ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 39
(давоми)
Яна ўз сўзимизга келайлик. Кофир, мусулмон икки тараф бўлиб, саф боғладилар. Ўшал замоннинг уруш одатлари бўйича, Қурайш кофирларидан уч одам майдонга кирди.
Биринчи — Утба, иккинчиси — унинг иниси Шайба, учинчиси — ўғли Валид эрди. Булар туриб, мубораза кўрсатдилар. Яъни, мусулмонлардин майдонга чиқсун, деб ўзларига баҳодир чақирдилар. Мусулмонлардин уч киши аларга қарши майдонга тушди. Биринчи, Муиз, иккинчиси, Муъоз, учинчиси, Авф эрди. Булар ансорий саҳобалардин бўлиб, учовлари бир туғишган қариндош эдилар. Алар билан қарши келишиб, кўришганларида: «Қайси қабиладан бўласиз», деб сўроқладилар. «Бизлар ансорийлардин бўламиз», деб жавоб бердилар.
Анда улар: «Cизлар яхши тенгдошлар экансиз, лекин биз ўз уруғимиз — Ҳошимийлар билан майдон тутмоққа хумормиз. Бизга шулардин чиқсун», дейишди. Буни англаб, учовлари Расулуллоҳ қошларига келишди. Пайғамбаримиз Хошимийларга қараб айтдилар:
— Мени сизларга пайғамбар қилиб юборган Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилинглар. Ислом дини — Аллоҳнинг ёқиб қўйган чироғидир. Бу кофирларнинг мақсадлари шу чироқни ўчиришдур. Эй Убайда, эй Ҳамза, эй Али, учовинглар туринглар», деб фармон бердилар. Булар ҳам жавлон уриб, дарҳол майдонга отилишди. Қарши-қаршига келиб қарасалар ҳам, бир-бирларини таниша олмадилар. Чунки у замондаги уруш одатича, совут, дубулға кийган кишиларнинг кўзларидан бошқаси кўринмас эди. Насаб сўрашиб, танишган сўнгида, ҳар икки тарафдин олти баҳодир қаршиладилар. Убайда — Утбага, Ҳамза — Шайбага, Али — Валидга тўғри келишдилар. Булар ичида барчадин ҳазрати Убайданинг ёши улуғроқ бўлиб, Пайғамбаримиздан ўн ёш чўнг эди. Энди, бу баҳодирлар икки тараф қўшинларининг кўз олдиларида бир-бирларига ҳамла қилишдилар. Энг аввал қилич солиб, қаршидаги душманни енгган ҳазрати Али эди. Бир қилич уриб эрди, оёғи кесилди, иккинчи қилич солиб ўлдирди. Амири Ҳамза ҳеч қанча ҳаял ўтказмай, Шайбага ғалаба қозонди. Аммо ҳазрати Убайда билан Утба бир-бирларига қилич солишиб, ҳар икковлари ҳам оғир яраландилар. Шу орада арслондек анинг икки йўлдоши ёрдамга етишиб, Утбани пора-пора қилдилар.
Уруш бошланиши мусулмонларнинг енгиши билан бўлганидан Ислом руҳи кўтарилди. Уч баҳодирлари майдонда ўлдирилиб, душман руҳи тушди. Дарҳол ҳазрати Убайдани орқалашиб, Расулуллоҳ олдиларига келтирдилар. Оёқлари қилич зарбидан кесилиб, иликлари оқиб турмоқда эди. Расулуллоҳнинг муборак қадамларига юзини қўйиб: «Ё Расулаллоҳ, шу жароҳатим билан ўлсам, шаҳидлик даражасини топгайманму?» деб сўради.
Анда Расулуллоҳ: «Гувоҳлик берурман, Аллоҳ таоло шаҳидлик даражасини албатта сенга ато қилгай», деб башорат бердилар. Уруш тугаб, Мадинага қайтишларида, Суғро деган қишлоққа келганда, вафот топиб, шунда дафн қилинди. Бу киши Худо учун муборазат майдонида жон бериб, Разияллоҳу анҳу, (Худо ундан рози бўлсин) шаҳодат топган Ислом баҳодирларининг биринчиси эди. Сўнгра Расулуллоҳ тепа устига қурилган жойларидан тушиб, аскарларга қараб айтдиларким:
— Мендин буйруқсиз душманга ҳужум қилмагайсиз. Агар сизлардин илгари улар ҳужумга ўтсалар, яқинлашиб келгунларича аларни ўққа тутинглар. Бу иш душман кучини синдириб, орқага чекинтиргай. Агар устингизга етиб келсалар, у ҳолда қилич суғуриб, қарши ҳужумга ўтинглар, ҳар ким урушда чидамлик қилур эрса, зафар унинг билан бўлур.
Уруш сафида сабр қилгувчиларга Аллоҳ ёрдам берур. Бу сўздин сўнгра ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ билан ўз ўринларига ёндилар. Бу орада уруш ҳам қизигали турди. Анда Пайғамбаримиз шу дуони ўқидилар:
«Аллоҳумма уншидука аҳдака ва ваъдака, Аллоҳумма ин заҳарув ала ҳазиҳил исобати заҳараш ширку вала яқувму лака дин».
