Леонид Ильич Брежнев Совет Иттифоқини энг узоқ вақт идора этган раҳбар саналади. Унинг раҳбарлик қилган даври бизнинг тарихимизга “Турғунлик даври” деган атама билан кирди ва бугун Совет даврини тавқи лаънатларга кўмаётганлар кўпроқ ўша даврни масхаралаб кулади.
Бир латифа бўларди…
Брежневга тўртта сеҳрли тош беришибди ва уни ерга ташласа, ўтмиш давр подшоҳлари чиқиб, унинг саволига жавоб қилишаркан. Брежнев биринчи тошни ташлабди. Петр 1 чиқибди. Шунда у Петр 1 дан сўрабди: “Мен коммунизм қура оламанми?” Петр 1 жавоб берибди: “Йўқ! Мен Европага дарча очгандим, сен уни дарвоза қилишинг керак эди. Аксинча, мен очган дарчани ёпдинг”.
Петр 1 йўқ бўлгач, Брежнев иккинчи тошни ерга ташлабди. Шунда Екатерина 2 пайдо бўлибди. “Мен коммунизм қура оламанми?” дея сўрабди Брежнев. Екатерина 2 жавоб берибди: “Йўқ! Менинг давримда ҳам бузуқчилик бор эди, сенинг даврингда ҳам бор. Қура олмайсан”.
Брежнев учинчи тошни ташлаган экан, пролетариат доҳийси Ленин чиқибди. Шунда Леонид Ильич ундан ҳам сўрабди: “Владимир Ильич, мен коммунизм қура оламанми?” Доҳий жавоб берибди: “Йўқ, қура олмайсан. Чунки мен ўғриларни коммунист қилгандим, сен эса коммунистларни ўғрига айлантирдинг”.
Брежнев охирги тошни ташлашга қўрқиб, уни оғзига солиб олибди. Чунки охирги тошни ташлаганида, Сталин пайдо бўлиб қолиши ва уни мажақлаб ташлаши мумкинлигидан қўрққан экан. Шу-шу, Брежнев қачон гапирса, оғзидаги тош унга халал бериб тураркан.
Бу шунчаки бир латифа, аммо унда улкан бир ҳақиқат яширинган. Брежнев даврида коммунистларнинг ўғри ва порахўрларга айлангани ҳақиқати. Бугун биз мустақил бир давлатмиз ва ўз сиёсий ҳокимиятига эга халқмиз. Ҳар қалай, юқори минбарлардан туриб айтилаётган сўзларга қарасак, айнан шундай. Аммо ҳақиқатда эса Ўзбекистон ҳали ҳам бир мустамлака ва ўзининг эркин бир сиёсий кўз қарашига эга бўлмаган мамлакатдир. Гоҳ Росияга, гоҳ АҚШга, гоҳида Хитойга суяниб иш юритадиган бу ҳукумат ўз элининг хоҳиш-иродасини уч пулга ҳам олмаслиги мустақилликнинг илк йиллариданоқ маълум бўлганди.
Орадан йигирма йилдан кўп вақт ўтди. Нима ўзгарди? Ўзгаргани шу бўлдики, мамлакат Сталинча ГУЛАГга айланди. У бугун турмалар мамлакати ва унда ҳамма маҳбус. Эркидан маҳрум инсонни бемалол маҳбус деб атасак бўлади ахир. Ўзбекистон халқи ўз эркини талаб қилмаётгани, аниқроғи талаб қилишга ўзида журъат ва шижоат тополмаётгани Ўзбекистондаги режимни янада кучайтириб бормоқда. Янгидан янги ҳибсга олишлар, туҳматларга асосланган жиноий ишлар ҳақида маълумотлар олаяпмиз. Қилинаётган танқидлар, турли-туман мониторинглар натижаси эса доимо нолга тенг. Режим бундан нафақат хулоса ҳам чиқармаяпти, балки бундай чиқишлар режимга чивин чаққанчалик ҳам таъсир қилаётгани йўқ.
