Чет элга чиқиб кетишимдан хавфсираб, бир ойдан бери хорижий паспорт олишимга тўсқинлик қилаётган ДХХнинг “донғи” ва “чанги” БМТгача етиб борибди.
БМТ ДХХни Ўзбекистонга таҳдид деб ҳисоблаб, ДХХ томонидан суд тизими, давлат ва жамиятга ўтказилаётган салбий таъсирни порахўрларнинг салбий таъсири билан тенглаштирмоқда.
Шу йил 25 сентябрь куни Халқаро пресс-клубда ўтказилган матбуот анжуманида БМТнинг судлар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича Махсус маърузачиси Диего Гарсиа-Саян: “Ўзбекистонда судлар мустақиллиги ва ҳуқуқ устиворлигига жиддий таҳдидлар сақланиб қолмоқда” – деди.
Унинг фикрича, таҳдид асосан ДХХдан чиқмоқда. “Афсуски, Давлат Хавфсизлик Хизмати, ҳудди аввалги йиллардаги каби, суд идоралари, давлат ташкилотлари ва жамият ишларига интенсив ва доимий равишда ўз таъсирини ўтказиб келмоқда”, – дея таъкидлади Диего Гарсиа-Саян ва ДХХнинг бу таъсири судларнинг мустақил ишлашига жиддий тўсқинлик қилаётгани ҳақида гапирди. Унинг айтишича, “Бундан ташқари, Ўзбекистондаги коррупция ва давлатдаги у билан боғлиқ бўлган структуралар давлат институтларига, шу жумладан, суд тизимига ҳам жиддий таҳдид солмоқда”.
Кўряпсизми? Гарсиа-Саян ўз маърузасида ДХХдан келаётган зиённи порахўрлардан келаётган зиён билан бир қаторга қўйди!
Шунингдек, Диего Гарсиа-Саян Ўзбекистондаги жиноят ишлари бўйича судларда прокурорлар ҳамон кенг ваколатларга эга эканлиги ҳақида гапириб: “Бу ҳолат судьянинг ишни мустақил равишда ва ўз виждонига биноан ҳал қилишдаги эркинлигини чекламоқда”, – деди.
“Ўзбекистон ҳукумати суд ҳокимиятининг мустақиллигига таҳдид солаётган амалиётга чек қўйиш учун тезкорлик билан ҳаракат қилиши лозим”, – деди БМТнинг Махсус маърузачиси.
Ўз чиқишида Гарсиа-Саян, Ўзбекистонга қилган бир ҳафталик ташрифи сўнггида жами 6 банддан иборат дастлабки тавсиялар тўпламини бергани ҳақида гапирди. БМТнинг Махсус маърузачиси томонидан Мирзиёев ҳукуматига берилган тавсиялар қуйидагилардан иборат:
1. Суд тизимини иқтидордаги ҳукумат таъсиридан тамоман чиқариш ишларини бошлаш.
2. Судьялар Олий Кенгашини ижроий ҳокимиятидан тўла мустақил бир институтга айлантириш.
3. ДХХнинг судлар мустақиллигига ўтказаётган салбий таъсирига чек қўйиш,
4. Жиноят ишлари бўйича судларда прокурорларнинг ваколатларини чеклаш,
5. Судьяларни инсон ҳуқуқлари борасидаги халқаро нормаларга ўқитиш ва ишларни кўриб чиқишда инсон ҳуқуқлари таъминланишига йўналтириш,
6. Адвокатларга янада кўпроқ ваколатлар бериш ва бу ваколатларни миллий қонунчиликда акс эттириш.
Бу тавсиялар ичида сиёсий тавсияларнинг йўқлиги мени ажаблантирди. Шу сабабдан мен матбуот анжуманида Диего Гариса-Саян жанобларига шу хусусда савол билан мурожаат этдим.
Мен: “Ўзбекистон ҳукуматига қаратилган дастлабки олти тавсиянгиз ичида биронта ҳам сиёсий тавсия йўқ. Вахоланки, Олий суд раиси ва Бош прокурор президент томонидан, яъни ижроия ҳокимияти томонидан тайинланар экан, улар қонунга эмас, ижроия хокимиятига, яъни президентга хизмат қилаверишади. Менимча, Олий суд раиси ва Бош прокурорни қонун чиқарувчи ҳокимият – парламент – тайинламас экан, судлар ва прокурорлар ижроия ҳокимияти буюртмаларини бажаришаверади. Қонунни парламент қабул қиладими, демак, судья ва прокурорни, яъни қонун ижросини назорат ва таъмин қилувчи институт раҳбарларини ҳам парламент тайинлаши керак. Келажакда Ўзбекистон ҳукуматига сиёсий тавсиялар бериш ниятингиз борми?” – дедим.
Диего Гарсиа-Саян саволимга батафсил жавоб берди ва: “Ҳақиқатдан ҳам, сиёсий ислоҳотларсиз судларнинг мустақиллигини таъминлашнинг имкони йўқ. Сиёсий ислоҳотларни ўтказмасдан туриб, эртага ҳамма судьяни ишдан олиб, ўрнига бошқаларини қўйинг – ҳеч нарса узгармайди. Ва бу улкан хато бўлади” – деди.
Бу БМТ Махсус маърузачисининг Мирзиёевга берган тавсиялари эди.
Лекин Мирзиёев ҳукумати БМТ вакилининг бу тавсияларига қулоқ солармикан?
Масалан, Мирзиёев ДХХнинг судлар мустақиллигига ўтказаётган салбий таъсирига чек қўядими?
Ёки жиноят ишлари бўйича судларда прокурорларнинг ваколатларини камайтирадими?
Ваё адвокатларга янада кўпроқ ваколатлар берадими?
Вот где масала кўндаланг лежит!
Бобомурод АБДУЛЛА
2019 йил 28 сентябрь