Абдуқодир КАРИМОВ
Шошиб такси тўхтатдим. Ҳайдовчи бош-оёғимга кўз солиб, сиз ҳам пахтагами? – деди.
– Йўқ, нима эди?
– Ҳозир ҳамма ерда пахтанинг гапи. Мана бу киши ҳам ўрнига мардикор гаплашиб келаётган экан, – орқа ўриндиқдаги йўловчига ишора қилди у. – Бу даҳо президентимизга раҳмат, Ўзбекистонни қулистонга айлантириб бўлди. Ўқувчилар қул, ўқитувчилар-у, дўхтирлар, санитаркалар-у, ҳамширалар, фаррош, кўча супурган, ўт юлган ҳаммаси пахтага чиққан. Қул бўлмаган ким қолди?
Пахтани қўлидан келган эксин-да. Фермерга биров бориб, сан ҳамширалик қил, ўқитувчилик қил, демагандан кейин, улар ҳам қўлидан келса эксин пахтасини. Нима дедингиз?
– Шунча гапингиз бор экан, чиқмайсизми ДОДА(президент)нинг ҳузурига? – дедим мен. Ҳайдовчи, гап-сўзидан илмли одамга ўхшарди. Яна деди:
– Ўзингизни соддаликка олманг. У ерга кираман деганлар йиллаб ариза ёзиб, кўчасидан ҳам ўтишолмаган. Телевизорда кўрсатаверади, ҳаммангизни бағримга босаман, дейди. Босаман дегани осаман, дегани бўлса керак. Осгани эмасми шу. Ўзимдан мисол, аёлим ўттиз йиллик ҳамшира. Пахтага чиқасан, дейишибди. Чиққанида эртадан кечгача ўн кило пахта теролмайди. Умрида қилмаган иши. Бунинг устига Тошкент қайда-ю, Жиззах қайда? Ётар-турар, еяр-ичарнинг тайини йўқ. Ҳашарчи ўз ғамини ўзи ер экан. Бурунги совет замонларидагидек уларга шийпонда биров овқат пишириб, чой қайнатиб ўтирмайди. Хуллас, хотин бир ойлигидан кечиб, ўрнига мардикор жўнатди. Бечора мардикорнинг ранг-рўйи бир ҳол экан, шунда ҳам иш топилганига хурсанд, кетди Жиззах қайдасан деб.
– Кўпга келган тўй-да, нима ҳам қила олардик, ўзбекнинг пешанаси.
– Ҳа, йил ўн икки ой ўйин, томоша, ўзбекнинг жазоси денг. Бир замонлар украинлар ҳам пахта экишган экан. Тўғрироғи, Украинага сургун қилинган ўзбеклар экишган. Ўзбеклар ватанга қайтгач, биз қул эмасмиз, суткада йигирма соат ишлайдиган, деб вақтида этакни йиғиштиришган. Пахтанинг эгаси ўзбек, дейишган. Содда ўзбек “пахтанинг эгаси эканмиз”, деб юз йилдан бери бири икки бўлмайди, косаси оқармайди. Бугунга келиб эса ўзбекка илм-фан, ўқитувчи, дўхтир керак бўлмай қолди. Ўлса ўлаверсин-да, биттаси камайса ҳам ҳар на де. Ана, ўрисда, қозоқда кими ўлиб, кими касал орттириб келяпти. Биров сўрадими, одаммисан дедими? Сизга яна бир гап: бу хўжайинлар ақлини ишлатишмайди. Биргина мисол, шу пахта мавсумини олинг. Ҳозир мардикор, ҳашарчи йиғишга амалдор борки, жалб қилинган. Йиғилганларни автобусларда элтиб қўйиш учун ҳар ташкилотдан бир вакил хўжайин, милиция қоровул, шунча бензин, транспорт харажати, одамларнинг оворагарчилигини айтинг. Бундан кўра шу сарф-харажатларни қишлоққа, фермерга берсин. Қишлоқ аҳли ҳар жойларда иш излаб тентираб юрмасдан, бола-чақаси билан ёпирилиб теради пахтасини. Яна қизиғини эшитинг, у ердаги маҳаллий халқ терган пахтасини фермерга бермасдан шаҳарликларга нақд пулга сотишар экан. Ана сизга шаҳарликларнинг фойдаси. Терим-ку, эрта индин-тугар, совуқ ҳам эшиқ қоқиб турибди, шунда кўрасиз томошани. Ернинг ости-ю, устини тикка сотаётган бу юртда на газ, на свет, на ичимлик суви ҳал қилинган.
– Ока, ҳамма гапингиз тўғри. Шуларни мен газетага ёзсам, нима дейсиз?
– Баракалла, агар бирор газетангиз боса олса, ёзинг, мен рози.
– Ундай бўлса, танишайлик, исмингиз…
– Эй укам, исмимни Худойберди, Худойурди, Худойқул, йўқ, яхшиси Ўзбекқул, деб ёзинг, тўғриси ҳам шу. Касбимни сўрамасингиздан, ўзим айтақолай, политехническийни битирганман. Штатлар қисқариб ишсиз қолдим, Россияни кезиб келдим, охири, мана шу ғилдиракни ғилдиратиб турибмиз, ҳозирча. Бу ҳам ижарага, мухбир дўстим…