Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(37-қисм)
Ўн олтинчи шох: Бўрдоқилар
Амир Темур (собиқ “Инқилоб”) хиёбонидан бошланган катта йўл Пушкин ҳайкалининг тумшуғига тегиб-тегмай иккига айрилади. Президент ишхонасидан Дўрмондаги қароргоҳига бораётиб шу йўлдан ўтади. Тақдир экан, мен ҳам ишхонамдан уйимга шу йўлдан келаман. Фақат, Президент билан менинг йўлимиз икки бекат тепароқда ‒ метронинг Ҳамид Олимжон бекати устида қўшилади ва Пушкин майдонига келганида ажралади: президент чапга юриб Дўрмонга кетади, мен ўнгга бурилиб эски Шастри маҳалласидаги кулбамга бораман (хайрият кулбам ўнг томонда, деб қўяман кўпинча шукр қилиб).
Совет даврида Инқилоб хиёбони қоқ ўртасида серсоқол “доҳий” Карл Маркснинг улкан бош ҳайкали бўларди. У ўзидан бир ярим чақиримча олдиндан ер олган Лелин ҳайкалига қараб турарди. Маркс бобойдан бир ярим чақиримча орқага, худди “доҳий” ортидан эргашиб бораётгандай бўлиб эса Пушкин ҳайкали виқор билан қўнқайиб турибди: икки қўл орқада, олдга ташланган чап оёқ олифталарча хиёл букилган… Яқин-яқинларгача Пушкиндан бир ярим чақиримча орқада ҳассасининг учини ерга дўқиллатиб буюк пролетар ёзувчиси Максим Горкий ҳам мағрур турарди.
Хуллас, Лелиндан бошлаб Горкийгача бир чизиқ тортилса, бу тўрт ҳайкал тимсолида Туркистон тупроқлари Ўрусия-совет мустамлакаси остида эканининг ўзига хос бир рамзини кўрса бўлади.
Майли, чалғимайлик, асосий гапга ўтайлик.
Шу Пушкин ҳайкалининг чап биқинида совет даврида Умумқўшин ҳарбий билим юрти бўларди. Совет армиясининг Туркистон ҳарбий округига қарарди. Пиёда қўшинларига офитсер етиштириб берарди.
Билим юрти ҳозир ҳам бор. Фақат, энди унинг эгаси Ўзбекистон республикаси Мудофаа вазирлиги, номи эса “Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти”дир. Албатта, давлатга ҳам, халқимизга ҳам жуда керакли, жуда муҳим билим юрти. Қўшинларимизга ақлли, доно, ватанпарвар, халқпарвар қўмондонлар доим керак.
Ичкарида нималарни ўқитишади, зобит бўлишни истаган болаларимиз онгига қанақа мафкурани сингдиришади, нима егиздиришади-нима ичкизишади ‒ буларни биз ўткинчилар унча билмаймиз, ичкаридаги ҳол бизга қоронғу. Катта йўлдан, билим юртининг олд томонидан у ёққа-бу ёққа ўтарканмиз, бу ишларга бурнимизни суқмаймиз. Шуниси ғалвасиз.
Бурнимизни суқмас эдик, лекин хом сут эмган қулмиз-да, ичимизда бир нарса ҳеч тинчлик бермай: “Олд томонини кўп кўрдик, орқаси қанақа бўлса экан?” деб жикиллайверади.
“Орқа” ‒ сирли, жозибали диёр! Доим ўзига тортиб туради. Нимага? Чунки кўпинча асосий ишлар “орқада” қилинади. Орқада гап кўп. Олдга ниқоб тутилган бўлиши мумкин, лекин орқа доим очиқ бўлади. Олд ‒ меҳмон кутаётган мезбоннинг чарақлаб турган юзи, орқа ‒ ошхона, молхона, ҳожатхона. Олд доим супурилган-сидирилган бўлади (ҳар онда меҳмон келиб қолиши мумкин-да!), асл ҳолатни кўпинча орқа кўрсатади. “Олд” ўтган-кетганнинг кўзини қувонтирадиган қилиб қўйилади, “орқа” орқада қолиб кетаверади.
Одам нуқул катта ва текис йўлларда юравермай, бирда-ярим орқа томонларга ҳам ўтиб туриши керак экан. Олдда ҳеч кўрмаганингиз асл ҳақиқатларни кўрворасиз орқада! Кўрмасангиз, билмайсиз, билмасангиз, бурнингизни тортиб юраверасиз.
