Анча йилдан бери яхши танийдиган танишларим билан телефонда гаплашсам, ғалати бўлиб қолишган кўпчилиги. Гапимиз қовушмайди. Самимийлик йўқ. ҚЎРҚУВ БОР деярлик ҳаммаларида.
3-4 кун аввал ҳам бир окахон билан гаплашдим, “қалай энди, яхши янгиликлар борми?”, десам. “Ҳаммаси яхши, ҳаммаси зўр, президентимиз ҳамма шароитларни қилиб беряптилар, муаммо йўқ”, деяпти овози титраб.
Кошки билмасам эди аслини.
Аслида отаси муҳожирликка мажбур бўлиб чиқиб кетганига 7 йил бўлди, 80 дан ошган отаси бир ўзи яшайди бегона юртда, акаси муҳожиротда вафот этганига ҳам анча йиллар бўлган, 4 жиянлари, янгасидан хабар олишга имконияти ҳам, шароити ҳам йўқ, яна бир акаси ҳам яқинда айнан “янги президент” вақтида мажбуран чиқиб кетган. Оила пароканда.
Аниқ биламанки, бу оила аъзоларини ҳаммасини Ўзбекистонга фойдаси тегса теккан, лекин зарари тегмаган. Илм олиб, илм бериб юрган, эскидан, Исломий оила эди.
Афсуски биз ўзбек халқи улардан фойдалана олмадик ҳам, уларни ҳимоя ҳам қила олмадик.
Яна бошқа қариндошларим билан 4-5 йил олдин гаплашганимизда:
“Дуо қилиб туринглар, яқинда дадамдан янгилик бўлиб қолиши керак, яқинда 3-қўшиб берилган срок тугайди, қамоқдан чиқадилар”, дейишганди, кейин жим бўлиб кетишганди. Мана “янги президент” вақтида хам 4-мартта “раскрутка” бўлиб яна қўшиб берилибди.
Телевизорда ўзгаришлар кўп, кўриб ҳавасингиз келади, аслидачи?
Абу Юсуф