O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Ҳаммасини отиб ташланглар”-5

“Ҳаммасини отиб ташланглар”-5
165 views
09 November 2014 - 9:45

Мустақилликка эришган халқнинг қанотлари қийилган, ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилиниб, ёппасига мустабид бир ҳукмдорнинг қулига айлантирилган. Унинг амалда на сайлаш, на сайланиш ҳуқуқи бор, унда на овоз, наинки парвоз бор. У қанотлари қийилган қушга ёхуд оёқларига тушов солиниб, беаёв қамчиланаётган тулпорга ўхшайди. Учади, ҳеч бир замон юксакларга кўтарила олмайди, чопади, йиллар ўтса ҳам турган жойидан силжимайди… Намойиш учун ёзилган қонунларнинг оёғи осмонда, улар номидан фақат диктатор – президент Каримов иш юритади, хоҳлаганини сайлаб, хоҳлаганини сийлайди. Ўзига ёқмаганни зиндонларга ташлаб, қийноқларга туттиради, тавбасига таянтиради, тавбасига таянмаганларни оттиради, ёқтиради… Бутун бошли оиласи бошига жаҳаннамни қўптиради…

Ойлар, йиллар ўтаверади. Кечагина дунёга келган ўғил-қизлар ҳаш-паш дегунча вояга етадилар, турмушга чиқадилар, уйланадилар. Аммо, улар балоғатга етиб ҳам ўтган ҳаётлари давомида ғурбат ва бедодликлардан, рўзғор етар-етмасликлари, замонанинг зуғуми – Каримовнинг жирканч башараси, кўчадаги миршаблар ва “Маҳалла фуқаролари йиғини” ниқоби остида хуфиялик қиладиган чақимчи ва қулоқлардан бошқа бирор нарсани кўрмайдилар. Мамлакатдаги бутун тизимлар президент Каримовни бардор-бардор қилиш учун, йўғини яшириб, борини ошириш учун – халқнинг иродасини букиб, мустабидга қуллиқ қилдириш учун ишлайди. Кечагина куч-ғайратлари танасига сиғмай, ерга урса осмонга сапчийдиган йигитлар чолга, қиз ва жувонлар кампирга айланган бўлади. Улар пуч ва ёлғон ваъдаларга учиб, умрларининг гўзал даврлари қандай ўтиб кетганини билмай қоладилар. Елдек эсиб ўтган йигирма уч йиллик мустақиллик даври, охир-оқибат умр дафтари сарҳисоб қилинганда, одамларни чув туширган бўлиб чиқади…

Бу каби умри гузоронлик ўтган асрдаги аҳволдан ёхуд ўн тўққизинчи асрдаги ўзбеклар турмуш-тарзидан нимаси билан фарқ қилади? Ҳеч нимаси билан ҳам фарқ қилмайди, албатта! Халқ, ўша даврларда ҳам ўзининг эрки ва озодлигига эга эмасди, ихтиёрини қўлига киритмаган эди, ҳозир ҳам шундай! Ўша даврларда ҳам илм ва маърифат юртдан қувилган, дину диёнат бир сиқим муллолару давлат мулозимлари қўлида эрмак эди, ҳозир ҳам шундай! Ўша замонларда ҳам ишсизлик ҳукмрон, ишлаб-чиқариш ночор бир аҳволда, хушомад ва ёлғонлар элнинг орттирган кори, афсоналар ва лофлар қоп-қоп, адолат ва ҳақиқат эса бизнинг юртлардан сазойи этилган эди, ҳозир ҳам шундай!…

