“Озодлик” радиоининг хабар беришича, 31 январь куни Москвада инсон ҳукқуқлари фаоллари хамда журналистларга Андрей Сахаров номидаги “Мардлик учун” орденини топшириш маросими бўлиб ўтган.
Мукофотланганлар орасида “Чечен кундалиги” муаллифи россиялик Полина Жеребцова, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва журналист Зоя Светова, сиёсатчи Борис Вишневский, хамда россиялик миллиардер Михаил Ходорковскийлар бор.
Андрей Сахаров номидаги “Мардлик учун” ордени билан Марказий Осиё давлатларидан ўзбекистонлик иқтисодчи журналист, ҳозирда қамоқда сақланаётган Ҳаёт Насриддинов ва 2007 йили Ўш шаҳрида номаълум шахслар томонидан отиб кетилган қирғизистонлик журналист Алишер Соипов ҳам такдирланди.
Алишер Соипов Америка Овози, Озодлик, ВВС, Maшҳад радиолари, “Фарғона.Ру” ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилиб, Фарғона водийсидаги сиёсий, диний, хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари мавзусидаги воқеаларни ёритиб келган. 25 ёшида у “Сиёсат” ҳафталик газетасини таъсис этганди.
Марҳум Алишер Соиповга берилган орденни “Фарғона.ру” сайти раҳбари Даниил Кислов қабул қилиб олди.
Ўзбекистонлик блоггер, иқтисодчи Ҳаёт Насриддинов ўтган йилнинг ноябрида қамоққа олинган эди.
Андрей Сахаров номидаги “Мардлик учун” ордени 2001 йили Россияда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва тадбиркор Питер Винс томонидан таъсис этилган.
ЎХҲ хабарлар бўлими