O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳамид Исмоил: Ёшлик шўхликларидан яна бир парча

Ҳамид Исмоил: Ёшлик шўхликларидан яна бир парча
228 views
27 June 2020 - 11:30

Ёшлик шўхликларидан яна бир парча. Яқинда Sanjar Nazar тилга олган мақолача. Ҳазратимизнинг “Муҳокаматул луғатайн”ига иловадек бир гап.

Муҳокаматул луғатайн

Бисмиллоҳир-раҳмонир-раҳим

Алҳамду лиллоҳи имто зал инсона ало соирил махлуқоти бишарафин нутқ вал лисони ва азҳара мин азубати лисониҳи ва ҳаловати баёниҳи суккариш шукри ва шаҳдиш шуҳуди вал имтинони.

Афғонистондаги сўнгги ҳодисаларни ич-ичидан кузатиб борган ва ҳаттоки толиблару жангари исломчилар ҳақида китоб қоралаган бир дўстим мана шу китобларини тақдим этиш асносида биз тарафларга ҳам ташриф буюриб Хирийдан бир туркий қўлёзманинг нусхасини олиб келибди. Маълумки, бу ҳолатда қўлёзма эгаси учун харидор қидириб-да! Бу нусхани назардан кечириб боқсам Ҳазрати Навоийнинг “Муҳокаматул луғатайн”и. “Бу асар дунёга анча маълум, сақланган қўлёзмаларнинг ўнлаб нусхалари бор, хўш, бунисида не каромат?” – деб сўрасам, дўстим елкасини қисиб қўйди-да: “Эгаси антиқа деб айтган эди”, – деди-қўйди.

Бундан бир неча йил аввал яна бир дўстимнинг илтифоти ила қўлимга Шайх-ур -Раиснинг “Ҳикмат-ул-машриқийн”нинг нодир қўлёзмаси бир неча кунга теккан эди. Афғонистон чиндан ҳам ажиб жой, не-нелар қалашиб ётган экан у ерда беҳисобу беқаров деган андишада қўлёзмани ўқишга киришдим. Айни пайт қўлимга Тошкентда яқинда чиққан Навоий ҳазратларининг 16 жилдини олиб, йўл-йўлакай ўқиётган қўлёзмамни унда чоп этилган танқидий матн билан солиштириб кетдим. Бир-иккита сўзни демаса, иккала матн ҳам бир экан-ку, лекин…

Айни шу лекини ҳақида бу мақолам.

Ҳозирга қадар чоп этилган танқидий матнда “Яна баъзи лафзға бир “лом” илҳоқ қилурларким, ул шайънинг ул сифатида русухига далолат қилур. Андоқки, қаҳол ва ясол ва қабол ва тунқол ва бирқол ва тўсқол ва севарғол” – деган жумладан сўнг: “Бу алфоз ва бу иборатда бу навъ дақойиқ кўпдурким, бу кунга дегинча ҳеч киши ҳақиқатиға мулоҳаза қилмағон жиҳатидин бу яшурун қолибдур”, – деган гап келади.

Мен ўқиган нусхада эса мана шу икки жумла орасида бу асарнинг менга маълум бошқа матнларида ҳаргиз учрамаган пора келадики, айни шу порани муштарийларга етказиш шошилинчи ишимнинг номукаммалигига важҳ бўлмаса ҳар тугул. Мана бу бўлак:

“Ал¬хулосан жузъиётдан куллиётга машғуллик қилса алар одам узвиёти ва вуҳушоту наботот ва ғизоту албиса ва мулку қавоид, урушу ўюн асбобини туркча айтурлар мислики: юрт, улоқ, тўғрил, қўчқор, ёл, қундуз, танг, чаноқ, ахта, арғамчи, узанги, айғир, ҳаданг, кўл, ариқ, ўланг, тутуқ, озуқа, тоғора, қимиз, тўрға, оқча, кўч, арғут, ош, оғил, олачуқ, улуш, айрон, оташ, ота, оға, эгачи, ини, элиг, тегин, хон, бек, ўрду, хотун, човуш, туғро, абачи, уруқ, ўғлон, оқсоқол, улус, тароғ, талош, кўмак, яғмо, ётоқ, ахтарма, ўлжа, илғор, ўсал ва булар бағоят кўпдур.

