Куч адолатдадир қоидасини тескари тарафга ўзгартиришнинг йўли, яъни адолат кучдадир қоидаси билан ҳаракат қилишнинг шарти иш бошига ҳарбийларни келтиришдан иборат бўлиши мумкин. Бу мутлақ қоида бўлмасада, ушбу мақолада бу иддоага далил бўладиган воқеаларга тўхталмоқчимиз Ҳарб уруш демакдир ва уруш ўз зидди бўлган тинчликка нисбатан истисно ҳоли бўлсада, инсонлар ва давлатлар ҳаётида мудҳиш рол ўйнайдиган, айтиш мумкинки уларнинг баъзиларининг ҳаётини маҳв этадиган воқеаликдир…
Мен бу мақолада урушнинг сирлари ҳақида тўхталмоқчи эмасман. Бу алоҳида мавзу ҳисобланади. Мен касби урушиш бўлган, аммо қуролини ўз халқига қаратиш билан кимларгадир хизмат қилишни ўз вазифаси, деб биладиган баъзи ҳарбий демонкратлар ҳақида қисқа тўхталмоқчиман. Демонкрат сохта сўздир. Демон насронийликда шайтон, жин, ёмон руҳлар каби кўзга кўринмас мавжудотларнинг таърифидир. Хуллас, бу ерда демонкрат дейиш билан шайтон ва жин малайларининг, яъни бузғунчиларнинг ҳокимияти маъносини назарда тутмоқдаман…
Ҳарбийлар сиёсатга аралшиши керакми мавзуси баҳс талаб мавзудир. Тарихда Фиръавндан бошлаб, Наполеон, Ҳитлер, Сталин каби давлат раҳбарлари ўзларининг ҳарбий жиҳатлари билан танилган, айни пайтда сиёсий раҳбарликни ҳам қўлдан бермаган эдилар. Давлат раҳбарининг сивил (фуқаровий, гражданский) бўлиши, ҳарбий қувватларни эса касби бу соҳани бошқаришдан иборат бирор генералга топшириши эса замонавий давлатчилик удумига хос жиҳатлардан ҳисобланади. Давлат тўнтариши дейилганда ҳам мана шундай фуқаровий ҳокимият вакилларининг (давлат раҳбарларининг) ҳарбийлар тарафидан тахтдан узоқлаштирилиши назарда тутилади.
Ўтган асрда қайси давлатларда ҳарбий тўнтариш бўлганини мен аниқ билмайман. Аммо бундай тўнтаришларнинг ўнларча давлатларда бўлгани, улар асосан Осиё, Жанубий Америка ва Африка қитъаларида содир бўлгани ҳақиқатдир. Яна бир ҳақиқат бу давлат тўнтаришларининг бир қисмини демонкрат ҳарбийларнинг амалга оширганликларидир…
1982 йилда Туркияда геренал Канон Еврон бошчилигида ҳарбийлар давлат тўнтаришини амалга оширдилар. Бу хабарнинг акс садоси узоқ америкадан шу тарзда жаранглади: Бизнинг йигитлар бу ишни қойилмақом қилиб бажардилар…
Покистонда генерал Мушарраф давлат тўнтаришини амалга оширди…Ливияда полковник Қаддафий… Мисрда генерал Муборак…Жазоирда генерал Холид Наззар….Туркияда 1997 йилда ҳарбийлар Нажмиддин Эрбоқон ҳукуматини иш бошидан узоқлаштирдилар. Ва энг сўнгги хабар: Мисрда маршал Тантавий бошчилигидаги ҳарбийлар халқ тарафидан сайланган Давлат Раиси Муҳаммад Мурсийнинг яна ўша ҳарбийлар тарафидан тарқатилиб юборилган парламентни қайта чақириш ҳақидаги қарорига қарши чиқдилар…
Ҳарбийларнинг бундай давлат тўнтаришларини қисқагина санаб ўтиш инсоннинг виждонини қийнайди. Чунки бу давлат тўнтаришларининг ҳар бири алоҳида бир тарихдир. Уларда мингларча бегуноҳ кишилар ўлдирилган, қамоққа ташланган, ваҳшийларча қийноққа солинган, тирноқлари юлиб олинган, дорга осилган, ўтда ёндирилган…Бу ҳарбий фитналар натижасида халқлар ва давлатларнинг тақдири номаълум томонга буриб юборилган, давлат хазиналари ўмарилган, мамлакатлар хонавайрон қилинган…Ҳарбийларнинг биргина Жазоирдаги қилмишларини ўқиб ўрганган инсофли кишининг соч соқоли бир онда оқариб кетиши тасодиф ҳисобланмаса керак. Қуролланган ваҳшийларнинг қуролсиз инсонларга қилган ва қилаётган зулмига қандай виждон чидай олиши мумкин…
1997 йилда Туркияда ҳарбийлар ҳукуматни иш бошидан узоқлаштирганда бу ишни амалга оширган генераллардан Чевик Бир ўз қилмиши билан мақтанар экан, “биз“демократияни мувозанатга келтирдик” (Demokrasiye balans ayarı yaptık), деган эди. Ҳозирги кунда Туркияда 1960 йилдан кейин давлат тўнтаришини амалга оширган ҳарбийларнинг қилмишлари қайта кўриб чиқилмоқда. Яқин ўтмишда Бош Штаб Бошлиғи лавозимида бўлган армия генерали Илкер Бошбуғ, демократияга мувозанат келтирган армия генерали Чевик Бир ва бошқа ўнлаб юқори лавозимли ҳарбийлар устидан жиноят иши очилиб, улардан баъзилари маҳкамада ўз қилмишлари учун жавоб бермоқдалар.
