…Яна, ҳў, ўша бизларнинг ёдимиздан кўтарилган эски воқеалар қайтарилаётган эди.
Поёнсиз дунёда бизгагина хос муаммоларнинг бизни ташлаб кетгиси келмаётган эди, улар бизни макон тутган эдилар, тассарруфимизни босиб олиб, ўзлигимизга эга чиққан эдилар. Уясини соғинган қуш каби улар ҳар сафар қонсираганларида тўшлари билан бизга келиб урилардилар, руҳимиз меҳварига қўна туриб биздан қуёшни тўссалар, учаётиб заҳарли тирноқлари билан вужудимизни тирнардилар.
Ҳар сафар кўзларимиз ёш, юрагимиз қон боғларди, тонгни кулиб қаршилаб, кунни йиғлаб боттирардик. Аслида, улар бизга хуруж қилмаётган эдилар, бизнинг шу кабиларга мойиллигимиз, уларни чақирарди, қайрилиб боқмаса ёқасидан ушлаб, омилигимиз уларнинг кўксига калла қўярди. Юки билан кўчган карвонлар йўлда қароқчилар томонидан таланган, халқнинг ботирлари курагидан ўқ еб, улар минган асов отларни хоинлар жиловлаб олгандилар. Тўғриликни касб қилмоқчи бўлган кимсани ўғри ва каззобга чиқариб, ўғри билан каззоб қозикалоннинг тўнини кийиб, шайхнинг дасторини ўраб олганди.
Халқни босқинчиларнинг ғоялари таъсирида ўз дину диёнатидан адаштирмоқчи бўлган Ғофир Ғуломлар, Ҳамид Олимжонлару Ойбеклар, Зулфиялару фалон-фалонлар яна миллат қаҳрамонига айлантирилиб, Фитрат билан Чўлпон ҳали ҳам душман, Авлонийлару Беҳбудийларнинг қандай қилсак аросатдан қутилиб озодликка эришишимиз мумкинлиги ҳақидаги ғоялари, ҳалигача мустақиллик архивида сақланарди. Муҳаммад Солиҳларни миллатнинг жон томиридан узиб, Мамадали Маҳмудовларнинг оғзини ерга қопқоқ қилиб қўйгандилар. Жон томирларидан узилган халқнинг юраги пажмурда, қўл-оёғи гўёки шол эди.
Архивга кун нури кирмаслиги учун Каримов қўлидан келган ҳар қандай ишга тайёр турар, миллат ўзининг ҳақиқий қаҳрамонлари билан сохта қаҳрамонларнинг фарқига борадиган бўлса, у бошида қиёмат қойим қўпишини яхши биларди. Президент коммунистлар мафкураси масули бўлгани учун ҳам, миллатни, бутун мамлакатнинг иқтисодий-сиёсий турмуш-тарзини эски советча услубда ушлаб туришга тиришарди. Унинг имкониятларини чуқур ҳис этадиган муаллимлари унга шу йўлдан юришни маслаҳат берар, оғишадиган бўлса, қўлидан бошқарув дастагини чиқариб юборишини уқтириб, уни ваҳимага солардилар. Ҳақиқатан ҳам, унинг савия даражасидаги билимсиз ва жоҳил бир одам учун бошқа йўлнинг ўзи йўқ эди. У шунга маҳкум экан, не илож?! Бизнинг ўзимиз ҳам яқин ўтмишимиздаги Дукчи эшон ёхуд Мадаминбегу Шермуҳаммадбекларни, уларнинг мувафақиятларию, енгилиши сабабларини эсламай қўйгандик. Яқин тарихимиздаги миллатдошларимиз йўл қўйган хатоларни ўрганмаслик, сабабларидан келиб чиқиб ўзимизни тўғирламаслик, бизларни Каримов сингари бир қўрқоқ ва жоҳил қаршисида, қўл-оёғи занжирланган, тили кесилган кимса каби имконсиз қилиб қўйди. Жорий тузумга халқ ичидан чиққан қаҳрамонларнинг, имон-эътиқоди бут ёзувчи-шоирлару, Аллоҳнинг буюрганидан оғишмайдиган мўмин-мусулмонларнинг кераги йўқ эди. Халқ ўзининг ҳақиқий халоскорларини таниса, иймон ва собидқадамликнинг не қадар куч-қудрат эканини ҳис қилиб қолса, у учун Каримовнинг ҳам, унинг “ўзбек модели”нинг ҳам зарурати қолмасди.