Яна “мим” ва “шин” ни илҳақ қилурларки, анинг ила турк тилинда биров оғзидин айтилғон гапни англатурлар, бунга ҳам сорт тилида қиёс йўқтурким,

байт:
Дема кўктин қуёш кетмиш, фалакка тийралик етмиш,
Ул ой ҳажрида тор этмиш фалакни дуди афғоним.

Яна “лом” ва “алиф”ни қўшуш ила турк тилинда ҳар қайси исм феъл қаториға ўтурким, сортлар анингчун турк калимотиға “кардан” феълини илова айлар, мисликим: “асра кардан”, “ўчаш кардан”, “талош кардан”, “қоқи кардан” “қур кардан” ва анинг сони ҳадсиздурки сўнгигға етса бўлғай. Ва яна “гап урмоқ”, “туф урмоқ”, “чағ урмоқ” каби иборотларни ҳам сорт тилинда “гап задан”, “чеғ задан” киби айтурлар.

Турк алфозинда яна қўшма феъллар борки, неча маънони англатур, мисли: “олиб кетғай”, “кўруб қолғай”, “тутуб берғай”, “ичиб кўрғай”, алар ҳам сорт тилиға кўчмишким, айтурлар: “дида монда”, “рафта истода”, “баромада рафт”,

байт:
Насиҳат аҳли менга дерки майни тарк эт ваҳ,
Илик олиб келур, оғиз ичар, менга не гунаҳ!

Яна сорт улуси бу замонда Хирийу Самарқантта алфозини туркийға менгзатурки, ғариб шакллар мислики “кужоба”, “кужоаз” ҳосил қилурлар, анинг ҳам туркийға нисбати дақоеқдур.

Булар куллий сарф истилоҳларидур, араб тилининг наҳв абвоби бордурким, бу муносабат бирла ҳам форс забони турк тили жўридин мутаасир ўлубтур анинг мазкуриға яна бир тазкира ҳожат эрур.
Ал-хулосан, одаме ҳувиятини билдирғучи “ман” ва “у” алфози сорт тилиға турклардан кирибтур, ондин ортуқ тилдин тил мутаасир бўлғай ўлурму?”

Мана шу бўлакдан сўнг илгариги нашрлардан маълум бўлган жумла: “Бу алфоз ва иборатда бу навъ дақойиқ кўпдурким, бу кунга дегинча…” давом этади. Сўнгра рисоланинг сўнгига қадар мен ўқиган матн чоп этилганлардан деярли фарқ этмайди. Демак гап мана шу бўлак ҳақида. Аввалига мен бу бўлакнинг қўшимча бет эмасмикан деган андишада ёзувларинию жойлашишини текшириб боқдим. Лекин азбаройи мендаги нусхага боққаним сари, айни ўша настаълиқда айни ўша қўл билан ёзилганлиги аён бўларди. Қўлёзманинг тариҳи берилмаган эса-да, бояги дўстимнинг билдиришича матн 16 асрларнинг бошида Хиротда кўчирилган ва бу асарни ўз таркибига олган баёзнинг бир қисмидир.

Бундан сўнг мен бу бўлакни таҳлил қилиш асносида ўзимга маълум бўлган манбаъларга мурожаат этдим. Аввалига форс тилига турк тилидан кириб келган сўзлар таснифига келсак, қўлёзмада берилган таснифга анча яқини 20 аср олмон тилшуноси Герхард Дёрфернинг “Turkische und Mongolische Elemente im Neupersischen”, яъни “ Янги форс тилидаги турк ва муғул унсурлар” деган ва 1963 йили Висбаден шаҳрида чоп этилган икки жилдли луғатида қайд этилган. Унда турк тилидан форс тилига кириб келган уч мингга яқин сўз қаторида албатта Алишер Навоий тилга олган сўзларнинг аксари ҳам мавжуд, бироқ луғат кўпроқ форс тилидаги манбаъларга таяниб, булар орасида асосийлари Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сидан тортиб то Самарқандийнинг “Тазкират ул-Мулук” асарига қадар манбаълардан истифода этади.

