O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳам ёруғ — юмшоқ йўлдур…

Ҳам ёруғ — юмшоқ йўлдур…
316 views
10 March 2016 - 13:07

Muhammad_savАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 19

(давоми)

ҚУРАЙШДАН БОШҚА ҚАБИЛАЛАРНИ ИСЛОМГА ДАЪВАТ ҚИЛИШ

Қурайшнинг Исломга киришларидин Пайғамбаримизнинг умидлари узилиб, улардан бошқа араб қабилаларини динга даъват қилмоқчи бўлдилар. Макка атрофларида Укоз, Мижанна, Зулмажоз деган жойларда ҳар йили бир вақт бозор мавсумлари бўлар эди. Араб қабилалари атроф-жавонибдин йиғилишиб келиб, шу бозорларда савдо-сотиқ қилишур эдилар. Бу жойлар араб шоирлари ва хатиблар учун бир мусобақа майдони эди. Аларнинг шоирлари бу ўринда йиғилган кўпчилик халқ олдида тайёрланган шеърларини ўқишиб, ўз шоирлик қувватларини синашур эдилар. Баъзан бир қабила шоири ўз қабиласини ортиқча мақтаб, бошқаларни камситганликдан, номус талашиб, оралари бузилур эди. Шунинг натижасида уруш бошланиб, даҳшатлик қирғинлар бўлиб, ҳисобсиз қонлар тўкилур эди. Ҳаж мавсумидин бошқа кунлари шу жойларга халқ кўп йиғилганликдан Пайғамбаримиз аларни динга даъват қилиш қасдида шу ерларга келдилар. Ҳар қайси қабила устига келиб:

— Эй бани фалон, сизлардин мени танигувчилар бор бўлса, ёки йўқ бўлса, билингларким, Қурайш қабиласидин чиққан Абдуллоҳ ўғли Муҳаммаддурман. Аллоҳ таоло мени ер усти инсонларига Пайғамбар қилиб юборди. Аллоҳнинг амри ила, ўзи хоҳлаган Ислом динини сизларга келтурдим. Бу дин эса ҳақ, тўғри диндур. Ҳам ёруғ — юмшоқ йўлдур. Бу кундин бошлаб, Аллоҳ олдида Исломдин ўзга ҳеч бир дин қабул қилинмас. Аллоҳ таоло ўзи эндирган китоб — Қуръон ҳукмини бутун халққа еткузмак учун мени вакил қилди. Ўз қавмим Қурайш қабиласи иймон келтирмай, бу ишга тўсқинлик қилдилар. Энди сизларни шу ҳақ динга даъват қилгани келдим. Агар айтмиш сўзларимни инобатга олиб, иймон келтирур бўлсангиз, сизларга улуғ саодатдур ва ҳам сизларнинг ионат (кўмак) ва ҳимоятларингиз остида Раббимнинг буйруқларини барча бандаларига етказур эдим, — дедилар.

Бу қабилалардин баъзилари эса қўполлик ила уятлик сўзларни қилишур эди. Шундоқ қилиб, Пайғамбаримиз Ислом йўлида ҳар қанча азият кўриб, хорлик тортсалар ҳам унга сабр қилдилар. Чунки бу ҳақда:

«Фасбир кама сабара улул азми минар-русули», яъни «Эй Муҳаммад, ўтган улуғ пайғамбарлар сабр қилдилар, алардек сен ҳам сабр қил», деган Аллоҳдин амр келган эди. Лекин ўтган пайғамбарлардин ҳеч бирлари бизнинг Пайғамбаримизчалик дин йўлида озору кулфат кўрмаган эдилар. Уларнинг ҳар қайсилари ўз даражаларига лойиқ сабр-сабот билан душманларига қарши туриб, охирида ҳаммани енгдилар. Бутун дунёга ҳақиқат нурининг шуъласи шу сабабдин тарқалди.

Шундоғ бўлиб, юқорида номлари ёзилмуш уч бозор мавсумида йиғилган халқни нақадар жиддиятлик ила Пайғамбаримиз динга даъват қилсалар ҳам ҳеч бир натижа чиқмай, алардин кутган умидлари узилди. Шу орада ҳаж мавсуми ҳам бошланиб, араблар ўз одатларича тараф-тарафдин ҳаж қилиш учун Маккага йиғилгани турдилар. Ҳазрати Иброҳим, Ҳазрати Исмоил алайҳиссаломлардин қолган диний расмлар арабларда унутилмаган эди.