Бир замонлар Дукчи эшон ва унинг маслакдошлари босқинчиларга бош кўтарганда, улар ҳам худди акрамчилар сингари мустабид ҳукумат томонидан беаёв бостирилганди. Фарқи, Дукчи эшон ва унинг маслакдошларини қонига ғарқ қилганлар, Туркистонга бостириб кирган босқинчилар – чор Росиясининг зобидлари ва аскарлари эдилар. “акрамчилар” баҳонасида, андижонликларни ва ўша кундан буён бутун ўзбекларни қатағон қилиб келаётганлар эса, бизларнинг ўзимизнинг ичимиздан чиққан, миллатнинг тузини ичиб, тузлиғига тупурган жигаргўшаларимиз экани, биз учун жуда катта фожеа бўлди. Бир замонлар коммунистлар билан муносиб кураша олган Мадаминбек ва унинг тарафдорлари тақдири ҳам Дукчи эшон ва мулла Акрам Йўлдошнинг тақдири каби фожеали якун топганди. Қаҳрамонларига умид кўзларини тиккан миллатнинг оғзи ошга етганда, бурни тошга тегиб, ҳар гал чув тушиб қолаверарди. Ҳар гал халқ ичидан отилиб чиққан озодлик йўлбошчиларининг бошини душман эмас, шу халқнинг ичидан чиққан хоинлар ердилар. Ҳар гал душман ўзимизнинг қўлимиз билан ўзимизни-ўзимизга бўғизлатарди, зиндонларга ташлатиб беаёв калтаклатарди, қийноқларга тутиб қилмаган жиноятларимизга иқрор қилдиради. Бу гал ҳам айнан шундай бўлди..
Биз катта маданиятга, бой тарихга эга бўлган халқ ҳеч бир замон бу ишларнинг боиси нимада, нима учун биз сўнгги асрларда ич-ичимиздан фидо бўлиб боряпмиз, бизнинг хато-камчилигимиз қаерда деб, нуқсону қусурларимиз хусусида бош қотирмаймиз. Ичимиздаги душманга – жаҳолатга ҳужум бошлаш учун бирор марта Гаспринский ва Беҳбудийни ёхуд Авлонийни ўқиб тафаккур қилмаймиз.
Ҳолбуки, улар бизларнинг хасталикларимизга ташхислар қўйиб, дардларимизга дармон топганларига юз йиллар ўтаяпти. Оддий кимсалар тугул, миллатнинг гуллари бўлиш шарафига лойиқлик учун жон бериб-жон олаётган ўзбек зиёлилари ҳам Фитрат ёхуд Чўлпоннинг мақсадини ҳалигача англаганлари йўқ. Улар Каримовнинг сеҳру жодисига товланиб, унинг кўзига яхши кўриниш учун ўзларининг имон-эътиқодларини ер билан яксон қилганлари етмаганидек, халқни хиёнатга, ясамалик ва ёлғонларга ундаб ётипдилар. Дунё кўзи ўнгида вайронага айланиб бораётган мамлакатни: “Келажаги буюк!” деб мақтаб, миллатнинг меҳробига ўт қўйганлари етмаганидек, ошига заҳар солмоқдалар.
Дукчи эшон руҳоний ва ҳалим бир кимса эди. У пири комил мужоҳидлик шарафига эришган бўлса ҳам ҳарбий масалаларда тажрибаси йўқ, сиёсий ўйинларни ботинида англасада, ичидагини ташқарисида намойиш эта олмасди. У қўлига қурол олиб жанг қилиш учун эмас, одамларни маърифий ва маънавий юксакликка тортиб чиқариш учун яратилганди. Ҳарби зарб ишлари қўлидан келадиган кимсалар одамийлик ва ватанпарварликда ул зотдан сабоқ олишлари лозим эди. Қўлидан ҳарби зарб келадиган кимсаларда маърифат ва маънавият етишмагани учун ҳам у жангга бел боғлади.
Аслида, у ўшанда енгилмаганди. У бошида қилич сермаб турган ўлим олдида, йиғлар экан, коммунистлар айтмоқчи, қўрққанидан эмас, Аллоҳнинг ўзини шаҳидлик даражаси билан нурлантиражаги учун йиғларди.