Яқинда каминага нисбатан эътирозлар тўлқинининг янги босқичи бошланиб қолди. Эмишки, камина ўзбек мусулмонларини ранжитаяпман ва уларнинг менга нисбатан ҳурматлари йўқолибди. Айниқса, бу каби жумлалар Ўзбекистондан ҳам келди. Озодлик радиоси ўтказган бир баҳс майдонида “Бизга Ислом нима берди?” деганим кимларнидир даҳшатга солибди. Аслида ўзбек мусулмонларида каминанинг шахсига нисбатан ҳурматнинг ўзи бормиди? Албатта Ўзбекистонда бўлган кезларимда улар учун жон куйдириб югуриб еларканман, ҳурмат қилишарди. Биз ўзбекларда шундай бир ибора бор: “Ишинг битгунича лўлини ҳам тоғам деб туравергин” дейишади. Бу албатта мусулмончиликдан демоқчи эмасман, шунчаки ўзбекчиликда шунақа. Аммо ўзбек мусулмонлари ҳам ўзининг шу иборасига содиқлигини қўймаган. Яъни бунақанги иккиюзламачиликни Қуръон ҳам, Ҳадислар ҳам таъқиқлаб қўйганига очиқ ҳужжатлар бўлса-да. Камина хато қилмаётган бўлсам, ўзбек мусулмонларининг аксари бир муаммо ортидан югурар экан. Қандай қилиб бўлмасин, Ғарбга кўчиб олиш! Мақсадга етдими, ҳалиги иши тушганида “тоғам” деб турган “лўлининг” кетига бир тепиб ҳайдаб юборишади. Нега? Негаки, иш битди, эшак сувдан ўтди. Ўзбекистонда қолаётган ва ноҳақдан ноҳақ айбланиб азобланаётган мусулмонлар, муслима аёллар ҳақида сўз қотинг, уларнинг энсалари қотади. “Дуо қилаяпмиз, Аллоҳ нажот берсин ва золимларга кифоя қилсин” дан нарига ўта олишмайди.
Қизиқ, нега динсиз коммунистлар йирик қаҳрамонликларга ўзларида журъат топа олишганди, айниқса Иккинчи Жаҳон уруши йилларида, аммо тинчлик ҳукмрон бўлган паллада биз мусулмонлар дуодан бошқасига ярамаймиз? Бу биз эътиқод қилаётган Исломнинг нуқсоними, ёки бизнинг ўзимиз шунақа иймони заиф кимсалармизми?
Куни кеча бир кичик даврада бўлдим. Швециянинг Стромсунд шаҳрида яшайдиган бир юртдошим ҳам келган экан. Камина ўзбекларнинг қай даврасида ўтирмай, албатта суҳбат мавзусини Ватандаги режимга қарши курашга буриб юборадиган одатим бор. Ўзбекистонда эса аксарида мусулмонлар қийноқлар қурбони бўлишмоқда, аксарида улар тирик мурдаларга айлантирилмоқда. Инсон ҳуқуқларининг бу даражада бузилиши дунёнинг ҳар мамлакатида ҳам учрамаса керак.
Даврадаги меҳмон бир сўз қотди: “Сиз мусулмонлар масаласига ёндошманг, буни мусулмонларнинг ўзлари ҳал қилишсин”. Демак, камина исломийлардан эмас эканман ва шунинг учун ҳам уларнинг ўзлари ўз масалаларини ҳал қилиб олганлари тузукроқ экан. Дўстим бу гапни шунчалик ишонч ва эркин айтардики, мени мутлоқ куфрга кетганлардан деб билиши аниқ кўринди. Бу суҳбатга тағин икки киши гувоҳ бўлди ва айни дамда уларнинг исмларини келтириш ниятим йўқ. Суҳбат асносида иккинчи бор ҳам бундай масалалар фақат мусулмонлар даврасида ҳал этилишини эслатиб ўтишди ва камина энди бу даврага бегона эдим.
Қизиқ, Ўзбекистонда мусулмонларнинг ҳуқуқлари топталаяпти, деб бонг уриб юрган мустақил журналистлар ва инсон ҳақлари курашчилари билишармикан, куни келиб бир кун мана шу ўзбек мусулмонлари уларни бегона қилишларини, уларни “биздан эмас” дея ҳамоқат қилишларини? Йўқ, билишмайди. Билганларида ҳам “Мен ўз бурчимни бажараяпман ахир” деб кураш йўлидан қайтмайди. Бундай содиқликни аслида ўша “динсиз” ҳуқуқбонлардан кутиш мумкин.
Ўзбекистонда кенг тарқалган ижтимоий қўрқув ҳақида кўп ёзамиз ва шу сабаб ҳам анчагина одамнинг норозиликлари ҳақида маълумотлар оламиз. Бугун ўзбекларимизни кураш йўлига бошлай оладиган нима бор деган савол нафақат мени, тағин яна қанчадан қанча сафдошларимизни қийнаб келади. Аммо топилмай кетди ўша янги бир ғоя. Энг сўнги идеологиялардан бири бўлган Коммунизм идеологияси ҳам эскирди. Кимдир биров Ислом Халифалигини орзу қилади. Мана шу Аллоҳдан эмас, бандасидан қўрқиб яшайдиган “мусулмонлар” билан Халифалик қуриб бўладими деган савол бировнинг хаёлига ҳам келмайди. Яна кимдир демократия ҳақида жаврайди. Эмишки, демократия бўлса Ўзбекистон гуллаб, яшнаб кетади. Гуллаб, яшнаб кетиш учун даставвал демократия эмас, сув мўл-кўлчилиги кераклиги ҳақида эса биров чурқ этмайди…
Сувни эса Ўзбекистон фақат Россиядан олиши мумкин. Бошқа сув манбаси йўқ. АҚШ ҳам, Исроил ҳам бизга сув келтириб бера олмайди. Демак, Ўзбекистон келажагини ўзи тамсил қилиш учун фақат Россия билан яқин бўлмоқлик зарур экан. Албатта Аллоҳнинг ўзи бизга сув етказиб беради, йиғлаб илтижо қилсак бўлди, деб ҳам эътиқод қилишимиз мумкин, лекин бу хомхаёллик бўларди. Чунки Аллоҳдан дуо қилиб бирор нарса сўрашимиз учун олдин ўзимиз амалда нимадир қилишимиз керак.
