Омон Матжон
Худо тақиқлаган ичма деб шароб,
Биз эса ичяпмиз бўлгунча хароб.
Қимор ўйнама дер бизга тангримиз,
Қиморга тикилган бизнинг умримиз.
Яна Эгам айтар, қилма ўғирилик,
Зеро лаънатланар бизда тўғрилик.
Аллоҳ чўчқа гўштин санаган ҳаром,
Бизда-чи, чўчқага зўрдир эҳтиром.
Номаҳрамга юрма дер, қолма иснодда,
Номаҳрам қоптими кофирободда.
Одам ўлдирма дер, ҳеч маҳал бандам,
Бизда кушандадир одамга одам.
Бир-бир санайверсак етмагай дармон,
Гуноҳ қилмасликдан қолмади армон.
Шундай ўтаяпмиз вазифамизни,
Дўзах деб тўлдирдик васиқамизни.
*******************
Дунёга синчиклаб тикилган кўзлар,
Мудҳиш бир ҳолатни пайқашга тушди.
Қай томонга боқсанг бари йўлсизлар
Толелар айқаш-у уйқашга тушди.
Етмиш йил эл яшаб Қуръон Тавротсиз
Эрлар ночор қолди, аёл авратсиз.
Замон дурадгори асбоб, яроқсиз,
Илма тешик томни ямашга тушди.
Қор қора ёғмоқда, ёмғир заъфарон,
Дарёлар ўрнида оқмоқда армон.
Хар подшоҳ ўзича чиқариб фармон,
Колганлар бир-бирин булғашга тушди.
Ёқиб бўла келдик газни, кўмирни,
Зимистон айлаймиз тез она ерни,
Ер ютар бундайин улкан қабрни,
Одамнинг сояси Куёшга тушди.
Ҳар ерда ҳоким ҳақ, арбоблар ғолиб,
Қонун шуларники, шуларда қолип.
Энг катта айбдор бир ёқда қолиб,
Жазони бошқалар ўташга тушди.
На майхона қолди юртда, на меҳроб,
На муқаддас қаср, на азиз китоб,
Не-не олтин бошлар кўролмай офтоб,
Надомат тунида мудрашга тушди.
Ҳайронман сен ўзбек деган миллатга,
Ерингни тўлдирдинг мараз иллатга,
Не жавоб айлайсан бундай кулфатга,
Қара, пойдеворинг нурашга тушди.
На шомда ишинг бор, на тонгда ёдинг,
Ароқ, уйқу бўлди бор эътиқодинг,
Жахон саҳнасидан ўчмоқда отинг,
Номингдан бошқалар сўзлашга тушди.
Кўкда йўқ Улугбек очган юлдузлар,
Кўҳна Урганчингни емокқа тузлар,
Ер ости бойлигинг бегона кўзлар,
Излаб, кавлаб, ташиб жизлашга тушди.
Нечун қоралайсан сен ўз ўтмишинг,
Амир ҳам ўз кишинг, хон хам ўз кишинг,
Кўрарманми сенинг униб-ўсишинг,
Нечун парвоналар оташга тушди.
Бойқаронг қотилмиш, Темуринг хунхўр,
Мангубердинг зобит, хор, манглайи шўр,
Не хароб миллатсан, борми бирон зўр,
Устунлар тикланмай қулашга тушди.
Жаннат Ўзбекистон, жаннатинг қани,
Шунча меҳнат қилдинг, роҳатинг қани,
Сиғинган, суянган давлатинг қани,
Ҳар дайди ит сени кавлашга тушди.
Ўзинг бўлсанг эдинг ўзингга ҳоким,
Ўзинг бўлсанг эдинг ўзингга қози,
Ҳар оғир-енгилга бўлардинг рози,
Етти ётлар қўйиб носоз тарози,
Оқу қорангни кам ўлчашга тушди.
Билганинг, кўрганинг пахта бўлибдир,
Ақлинг, тафаккуринг ахта бўлибдур,
юз сариқ, жигаринг сўхта бўлибдур,
Наслинг шажараси бутрашга тушди.
Ўзин, элин, тилин нақд сотган ким у,
Бир танда уч сотқин яшагани шу,
Буни шараф билиб нечалар, ёҳу,
Даврондан мукофот тилашга тушди.
Келди Махтумқули айтган бир замон,
Унутди “Яхшилик” сўзини ёмон.
Обрў талашмоқда қурт билан илон,
Филлар пашша билан савашга тушди.
Инсон бир туғилар, қайта туғилмас,
Азал бунёдкори қайта уринмас.
Асли рост нарсалар қайта кўрилмас,
Ахир сув бошқаю, ўт бошқа тушди.
Умидсиз шайтон деб такрорлар оят,
Ёлғиз умид билан яшаш жиноят,
Чунки яна ёлғон билан тўқиб ривоят,
Ўзини янгилаш, бўяшга тушди.
Шунча сабоқ етар! Ўзингга ишон!
Ўз ақлинг, хулосанг, кўзингга ишон!
Сўнгги бор ўз уғлинг, қизингга ишон!
Бугун шулар сени ўйлашга тушди!
(1989 йил)