Ўзимнинг бошимдан ўтди.
Ҳарбий билим юртидан Тошкент Кичик ҳалқа йўли бўйлаб эски ТошМИга қараб пича юрсангиз ўнгда кўримсизгина Асака кўчаси келади. Билим юртининг орқа дарвозасига ва сал наридаги маҳаллаларга шу кўчадан борилади. Кўча бошида чап қўлдаги биринчи, иккинчи темир дарвозалар шу билим юртига тегишли: биринчисига қанақа муассаса экани ёзилмаган, иккинчиси ҳарбий жанговар мошиналар турадиган гараж деб қўйилибди. Кўп кўрганман: биринчи дарвоза доим ёпиқ туради.
Мошинада кирачилик қилиб юрган эдим, бир ҳарбий мижозим йўлни шу ёққа бошлади. Бурилдим. Қарасам, доим ёпиқ турадиган сирли дарвоза нимагадир бугун ланг очиқ; икки аскар бола кўча супуряпти.
Табиий, секинладим.
Шу палла ичкаридан битта турқи совуқ, танаси ифлос чўчқа чийиллаб отилиб чиқиб қолса бўладими! Бояги икки мусулмон аскар супургисини ташлаб унинг олдини тўсишга чопди. Чўчқа дарвозадан узоқламасидан қайириб ичкарига ҳайдай бошлашди. Болалардан биттаси жаҳл билан кетига тепган эди, чўчқа баттар чийиллади…
Билдим: ҳайвонхона экан. “Чўчқахона” демадим, чунки ичкарида қўй-мол ҳам бўлиши мумкин. Тўғриси, сира кутмаган эдим. Ихтиёрсиз, мошинани тўхтатиб қараб қолибман. Иккала аскар ҳалиги қочоқ чўчқани ҳайдаб бориб қўрасига қамади. Кейин жилдим.
‒ Чўчқа боқиладими бу ерда?! ‒ деб юбордим ихтиёрсиз равишда.
Менинг бу саволим мижозимга қаратилмаган, кўпроқ ҳайратимни ифодалар эди. Шундай бўлса ҳам ҳарбий мижоз саволни ўзига деб тушунди ва:
‒ Ёрдамчи хўжалигимизда, ‒ деди хотиржам.
Баттар ажабландим.
‒ Чўчқа эти пишириб беришади сизларга?! ‒ деб сўрадим.
‒ Нима қипти? Бизда ҳаммасидан бор…
Мижозни манзилига етказгунимча ҳам (ҳақни мўлжалдан кам берди, аблаҳ!), уни қўйиб уйимга қайтгунимча ҳам ҳозиргина кўрганим манзара ва ҳарбий мижознинг хотиржам жавоби хаёлимдан кетмай қолди. Табиий, мен асабийлашаётган эдим…
Совет тугади, чўчқани ҳалол дейдиган ўрис ҳукмронлиги ағнади, энди бундан бу ёғи давлатимизнинг озиқ-овқат сиёсатидан чўчқа номи тамоман ўчирилган бўлса керак деб ўйлаб юрган эдим. Йўқ, ундоқ эмас чоғи ‒ чўчқа давлатимиз учун ҳали ҳам зарур ҳайвон чиқиб қолди. Ҳатто энди унинг мақоми озиқ-овқатликдан юксалиб сиёсий масалага айланганга ўхшаяпти. Кўчада аҳолига хизмат қиладиган ошхоналаримизда чўчқа этидан овқатлар қилинмаса-да, аскар ва зобитлар дастурхонига улар ҳали ҳам тортилиб турилибди экан!..
‒ Нимага бунча қизариб кетдингиз? ‒ деб кутиб олди хотиним.
Ўзи тутоқиб турган эдим, ёндим:
‒ Кираҳақини кам берди, чўчқа! ‒ деб ўшқирдим.
Важоҳатимдан қўрқдими, бошқа сўз демай бурилиб кетди.
Севги ҳақидаги бир қўшиқнинг нақароти эсимга тушди:
“Воҳ аламжо-он, жо-он алам…”
“Мустақил” Ўзбекистон лашкари асосан мусулмон болаларидан ташкил топган, мусулмонлар эса чўчқани этидан тукигача ҳаром ҳайвон деб эътиқод қилишади ‒ шуни билатуриб давлат бўлғуси зобитларни ‒ сиз билан бизнинг болаларимизни нимага ҳамон чўчқа эти билан боқяпти?!