Гарчи бу нуқтага қадар Ҳазрати Навоий турк тилидан форс тили истеъмол этган сўзлар ҳақида гапирар экан, қўлёзманинг кейинги жумласи илк бор турклардан сортларга кўчган тил қолипи ҳақида гапиради ва ё дурустроғи ¬ қўлёзманинг ўзида ёзилишига мувофиқ: “гап уради”. Қадим форс тили манбаълари, жумладан Тахти Жамшиддаги устунлардаги ёзувларга мувофиқ “гапиради” сўзи “агаубата” шаклида бўлган. “Гап урмоқ”нинг “гап задан”, сўнг ғарбий форсларда “ҳарф задан” шаклида пайдо бўлиши албатта “агаубата” истилоҳидан анча йироқдир. Ҳазрати Навоий тилга олмаган “ўт урмоқ” ва ё ҳозирги ёзилишида “ўтирмоқ” сўзининг замонавий форсчадаги муқобили “нишастан” сўзини ҳам қолип ўлароқ “ниш задан” шаклида изоҳлаш мумкинлиги “Муҳокаматул-луғатайн”нинг ҳақлигидан яна бир далолатдир.

Қўшма феъллар илк бор форс тилидаги адабиётда “Бобурнома”нинг форсча таржимасида пайдо бўлган деган фикр ҳозиргача мавжуд эди. Бу хусусда илмий мақолалар ҳам чоп этилган, тилшунослар учун бу мақолалар сир бўлмаса керак. Бироқ қўлёзмада Ҳазрати Навоий ўз байтларидан мисоллар келтириш баробарида қўшма феълларнинг форсча шаклларини ҳам келтирар экан, уларнинг сорт тилига кириб борган вақтининг ибтидосини энди бироз илгарига суриш ҳам мумкин кўринади.

Ҳозирги кунда бу каби қўшма феъллар айниқса тожик тилининг таркибий қисмига айланиб кетган. Яқинда қўлимга Душанбенинг “Ирфон” нашриётида 1980 йили чоп этилган “Афсонаҳои халқии точик” деган китоб тушиб қолган эди, ундаги “Фарҳоду Ширин”, “Аваз”, “Алпомиш” каби эртакларни ўқир эканман, нафақат бу эртакларнинг келиб чиқиши туркий эканлиги, балки боягина айтганимдек, тил қолипларининг ҳам кўчманчи эканлигини кўриб бордим. “…Пароканда шуда рафтаанд”, “…наздик шудан мегирад”, “…нигоҳ кардан мегирад”, “…наздик шуда истодааст”, “…тамом карда истодааст”, “…наздик шудаистодаро мебинад” ва ҳоказоларга осонликча ўзбекча муқобил қўшма феълларни келтириш мумкин эмасми? Бу ҳодисада кейинроқ тўхтайману, бироқ айни шу эртакларни ўқиш – феълларни демаса, ўзбекча ўқияпсанми, ё тожикча – ўзни бу саволда йўқотиб қўйишга тенгдек. Аммо фарқли деган феъллар ҳам айтганимдек – яна айни бир қолип!

Феъллар деган эканмиз – ҳалиги қадим форс тили наҳвини оладиган бўлсак, унга кўра қадим форс тилида феълнинг ўрни гапнинг сўнгида муқаррар бўлмаган. Доро¬шоҳнинг Бисутундаги ёзувларига мурожаат қилинса феълнинг гап сўнгидан илгарироқ келиши мумкинлиги кўринади. Тилшуносликда S-O-V, S-V-O ва ҳоказо формулалар мавжуд. Булар субъект, объект ва феъл (лотинчада: верб)ларнинг гапда тартибини белгилайди. Турли тиллар шу уч унсурнинг турли тартибига моил. Туркий тилларда субъект ёки эга объект ва ё кесимдан илгари келади. Гапнинг сўнгида феълнинг келиши ҳам туркий тиллар учун табиий бир ҳол. Бу боқимдан бора-бора форс тилининг ҳам S-O-V шаклига ўтишида туркий тилларнинг таъсири бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Баҳарҳол биз изоҳлаётган парчада айни шу ҳолатга уйғун бир ҳолат – туркий юкламанинг форсий боғловчи орқали айни шаклда ифода этилиши келтирилар экан, бир тилнинг иккинчи тилга таъсири тайин бир маъно касб этади.

