O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳалол меҳнат

Исломда ҳалол меҳнат билан оила боқиш учун ҳаракат, ибодат билан тенглаштирилган. Ҳалол меҳнати билан кун кечираётган оилалар, мустаҳкам ва элда эътиборли бўлади.

Ҳалол меҳнат
220 views
05 January 2013 - 9:17

Исломда ҳалол меҳнат билан оила боқиш учун ҳаракат, ибодат билан тенглаштирилган. Ҳалол меҳнати билан кун кечираётган оилалар, мустаҳкам ва элда эътиборли бўлади. Амалда иши бажарилаётган объектнинг тез ва соз битишида, ши бажарувчиларнинг холислиги, ҳалол меҳнатнинг қадрланиши катта роль ўйнайди. Ҳалол меҳнат қадрланган жамиятда, тараққиёт муқаррардир.

Қадимдан маълум-ки, меҳнатнинг қадрланиши, давлатчилик ишларининг ривожланишига катта таъсир кўрсатган.

Мисрда, масалан, кўпгина қадимги эҳромлар(пирамидалар) мавжуд. Бу пирамидалар, инсониятнинг ўз меҳнатига ва давлатчилик тарихига қўйган буюк ёдгорликларидир. Тарихнинг таъкидлашича, фиръавн Хуфу (Хеопс) пирамидалари, унинг амрига асосан, (милоддан аввал, 2500 йилларда) 23 йил мобайнида қурилган. Бу пирамидаларнинг қурилишида давлат миқёсида, катта ташкилотчилик ишлари амалга оширилган. Пирамидалар қурилишига зарур ишчи кучлар Мисрнинг барча ҳудудларидан жалб қилиниб, ишчи ўринларига етказилган. Ишчи кучларини жалб қилииш жараёни, инсонларни ижтимоий ҳимоя қилиш қоидаларига асосланган. Қурилиш манзилида, қурувчилар учун маош, ётоқхона, озиқ-овқат, тиббий хизмат муаммолари ечилган. Ҳатто ишчиларнинг таътилга чиқиш масалалари ҳам кўзда тутилган. Қурилиш муаммоларининг, яъни инсон ҳақларининг ҳимояланиш тажрибалари, ҳукумат бошқарув амалларининг такомиллашувига олиб келган. Давлатчилик ривожланган.

Қадимги Рим давлати эса, минг йиллик тарихга эга бўлиб, давлат тузуми қулдорлик шаклида бўлган. Давлатнинг юксак тарихий воқеалари, қуллар меҳнати баробарида содир бўлган ва ривожланган. Кези келганда, аҳолининг тўртдан бир қисми натурал (қул эмас) гражданлар булиб, қолган тўртдан уч қисмини эса қуллар ташкил қилган. Ўз мулкининг (қулининг) ижтимоий талабига адолатли бўлган Рим фуқароси, қул меҳнатидан унумли фойдаланган.

Қулдорлик тизимида ҳам, меҳнат мунасабатларида адолат бўлсагина, қулдор ўзининг иқтисодий мақсадларига эриша олган. Жамиятда, қуллар меҳнатига, маълум даражада адолатли эътибор бўлгани сабабли, Рим давлатчилиги, шунча узоқ давом этган.

Диёримизда қадимдан меҳнат уч хил усулда ташкил қилинган.

1.Ҳашар. Ҳашарда меҳнатчиларга ҳақ тўланмайди.

2.Мардикор. Мардикор, ёлланма ишчи бўлиб, иш ҳақи оғзаки шартлашилади. Шартлашган мадикорларга, иши тугагач, иш ҳақи берилган. Бу жараёнда, иш ҳаққининг холислигини қайд қилиш учун, иш берувчи, мардикор билан эл олдида, ошкора ҳисоблашганлар. Томонлар дуога қўл кўтариб, ўз ризоликларини изҳор этганлар. Шу билан шартлашилган иш якунига етган.

3.Ишни оилавий усулда ташкил қилиш. Бу усул, меҳнат ташкил қилишнинг энг кенг тарқалган, энг содда ва унумли туридир.

