O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳар бир инсонда шу уч хил махлуқнинг сифатлари кўринмоқдадур…

Ҳар бир инсонда шу уч хил махлуқнинг сифатлари кўринмоқдадур…
414 views
25 February 2016 - 5:00

Muhammad_savАлихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ – 14

(давоми)

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИ МАСХАРА ҚИЛГАН ҚУРАЙШ РАИСЛАРИНИНГ ВОҚЕАСИ

Ҳадис китобларининг ривоятларига кўра Қурайш раисларидин номлари ёзилган шу беш киши:

1.Асвад ибн Мутталиб. 2. Асвад ибн Абду Яғус. 3.Ос ибн Воил. 4. Ҳорис ибн Талотила. 5. Валид ибн Муғийра — Қурайш ичида ёши улуғ қари кишилардан бўлиб, кўп обрўйга эга эдилар. Пайғамбаримизга озор беришни ўзларига бузилмас аҳд қилган эдилар. Буларнинг қилар ишлари доим Пайғамбаримизнинг ўқиган намозларини, тоат-ибодат қилганларини, ўлтириб-туришларини масхара қилишиб, ўтган-кетганларида Расуллуллоҳга озор бериш эди. Бу ҳақда кўп сабр қилдилар, аларнинг адабсизликлари ҳам ниҳоятига етди. Мана шу чоғда Жаброил алайҳиссалом Худо тарафидин бу оятни келтирдилар: — «Фасдаъ бима тўмару, вааъриз анил мушрикийна, инна кафайнакал мустаҳзиийн». Маъноси: — «Эй Муҳаммад, Аллоҳнинг амрини очиқ айтгил, сени масхара қилувчи адабсизларнинг жазоларини ўзимиз берамиз, ул мушриклардин сен парво қилма», деган бўлур. Жаброил алайҳиссалом шу ваҳийни келтирганларида, алар ўз одатларича Байтуллоҳни тавоф қилишиб юришган эдилар. Жаброил алайҳиссалом келиб, Байтуллоҳ олдида турдилар, Пайғамбаримиз ҳам анинг ёнларига келдилар. Шу чоғда тавоф қилиб юрган Асвад ибн Мутталиб у ердан ўтаверди. Уни кўриб, Жаброил алайҳиссалом қўлларида тутиб турган яшил байроқни унинг юзига отдилар, дарҳол унинг кўзлари кўр бўлди. Бундин кейин Асвад ибн Абду Яғус ҳам у жойдин ўтди, Жаброил алайҳиссалом анинг қорнига ишорат қилдилар, шу замон қорнида шиш пайдо бўлиб, истисқо иллатига йўлиқди. Шу дард билан юриб ҳалок бўлди. Анинг ортидин Валид ибн Муғийра келиб, Жаброил алайҳиссалом олдиларидин ўтаверганида анинг оёғига ишорат қилдилар. Неча йил илгари тузалган яра ўрнидан бир шиш қайнаб чиқди, бунинг оғриғига чидай олмасдан бўкириб ётиб, жон берди. Сўнгра Ос ибн Воил келиб эди, Жаброил алайҳиссалом анинг товонига ишорат қилдилар, неча кун ўтгандин сўнгра оёғига бир тикон киргани баҳона бўлиб, шунинг дардига даво тополмасдин бу ҳам ўлди. Ҳорис ибн Талотила ўтаётганида Жаброил алайҳиссалом анинг бошига ишорат қилиб эдилар, ичи сувга тўлган тулумдек бўлиб, анинг бошида бир шиш пайдо бўлди. Қон-йиринг оқиб юриб, бу ҳам ўлди. Алҳосил, юқоридаги оятнинг мазмунича, Расулуллоҳга қилган адабсизликларининг шумлигидан, охират азобининг намунасин бу дунёда ҳам кўриб, барчалари ҳалок бўлдилар. Қудрати илоҳий ила бўлган бу воқеани Пайғамбаримиздан бошқа ҳеч ким билмади.

Булардин кейинги энг қаттиқ душманчилик кўрсатган киши Абу Жаҳл эди. Бу малъуннинг Пайғамбаримизга ҳар қанча душманлиги қаттиқ бўлса ҳам, яна олдиларига келганда беихтиёр тавозеъ қилар эди. Шундоқки, бадавийлардин бир киши Макка бозорига бир туя келтириб, сотмоқчи бўлди. Пулини уйдан бермоқчи бўлиб, у туяни Абу Жаҳл сотиб олди.

