Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний
Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(11)
(давоми)
Динимизнинг ҳар бир анъаналари зиддига даҳриёна ташвиқотлар ва қарама-қаршиликлар авжига чиқиб, уларнинг тили ва сўзи қонун эди.
Инсоний ва шаҳрий(фуқаролик) ҳуқуқлар уларнинг оёқ остиларида поймол этиларди.
Диний ақида ёки расм-русмларни севишни ошкор қилиш ўз устига азоб-уқубатни жалб қилишнинг ўзи бўлиб қолди.
Бухорода 800 та диний мадраса бор бўлиб, уларнинг барчаси “қолаллоҳу, қоларосулуллоҳи” каби янгроқ товушлардан маҳрум этилиб, баъзиларини отхона, баъзиларини омборхона ёки дўкон сингари нарсаларга айлантирилди. Ҳаттоки, баъзи масжидлар қабоҳат уяси бўлмиш клуб ёки рақсхоналарга айлантирилди.
Аксар масжидларни фақатгини муҳрлаб ташлашди, баъзилари эса яҳудий ва бошқа миллат вакилларига яшаш учун берилди.
Ҳар бир шахс иккинчи шахсга шубҳа назари билан боқар, миллат раҳномалари ва диний пешволар шаҳид ёки сургун қилинганди.
Қамоқхоналар диндор кишилар билан тўлиб, авомнинг ҳафсаласи совиб диний ғайратларидан ажраб қолган эдилар.
Фарғона ва Самарқанд томонларидан оз-оз қўзғолонлар эшитилиб турар, лекин Бухоро гўё Темурнинг уйидан ғайрат ва ҳамият тобути чиқиб кетгандек эди.
Дилим қаттиқ изтиробга тушиб қолди. Қаттиқ ўйлай бошладим. Бу азиз ватаним билан қандай “хайр-маъзур” қиламан?!
Келганимнинг иккинчи куни изтиробим янада зиёдалашди. Охири машҳур “Моғак” масжидига бориб яшириндим. Масжид ертўлали эди. Шояд “Ҳодий мутлақ” (Аллоҳ таоло) тарафидан бирон раҳнамо топилиб қолар деган умидда, таҳорат олиб икки ракаат истихора намозини ўқиб, ётиб ухладим.
Субҳидамда муаззин ҳамда икки нафар киши келиб, тўртовимиз бомдодни адо қилдик.
Айтишларича, кечаси шаҳарда Қиёмат қоим бўлибди.
Коммунистлар кундузи яна иккинчи бор митинг қилиб исломни қаттиқ таҳқирлаганлар, ҳатто Аллоҳ ва унинг Росулини ҳам қаттиқ беҳурмат этганлар, бунга чидай олмаган бир неча навқирон йигитларнинг қонлари қайнаб кетиб, ул бадбахтларнинг бошлиқларидан 3-4 кишини қатл этганлар. Шул сабабли ул бадбахт даррандалар ва ваҳший қизил аскарлар бутун шаҳарга тарқалишиб, йиртқич ҳайвонлар каби “қатлиом”ни бошлаганлар.
Одамларни уйларидан судраб чиқиб ўқ ёғдиришган. Тонг вақтида Бухоро кўчалари мурдалар билан тўлиб кетганди.
Пешингача “Моғак” масжидида турдим.
Соат ўн бирларга яқин ташқарига чиқиб “Девонбеги” ҳовузининг ёнига бордим. Тўрвамда ямоқчилик асбоблари бор эди. Озгина уёқ-буёқа юриб, яқиндаги бир дарахтга суяниб ўтирдим. Бир неча дақиқадан сўнг ёнимга бир йигит келди, тахминан ёшимиз баробар эди. Келган замониёқ тортинмасдан:
-Бу ерга қачон келдингиз? — деди.
Унинг бу шижоатидан юрагимга қўрқинч тушди. Тезда ўзимни қўлга олиб, жавоб бериш ўрнига тескари савол бердим:
-Сиз бу ерда қачондан бери юрибсиз?
-Икки ойдан бери.
-Қаерликсиз?
-Андижоннинг “Култепа” маҳалласидан.
Сўнгра мендан сўради:
-Сиз қаерликсиз?
-Қайқиликман.
-Бу ерга қандай келиб қолдингиз?
-Тирикчилик учун.
-Нима ҳунарингиз бор?
-Ямоқчилик.
-Хўб… ҳар нарсани ямайсизми?
-Аслида маҳсидўзман.