Фараз қилинг, бир бўйдоқ йигит Аллоҳга илтижо қилиб, “Менга солиҳ бир ўғил ато қилгин” деб дуо қилиб, фарзанд кутиши, қанчалар аҳмоқона дуо бўларди. Аллоҳдан солиҳ ўғил сўрайдиган мусулмон олдин ўзига солиҳа аёлдан жуфт тилаб дуо қилиши ва шу йўлда ҳаракат қилиши лозим. Бир мақсадга етганидан кейингина иккинчи мақсад сари интилади.
Хўш, Ўзбекистонни обод бир ватанга айланиши учун аввало ундаги ҳақсизликларга барҳам бериш зарурми, ёки бира тўла Аллоҳга йиғлаб дуо қилиб, адолатли бир жамиятга айлантириб бер, дейишимиз керакми?
Албатта бундай чақириқларни ўзбек мусулмонлари ҳам, динсизлари ҳам, керак бўлса ғайридинлари ҳам тушуна олишмайди. Чунки юқорида айтиб ўтганимдек, ҳаммани баробар қамраб олган ижтимоий қурқув даф қилинмаган. Демак, дуоси ижобат бўладиган мусулмонлар даставвал Аллоҳдан “қалбларимиздаги бу қўрқоқликни даф қил” деб дуо қилишлари зарур. Шундагина, агар бу дуо ижобат бўлиб қолсагина Ўзбекистонда қолган мусулмонлар учун очиқ сиёсий кураш майдонига кириш имкони пайдо бўлади. Бу қўрқувни даф қилиш учун эса биргина дуо кифоя қилмаслигини азиз ўқувчи англаб турган бўлса керак. Акс ҳолда, уйланмай туриб солиҳ фарзанд кутаётган йигит ҳолига тушиб қоламиз.
Камина кўплаб мақолаларимда айнан шу масалани кўтарганман. Аммо натижа йўқ. Бу сафар ҳам натижа чиқишига ишончим кўп эмас. Балки бу сатрларни ёзишдан олдин Аллоҳга илтижо қилмаганим сабабдир. Илтижо қилганимда ҳам Аллоҳ менинг дуоимни қабул қилармикан? Ҳар неки, каминани “мусулмон эмас” дегувчилар Швецияда анчагина. Улар Стромсундда, Тимрода, ҳаттоки Кальмарда ҳам яшаб келишади. Бундай фикрдаги мусулмонларни балки бошқа мамлакатлардаги ўзбекларимиз орасида ҳам топиш мумкиндир. Ўзбекистондаги биродарининг аҳволини енгиллатишни истамайдиган намозхонни мусулмон аталадиган бўлса, камина эҳтимол, унақа мусулмон бўлмаганим ҳам маъқулдир.
Ҳурматли ўқувчи, бу сатрларнинг битилишига куни кеча, аниқроғи 2013 йилнинг 10 январь кунида Швециянинг Тимро шаҳарчасида бўлиб ўтган бир давра суҳбати сабаб бўлди. Унда мендан ташқари яна уч киши иштирок этди. Камина ёзувчи одам эканман, ушбу сатрларда келтирилган жумлаларнинг ҳукмини сизга ҳавола қиламан. Ойнага қаранг ва ўйланг: кимман ўзи ва нима учун бу дунёда яшаяпман? Ўзингизга савол беринг: мен мусулмонманми, ёки йўқ? Бу саволларга жавоб изланг. Камина эса келгусида ўзбек мусулмонларнинг муаммолари юзасидан бирор сатр ҳам битмасликка қарор бердим. Аллоҳ билан беркинмачоқ ўйнашда давом этасизми, ёки Исломнинг Золимга “тўхта!” дейиш талабига амал қиласизми, бу сизнинг ишингиз. Ахир айтадиларку: Ҳар кимнинг гўри бошқа, Мункар-Накири бошқа.
Тўлқин Қораев,
Швеция