Тушунолмай қолдим. Таъбим тирриқ бўлди.
Иккала ўғлим ҳам ҳарбий хизматга лаёқатли йигитлардир. Тўнғичим аспирантурада ўқиётган пайти бир ойлик (айтганча, президентнинг невараси Ислом Иккинчи билан бирга) хизматни ўтаган. Ҳарбийда намоз ўқитмагани етмаганидай шўрлик болаларимга ҳали чўчқа едирдими менинг давлатим?! Иккинчи ўғлим Олий ўқув юртида ўқиётганида қўшимча ҳарбий тайёргарликдан ўтиб кичик зобит бўлди ва у ҳам бир ойлик ҳарбий хизматни ўтади. Наҳот бунисига ҳам?..
Йўғ-э, хизматга кетмасидан олдин иккаласига қаттиқ тайинлаганман, еяр овқатига диққат қилган, албатта. Акс ҳолда, томоғидан зиғирча чўчқа эти ўтиб қолган бўлса, иккаласиниям қустиришимга тўғри келарди!
Совет тузумининг чўчқа сиёсати тушунарли, чунки у тузум “а”сидан “я”сигача худосизлик мафкурасига асосланган эди. Жумладан, Оллоҳнинг ҳалол-ҳаром ҳақидаги ҳукмини ҳам бир тийинга олмасиди. Айниқса армия ошхоналарида деярли ярим овқат чўчқа этидан қилинарди. Кўчада хоҳласангиз ейсиз, хоҳламасангиз емайсиз, аммо армияда танлаш имкониятингиз йўқ: ҳафтада бир ёки икки марта…
Совет армияси ошхоналарида кўпинча мусулмон (жумладан, ўзбек) болалари хизмат қилишарди. Қурилиш баталўнларида ҳам аҳвол шундай эди: ошпаз аскарларнинг деярли 100 фоизини, қурувчи аскарларнинг 70 ‒ 80 фоизини СССРнинг Қофқоз ва Ўрта Осиё ҳудудларидан борган мусулмон асилли аскарлар ташкил этарди.
Албатта, ўрис давлати мамлакат мусулмонларига ичдан сира ишонмасиди: бу “басурманлар” бир куни яна қайтадан бош кўтариб қолиши мумкин, замбарак отишни ўрганиб олса ўзимни отиб қўяди деб қўрқарди ва чинакам ҳарбий таълим бермаслик учун атай шундай сиёсат юритарди ‒ мусулмонларни ошхоналарга, қурилиш баталўнларига, енгил ишларга қўярди. Учувчилар, ерости кемалар, нозик сирли қўшинлар… таркибида мусулмон йигитларни айтарли учратмасидингиз. Биз бўлсак, масаланинг сиёсий томони билан ишимиз йўқ, хўжалик ишларида хизмат ўтаганимизга хурсанд юраверардик.
“Ҳа, йигит, хизматлар қандай ўтди?” деса,
“Э, ошна, қийналмадим, пичағим мой устида бўлди, ўйнаб хизмат қилиб келдим!” деб мақтанишлар шундан.
Ота-оналар ҳам бахтиёр: “Менинг болам аскарликдан семириб кепти!”
Аскарликдан семириб қайтган аканг қарағайнинг “жаннат” ҳикояларини эшита-эшита сўлаги оққан ўсмирларнинг “Мен ҳам армияга борсам, ошпаз бўламан!” деган орзулари…
Ҳай, майли, бу ишлар энди орқада қолди.
Мен айтмоқчи бўлган гап ‒ ўша совет даврида ҳам мусулмон ошпазлар чўчқа этидан овқат қилган кунлари бошқа мусулмон болаларини огоҳлантириб қўйишарди ва ўзини эҳтиётлайдиганлар йўлини топиб у овқатни емаслик пайидан бўлишарди! Ўзим гувоҳман.
Мана энди бу кунларга келиб ‒ чўчқахўрлар мустамлакасидан қутулиб, мамлакат мустақил (узр, бу сўзни шунинг учун ҳам қўштирноқлар орасига олишга мажбурмиз-да: “мустақил”)ликни қўлга киритиб, ўзимиз хон, ўзимиз бек бўлиб, ҳатто Ислом динини қадриятларимиз асоси деб эълон этиб… нимага эришдик? Ҳеч бўлмаса битта шу чўчқадан қутулдикми? Ахир, у бизнинг қадриятларимизда йўқ-ку!