Шу нуқтага қадар изоҳлар ¬ бир мулоҳаза истисно – менда ҳеч қандай ички ғализлик ва ё мушкилот туғдирмаган эса-да, сўнгги жумла: “Ал-хулосан, одаме ҳувиятини билдирғучи “ман” ва “у” алфози сорт тилиға турклардан кирибтур, ондин ортуқ тилдин тил мутаасир бўлғай ўлурму?” жумласи бир туғёнга туртки бўлди. Аммо аввалига истисно бўлган ягона мулоҳаза ҳақида.

Албатта туркий ва форсий тил муносабатлари ариқ юқоридан қуйига оққандек бир нарса эмас, балки икки муҳит мавжлари бир-бирига чатишган, омухта бўлган бир воқеъликдир. Форс тилининг турк тилига ва жумладан Ҳазрати Навоий тилига таъсири ҳақида ортиқча гапиришнинг ҳожати ҳам бўлмаса керак. “Муҳокаматул-луғатайн”нинг ўзида Навоий ҳазратлари форс тилининг ўз шуурида тутган ўрни ҳақида бет-бет ёзадилар. Мен рисоланинг луғавий таркибини ҳисоб-китоб қилганим йўқ, лекин чамалашим шуки, “Муҳокамат”даги жаъми сўзларнинг учдан бири соф туркий бўлса, қолган учдан иккиси балки тенг тақсимда арабий ва форсийдир. Айни шу ҳодиса – тилдаги ҳар бир истилоҳнинг камида уч шаклда бўлиши Навоий таъбиридаги турк тилининг, бизнинг бугунги таъбирда ўзбек тилининг беқиёс бойлигига ишорадир.

Лекин айни шу ерда бояги жумлага қайтсак. Чиндан ҳам қадим форс тили манбаъларига кўра “ман” олмоши унда “адам” шаклида бўлган. “У” олмоши эса “шим” ва ё “шай” шаклида қўлланилган. Қадим турк дулбаржин манбаъларига кўра эса “ман” ва “у” олмошлари туркий тилларда тарихан ўзгармаган. Хўш, парча сўнгида хитоб этилган бу савол: “одаме ҳувиятини билдирғучи “ман” ва “у” алфози сорт тилиға турклардан кирибтур, ондин ортуқ тилдин тил мутаасир бўлғай ўлурму?” – саволи қанчалик ўринли ва ўринли эса унга жавоб топиб бўладими?

Бир тилнинг бошқа тилга таъсири нималардан иборат бўлиши мумкин? Агарда фикримизни фақат турк¬-¬форс тиллари муносабатларида жамласак, Ҳазрати Навоий тилга олган ва форс тилига кириб борган сўзлар кетида тайин бир борлиқ, воқеълик турибди. Яъни, тазкирада учраган сўзларни бирма-бир кўриб чиқар эканмиз, булар биз келтирган парчанинг бошида айтилмиш: “одам узвиёти ва вуҳушоту наботот ва ғизоту албиса ва мулку қавоид, урушу ўюн асбоби”дурларки, кўпи кетида янги нарса ¬шайларнингу, янги одату ¬русумларнинг бошқа халқ ҳаётига кириб келиши туради. “Туқум”у “туфак”, “тўппи”ю “қалпоқ”, “жиба”ю “жавшан”, “қаймоғ”у “қатиқ”лар фақатгина сўзлар эмас, булар форслар ҳаётига кириб келган янги моддий ашёю борлиқдир. Аввал булар пайдо бўлади, уларга қовушиб сўзлар ҳам кириб келади.