Миллатдошлари, диндошлари каби ўла-ўлгунча аросатда қолиб кетмаслигини англагани учун кўзёшлари билан Раббига шукроналар ўқиётганди. Унга душманларидан кўра, дўстларидан хавф-хатар кўпроқ эди. Душманлари нари борса, уни жисмонан йўқотишлари мумкин эди. Дўстлари, диндошу миллатдошлари уни жаҳолатга тортгани-тортган, охир-оқибат улар ўзларига қўшиб пири комилни жаҳаннам оловида ёқардилар. У бошқалар сингари дину диёнатига, омонатга берилган умри-жонига бепарво бўлолмасди. У мана шунинг учун оҳ тортарди, мана шунинг учун кўз ёши тўкарди. Ўзини жаҳаннамга раво кўрмаган Аллоҳнинг шаҳидлик мақомини қўлига кирита туриб, бениҳоят хурсандлигидан йиғларди… Қўрқоқлик нима, ботирлик нима, ўша замонда ҳам худди бугунги кунлардаги каби буни ҳамма ўзича ёрқин бир тарзда тушуна оларди. Аммо, Дукчи эшоннинг кўнглидан кечаётган ҳисларни бир Аллоҳнинг ўзи биларди. Англамаганлар, осонгина қилиб: “Қўрққанидан йиғлаяпди”, деб қўя қоларди. Дукчи эшонни англаш учун Дукчи эшон бўлиш керак эди…
Мадаминбек ҳарб ишида Дукчи эшоннинг тескариси эди. Ҳам бениҳоя иқтидорли саркарда, уруш қонун-қоидаларини илми ладун орқали ўзлаштирган фавқулодда бир марди майдон эди. Уни тақдир ҳамияти боис ҳали мурти сабза урмасдан чор Россияси турмаларида ётишлик бахтига муяссар этган, у шунинг орқасидан қамоқхонада ўзбекларда йўқолиб бораётган кўп ноёб хислатларни қайтадан рус маҳкумларидан ўрганиб чиққанди. Ўзини арзимас бир иш учун ҳақорат қилган бир бетийиқ бойни у чавақлаб ўлдирар экан, бошига балолар тоғи ағдарилиши ўрнига, тақдир инояти унга мана шу йўл билан ғафлат уйқусидан уйғониш имконини туҳфа қилганди. У Сибир ўлкаларидаги қамоқхоналардан русларни ва уларнинг тилини беқиёс бир даражада яхши ўзлаштириб қайтганди. Унинг юксак саркардалик иқтидорини ва сиёсий ўйинларни қойиллата билиш қобилиятини кўрган Фрунзе билан Куйбишев, ундан чўчиб турардилар.
Улар Мадаминбекни очиқ жанг майдонида енга олмаганлари учун ҳам, унинг бошини сафдоши ва шогирди Шермуҳаммадбекнинг қўли билан танидан жудо қилдилар. Мутаассиб ва жоҳил Шермуҳаммадбек жараёнлар оқимини англамагани ҳолда, қўлини ўз биродарининг қони билан ювди. Яхши таълим-тарбия кўрмаган, аммо жасур ва ўт юрак Шермуҳаммадбекдек бир кимсани ҳийла ва найранг осонлик билан мавҳ этиб, бутун бир миллатни коммунистларнинг қопқонига тушириб берди. Хиёнат Олтин Водийнинг душманлар қўлига ўтиб кетишига сабабчи бўлди.
Шу-шу, Шўроларга қарши қўзғалган миллий озодлик ҳаракати сусайиб, бошсиз қолган не-не ўзбек ботирлари тўрт томонга сочилиб кетдилар. Бир кишининг ўлими, бутун Туркистоннинг тақдирини ҳал қилди. Шермуҳаммадбекка ўхшаган ёвқур кимсалар, Мадамибекни теран англаганларида эдилар, коммунистлар ҳеч қачон бизнинг тупроқларимизни охиригача босиб ололмас эдилар.
Бугун-чи? Мустақиллик йилларида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларнинг қарийиб бир аср ёхуд бир ярим аср нарида юз берган воқеа-ҳодисалардан моҳиятан фарқланадиган жиҳатлари борми? Йўқ албатта! Барчаси, ўша-ўша…
Шакл ва шамойилдаги ўзгаришларни ҳисобга олмаганда, маъно ва мазмунда ҳеч қандай тафовут йўқ…
(Давоми бор)
Эргаш Сулаймон