Қаёқда?! Чўчқа ҳамон кўчаларимизда чопқиллаб юрибди, аскарларимиз уни олдин суйиб кетига тепиб қўйяпти, кейин сўйиб еяпти! Бунақада “ҳар куни эрта билан Оллойи таоллодан ишининг ривожини сўраб дуо қилиш”ларнинг неччи чақалик қиймати қолади?! Уйда ‒ “Оллойи таолло”га дуо, бу ёқда ‒ Оллоҳ таоло ҳаром қилган чўчқа! Қай бирига ишонайлик?!
Диққат қилинг: чўчқа этини хоҳиш билан ейиш ё емаслик ҳақида кетмаяпти гап, балки давлат бўлғуси зобитларни ‒ ўз фуқароларини мажбуран чўчқа эти билан боқаётгани ҳақидадир!
Э, баттар бўл-э, менга деса шайтоннинг этини едирмайсанми, деб кирачилигимни қилиб юраверсам ҳам бўларди, лекин масаланинг ўта нозик бир томони бор: чўчқа этига тўйинган қалб чўчқа этини ҳаром деб эътиқод қиладиган қалбларни тўғри тушунадими? Чўчқа этини еб семирган бўрдоқи зобит чўчқадан ижирғанадиганларни яхши кўрадими?
Йўқ. Мўмин-мусулмон киши чўчқадан қанчалик жирканса, бўрдоқига боқилганлар улардан шунчалик, балки ортиқроқ жирканиб тарбия топади. Ичида чексиз алам туяди: “Мен еган этни ҳаром дейдиган сенларми?!” дейди. Ва, қаршисига чиқса, бир туки қилт этмай тариллатиб отиб ташлайди!
Яқин бир танишимнинг зобит ўртоғи (ҳозир нафақага чиқибди): “Қўйиб берсаю динчиларни битта қўймай қириб ташласанг! Йигитлар қизиб ётибди!” деган экан қаттиқ сиқилган муштини силкитиб.
Ўзим ҳам органларга яқин бир одамдан худди шундай дағдағани эшитганман.
Уларни қутуртирган қанақа микроб?! Ёнгинасида ўз юмуши ва дунёқараши билан тинчгина яшаб юрган бир ватандошини “қириб ташлаш” зеҳнияти зобитнинг миясига қандай ва қаёқдан ерлашиб улгурди?!
Чўчқа боқилиши ва егиздирилиши мамлакатда гўшт етишмовчилигидан эмас, албатта. Агар давлат хоҳласа, битта Қашқадарё ёки битта Жиззах вилоятининг ўзи бутун лашкаримизга етадиган ҳалол мол-қўй етказиб бера олади. Мудофаа вазирлиги буюртмаси учун ишлашга, менимча, ҳар бир яйлов ва тоғ халқи жон-жон деб рози бўлади. Муқим даромад кимни қизиқтирмайди!
Йўқ, давлат довини чўчқага тиккан. Чўчқани ва чўчқабоқарларни рози қилса қилади, қўйбоқарни ўйламайди. Чўчқабоқарнинг пичоғи доим мой устида бўлсин, қўйбоқарнинг киссаси қаппаймасин, косаси оқармасин!
Ҳаром еб семирганлар давлат учун қимматли кадрлардир: уларни ҳар кўйга солса бўлади ‒ осон бошқарилади ва нима қилаётганини кўпинча ўзи ҳам билмайди. Тескарини ўнг, хатони тўғри деб тураверади. Тушунтирмоқчи бўлсангиз, барибир тушунмайди. “Ўзи ўнг нарсани нимага булар тескари деб тушунтиряпти”, дея ғаши келади қайтага.
Шу учун ҳам атай чўчқа эти едирилади. Ҳаромлигини билиб туриб едирилади. Чўчқахўр “мусулмон”дан манқурт чиқади. Отасини, онасини кўрсатиб, “Булар сенинг душманинг, ўлдир уларни!” дейилса, ўйлаб ўтирмай ўлдиради.
Энди билгандирсизлар Андижонни кимлар ва қандай қонга ботирганини? Чўчқа эти еб семирган биттаси “От!” деган, чўчқа этига боқилган иккинчиси ўйлаб ўтирмай отган!