Ўзбекистон аҳли, мана юз йиллардан бери, ўз жамиятидаги меҳнат муносабатларига ёлчимаяпти. Коммунизм даврида, меҳнат илмий асосда (НОТ) ташкил қилинаётгани тўғрисида гапириларди. Бу назария кўпчиликка, жумладан менга ҳам, тушунарсиз бўлган. Чунки, меҳнатнинг коммунистчасига ташкил қилинган қоидалари сабабли, ўзбек меҳнаткаши, қулга тенгланган. Яъни, бир хил меҳнат ҳажми учун, шимолдаги меҳнаткаш, жанубдаги меҳнаткашдан бир неча баробар кўп ҳақ олган. Шимолда, халқ истеъмол моллари таъминоти, жанубдагидан бир неча баробар кўп бўлган. Бундай очиқчасига қилинган тенгсизлик, бизнинг халқимизнинг “Улуғ рус” халқидан қолоқлиги билан тушунтирилган.

Ўзбек миллатининг ўтмишида бўлиб ўтган яна бир тенгсизликка тўхталмоқчиман. Умирида ғўзапоя баргини кўрмаган Иваново шаҳар аҳлини бизга, дунёда энг моҳир тўқимачилар, деб тушунтирганлар ва мақтаганлар. Ивановода ҳаддан ташқари кўп ва катта тўқимачилик комбинатлари курилган эди. Уларнинг аксарияти кадрлар етишмаганидан ишламаган. Ҳаддан ташқари ишсизлик кўп бўлган диёримизда етиштирилган пахта марказларга олиб кетилган.

Пахтамизга бошқа жойларда ишлов берилишига ҳам “қолоқлигимиз” рўкач қилинган. Бунинг баробаринда, заминимизда етиштирилиб, ишлаб чиқарилган ипак ва пахта матолар, Европа ва бошқа минтақаларга, Буюк Ипак Йўли орқали амалга оширилган савдонинг Буюк тарихи ҳеч кимга айтилмас эди. Коммунистларнинг меҳнатга бўлган шовинистик муносабати, яъни иш эгасини топа олмаганлигидан юзага келган кучли иқтисодий инқироз, қизил империянинг, жуда тез муддатларда, ҳақли равишда қулашига сабаб бўлди.

Каримов режимида шовинизм йўқ. Лекин бу режим, қизил империя идеясининг ҳаробалари устида қурилган. Режим кун тартибида, одамларнинг манфаати эмас, балки шахслар манфаати туради. Шахслар мафаати учун, яъни уларнинг бойиши учун ҳам, меҳнат муносабатлари зарур.

Бу манфаатларни амалга ошириш учун, ноқонуний меҳнат муносабатлари айни муддаодир.

Мамлакат иқтисоди ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Президентнинг давлатчилик амалларига у қадар қизиқмаганлиги туфайли, ишсизликдан, мамлакатда янги ижтимоий қатлам, мардикорларнинг катта армияси вужудга келди.

Диёримиздаги мардикор бозорлар, ўтмишдаги қул бозорларини эслатади. Рим қулдорларининг мулки, яъни қуллар, қулдорлар уйида яшаганлар. Иш унуми яхши бўлиши учун, қулдор ўз мулкини (қулни) ижтимоий ҳимоя қилган. Лекин бизнинг келажаги буюк давлатимизда, мардикор ва унинг меҳнати мутлақо ҳимояланмаган.

Мамлакат бошлиғининг бирламчи вазифаси, ҳар бир фуқарони иш билан таъминлаш, етарлича ишчи ўринларини барпо қилиш, меҳнат аҳлини ҳуқуқий ҳимоя қилиш. Жамиятни ривожлантирувчи ва халқни фаровонликка элтувчи восита, ҳалол меҳнатни қадрлаш. Меҳнатни илмий ва миллий асосда ташкил қилиш. Республика президенти буни амалга ошира олсагина, мамлакатни адолат билан бошқарди дейилади. Лекин режим, бу муаммоларни ечишда, ўта ночордир. Чунки у аллақочон паразитлашган давлат тизимига айланган. У ўзини вояга етказган эгаларига ҳам хизмат қилолмаяпти. Режим, яъни мавжуд хунук ижтимоий иншоот, ҳеч кимга кераксиз бўлиб қолган. Режимнинг яқин фусатда қулашига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Қулаш жараёни қурбонсиз кечиши учун, бунда давлат арбобларининг ҳам иштироки мақсадга мувофиқдир.

Эй Парвардигоро, халқимизни, ҳалол меҳнати билан улуғлагайсан. Паноҳингда асрагайсан. Омин.

Жуманиёзов Нураддин
ЭРК ДП аъзоси
Тошкент шаҳри
04.01.13.й.