Нажот йўли
(29-қисм)
ТАЗАБЗУБ
Мусулмонларнинг кўпчилигида ношойиста бир ҳолат мавжуд. Масалан, фалон бир ишдан кўп манфаатлар олиш мумкин деб ўйлаб, дарҳол шу ишни бажаришга шошиладилар. Лекин, бир неча кун ўтгач, ўша ишдан қўл тортиб қоладилар. Бунинг сабабини сўрасангиз: «Бу ишда ҳақиқатан ҳам кўп фойда мавжуд, лекин унинг фойдасига етишишга кўп вақт керак ёки унга эришиш йўли машаққатли ё биз бу ишни бажаришдан ожиз эканмиз», — деган жавобни берадилар. Ана шу ҳолат тазабзуб — иккиланиш ҳолати дейилади. Бу ҳолатга икки нарса сабабдир: бизнинг шижоатсизлигимиз ёки маъюслигимиз.
Юқорида муфассал арз этганимиздек, шижоатсизлик исломий таълимотга зиддир, маъюслик ва умидсизликни ислом дини манъ этганлигини қайд этамиз: «…Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳ раҳматидан фақат кофир қавмигина ноумид бўлур»215.
«Аллоҳнинг оятларини ва Унга рўбарў бўлишни инкор қилган кимсалар — улар Менинг раҳматимдан ноумид бўлган кимсалардир…»216
ИНОД
Шундай одамлар борки, манфаат оламан деган умидда бир зарарли ишга билмасдан қўл урадилар, зарарини билганларидан кейин ҳам шу ишдан воз кечмайдилар ва ўзларича бу ҳаракатларини сабот деб ўйлайдилар. Уларнинг бу ҳаракати сабот эмас, балки инод217 (жаҳл, истаза, ғазаб)дир ва ҳеч бир фойда келтирмайди.
«Бирор ишнинг зарарини билиб олиб, шу ишни қиламайман деб ҳаракат қилганларга Аллоҳ мағфирати ва жаннат мукофот бўлғай», — дейилган Қуръони каримнинг Оли имрон сурасида. Яна «била туриб ўзларингизни ҳашарга солманг» дейилган ояти каримани Бақара сурасида ҳам ўқиймиз.
ҲАЛИМЛИК
Оламнинг интизоми одамларнинг бир-бирлари билан дўстона ва биродарона ҳаёт кечиришларига боғлиқ. Лекин энг ёмони, бечора одам (шунинг учун ҳам одам-да) илму ҳикматининг зўрлигига қарамай, ҳар доим ўзининг барча ҳаракатларини хатодан ҳимоя қилолмайди. Шунинг учун баъзан бирор-бир ҳамжинсининг ҳақ ишига хилоф ҳаракат қилиб, унга ё мол-мулк жиҳатдан, ё қадру эътиборига зарар етказади. Шу зарар кўрган шахснинг вазифаси нимадан иборат? У ўзини қандай тутиши керак? Аввал, мулоҳаза қилинг, унга зарар етказган билмасдан қилдими ё қасддан? Агар қасддан зарар етказган бўлса, зарарнинг оз ё кўплигига қаранг. Агар кўп бўлса, зарар етказган шахсга эътибор берилади, у қилган ишидан пушаймон бўлиб, етказган зарарини тузатмоқчими ё йўқ? Агар зарар билмасдан етказилган бўлса, кам бўлса, ё зарар етказган шахс пушаймон бўлса, узрхоҳ бўлса, ушбу ҳолатларда уни кечириш керак.
Одамлар маданиятга мойил бўлганликлари учун ўрталаридаги муомала, талаб ва иддаоларини олам интизомининг тақозосига кўра лутф ва мадора билан ўрнатишлари лозим. Комилу олим инсонлар нафсларини шундай тарбиялайдиларки, натижада афв ва мадора, мулойимлик одатларига айланади. Шу ҳолатни ҳилм дейдилар. Ҳилмнинг нақадар шарафли эканлигига биргина далил — Аллоҳнинг исмларидан бири Ҳалим эканлигидир. Ҳалимлик оламнинг осойишталиги учун зарурдир. Шундан афв ва мадорани ислом дини жиддият билан бизга таклиф этади:
«…Энди Ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир»218.
«…Ғазабларини ичига ютадиган одамларнинг (хато- камчиликларини) афв этадиган кишилардир. Аллоҳ бундай яхшилик қилувчиларни севади… уларнинг мукофотлари тагларидан дарёлар оқиб турувчи жаннатлар(дир)»219.
«Аллоҳ ғафурдир, афв қилгувчиларни севади» — дейилган «Ал-жомеъ ас-сағир»да.
«Аллоҳ рафиқдир, яъни мадорани севади, қаттиқсўзлик ва ғайирлик сабабидан бермаган нарсасини мадора сабабли беради» деган Муслимнинг «Китоб ул-бар»ида.
Бухорий «Китоб ул-адаб», Муслим «Китоб ул-бар»ида «Худо ҳамма ишлардан мадорани севади», — деб ҳадис келтирадилар.
Муслим «Китоб ур-рафиқ»ида ҳам «Муроса ва мадорадан маҳрум кишилар хайрдан ҳам маҳрумлар» деган ҳадисни келтирган.