Байтуллоҳни ҳурматлаш, ҳаж мавсумларида Макка атрофларидин келиб, Каъбани зиёрат қилиш, Арафотга чиқиб, Мино тоғида қурбонлик бўғизлаш, мана шунга ўхшаш диний ишлар бирмунча хурофотлашган бўлса ҳам, ўз ораларида ривожлик эди. Шу ўрганган расмларича, Арафотдин қайтгач, Муздалифадин ўтиб, Мино тоғига тушдилар, ҳар қабила ўз олдига бўлиниб, сой жилғаларини тўлдириб, чодирларни қуриб ўтирдилар. Мана шу чоғда Пайғамбаримиз фурсатдан фойдаланиш фикрида ҳар бир қабиланинг устига келиб:

— Эй бани фалон, мен Аллоҳ таоло тарафидин сизларга келган пайғамбардурман. Аллоҳ сизларни ёлғиз ўзигагина ибодат қилмоққа, ҳеч бир нарсани унга шерик қилмасга буюрди. Бутпарастликни ташлаб, мени ҳақ пайғамбарлигимга иймон келтиришга амр қилди. Энди менга иймон келтиринглар, мени Тангрининг пайғамбари, деб ишонинглар. Бошқаларнинг ҳужумидин мени ҳимоя қилинглар, токи мен дин тўғрисида Аллоҳ таолодин келган амрларни бандаларига етказгайман,— дер эдилар.

Пайғамбаримиз бу сўзларни айтиб, тўхташлари ҳамон бир киши туриб:

— «Эй бани фалон, бунинг сўзига қулоқ солманглар, бу эса биздин чиққан бир бузуқ кишидур, ота-боболаримиздин қолган динларингизни ташламанглар, бунинг келтирган динига кирар бўлсангиз Лот, Манот, Уззо бутларингиздин жудо бўлурсиз. Бунинг келтирган ишида бирор яхшилик бўлса эди, барчадин бурунроқ анинг динини биз қабул қилур эдик. Чунки биз Қурайш халқи бунинг қабиласидурмиз, мен эрсам, бунинг амакиси Абу Лаҳабдурман» — деб у ҳам низо қилур эди.

Шундоқ қилиб, Пайғамбаримиз қайси қабила устига бориб, аларни динга даъват қилсалар, сўзлари тамом бўлиш баробар, бу ҳам юқориги сўзларни айтиб, рад қилар эди. Бани Ҳанифа, Бани Омир, Кинда, Бани Калб ва бошқа нурғун (кўп) қабилалар Мино тоғида йиғилган эдилар. Буларнинг ичида ҳаммадин ортиқ қўполлик ила жавоб қайтарганлари Бани Ҳанифа қабиласи эди. Абу Бакр Сиддиқ халифалик даврларида Мусайлама Каззоб деган ёлғон пайғамбар шул қабиладин чиқиб, кўп қон тўкилишларга сабаб бўлди. Сўнгра Пайғамбаримиз Бани Омир қабиласи устига келдилар. Аларнинг раисларидин Байҳар ибн Фарос номлик бир киши туриб:

— Эй Муҳаммад, биз сени қандоқ ўз ҳимоямизга кирита олгаймиз, сен Қурайш қабиласидин ажраб чиқишинг ҳамон, араблар сени тирик қўймайдилар. Шундоқ бўлса ҳам сенга иймон келтирсак, бу иш қўлингга киргандин сўнгра, ҳукмронлик бизда бўлишига аҳд қилсанг, сенга иймон келтириб, динингга тобе бўлур эдик, — деди. Анда Пайғамбаримиз:

— Аллоҳ таоло мени пайғамбар қилиб, бутун халқ устига юборди, аларга ўзини таништириб, ҳақ динни ўргатишга буюрди. Энди менинг вазифам эрса, шу заҳматни адо қилишдур. Ҳукумат кимнинг қўлида бўлиши анинг иродасига боғлиқ. Кўпчилик халқ ихтиёридадур, — дедилар. Анда ул киши:

— Агар биз иймон келтириб сени ҳимоямизга олур бўлсак, бутун араб халқи томонидан отилмиш ўқларга кўксимизни нишон қилган бўлурмиз. Сўқиш кунларида енгиш ёки енгилиш ҳар икки томоннинг эҳтимоли бордур. Биз енгган тақдирда ҳукумат ихтиёри бизда бўлиши албатта лозимдур. Йўқ эрса, бу ишга бизнинг ҳеч ҳожатимиз йўқдур, — деб булар ҳам рад қилдилар. Булардин яна бошқалари Бани Авс, Бани Сулайм, Ғассон, Бани Мухориб, Фазора, Бани Назр, Мурра, Узра мана шулар қаторлик бир мунча қабилалар қошига келиб, аларга ўзларини танитган сўнгида динга даъват қилдилар. Лекин ҳеч бирларидин иймон умид қилурлик жавоб эшитилмади.