Аммо қилган ваъдасига вафо қилмай, унинг ҳаққини бермасдин бир неча кунлар судради, ул бадавий араб ҳеч илож тополмасдин, Байтуллоҳ олдида мажлис қуриб ўтиришган Қурайш раисларига арзини айтиб, Абу Жаҳлдин ҳаққини олиб беришларини талаб қилди. Анда Қурайш раислари бир четда ўтирган Пайғамбаримизга ишорат қилиб: «Ҳаммамизнинг каттамиз ана шу кишидур. Сенинг ҳаққингни олиб беришга шундин бошқа ҳеч ким ярамайди», дедилар. Бундин ғаразлари эрса, Пайғамбаримизни масхара қилишиб, Абу Жаҳл билан уриштириш эди. Буларнинг хиёнатлик сўзига бечора бадавий ишонганидин, тўғри Пайғамбаримизга келиб:

— Эй муборак одам, мен бўлсам бу шаҳарга келган мусофирдурман. Абул Ҳакамга бир туя сотган эдим, шу кунгача пулини бермасдин, мени кўп овора қилди. Анави ўтирган одамларга ундин ҳаққимни олиб беришлари учун арз қилган эдим, алар сизни кўрсатдилар. Худо хайр берсин, яхши киши кўринасиз, менинг ҳаққимни олиб берармикинсиз, деб келдим, — деди.

Дарҳол Пайғамбаримиз: «Яхши бўлур, юр бўлмаса», деб ўринларидин туриб, Абу Жаҳл уйига қараб юрдилар. Бу ишни пайқаб ўтиришган Қурайш раислари буни кўришиб: «Муҳаммад бу боришида Абу Жаҳл ила қандоғ муомала қилгай, буни билишимиз керак», деб яширинча бир одам юбордилар. Пайғамбаримиз бадавийни бошлаб тўғри Абу Жаҳлнинг уйига келиб, анинг эшигини қоқдилар. Абу Жаҳл ичкаридин туриб: «Кимдир?» деб эди, Пайғамбаримиз: — «Муҳаммаддурман, бу ёққа чиқгил», дедилар. Овозларини эшитиши билан, қўрққанидин ўнги (ранги) ўчиб, юзи сарғайди, дарҳол эшикни очиб эди, Пайғамбаримиз: «Бу кишини ҳаққини ҳозир адо қил», дедилар. Абу Жаҳл ҳеч қандоқ қаршилик қилмасдин, шошилганича уйидин пул олиб чиқиб, бадавий ҳаққини топширди.

Пайғамбаримизга у бадавий кўп ташаккурлар билдиргандин сўнгра, яна Қурайш мажлисига келиб: «Сизлар кўрсатган одамнинг Худо хайрини берсин, Абул Ҳакамдин тамом ҳаққимни олиб берди», деб Пайғамбаримизни кўп олқишлади. Булар бўлса, бу ишни Пайғамбаримизга азият етказиш қасдида қилган эдилар. Аллоҳ таоло иродаси билан, Пайғамбаримизга ионат бўлди. Қурайш раислари хижолатликка қолиб, Абу Жаҳлга нафрат айтиб турганларида юборган кишилари келди. «Нима воқеа бўлди?» деб андин сўрадилар. Ул:

«Абу Жаҳлнинг Муҳаммад ҳақида қилган муомаласи бек (чўнг) таажжуб ишдур. Кўрганим шулдурки, Муҳаммад бадавий билан тўғри бориб, Абу Жаҳл қопқасини қоқди. Қарасам, Абу Жаҳл қўрққанидин ранги ўчган, руҳсиз ҳолда чиқиб келди. Муҳаммад бадавийни кўрсатиб, бунинг ҳаққини дарҳол адо қил, деди. Ул ҳам югурганича уйидин пул кўтариб чиқиб, бадавийнинг ҳаққини топшириб берди», деб айтди. Бу сўзга ҳайрон бўлиб туриб эдиларки, Абу Жаҳл ўзи келиб қолди. Алар ёппасига: «Бу қандоғ номуслик уят иш, душманларимизни суюнтирдинг, ўзингга номус келтирдинг», деб унга нафратларини билдирдилар. — Бу чоққа давр Муҳаммадга бундоқ юмшоқлик қилганингни кўрмаган эдик».

Анда Абу Жаҳл:

— Мени кўп айб қилманглар, чунки бу ишда менинг ихтиёрим йўқдур, энди бу сирни айтишга мажбур бўлдим. Шундоқки, мен ўтириб эдим, туюқсиздин эшик қоқилиб, Муҳаммаднинг овозини эшитдим, ихтиёрсиз кўнглимга қаттиқ бир қўрқинч тушди. Югуриб чиқиб эдим, кўрдимки, бадавий олдида Муҳаммад турибди, анинг ортида тишлари найзадек, боши сандиқдек, ҳайбатлик бир буғро туя оғзини очиб турганини кўрдим. Агар мен қаршилик кўрсатсам, устимга ҳужум қилгудек кўринур, — деди.

Субҳоналлоҳ, бу қандоқ ажаб ишдурки, шу қадар улуғ мўжизаларни кўришиб турсалар ҳам, бундин ҳеч қандоқ ибрат олмадилар.

