АҚШ давлат Департаменти тарқатган маьлумотларга кўра, 1992 йилдан бери, яъний, сўнгги 10 йил давомида АҚШ, Ўзбекистонга турли ҳил дастурларни амалга ошириш учун 444,3 миллион долларлик ёрдам берган. Шу билан бирга АҚШдан Мудофаа вазирлиги тармоғи бўйича ва инсонпарварлик ёрдамлари шаклида Ўзбекистон яна 148 миллион долларлик ёрдам олган.
2002 йилда эса, АҚШ Ўзбекистонга 193 миллион доллар ёрдам пули берган. Бу пуллар қуйидаги дастурлар учун тақсимланган:
– Демократия ривожи учун – 14,4 миллион доллар;
– Бозор ислоҳотлари учун – 2,9 миллион доллар;
– Хавфсизлик учун – 59,8 миллион доллар;
– Инсонпарварлик ёрдами – 70,4 миллион доллар;
– Тармоқлараро ташаббуслар учун – 45,5 миллион доллар.
Кўриб турганимиздек, берилаётган қарзларнинг ҳаммаси энг эзгу ниятлар учун, дея берилган. Берилган бу ёрдамлар натижаси қандай бўлди? Бугун биз Ўзбекситондаги демократия даражаси ўтган йилгидан кўра, ҳеч бўлмаганда шу берилаётган пулларнинг миллиондан бири миқдорида ошди, дея оламизми? Табиийки, йўқ. Албатта, озодлик баҳосиздир, у пул билан ўлчанмайди. Айниқса, демократия учун, деб берилаётган бу пуллар айнан ўша демократия гўрковлари қўлига берилаётган бўлса…
Бошқа яҳши ниятлар учун берилган пулларнинг тақдири ҳам ана шундай бўлаяпти. Ҳалқаро кузатувчилар АҚШ ўз ташқи стратегиясини “антитеррор”, деган заминга қураркан, Марказий Осиёдаги диктаторлик режимлари билан ҳаддан ташқари яқин алоқа қураётганлигини анчадан бери танқид қилиб келмоқдалар. Аммо бу танқидлар ҳозирча АҚШнинг Марказий Осиё диктаторларига бўлган муносабатини ўзгартира олгани йўқ.
Ўзбекистондаги режимнинг репрессия машинаси эса, дунёнинг турли давлат ва ташкиотларидан олинаётган қарзлар эвазига янада тезроқ, янада шафқатсизроқ ишламоқда.
Қарз олар экан, ҳукумат айни пайтда ўзи шундоқ ҳам аранг тирикчилигини қилаётган чакана савдогарларни, яъний, жамиятнинг ўрта синфини яратишга урунаётганларни ҳам ўзининг чегара билмас солиқлари билан эзиб ташламоқда.
Масалан, Ўзбекистон ҳукуматининг шу йил 1 июн куни чиқарган “Шахсларнинг Ўзбекистон жумҳурияти ҳудудларига товар олиб киришини тартибга солиш ҳақда”ги қонуни, тижорий қатламга карши қаратилган ана шундай фармонлардан бири бўлди. Бу янги қонунга кўра, савдогарлар мамлакат ҳудудига олиб кирган озиқ-овқат товарлари учун божхонада ўша товар нарҳининг 50 фоизлини , саноат моллари учун эса, 90 фоизини тўлаши лозим. Фақат шу миқдор пул тўланганидан сўнггина, савдогарнинг қўлига бу молни қонунлаштирадиган ҳужжат берилади. Акс ҳолда, рўйхатдан ўтмаган, яъний, бож солиғи тўланамган моллар ноқонуний мол сифатида мусодара қилинади.
Савдогарлар фикрича, бундай қонун, чакана тижоратни умуман йўқ қиладиган қонунлардандир. Бу янги қонундан Тошкент бозорларидаги Ўзбекистонга мол олиб кирмаган савдогарлар ҳам зарар кўра бошлаганлар. Миршаблар янги қонун бўйича улардан ҳам божхонанинг регистратсия қоғозини талаб қилиб, молларини мусодара қила бошлашган.
Савдогарликдан ташқари, ўзбекларнинг катта қисми мамлакат ичкариси ва ташқарисида ёлланма ишчи бўлиб ишлашга мажбур бўлмоқда. Улар собиқ совет ҳудудлари ва ҳатто ҳорижий мамлакатларда ҳам энг қора ишларни бажариб, оиласини боқишга ҳаракат қилмоқда. Табийки, бу мамлактларда уларни ҳеч ким очиқ юз билан кутиб олаётгани йўқ; улар доимий равишда миршаблар ва маҳаллий ирқчи гуруҳлар тазйиқлари ва таҳдидлари остида яшашга маҳкум бўлганлар.
Яқинда Русия миллатчилари лидерларидан бири Владимир Жириновский келгинди осиёлик ва африкаликларга қарата бир мурожаат таратди: “Мана, сизлар бу ерда яхши ҳаёт қанақа бўлишини кўриб олдинглар, энди боринглар-да, ўз ватанларингда мана шундай ҳаётни қуринглар”, дейди Жириновский ўз мурожаатида.
Бундан ташқари, АҚШ Давлат Департаменти экспертлари тарқатган маълумотларга қараганда, Марказий Осиё давлатларидан, шу жумладан, Ўзбекистондан ҳам, жуда кўп аёл ва эркаклар қул сифатида чет элларга сотилмоқда. Эркаклар, асосан, арзон ишчи кучи сифатида сотилса, аёллар фоҳишалик учун сотилмоқда экан.
Бу қулларнинг асосий транзит маскани Қозоғистон бўлиб, у ердан улар Араб Бирлашган Амирлиги, Юнонистон, Қибриз, Франсия, Италия, Португалия, Швейтсария, Белгия, Жанубий Корея, Туркия, Исроил ва Албания каби давлатларга сотилмоқда. Яъний, қулдорлик, қул тижорати ҳатто Ўрта асрларда ҳам бу қадар кенг ёйилмаган эди, дейиш мумкин.
Хуллас, Жаҳон давлатлари ва турли банк ва фондлардан Ўзбекистон олаётган қарзлар нафақат ҳалққа нафи тегмаяпти, балки, ҳалқ чекаётган кулфатларнинг янада узайишига сабаб бўлмоқда.
Мақсуд Бекжон
09.07.2002