Лекин нафақат сўзлару борлиқ, балки товушлар, муносабатлар, ўзгача фикрлаш услублари, дунёни ўзгача идрок этиш йўллари кўчади. Бироқ аввалига буни фақат тилшуносликка тақайдиган ҳолатимизда бир чекадан, ана шу тилшуносликка хос унсурлардан бошлаш керак. Фонетика, морфология, грамматика, синтаксис дегандек. Ҳозирги кун тилшунослиги бу каби масалаларни анчагина ўрганган, “ареаллар типологияси” деган назарияларни далиллаган, оддийроқ қилиб айтганда турли уруқлардан келиб чиққан қўшни тиллар баъзи бир уйғун хусусиятларга эга бўлиши бу назарияда табиий ҳол деб қаралади. Бу боқимдан тазкирада тилга олинмиш “ба”нинг “кужо” ўнгидан унинг кетига ўтиши ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди. Ёки илгарироқ силжиб, товуш алмашувларини тилга оладиган бўлсак, тожик тилида форс тилидан фарқли ўлароқ “қ” товуши “ғ” шаклида эмас, айни “қ” шаклида талаффуз этилиши ¬ ана ўша “ҳудудий таснифга” моликдир. Ё-да тескари таъсирни оладиган эсак, ўзбек тилида туркий “а”нинг форсий “о”га ўзгариши ҳам шу қатордандир.
Аммо тилшуносликда камроқ ўрганилган нарса синтактик таъсирлар ва уларнинг онгга нақадар чуқур сингиб боришидир. Замонавий тилшуносликда “Воллоф-Сепир назарияси” деган бир назария мавжуд ва унга биноан муайян тил муайян онг билан мутаносиб бўлиб, ҳар бир тил дунёни ўзга тилларга нисбатан бошқа қабилда идрок этади. Айни шу назариянинг бир кўриниши сифатида бундан ўн йилча аввал ўзбек ёзувчиси Абдулҳамид Исмоил “Ўзбек тили фалсафаси” деган мақола билан “Звезда Востока” журналида чиққан эди. Ушбу мақолада у ўзбек онгининг хусусиятларини ўзбек тили тузилишидан чиқариш ҳаракатида бўлган эди. Агарда энди ўша мақола иддаоларини Ҳазрати Навоийнинг бояги сўзлари билан улайдиган бўлсак, савол бироз ўзгариб, турк тилининг сорт онгига нақадар кириб борганлиги билан белгиланади.

Ҳазрати Навоий ўз тазкирасида икки истилоҳ: “сорт” ва “форс” истилоҳини бир маънода қўллайди. Тарихан бир нарса аён: Алишер Навоий даврида “сорт” деб аталган форсийзабон халқ 20 асрга келиб тўла турклашиб бўлган ва Советларнинг миллий ҳудудлаши жараёнида ўзбек миллати таркибига кирган. Бу маънода турк тили уларнинг онгига батамомила кириб уларнинг ўз тилию, Навоий тили билан айтганда ҳуввиятига айланган.

Лекин форсийзабон бўлиб қолган Мовароуннаҳрликлар “тожик” халқи номи остида мавжуд ва уларнинг Навоий таъбиридаги “сортларга” муносабатидан қаттий назар, уларнинг тилига ҳам турк унсурлари ва ҳалиги “ман”у “у” лар ҳам кириб борган. Тожик тили форс тили билан қиёсан туркий ва хусусан ўзбек тилидан не қадар таъсирлангани ҳақида тилшуносликда анча-мунча ёзилган. Юқорида айтилганларга илован туркий тилларга хос бўлган “деб” шаклининг тожик тилидаги ўрнини айтиш мумкин: “Ин ҳамин жо аст? -гуфта пурсид” – “Буниси шу ерми? – деб сўради”. Ва ё туркий тилларга хос ҳодиса ¬ “дир” шаклидаги феълни гапда тушириб қолишни кузатса бўлади: “Сен кимсан?” – “Ту ки?” “Ган” шаклидаги феъллар ҳам тожик тилига “ги” юкламаси ила кўчган: “дидаги”, “додаги” ва ҳоказо.

Туркий феъллар ранг-баранглигининг айниқса тожик тилига кўчганлиги ҳолатлари Навоий тили билан айтганда: “ҳад ва ҳасрдин кўпрак топилур”. “Борар экан” – “рав бошанд”, “келиб туришар экан” – “омада истода бошанд”, “топса бўлади” – “ёфт мешуда аст”, “ўзиники бўлганини” – “худаш будане”, “нима бўлганини” – “чи шудане” ва ҳоказо… Бу шаклларни эроний форс тилидан топиб бўлмайди. Айни шу феъллар билан биргаликда бошқа халқ онгига қўшни халқнинг замон ҳақидаги тушунчалари ҳам сингиб боради.