Энди, эй мўмин, огоҳ бўлгинким, Пайғамбаримизнинг айтишларича, инсонда уч турлик сифат бордур.

  1. Ҳайвонлик.
  2. Шайтонлик.
  3. Фаришталик хислатларидур.

Аллоҳ таоло одамни яратганида, анинг вужудига бу уч турлик сифатини қўймишдур. Шунинг учун ҳар бир инсонда шу уч хил махлуқнинг сифатлари кўринмоқдадур. Шундоқки: емак-ичмак, ухламоқ, жимо қилмоқ (эр-хотин қўшилиши), мана булар эрса, ҳайвонларнинг сифатларидур. Инсонлардаги уруш-талаш, ўлдиришлар, ёриш-йиртиш, бир-бирларига озор беришлар, мана шулар бўлса, ит-бўрилар каби йиртқич ҳайвонларнинг сифатларидур. Макр-ҳийла, зулм-хиёнат, ҳасад қилиш, халқ ичида бузуқчилик қилиб, фитна-фасод ишларини қўзғаш, булар шайтоний аҳлоқлардин бир намунадур.

Илмдўстлик, илмсеварлик, адолатпарварлик, тақвогарлик, раҳмдиллик, бутун олижаноблик, кўркам аҳлоқлик, мана бундай ишлар фаришталик сифатларидин бир намунадур. Одам фарзандларида бу сифатларнинг борлигини кўриб турамиз. Агар фаришталик сифати тарбият топиб, қувватланар экан, унинг даражаси фариштадин ортиқ бўлиши шубҳасиздур. Мана, пайғамбарларнинг вужуд-шарифлари бу сўзни исбот қилишга очиқ далилдур.

Агар бундоғ бўлмай, ҳайвоний, шайтоний тарафига инсонлар майл қилсалар, шулар қаторида қолиб, балки булардин ҳам тубанроқ тушиб, асфаласофилин зиндонига гирифтор бўлгайлар. Шунга кўра, Аллоҳ таоло Раҳмон раҳим сифати ила инсонларга раҳбарлик қилишга бир юз йигирма тўрт минг пайғамбар юбормишдур. Уларнинг вазифалари эса инсонларнинг асл гавҳарлари бўлган фаришталик сифатларини юзага чиқаришдур. Диний тарбиятлар бериб,шайтоний сифатлардин аларни ариғдаб (тозалаб), ҳайвоний сифатларини чеклашдур. Агар инсон фарзандлари пайғамбарлар тарбияларидин четга чиқиб, аларнинг кўрсатган йўлларидин йироқ юрсалар, шайтоний ва ҳайвоний сифатлари ривож топиб, иймон — исломдин баҳрасиз бўлгайлар. Худо сақласин, агар бу икки бузуқ сифатлар инсонлар оламида ривожга кирар экан, анинг натижасида қандоғ ишлар пайдо бўлиши кўз олдимизда кўринмоқдадур.

Қиёмат қанчалик яқинлашгани сайин инсонларда бу ёмон сифатлар шунчалар

ривожланиши машҳур ҳадис китобларида ёзилмишдур.

Ҳақни ботилдин ажратиш учун Аллоҳ таоло инсонларга ақл гавҳарини ато қилиши бунинг мисоли бир ойна кабидур. Агар у мусаффолик, текислик сифати ила турса, анинг тўғрисига келган ҳар бир нарса анда ўз ҳақиқати ила кўрингай, агар бундоғ бўлмай, ақл ойнаси занг бойлаб, текислик ва сафолик сифатидин ажраган бўлса, анинг қаршисига келган тўғрини эгри, оқни қора қилиб кўрсатгай. Бунинг олдида яхши-ёмон, умуман, барчаси баробар бўлгай. Мана бундоғ одамларнинг ақллари, шайтоний ҳайвоний қувватларига асир бўлиб, анинг асли фитрати бузилмишдур. Агар тамом умрини шу йўлда ўтказиб, дунёдин тавбасиз кетар экан, абадий шақоватга (тузалмасга), дўзах азобига тутилур. Энди бу асоратдин қутилиш, бу дардга даво топиш учун, Худо тарафидин юборилган, Ислом дини кўрсатган йўлдин бошқа ҳеч қандоқ анинг чораси йўқдур. Бу йўлнинг чин қаловузи ва анинг ҳақиқий йўлбошчиси ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдурлар. Аллоҳ таоло тарафидин бу зотга Қуръони карим китоби ндирилмишдур. Инсонларнинг икки дунёда бахтсаодатлик бўлишлари учун, шу китоб бирма-бир кафилдур. Байт:

«Ҳақни кўрган, ҳақни билган, ҳақ йўлининг бошчиси
Бил, Муҳаммад Мустафодур, ул худонинг элчиси»

 (давоми бор)