O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ҲАЛИ ҲАМ КЕЧ ЭМАС

ҲАЛИ ҲАМ КЕЧ ЭМАС
493 views
06 January 2022 - 16:29
Узоқ йиллардан бери Марказий Осиёда энг истиқрорли давлат имижини ташиган Қозоғистон бугун оловлар ичида.
Қозоқ халқи оёқланди.
Бу оёқланма 1986 йил декабр ойида Олмата шаҳрида юз берган исёндан кенгроқ миқёсда ва йиқувчилиги ҳам кучлироқ.
Бу икки воқеанинг бир-биридан фарқи шу: 1986 йилда қозоқлар Рус истибдодига қарши кўчаларни тўлдиргандилар. 2022 йилда эса ерли ҳукумат зулмига қарши қўзғолон кўтардилар.
Аммо бошқа тарафдан бу икки воқеанинг мусаббиби битта – коммунистик зеҳният.
Бу ўлкалар 1990 йилда мустақилликларини эълон қилдилар, лекин бу ўлкаларни бошқарган эски коммунистлар асло мустақил бўлаолмадилар. Улар ўз тахтини сақлаб қолиш учун ўлка мустақилликларидан ҳам воз кечишга доим тайёр турдилар.
Қаранг, кўчага чиққан халқни бўйсундираолмаган собиқ коммунист лидер Жомарт Тоқабаев минтақада жандарма ролини ўйнаётган, “Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти” деб аталган Русияга тобе бир ташкилотни ёрдамга чақирди. Ҳолбуки, бу Ташкилот ташқи хавфга қарши қўлланилиши керак бўлган бир қурилишдир. Унинг Қозоғистон тупроқларига кириб келиши учун ҳеч бир ҳуқуқий тамал йўқдир.
Қозоқ халқи бу Ташкилот мудоҳаласига қарши ўзининг машру мудофаа ҳақларини қўлланишга бошласа, ҳуқуқ таниган ҳеч бир давлат халқнинг бу ҳаракатини ноқонуний деб йўримлай олмайди.
Қолаверса, Қозоғистон тупроқларига “Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти” аскарлари таркибида Арманистон, Беларус ва Тожикистон давлатларининг ҳам тамсилчилари кирди, бунинг миллатларораси адоватга сабаб бўлиши эҳтимоли жуда юксак.
Халқининг ҳузури ва тупроқларининг эгаманлигини таҳлика остига қўймасдан, мақомидан истеъфо этиб, демократик сайловларга йўл очиш ўрнига халқни бу таҳликали ўйин ичига судраш учун халқ душмани бўлиш мумкин.
Ҳали хам кеч эмас, Қозоғистон бошқаруви “халқ – террорист” шиоридан воз кечиб, намойишчиларнинг ҳақли талабларини ерига келтириши ва ўлкани соғ-салим демократик сайловларга олиб келиши мумкин.
Бугун ўзи тириклигида ўзига ҳайкал ўрнатиб, бу ҳайкалнинг халк тарафидан йиқилганини кўрган тирик бир лидер бор Қозоғистонда. Бу бир сиёсатчи учун катта мусибатдир. Шу мавзуда ёшлик йилларимда ёзган бир шеър эсимга тушди, шуни ўқиб бермоқчиман сўзим сўнгида:
ЛАЗЗАТНИНГ ХИЛЛАРИ
«Лаззатнинг хили кўп» деганда
Кўзлари ёғ босган мечкайнинг
Таомга муҳаббатини эмас,
Димиққан оқшомда
Ҳирсдан эриб кетган банданинг
Сассиқ тушларини эмас,
Ёлланган қулларнинг
Гўдак манглайига тўппонча тираб
Олган завқ-шавқин ҳам айтмайман.
«Лаззатнинг хили кўп» деганда
Ғалати қувончни айтмоқчиман мен:
Золим портрети ёнса гулханда.
1980
Муҳаммад Солиҳ