O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳалима Худойбердиева: Шоир подшоҳни мадҳ қилса, мамлакат бахтсиз бўлади

Ҳалима Худойбердиева: Шоир подшоҳни мадҳ қилса, мамлакат бахтсиз бўлади
168 views
08 August 2017 - 20:16

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Mаданият, санъат ва адабиёт вакиллари иштирокида 3 август куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши сўнгида таниқли шоира Ҳалима Худойбердиева сўз олиб, президент Шавкат Мирзиёевга оқ йўл тилаган.

“Озодлик” радиоси билан суҳбатда 70 яшар шоира “Шавкат Мирзиëевнинг очиқлик сиëсатига” оқ йўл тилагани ва айнан Мирзиëев ҳокимият тепасига келганидан сўнг “озгина бўлса ҳам адолат ўз ўзанига тушганини” таъкидлади.

– Қора рўйхатлардан ижодкорларнинг ўчирилганлигини қўллайман, албатта. Ўзим ўша қора рўйхатда эдим. 22 йил исталмаган шахс бўлдим. 22 йил радио ва ТВ дан узоқ тутилдим. 22 йиллик танаффусдан кейин ўтган йилнинг декабридагина ТВ да юзим кўринди¸ дейди шоира.

“Озодлик” радиоси билан суҳбатда шоира Мирзиëевнинг нутқидаги пафосга қарамасдан, у кишининг нияти эзгу ва нутқи самимият билан йўғрилганига эътибор қаратди:

– Бу одам “ëзувчилар турмуш машаққатлари тагида кўмилиб кетмасин”, деганида жуда самимийдир. Қаранг, Рауф Парфи деган халқ шоири умрининг охирги кунлари уйсиз¸ пулсиз ва ўта ғариб шароитда кечирди. Айтматов айтганидек, майда тирикчилик ташвишлари энг улуғ ижодкорларни ҳам емириб ташлайди. “Бу емирилишдан қутқараман ижодкорларни”, деган самимий ниятни сездим мен президент билан учрашувда¸ деди шоира.

Айни пайтда бу учрашувда баъзи оғриқли масалаларни, масалан, таниқли ëзувчи Мамадали Маҳмудов ва рассом Вячеслав Охуновларга чиқиш визаси берилмаётгани билан боғлиқ масалани ҳеч ким кўтармади. Бу ҳолатни изоҳлаган Худойбердиева ҳала ҳам ичимизда ҳадик бор дея тан олди:

– Бирданига юриб кетиши қийинку араваниям?! Лекин озгина бўлса ҳам адолат ўз ўзани тарафига буриляпти¸ – дейди шоира.

“Озодлик” радиоси билан суҳбатда Ҳалима Худойбердиева мадҳиябозлик иллатига, ижодкорнинг ҳукмдорни мадҳ қилиши масаласига ҳам тўхталди:

– Лаганбардорлик¸ маддоҳлик барча давларда бўлган ва мутлақо қораланиши керак бўлган иллатдир. Мен 3 август кунги учрашувда сўз олиб, ана шу ҳолатга эътибор қаратиб, Амир Темурдан иқтибос келтирдим. “Агар, – дейди Амир Темур¸ – подшоҳ шоирни сийласа ўша мамлакат бахтли бўлади¸ агар шоир подшоҳга маддоҳлик қилса, ўша мамлакат бахтсиз бўлади.” Бу гапим билан нимага ишора қилганимни президент ҳам учрашув қатнашчилар ҳам яхши тушунди деб ўйлайман¸ деди шоира.

Суҳбат сўнгида Ҳалима Худойбердиева файласуф Демокритнинг “Ҳукмдор – халқ хизматкори”, деган гапи ижобат бўладиган давр яқинлашганга шукрона айтди.

Шоира давлат арбоби ва 22 йил исталмаган шахс

Шоира Ҳалима Худойбердиеванинг “Илк муҳаббат” шеърий тўплами 1967 йили. у Тошкент давлат университетининг Журналистика факультети, биринчи курсида ўқиб юрган пайтда нашр этилган эди.

Шоира “Ёш гвардия” нашриётида бўлим мудири, “Саодат” журналида Бош муҳаррир сифатида ишлаган. Бундан ташқари у Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси бўлган.

“Озодлик” радиоси билан суҳбатда Худойбердиева 1994 йилда турмуш ўртоғи, ўша пайтларда Президент Каримовнинг Давлат маслаҳатчиси бўлган Мавлон Умрзоқов ишдан олингани ортидан барча лавозимлардан бир кунда мосуво бўлганини айтиб берди.

Шоирага кўра, ўша вақтларда у, эри қамоқда ўтирган икки йил давомида, уйдан кўчага чиқмаган.

Ҳозирга қадар шоиранинг 16 та шеърлар ва битта публицистик асарлар тўплами босмадан чиққан.

22 йиллик танаффусдан кейин 2016 йил декабрида чоп қилинган насрий тўплами ҳақида гапираркан, Ҳалима Худойбердиева: “Бу -“Юрагимнинг оғриқ нуқталари”, яъни унда жамиятдаги юрагимга оғриқ берган воқеа-ҳодисалар акс этган”, – деди.

ЎХҲ хабарлар бўлими