Синфхоналар бўм-бўш, катта қилиб тахтага кимдир ёзиб қўйипти: Ҳамма кетди пахтага!
Куз келиши билан Ўзбекистонда ҳарбий ҳолатга ўхшаган оммавий сафарбарлик эълон қилиниши одатий ҳолатга айланган. Шўро даврида “пахта фронти” деган ибора бўлар эди. Пахта йиғим термига одамлар қандайдир алоҳида урғу беришар. Уйлар пештоқи, столбаларга “Ҳамма пахтага””, “Пахтанинг бир грамми ҳам нес-нобуд бўлмасин” каби шиорлар осиб ташланар, йўл бўйларига қизил мато ўралган яшиклар ўрнатилар, бу яшикларга йўлга тўкилган пахталарни кимлардир териб солиб қўяр эди.
Ҳа, пахта кампаниясига шунақа катта эътибор берилар эди ва бу ҳолатга халқ ўрганиб қолган, доимо шундай бўлиши керак деган фикр онгимизга метиндай ўрнашиб қолган эди. Замон ўзгарди, мустақиллик шабадаси эсиб халқимиз озодликка чиқди.
Ҳа, энди биз мустақил Ўзбекистонда яшаяпмиз. Мустақиллик ўз йўлига-ю, аммо тафаккур қурғур эскича ҳолатидан чиқиб кетолмайди, ҳалиям пахтага бир сиёсатга қарагандай муносабатда бўламиз. Агар ўзбеклар пахтадан қўрқади десам, нотўғри бўлмаса керак.
Шундай қилиб, куз келиши билан Ўзбекистонда ҳарбий ҳолатга ўхшаган вазият вужудга келади. Ёшу қарининг тилида асосий мавзу пахта бўлиб қолади.
– Эшитдингизми, отрядлар тузилаётган экан.
– Эшитдингизми Вилоят ҳокими семинар ўтказар экан.
– Эшитдингизми, фалон фермер ўзини осиб қўйипти.
– Эшитдингизми, эшитдингизми, эшитдингиз…
Ҳа, барча мавзу пахта билан бошланиб, пахта билан тугайди. Пахта пайтида тўй қилиш таъқиқланади, касал бўлиш таъқиқланади, такси-киракашлик таъқиқланади, меҳмонга бориш, меҳмон чақириш таъқиқланади, мактаблар, коллежлар, институтлар, поликлиникалар, бозорлар, кафе, магазинлар ёпилади, Чунки пахта кампанияси! Қизиқ, пахта бизга шунчалик зарурмикан, – деб сўрайдиган одам тентакка ўхшаб кўринади.
Кеча бир иш билан пахта заводига ўтдим. Завод кўчаси оқ, кўк, сариқ, яшил кўлак, жокейка кийган одамларга тўлиб кетибти. Заводга одам сиғмайди. Ҳамманинг юзида қандайдир тараддуд, хавотир, шу билан бирга умумий бирдамлик шукуҳи барқ уриб турипти. Демак пахта компанияси бошланибди. Вилоят ҳокими бошчилигида йиғим-терим кампаниясига тайёргарлик ҳолати текширилаяпти.
Қайдандир микрофонда: Сафланинг! – деган жанговор буйруқ эшитилди.
Одамлар гурра-гурра бўлишиб у ёқдан бу ёққа шошиб ўрмалаб, уч дақиқада оқи – оққа, кўки – кўкка ажралиб сафланишиб қолишди. Қаердандир кўчма минбар келтирилди ва унинг атрофида раҳбар ходимлар йиғилди. Улар ҳам бири оқ, бир кўк шапка, кўйлак кийишган.
Вилоят ҳокими диққат билан одамларни кузатиб чиққач, ёнидаги йигитга бош қимирлатди. У ҳам шуни кутиб тургандай, чаққонлик билан микрофон ёнига келди-да, қўлидаги қоғозга қараб: Ўртоқлар мана пахта компанияси тайёргарлигини текшириш учун шахсан вилоят ҳокими келиб турибдилар.
Мен сизларга бу тайёргарликнинг қисқача мазмунини тушунтириб ўтаман: Бу ерда ҳозир барча отрядлар йиғилган. Пахта йиғим-терими кампаниясини қисқа муддатда, уюшқоқлик билан ўтказиш учун махсус отрядлар тузилди. Ҳар бир отряд 200 кишидан иборат бўлиб, ҳар бир отрядга бошлиқ, бошлиқ ўринбосари, ошпаз, медсестра, учетчик, кассир, учтадан грузчик бириктирилади. Уларнинг вазифалари аниқ қилиб белгилаб қўйилган. Бу йил ҳеч ким ҳеч кимга нима қилаяпсан, сен у ёққа бор, сен бу ёққа кел, – деб миясини қотирмайди.
Пахта терим мавсуми 20 кун. Шу 20 кун ичида битта отряд 200 тонна пахта териб беради, тамом вассалом!
Беихтиёр «Ҳукм қатъий, шикоятга урин йўқ!» – деган фикр ўтди миямдан. Мен инженерман, мен мантиқий фикрлашга ўрганиб қолганман. Шунинг учун бу ердан ҳам мантиқ излайман. Тўғри-да, пахтани тез ва соз териб олиш учун мана шундай конкрет отрядлар тузилса, уларнинг таркибида бошлиқ, бошлиқ ўринбосари, тиббиёт ходими, ошпаз, терилган пахтанинг миқдорини ҳисоблаб борадиган, уни юклайдиган, заводга элтиб топширадиган, овқат тайёрлайдиган маъсул шахслар бўлиши умумий мантиққа тўғри келади.
Йиғим терим пайтида бозор, поликлиника, мактаб, коллеж, институт, боғча, кафе, магазинлар ёпилиши ҳам мутлақо 100% мантиққа мос. Биз партия мурватларимиз, – деган эди бир пайтлар Ш.Рашидов. Ва у ҳам мутлақо ҳақ эди. Бизда ҳамма нарса мантиққа асосланган ҳолда олиб борилади.
Ўзбекистонликмисан, демак сен пахта учун курашишинг керак, чунки пахта “бизнинг бойлигимиз, фахримиз, ифтихоримиз”. Кураш эса курашдай бўлиши керак. Бу долзарб пайтда сен ўзингни бутунлай пахтага бағишлашинг керак. Тўй-пўй, касал-пасал, ўқиш-пўқиш ҳаммаси иккинчи даражали…
Озодбек Элкезар