-Мен билан бирга юринг, уйда хотиржам суҳбатлашамиз. Маҳсимни ҳам яматмоқчи эдим.
У билан бирга кета бошладим. Унинг ҳатти-ҳаракатларидан гўёки мени танийдигандек туюларди. Эҳтиётан мендан бир неча қадам олдинда юрарди.
Кўчалар жуда тор бўлиб, икки тарафида паст-баланд иморатлар бор эди. Икковимиз ҳам ғам-ғусса билан Бухоро кўчаларидан кетиб борардик. Тўсатдан бурилиб қарасам йигит ғойиб бўлиб қолди. Учкўчанинг бошида, қаттиқ паришонликда туриб қолдим.
Унинг турар жойи маълум эмас эди. Одамлардан сўрай бошладим. Охири “Девонбеги” масжидига қайтиб боришга қарор қилдим. Шу пайт бир қирқма соқол киши келиб қолди. Мени ҳайрону-паришонлигимни билиб:
-“Эй тоғлик йигит, нима учун паришонсан?” — деди.
-Пешин намозини ўқишим керак, қайси масжидда ўқисам экан деб ўйлаяпман, — дедим.
-Ҳой нодон! Намоздан сўзлай кўрма, ҳолат хароб, барча масжидлар беркитилди.
Мен бу кишининг чиройли салласи, узун кўйлак-чопони ва қирқма соқолига алданиб, хаёлимга шояд бирор мадрасанинг мударриси ёки бирон масжиднинг имом хатиби деган фикр келди. Ҳамдард ва ғамхўр деб у билан кета бошладим. У киши билан бўлган саргузаштнинг социализмга алоқаси бўлмагани учун қисқача сўзлайман:
У мени қурбонлик қўйи каби бўғизламоқчи экан. Аллоҳ таоло у кишининг хотини ва катта қизи қалбига раҳм солиши натижасида мен унинг ханжаридан қутилиб қолдим.
Бу тасодифий мусибатдан қутилиб ҳовлидан чиққанимда, шом намозининг вақти бўлаётган эди. Сўраб-сўраб, “Девонбеги”га етдим ва дарахтнинг остига ўтирдим. Қуёш ботиб бўлгач йўллар ниҳоятда қўрқинчли тусга кирганди. Мени кечаси қаерда тунаш масаласи ўйлантириб қўйди.
Шу орада бирдан умид учқунлари чақнади. Ўша пешинда йўқолиб қолган навжувон йигит ҳовуз бўйида кўриниш берди. Жуда ҳам ғамгин бўлиб уёқ-буёққа алангларди.
Тўсатдан нигоҳи менга тушиб югуриб келди-да, тўрвамни кўтариб кета бошлади. Мен орқасидан эргашдим. Йўлда гап бошлаб қолди:
-Мен тамоман ноумид бўлгандим, ҳозиргача тахминан бу ерларни 10 марта айланиб чиқдим.
-Нима гап бўлди?
-Йўлни унутиб шаҳарнинг бошқа чеккасидан чиқиб қолибман. У ердан ҳозир қайтиб келдим.
-Қаерга бормоқчи эдингиз?
-Масжиди “Моғак”ка.
-Афсус! “Моғак”нинг имомини ҳам уйида шаҳид қилдилар. Ниҳоятда журъатли ва хақгўй олим эди. Кеча митингда коммунистлар худо, росул ва Қиёмат кунининг хилофига хуруж қилиб, эълон этишдики:
“Биз худони Бухородан чиқариб юбордик, энди руҳонийлар авомни алдашмайди. Исломнинг ҳамма усул ва ақидалари руҳонийларнинг фирибларидан иборатдир. Улар ушбу ақидаларни ўз аҳмоқликларини тўғри кўрсатиш учун тўқиганлар. Бу фириблардан бири Баҳоуддин Нақшбандийнинг насиҳатидурки унда:
“Модомики қабримнинг бирор ғишти бор экан, бу заминга кофир қадам босолмайди”.
Биз бу тўқималарнинг ёлғонлигини очиб ташладик ва қабрнинг ғиштларини бузиб ерга тўшадик” — дея жар солардилар. (Ҳаҳ… Лаънатилар!!!)
Бу бўҳтонларга чидай олмаган “Моғак” масжидининг имом хатиби ўрнидан туриб кетган ва ниҳоятда таъсирлик ваъз қилиб, коммунистларнинг туҳматларини ноҳақ эканини далиллар билан исботлаб берган. У:
-“Бу васият коммунистларнинг ўз тарафларидан тўқиб чиқарилгандур. Чунки бирор китобда бу гап йўқдур. Ислом бундай хурофоту тўқималардан покдур” — деган мазмунда сўзлаб турган.