Пайғамбаримиз қирқ ёшга тўлган чоғларида пайғамбарлик ваҳийи келди. Сўнгра ўн уч йил Маккада турдилар. Ҳар йили ҳаж мавсумида Арабистон атрофидан турлик қабила араблари ҳаж қилмоқ учун Маккага йиғилар эдилар. Мана шу кабилар орқалик динга қилган даъватлари бутун Арабистон ўлкасига тарқалган эди. Ҳар бир йиғин мажлисларда Пайғамбаримизнинг сўзлари бўлмай қолмас эди. Лекин Қурайш қабиласи араблар орасида энг ортиқ даражада обрў-ҳурматга эга бўлганликдин, бошқа араблар буларни хотир қилишга мажбур эдилар.

Қурайиш халқининг иймон келтирмай туришлари бошқаларга ҳам таъсир қилур эди. Ва шу йили араблар ичида атоқлик Бани Бакр ибн Воил қабиласи раисларидин бир нечалари ҳаж қилмоқ учун Маккага келган эдилар. Буни онглаб, Пайғамбаримиз Абу Бакр Сиддиқ билан икковлари ўртада расмий сўзлар айтилгандин сўнгра, Пайғамбаримиз аларни динга даъват қилдилар. Анда раислари Ҳорис туриб:

— Эй Муҳаммад, биз бўлсак кўп йиллардан буён Эрон подшосига фуқаро бўлиб келган эдик. Лекин шу кунларда орамиз бузилди. Энди ўртамизда қонлик бир уруш чиқиши кўз олдимизда турибдур. Мана биз бу ишдан кўнглимизни тинчитсак, қайтиб келиб, сен айтган бу ишнинг чорасини кўрамиз, — деди.

Аларнинг деганларидек, ўз элларига қайтганларидин кейин, кўп фурсат ўтмасданоқ икки орада даҳшатлик бир уруш қўзғолди. Зукор деган жойда араб ва ажам қўшинлари тўқнашдилар. Шу чоғда араб аскар бошлиғи айтдиким: «Эй халойиқ, бизнинг бу урушимиз қўрқинчликдур. Маккадин пайғамбарлик даъвоси ила чиққан одамнинг оти бизнинг уруш шиоримиз бўлсин, шунинг шарофатидин ғалаба қилгаймиз, деб умид қилурман», деган сўнгида шу ном билан садо қичқириб, ҳужум бошлашга амр қилди.

Аскарлари ҳам «Муҳаммад» садоси билан урушга кирдилар. Бу исми-шариф туфайлидин душманларни енгиб, алар устидин ғалаба қозондилар. Шул «Зукор» уруши бўлса, араблар олдида улуғ тарихий шарафга эгадур. Чунки ўз замонасида энг кучлик ҳукуматлардин ҳисобланган Эрон аскарини ўз фуқаролари кўзга илмаган араблар биринчи навбат енгишлари эди. Бу улуғ шонлик зафар бутун Арабистон ўлкасига тарқалди. Шул муносабат билан аларнинг шоирлари фасоҳат, балоғат майдонида кўп мусобақа қилдилар.

Бу урушга қатнашган қабилалар ҳақида фаҳру мубоҳат қилишиб, ҳисобсиз шеърлар айтилди. Аммо ҳақиқатда эса шундоғ тўлиқ қуролланган улуғ бир подшоҳлик аскарларининг кўзга илмаган бир неча араб қабилалари томонидан тор-мор бўлиши Пайғамбаримизнинг мўжизалари эди. Шунинг учун бу хабарни эшитганларида: «Менинг исмим ҳурматидан зафар топдилар», деганлари ривоят қилинур.

Яна шу ҳаж мавсуми кунларида Шайбон қабиласининг бир неча раисларига учрашдилар.

(давоми бор)