Хўп, шундай экан, нима қилмоқ керак, деган ўринли савол туғилади. Ечим жуда осон. Ҳар бир одам ўзидан иш бошлайди, иллатларни ўзгалардан эмас, ўзидан қидиради. Қалбини самимиятнинг сози билан созлаб, тилини тўғри сўзга, фақат ва фақат адолатни қарор топтиришга ростлайди. Ҳавас ва ҳасаддан тийилиб, аниқ ва режали ҳаракатга тушади. Кичик-кичик жамоага бирлашиб, ҳамкорлик йўлига киради. Тақдири миллат тақдири билан чамбарчас боғлиқ эканини ҳис этган инсонлар учун бу ишларнинг тирноқча бўлсин, малол келадиган жойи йўқ. Кўнгиллар ва ақллар бирлашган жойда, мушкулотлар чекинади, хиёнатларнинг илдизлари қуриб, садоқат дарахти барқ уриб яшнайди, тутқинликдан тош қотган куртаклар қайта жонланиб, яшил япроқлар чиқаради. “Бирлик” ва “Эрк” эккан уруғлар зулм ва истибдодни тешиб, униб чиқиб, демократия ва тараққиёт ҳузурбахш мевалар беради. Тиллар эшилиб, ҳур сўзлар гулзордаги ранг-баранг капалаклар сингари кўнгилларни яшнатади, озод фикрлар боларилар каби тафаккур боғида кезиб, ҳар бир идрокдан, ҳар бир шуурдан мантиқ ва фалсафа болини йиғади.

Бизлар бутун бало ва қазоларга ҳамкорлик йўлидан адашган кунимизда йўлиққан эканимизни, бутун нуқсонларимизнинг пойдевори оғзи олалигимизда эканини яхши англашимиз лозим бўлади. Ҳамкорлик дилларни-дилларга, ғалабаларни-ғалабаларга улайди. Миллатни бир ғоя атрофида бирлаштириб, мамлакатни битта муштга, бутун катта-кичик сўқмоқларни катта бир “МУВАФАҚИЯТ” деган йўл бошида бирлаштиради.

Бизнинг мафкурамиз ва ғоямиз аниқ. У “ўзбек модели” йўли эмас, Каримов каби коммунистларнинг ёхуд террорчи ва экстримистлар, зўровонлар ва мустабидлар йўли ҳам эмас. У ислом мафкураси, ислом ғояси – тараққиёт ва самимийлик йўли, ҳалол меҳнат ва гўзал турмуш тарзи, меҳр-муҳаббат, озодлик ва ҳурлик йўли. Кўзлаган чўққиларимиз, ота-боболаримиз Бухорийлар, Хоразимийлар ва Фарғонийлар эришган юксакликларда. Фаробийлар, Аҳмад Яссавийлар ақл чароғию, жўшқин меҳнатда, эркин ижод ва янгидан-янги кашфиётларда… Дилимиз, Нақшбанд айтмоқчи, яратгувчимиз Аллоҳда, қўллармиз меҳнат ва машаққатда… Бу йўл, бизнинг йўлимиз, бу йўл ота боболар йўли, ислом йўли, маърифат ва илм-урфон йўли…

