ давлат! Қанчадан-қанча гуноҳсиз кишиларнинг бошига етди бу қаттол 16 феврал!

11. Бу давлат, бу ҳукумат халқи билан бирлашиб кетмади, аксинча, билибми ё билмай юритган сиёсати натижасида давлатни халқидан, халқни давлатидан узди.

16 феврал воқеалари орадаги жарликни янада катталаштирди. Энг ачинарли ва афсусланарлиси – давлат халқига, халқ давлатига ишонмайди, бир-бирига чўчинқираб қарайди, бир-бирида дўстни эмас, кўпроқ душманни кўради. Бир-бирига тўла ишонч билан суяна олмайди. Халқнинг ҳам, давлатнинг ҳам кучсизлиги шундан.

Бу дегани осонгина бошқаларга ем бўлиш хавфи кучайди деганидир. Халқига қарши уриш очиб Ўзбекистон ўзи ғирром ва маккор тузоққа тушди – иқтидорини чет кучларга муҳтож қилиб қўйди.

Эскартма: “Бу давлат, бу ҳукумат” дейиларкан, давлат ва ҳукумат ичида эл-юрт манфаати учун виждонан ишлаётган бошлиқларимиз асло озорланмасинлар. Чунки тепамизда ҳалол ва ватанпарвар бошлиқлар кўп ва уларнинг борлиги эвазига ҳам балки мамлакат тўласича чўкиб кетмаётгандир. Яккаҳокимлик шароитида давлат ва ҳукумат жилови қўлида бўлган жуда озчилик назарда тутилаётганини алоҳида эслатмоқчимиз.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com