Полковник Қаддафий, генерал Ҳусни Муборак, генерал Мушарраф, генерал Холид Наззар, генерал Канон Еврон…Бугун бу ҳарбий демонкратларнинг ўзлари ҳам, қилмишлари ҳам тарих ахлатхонасининг мулкига айлангандир.
Мен бир мақоламда демократиянинг баъзан демонкратия сифатига эга бўлиши мумкинлигини таъкидлаган эдим. Бунинг далили ҳозирда Жазоир ва Суриядаги демонкратиянинг ижодкори демократ Франция, Миср, Туркия ва Покистондаги демонкратиянинг ҳамкори эса демократик америка эканлиги ҳеч кимга сир эмаслигидир…
Демократлар ўз фалсафа ва амалларида демонкратиядан қутулишлари керак бўлади. Ўшанда демократлар ўзларининг асосий сифатлари бўлган “Мен сизнинг фикрингизга қўшилмайман, аммо сиз ҳам ўз фикрингизни айта олишингиз учун жонимги беришга ҳам тайёрман” сифатига ҳақиқий маънода эга бўладилар. Чунки 21 асрнинг модаси ҳолига келган террор фалокатларининг асосий ижодкоркорлари демонкратлар эканлиги ҳам энди кўпчиликка сир эмас. Шунинг учун ҳам бирон жойда бомба портлади, террор содир бўлди хабарлари тарқалса, мен дарров ажабо бу демонкратларнинг ишимикин, деган хаёлга бораман. Бундай фикр менда 2011 йилнинг ёзида Ослода содир бўлган портлашлардан кейин янада собитлашди. Бу даҳшатли террор воқеаси содир бўлганда аввал ҳамманинг нигоҳи биз мусулмонларга қаратилганди. Кейин уни демонкрат Андрей Брейвик амалга оширгани маълум бўлди. Мўътадил мусулмонларни радикал, дея ҳақоратлаётганлар ҳам демократларнинг сафидаги демонкратлардир. Бундай демонкратлар ўзбек демократларининг ичида ҳам талайгинадир…
Ушбу мақолага “Демократия ва Демонкратия”, “Сиёсат ва ҳарбийлар” сарлавҳаларини ҳам қўймоқчи бўлдим. Аммо мавзуга айнан “Ҳарбий демонкратлар” сарлавҳаси ярашгани учун бу сарлавҳани танладим. Бу сарлавҳа менимча фуқаровий тафаккур билан ҳарбий тафаккур орасидаги фарқга ҳам аниқлик киритади. Фуқаровий тафаккур етти ўйлаб бир гапириш, маслаҳатлашиш, далилларни ақл тарозусида тортиш, тажрибалардан ижобий хулоса чиқаришни тақоза қилади. Ҳарбий тафаккур, агар унга тафаккур дейиладиган бўлса, “амр этинг қўмондоним”, дея тик туришдан бошланади. Яъни, ҳарбийларнинг ишида саволга ва эътирозга ўрин бўлмайди. Қўмондоннинг амри билан аскарнинг ўқ отишни бошлашидир бу тафаккурнинг моҳияти…
Сўзни адолатнинг кучда эмас, кучнинг адолатда эканлигини таъкидлаш билан бошлаган эдик. Адолат эса ҳар кимга ўз ҳаққини беришни билдиради. Демократларга улар истаган ҳақларни бериш қанчалик адолат бўлса, мусулмонларга ҳам улар истаган ҳақларни бериш шунчалик адолатдир. Тарих ва бугуннинг ҳақиқати шундан иборатки, демонкратлар ҳеч қандай ҳаққа муносиб эмаслар…
Намоз Нормўмин,
21 июль 2012 йил.
И з о ҳ: Мавзуга Туркиялик дўстларимдан бирининг ижоди бўлган “Давлат тўнтаришларига раддия” видеоматериални илова қилишни лозим топдим.
http://www.ozgurlukbesteleri.com/tr/index.asp?CategoryID=2-0-0-0-8-0