Аммо сўнгги нуқтада бу шарҳларнинг кайфиятини бироз ўзгартирсамми. Гап шундаки, бир тилнинг бошқа тил таъсири остида ўзгаришини фақатгина хафагарчилигу ўсаллик ва ё хижолат билан қабул қилишнинг ҳожати йўқ. Турли ва бошқалар қатори сиёсий сабабларга кўра бир тилга бошқа тил унсурларининг кириб келиши ¬ тарихда кенг тарқалган ҳодисадир. Дейлик, сўнгги юз йил ичида ўзбегу тожик тиллари рус тилининг таъсири остида қолиб кетишди, иккала тилга минглаб рус сўзлари тўғрими-нотўғри шаклу йўлда кириб келди. Бир мисол ҳеч эсимдан чиқмайди. “Ўзбек тилининг изоҳли луғатида” бир сўзга кўзим тушдию, қани мен зўрми, бу сўзми, деб унинг маъносини чақа бошладим. Сўз “манний” эди. “Манъ” этишдан тортиб, то “Лаззатул-ниса”да эътироф этилган “оби маний”га қадар барча билганларимни эслаб чиқдим, бироқ ўқиб боққач, кўзимга ишонмадим. “Манний” рус тилидан кириб келган “манний бўтқа”даги “манний” экан. Гап шундаки, руслар бу сўзни “манная” дейишади. Роса кулдим ўшанда, бир дўстимни эсладим ўшанда. Ўзбек боласи бўлган бу йигит русчани ўзбек талаффузида гапирар, бироқ ўзбекчага умуман йўқ эди. Яъни унинг ўзбеклигидан фақат талаффуз қолган эди. Ана шундай эди луғатдаги бу ёлғон-яшиқ сўз.

Лекин эндиликда бу сўзнинг ўзбек тилида ўз ўрни бор, бу сўз луғатларга кириб бўлган. Луғат дедим. Шу ерда яна бир аниқлик киритиб олиш лозим. Бир томондан кўчанинг оғзаки, ҳашаки тили бор, бошқа тарафдан ёзма адабиётми, фалсафа ё илоҳиёт тили мавжуд. Форс тилиннинг турк тилига ва жумладан Навоий тилига таъсири ҳақида юқорида ҳам айтдик, энди ҳам қўшимча қилишга тайёрмиз. Навоий асарлари луғатиними, ё-да кам деганда “Муҳокаматул-луғатайн” тилини оладиган бўлсангиз, бу тилнинг ҳар бир унсурида Навоий таснифига биноан тескари таъсирларни учратиш мумкин. Яъни форс тилига “чи” юкламаси кўчган экан, турк адабий тилига “кор”у “соз”, “афшон”у “намо” ва кўплаб бошқа юкламалар кириб келган. Сўз устига сўз, исм устига исм олишлар ҳам асосан адабий тил майдонида юз берган. “Булут” устига “абр” тортиш, “қуёш”га “офтоб”нию, “ой”га “моҳ”ни юзлаштириш, “ер”га “замин”ни ётқизиш, “тун”га “шаб”у “кун”га “рўз”ни қоплаш, қўйингки бу ёғига арабчани қўшадиган бўлсам: “шамс”у “қамар” “арз”, “лайл”у “наҳор”лар ҳам кириб келади. Истасангиз, бундан ўн йил аввал бунинг устига устак “отдих куну абед”, бундан ўн йил кейин эмас, ҳозирнинг ўзида “weekend”у “lunch”ларни тушунмаган зиёлийми, безиё ўзбек бўлмаса керак.

Бироқ айтмоқчи бўлган гапим тил бойлиги ҳақида эмас ва ҳаттоки тилнинг ўз сўзларига илован янги сўзларни қабул қилиб олиш қобилияти ҳақида тугул. Айтмоқчи бўлган гапим, турк тилининг форс тилига таъсири кўпроқ ана ўша асосий – оғзаки тил саҳнида юз берган бўлса, форс тилининг турк тилига таъсири асосан ёзма тил саҳнасида намоён бўлган. Шу маънода оми турклар “анбарафшон”у “ошифтасор”ларни осонликча бой бера олишса, аксинча ҳатто мунаввар форслар “ман” ва ё “у”сиз бояги тазкира айтмиш “ҳуввиятларининг” ўпирилишига маҳкумдек. Мана шу сўнгги фарқнинг икки луғат муҳокамасида илк бор юзага чиққанлигини билиш ушбу мухтасар шарҳ учун етарли мўлжалдир.

Ҳамид Исмоил