Шу орада қизил аскарлар отряди етиб келиб ҳамма одамлар тарқалиб кетишди. Улар шу ерлик коммунистларнинг раҳбарлигида уйларга ёпирилиб кириб, барчага ўқ ёғдира бошладилар, натижада минглаб кишилар ҳалок бўлди. Булар орасида масжид имоми ҳам бор эди.
Йигитнинг ҳикояси тугаганда, манзилга етиб қолгандик. Йигит афғон консулининг таржимони бўлиб, шу идорада яшарди. Бу йигит менга ғайб фариштаси каби туюларди. У менга ижозатнома ҳам тайёрлаб берди. Бу қоғоз менга жуда кўп асқотди. Шу қоғоз ёрдамида Когондан Қаршигача, Қаршидан Шаҳрисабзгача бўлган поезд паттасини осонликча олдим.
У Афғонистон консулини шундай таништирди:
“Бу киши ғоятда диндор ва тақволидир. Қобулда яшовчи Ҳиндистон озодлик фирқасининг раҳнамоларидан бири ҳисобланмиш “Мавлавий домла”нинг ҳамфикрларидандир”.
Кейин маълум бўлишича, бу Мавлавий домла “Мавлона Мансур ансорий” эканлар.
Лекин консул билан кўпинча коммунистлар учрашадилар, Бухоро, Қарши, Ғузор ва Шаҳризабз уламолари ҳам гоҳо учрашиб турадилар.
Йигит гапини тугатмаган ҳам эди ки, шу пайт консул кириб келди:
-Кун бўйи қидириб юрган йигитинг шуми?
-Ҳа, жаноб — деди дўстим.
-Қаёққа кетаяпти?
-Кечагина келди, ҳозиргача ўйлаб кўргани йўқ.
-Форсий биладими?
-Ҳа, арабий ва форсий ўқиган.
Консул жаноб менга қараб бир неча арабий ва форсий шеър ўқиди ва уларнинг маъносини сўради. Худога шукрки, имтиҳондан яхши ўтдим. Консул менга яқин келиб ўтирди ва “Мулла ва машойихлар динни ўзгартириб ташлашган экан, кеча мусулмонларнинг эътиқод қалъаси очиб ташланди” — деди.
-Қайси эътиқод?
-Коммунистлар шайх Баҳоуддиннинг васиятномасини фош қилди.
-“Йўқ жаноб, бир пухта олим уларнинг бу бўҳтонларини рад қилиб шаҳид бўлди” — деб жавоб бердим. У тезда мавзуни ўзгартирди.
-Энди нима қилмоқчисиз?
-Қарши ва Ғузор йўли билан Шаҳрисабзга бормоқчиман.
У таржимонига юзланиб деди:
Шайх Жалолиддин эшонга менинг номимдан хат ёзиб мен бу толибни ул кишининг тарбияларига жўнатаётганимни билдир. Эртага шаҳар комиссариятидан ҳам бирор нарса қилдириб берарман.
Сўнгра менга қараб:
-Сиз ўзингизни Бухоронинг бирор қишлоғида яшовчи қилиб кўрсатинг. Фарғоналикман деб умуман айта кўрманг — деди.
Сабабини сўраганимда, у шундай деб жавоб берди:
-Кеча қизил аскарларга қаршилик қилганлар Самарқанд ва фарғоналик йигитлар экан.
-Жуда яхши жаноб, у ерларнинг одамлари буларнинг аблаҳликларидан жуда яхши воқифдурлар.
Жаноб ўрнидан турди. Туркистон одатига кўра қўлларини қўлимга олиб ўпиб:
-Жаноб! Ленин ва Маркснинг партияси нафақат бизнинг, балки бутун олам мусулмонларининг душманидир. Сиз бизнинг ўтмишимиз ва ҳозирги ҳолатимиздан ибрат олинг! Иншааллоҳ, биз уларни бу ерда тургани йўл қўймаймиз! — дедим тўлқинланиб.
Жаноб мен билан хайрлашиб юқори хонага чиқиб кетди.