Акромчилар ва уларнинг йўлбошчиси Акрам Йўлдош ҳам, бу кабиларни теран ва туйғун бир тарзда англаганда эди, у Дукчи эшон ва Мадаминбеклар қилган хатони такрорламасди. Ватанни ҳақиқий тараққиёт йўлига бошлашга, аросат ботқоғидан чиқаришга урина туриб, бир вақтнинг ўзида, душманнинг кўзига одобли ва яхши “бола” бўлиб кўринишга уринмасди. Биз барча замонларда балолардан қутулишга ҳаракат қила туриб, уларнинг келиб чиқиш сабабларига – жаҳолатга ва аросатга сиғинганимиз учун ҳам ҳар сафар мувафақиятсизликларга учраётган эдик. Барча кўргуликлар сабаби, амалдаги ва адолатсиз тузум эканлигини кўриб-билиб туриб ҳам, ундан умидвор бўлганимиз, айтиш жоиз бўлса, таъма илинжида кушандамизга меҳримиз товланганини сезмай қолганимизда эди. Биз, бундан бу ёғига душман билан ортиқ муросаа ва мадора қилмаганимиз каби, у билан вазият пишиб етилмагунча, яъни умум бир қарорга келмагунимизча, низога ҳам бормаслигимиз лозим. Ич-ичимиздан кучларни бирлаштирмасак, кичик-кичик жамоаларни аста-секинлик билан битта занжирга тизиб, ҳар қадамимизни тафтиш қилиб бормасак, яна эски хатолар такрорланаверади, яна беҳуда қурбонлар берилиб, қонлар тўкилаверади. Сиёсат ва иқтисод ҳар қандай ҳаракатнинг икки қаноти экан, иккисидан бирини миллат ҳаёт-момоти йўлида, бирламчи ёхуд иккиламчи қилиб қўйиб бўлмайди. Акрамчилар иқтисодиётни бирламчи қилиб, сиёсатни орқага сурганлари учун ҳам маломатларга рўпара бўлдилар. Улар сиёсий муддаоларини ҳам иқтисод билан баровар олдинга сурганда эдилар, дунёйи олам уларнинг ниятлари некбин эканлигини осон англарди. Каримов йўлини тўғри билиб, андижонликларга – ўзларининг жигарбандларига ўқ узган хавфсизлик кучлари зобид ва аскарлари ҳеч қачонда, адолатга қарши исён кўтармасдилар. Улар неки қилдилар, барчасини тўғри қиляпмиз, дея, ишониб қилдилар, нима қилаётганларини ўзлари ҳам билмасдан, бир ювиқсиз ва бетоҳоратнинг гапи билан қилдилар… Уларга ҳақиқат англатилганда эди, Каримов андижонликлар бошига қилич кўтариб бора олмасди. Оқ билан қоранинг фарқига борадиган ўзбек ўғлонларини, ота-онасига, ака-укаси, опаси ва синглига қарши қўя олмасди. Миллат ҳар галгидек, иккига бўлинмасди, бир-бирига қурол ўқталиб, бир-бирига маломат тошларини отмасди. Бир-бирининг қонини дарё қилиб, дунёйи оламга шармандаю, шармисор бўлмасди. Неки қилинди, англанмасдан қилинди, бир мустабид иғвосига учиб, нодонлик ва жоҳилликдан қилинди…

Масалани сиёсий жиҳатдан пишитганларида эдилар, акрамчилар Тоҳир Йўлдош билан Жума Намангонийни ҳийла-найранг билан чув туширган хиёнаткор ва ўз сўзида ҳеч қачон турмайдиган Каримов билан рақобат қилишга урина туриб, у билан бир қозонда қайнамоқни кўзламасдилар. Қарорлари қатъий ва ошкора бўлганда, улар ҳеч қачон енгилмасдилар, чекинмасдилар… Мустабид тузумдан қўрқиш, хато-камчиликларни рўй-рост айтиб, очиқчасига мухолифлик йўлини тутмаслик, ҳар сафар бизларни мавҳ этиб келмоқда. Биз сўзимизни билиб гапириб, оёғимизни борлаб босганимизда эдик, жоҳил ва зўравон Каримовнинг қўлидан дўқ-пўписадан бошқа ҳеч бир иш келмас эди. Бунга Муҳаммад Солиҳнинг сиёсий йўли тўла мисол бўлиб, ортиқча изоҳнинг ҳожати йўқ. Биз қўрқиб, тилимизни томоғимизга ютиб яшаётганимиз учун ҳам қўй каби бўғизланаяпмиз. Дилимиздагини тилимизга чиқарганимизда, бир мушт бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, ҳукуматнинг олдига ҳаётий ва долзаб талабларни қўрқмасдан кўндаланг қўйганимизда, бизларни қўй каби бўғизлай олмасдилар. Ўғил-қизларимиз онгига Каримов ўйлаб топган куракда турмайдиган мустақиллик чўпчакларини жойлаб, манқуртга айлантирилгани етмаганидек, уларни пахта далаларига бир қаричлигидан ҳайдаб чиқариб, ҳали она сути оғзидан кетмаган болаларимизни қулга айлантира олмас эдилар…

Биринчи қисми тугади.

(Давоми бор)

Эргаш Сулаймон