Совет режими деярли барча Совет республикаларида вақти келганда портлайдиган этник ғавғо миналарини ерлаштиргани ҳақдаги гаплар ҳеч муболаға эмас эди. Совет давлатининг чўкиш босқичидан тортиб, бугунгача бу назария ўз исботини топиб келмоқда.
Бугун Ўзбекистон ҳудудининг 40 фоизини ўз ичига олган ва “автоном” деб ном берилган Қоракалпоғистон минтақасида бот-бот оловланиб турган сиёсий машмашалар замиридан ўша миналарнинг бадбуй ҳиди келяпти.
Қоракалпоғистон Ўзбекистон таркибига бир мухторият уларок кирган пайтда КГБ тарафидан кўзда тутилган стратегия қуйидагича эди: Қоракалпоғистондан Каспий денгизигача (Қозоғистон орқали) 100 километр. Агар Русия бу юз километрлик арқонни бир тортса, Қорақалпоғистонни ва унга илова Қозоғистоннинг шарқий минтақасини Русия Федерациясига қўшиб олиш мумкин.
Бу йирик амалиёт учун анчадан бери ижтимоий ва сиёсий замин ҳозирланмоқда.
Масалан, Ўзбекистоннинг кирил ҳарфидан лотинга ўтишини қорақалпоқ руспарастлари жуда ғазаб билан карши олдилар. Бу планли бир газаб эди. Улар бу тадбирни тўғридан тўғри рус маданиятига қарши ҳаракат сифатида талқин қилдилар, талқин қилдирилдилар ва бу йуналишда ташвиқотини давом эттирмоқдалар.
Бу руспараст сепаратистлар орқасида турган кучнинг ким экани ҳақда фол очишнинг кераги йўқ. Бу кучлар уша эслатганимиз “100 километрлик арқон”нинг учида турганлардир албатта.
Яна-да аниқроғи, Устюрт платосидаги ер ости бойликларни ўмараётганлардир. У минтақада тахмин қилинаётган энергоресурс ва қимматбаҳо метал конларини тушларида кўраётганлардир.
Ҳа, Нукусда яшаётган Москванинг “юмшоқ куч” тамсилчилари ҳисобланган
- Мкртычев (Мкртичян) Тигран Константинович
- Армен Садгян
- Мариинка Бобоназарова каби ўнлаб “кичик халқларнинг ҳалоскори” ролидаги кимсалар бугун Қорақалпоғистон золим Ўзбекистондан айрилса, унга Русия соҳиб чиқишга тайёр эканлигини очиқдан очиқ ташвиқ этмокдалар.
Келиб чиқиши қорақалпоқ, ашаддий руспараст бу гуруҳларда Қорақалпоғистоннинг келажаги ҳақда ҳеч бир лойиҳаси йўқ. Бор бўлса, бу ҳам КГБ нинг алмисоқдан қолган “биродарлик лойиҳаси”дан бошқа нарса эмас.
Қорақалпоқ халқи бизнинг жон-жигаримиз. Унинг миллий фаросатига ишонаман, бу халқ руспарастлар тузоғига тушмаяжак.
Мен аминман, агар Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистон таркибидан чиқиши ҳақида референдум ўтказилса, Қорақалпоғистон нуфузининг камида 70 фоизи бу таклифга рад овози беради.
Бир ривоятни эслатмоқчиман:
Қадимги аждодларимиздан ҳоқон Метехонга сон жиҳатида кучли душман: “Агар севган хотингни менга бермасанг, сенга уруш очаман” деб таҳдид қилади. Метехон халқини душмандан қўриш учун севган хотинини душманга беради. Душман бу билан кифояланмай, “агар севган отингни бермасанг, сенга уруш очаман” дея таҳдид қилади. Метехон отини ҳам беради. Бундан илҳомланган душман учинчи тахдидини унга етказади: “Агар фалон ҳудуддаги бир парча ерни бермасанг, сенга уруш очаман” дейди.
Метехон ўйланиб қолади. Буни кўрган саркардалар, “Хоқоним, нега ўйга чўкдинг, халкингни қўриш учун душманга севган хотингни бердинг, ундан ҳам кўпрок севган отингни бердинг, бу ҳеч нарса кўкармайдиган чақир тошли бир парча ер ҳақда нега ўйлаб ўтирибсан, бер уни!” дея ҳитоб қилишади.
Шунда ҳоқонимиз ўрнидан туриб, “душманга берган хотиним менинг хотиним эди, унга берганим от ҳам меники эди, аммо бу чақиртошли бир парча ер, меники эмас, менинг халқимники, уни беришга ҳаққим, йўқ. Қани энди урушга тайёрланинглар!” дея ўрнидан турган.
Биз шундай аждодларнинг набираларимиз.
Бугун биз, турк ватанпарварлари, Турк давлатларининг бирлашувини орзу қилиб, ўзимизча лойиҳалар қилиб, Турк дунёси бирлиги рамзи бўлган Қизил Олмани ҳаёл қилиб турган бир пайтда, бизни парчалаш учун режалар тузаётган душманларга ёрдамчи бўлаётган ичимиздан чиққан манқуртларга Аллоҳ ақл ва инсоф берсин.
Бевосита Ўзбекистонга келсак.
Унинг ички сиёсатидан фақат қорақалпоқлар эмас, ўзбеклар ҳам, бошқа халқларнинг вакиллари ҳам музтарибдир.
Муаммоларни ечиш учун халқ тарафидан ҳукуматга берилган кредит аллақачон тугади, аммо ҳукумат ваъда қилган сиёсий ислоҳотлар ўтказилмади. Бу албатта бошқа масала.
Аммо бугун ватан тупроқларининг бўлинмас бутунлиги каби ҳаётий бир масала келиб тушди кун тартибига.
Бу мавзуда бизнинг қатъий қаноатимиз шу: Ватан тупроқларининг парчаланмаслиги учун нима лозим булса уни қилиш керак.
Ҳатто, агар таҳлика жиддий бўлиб, урушни тақозо қилса, урушга киришга мажбурмиз.
Агар бу таҳликанинг олдини олиш учун Конституцияни ўзгартириш шарт бўлса, албатта, уни ўзгартириш ҳам бизнинг бурчимиздир.
Муҳаммад Солиҳ