Дўстим бир хат ёзиб, имзолатиш учун жанобнинг хонасига чиқиб кетди. Бирор соатлардан кейин, бошқа бир мактуб қўшиб тушиб келди. Мактубда ўтган куннинг қонли ва фожиали воқеалари батафсил баён қилинган, консул жаноблари эса ҳақиқий гувоҳ сифатида у воқеаларни тасдиқ қилганди. Дўстим, ниҳоятда хуш бўлиб:
-Консул жаноблари коммунистлардан нафратлана бошлади, дарҳақиқат ўзи яхши одам. Энди бизнинг ишимизнинг йўли тайин бўлди.
-“Хатда номлари зикр этилган ҳазрат Афғонистоннинг учдан бир халқининг пири, Ғозий Омонуллохоннинг ҳомийсидурлар. Омонуллохоннинг коммунистлар билан яхшигина алоқаси бор” — деди дўстим.
Дўстим мен билан анчагина бирга юрди, кейин хайрлашдик.
Мен “Моғак” масжидига бордим. Муаззин бор экан уни биринчи куни ҳам кўрган эдим, лекин суҳбатлашмагандим. Олдига бориб саломлашдимда, беш рубл бериб ушбу ҳадяни қабул қилишини сўрадим. Муаззин хурсанд бўлиб:
-Сен кимсан? Нима иш қиласан?
-Шаҳрисабзликман, ямоқчилик қиламан. Анчадан буён Бухорои шарифни зиёрат қилишни орзу қилардим. Кеча келгандим, бадқисматлигимдан коммунистларнинг фитна-фасодига дуч келдим.
-Ўҳў… Ўзбекмисан?! Коммунистлар билан бўлган жангда иштирок этдингми?! — дея, муаззин ажойиб тарзда сўради.
-Йўқ, биродар. Мен келганимда шаҳар фасоднинг орасида эди, мени ҳеч ҳам алоқам йўқ — деб тезда ўзимни оқладим.
-Қулоқ сол, биродар! Мен ҳам шаҳрисабзликман. Кеча коммунистлар яҳудий, армани ва қизил аскарлар билан бирлашиб катта бузғунчиликни ёйдилар. Руҳоний ва уламоларни қаерда бўлса-да ушлаб қатлиом этдилар. Тўрт соатлар ўтгандан кейин, қаердандир ўзбекларнинг бир гуруҳи қўққисдан шаҳарга кириб келиб, шаҳарни коммунист ва қизил аскарлардан тозалаб ғойиб бўлишди.
Муаззин ҳамма воқеани сўзлаб берди. Унинг сўзларини эшитиб жазавам қизиб кетди, мужоҳидлар билан алоқа қилиш керак — дея ўйланиб қолдим. Секингина муаззиндан сўрадим:
-Домла ҳазратлари, ўша ўзбеклар борасида қаердан тўлиқ маълумот олсам бўлади.
-Нима, сен уларни ёқтирасанми?
-Жаноб, сиз коммунистларнинг қонхўрлиги ва мусулмонларнинг бечоралигини сўзлаганингизни эшитиб қайси мусулмоннинг қони қайнамайди?
Менинг сўзларим фитрий ва иймон тақозоси эканлиги яққол сезилиб турарди.
-Сен ўзбекмисан?
-Домла, сиз ҳам мужоҳидларга шерикмисиз? — деб мен ҳам тескари савол қилдим. Муаззин қўрқиб жим қолди. Озгина фурсатдан кейин менга қараб:
-Хуфтоннинг вақти яқинлашиб қолди, шу ерда ўтира тур, мен уйга бориб келаман.
-Тақсир мен кечасини ҳам шу ерда ўтказмоқчиман.
-Яхши ихтиёринг.
Муаззин катта-катта одимлаб хайрлашмай чиқиб кетди. Унинг бу ҳатти-ҳаракатларидан тезда бу киши жосус бўлса керак, деб тахмин қилдим-да, шошилиб юкларимни кўтариб масжиддан чиқиб кетдим.
Девонбеги ҳовузининг олдига келдим. Тунни шу ерда ўтказдим. Субҳидамда Когон тарафга қараб жўнадим.
Юриб-юриб бир катта бинонинг ёнига етганимда тўсатдан, кечаги ёш дўстимни учратиб қолдим. Унинг ишхонаси шу ерда экан. Дўстим:
— Кечаси сизга таом олиб “Моғак”га борган эдим, қарасам одамлар тўпланган, 8-10 нафар аскар ҳам бор эди, узоқдан кўрибоқ орқамга қайтдим — деди.
Тахминим тўғри чиқди, бу муаззиннинг иши эди.
Озгина суҳбатдан кейин, дўстим беш рубл бериб мени Когон тарафга кузатиб қолди.