Маъноси: «Эй бор Худоё, мўминларга нусрат берурман, деб ўзинг ваъда қилган эдинг. Энди шу ваъдага вафо қилмоқни сендин талаб қилурман. Агар шу кунги урушда кофирлар ғалаба қилиб, мусулмонлар енгилсалар, куфр ривож топгай. Ер устида ҳақ дин бош кўтара олмагай», демакдур.
Бу дуодин сўнгра бирор соат ўтмасданоқ, душман аскари бузилиб, орқа ўгириб қочгали турдилар. Аллоҳ таоло мўминларга фаришталар орқалик ёрдам етказди. Қурайш ва бошқалардин бўлиб, душман тарафидин етмиш киши ўлдирилди. Яна шу баробаринда етмиш киши асир олинди. Мусулмонларда ҳар тўғрилик камчиликлар бор эди. Шунга қарамасдан Аллоҳнинг ёрдами билан, ўзларидан уч баробар ортиқ душманларини енгдилар. Бу ғазотда ҳозир бўлган саҳобалар уч юз ўн уч киши эди. Ўрталарида икки от, етмиш туядан бошқа минарлик нарса йўқ эди. Уруш қизиб келган чоғда Пайғамбаримиз чайладин чиқиб, баланд овоз билан шу оятни ўқидилар. Мусулмонларга нусрат бериш ҳақида Аллоҳдин шу оят ваҳий бўлган эди:
«Саюҳзамул жамъу ва юваллунаддубур», яъни, «Куфр қўшини энди албатта енгилгайлар ва орқа ўгириб қочгайлар», демакдур.
Бу оятда айтилгандек, аларнинг кўнгиллари қўрқинчликка тўлди. Жонлари бўғизларига келди. Ҳеч ерда қайрилиб қарай олмай, ўлгандин, асир берилгандин қолганлари қочиб, аранг жон тутқондилар. Бу урушда Абу Жаҳл бошлиқ Қурайш раисларидин бир неча атоқлик кишилар ўлдирилди. Кўплари тутқин олинди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «хаза масраъу фулан», яъни, «фалончи шу ерга йиқилиб ўлар, фалончи бу ерда йиқилиб ўлар», деб уларнинг ўладиган жойларини саҳобаларга кўрсатган эдилар. Пайғамбаримиз қайси жойни кўрсатган бўлсалар, нақ шу ўринда ўлдирилдилар. Бу ҳам Расулуллоҳнинг мўжизаларидур.
Сўнгра ўликларни оралаб қарасалар, Абу Жаҳл кўринмади. Унинг ҳоли нечук бўлди, билмадик, дедилар. Расулуллоҳдин бу сўзни онглаб бир неча саҳобалар ани излагани турдилар. У бўлса, ўликлар ичида рамақижон (чалажон) бўлиб ётган экан. Ибн Маъсуд кўриб, анинг калласини кесаётганда: «Ким бўлсанг ҳам, бўйним билан қўшиб, калламни каттароқ қилиб кесгин, Муҳаммад олдига ташлаганингда, анинг кўзига ҳайбатлик кўринсун», деди. Сўнгра бошни кесиб, Расулуллоҳ олдиларига келтириб ташлади. Буни кўриб, Расулуллоҳ Аллоҳга ҳамд-сано айтгандин сўнгра:
— Ҳар умматнинг ўз ичидан чиққан бир фиръавни бўлур. Бу умматнинг фиръавни Абу Жаҳл эди, бунинг ҳалоки билан Ислом дини ривож топар, — дедилар.
Сўнгра буюрдилар, бориб майдонда ётган ўликлар йиғдирилиб, шу жойдаги қудуқларгакўмилди. Расулуллоҳнинг одатлари қайси ерда одам ўлиги кўрсалар, унинг ким эканлигинисўрамасдан, дарров кўмишга буюрар эдилар. Мушриклар ўликларини қудуққаташланаётган чоғда, улуғ саҳобалардин Абу Ҳузайфа қараб турган эди. Укаси Валид,амакиси Шайба ташланган вақтда унча ўзгармаган бўлса ҳам, отаси Утбанингсудралиб ташланганини кўрганда унги (ранги) ўчиб, бир турлик ўзида ғаму қайғу пайдобўлди. Расулуллоҳ буни сезиб, «Ҳузайфа, отанг ҳолини кўриб, ачинганга ўхшайсан»,дедилар. Анда у айтди: «Ё Расулаллоҳ, отам Утба билимлик, ақллик, андишалик киши эди,шунинг учун унинг Исломдин насибалик бўлишини умид қилар эдим. Энди, мен тилаганчабўлмай, шу ҳолда ўлганини кўриб, кўнглим қайғуланди», деб кўзига ёш олди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳузайфага тасалли бергудек сўз айтиб, анинг ҳақига дуо қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ қудуқ қирғоғига келиб: «Эй, фалон ўғли фалон, мен айтган сўзларнинг ҳақлигини энди аниқ билдингларму?» дедилар.
Анда Ҳазрати Умар: «Ё Расулуллоҳ, жони йўқ жасадлар бу сўзни қайдин англайдилар?» деди.
Расулуллоҳ: «Аллоҳ оти билан онт ичурман, менинг сўзимни сизлардан яхшироқ англайдилар. Энди Аллоҳ айтган сўзларини чинлигини кўзлари билан кўришди», дедилар.