“Фарғона”нинг доимий ўқувчиси ва муаллифи, Тошкентда истиқомат қилувчи, Ҳаёт Хон Насриддинов газ ҳисоблагичини ўз вақтида текширувдан ўтказмагани учун газчиларнинг айбига кўра катта жаримага тортилди. Насриддинов ўзининг ҳақлигига ишонгани учун жарима тўлашдан бош тортмоқда, аммо газчилар ўз айбини тан олмаяпти. Вазият тафсилотлари муштарий мактубида.
* * *
“Давлат номидан мендан пул таъма қилишаётганига яқинда тўққиз ой бўлади. Талаблари ноқонуний бўлгани учун пулни тўлагим келмаяпти, аммо бир куни келиб тортиб олишларини кутиб, қўрқиб яшашга ҳам тоқатим қолмади. Мен ёрдам сўраб раҳбарлардан бирига мурожаат қилдим, аммо ундан ёрдам ололмаслигим аниқроқ бўлиб турибди.
Муаммо нимада? Ўзбекистон қонунчилигига кўра, табиий газ истеъмолчилари ҳар тўрт йилда газ ҳисоблагични текширувдан ўтказиб туриши керак. Бу қоида ҳақида илгари кўпчилик билмаган. Бундан ташқари “Ўзтрансгаз” акционерлик компаниясининг махсус фармойиши бор, унда айтилишича, текшириш муддати келишига етти кун қолганида истеъмолчига ёзма хабарнома жўнатилганидан кейингина газ ҳисоблагич текширувга топширилади. Бу 2009 йилнинг 28 декабридаги АК №846-8 буйруғига асосан амалга оширилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 мартдаги “2002 — 2004 йилларда уй-жой фондини газни ҳисобга олиш ускуналари билан жиҳозлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” қарорининг 37-банди бўйича ҳам ҳақман, унда айтилишича, Газ етказиб берувчи газни ҳисобга олиш приборининг хизмат кўрсатиш (яроқлилик) муддатини, техник кўрик ва текшириш синовлари даври ва муддатларини истеъмолчига маълум қилиши шарт.
Аммо мен газчилардан ҳеч қандай ёзма хабарнома олмадим. Мен янги газ ҳисоблагичини ўрнатиб, қайддан ўтказаётганимда эса кутилмаганда максимал тариф бўйича катта суммадаги қарз ёзиб қўйишди. Мен ҳисоблагични текширув муддатидан ўтказиб юборган эмишман. Қарз шу даражада каттаки, 20 ой давомида емай-ичмай, ҳеч нарса олмай, пиёда ишга қатнаб, маошимни йиғишим керак. Шундагина бу “қарзни” узишим мумкин. Тўламасам, судга бериб, газни узиб қўйишларини айтишди. Бундай “аргумент”лардан кейин “қарз”ни бўлиб тўлашни бошладим.
Кейин матбуотда бир хабарга кўзим тушди. 2013 йилда Ўзбекистон Республикасининг хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси бу масалада қарор қабул қилган экан. Яъни, агар газ идорасидан ўз вақтида ёзма хабарнома келмаганлиги туфайли истеъмолчи ўз вақтида газ ҳисоблагични текширувдан ўтказмаган ва алмаштирмаган бўлса, “Тошкентгазтаъминот” унитар корхонасининг жарима ва қарз ёзиши тақиқланган экан. Қўмитага кўра, ҳисоблагични текшириш муддати келганлиги ҳақида истеъмолчига хабарнома юборилмаган тақдирда, истеъмолчилар билан ҳисоб-китоб қилиш ва ҳисоблагич кўрсаткичларига асосланмаган қарзларни ёзишга рухсат берилмайди ва бу ҳаракат ноқонуний деб ҳисобланади.
Ва ниҳоят ойлик маошим ўзимга қайтишидан хурсанд бўлиб, “қарз”ни тўламай қўйдим. Аммо бундан олдин яшаш жойимдаги “Мирзо-Улуғбек туман газ” идорасининг ҳисобга олиш бўлимига хабарнома юбордим ва “Тошкентшаҳаргаз” (“Тошкентгазтаъминот” филиали) шаҳар бошқармаси бошлиғи номига Қўмита қарорининг нусхасини юбордим (мабодо қонунчиликдан хабари йўқ бўлса деган эҳтимолда).
Мен ушбу муаммо бутунлай ҳал бўлди деб ўйловдим. Аммо афсуски, Ўзбекистондаги аксарият амалдорлар қонунчиликка амал қилиш юзасидан давлат ҳокимияти органларининг талабларини бажариш шарт деб ҳисобламайди. Менга ноқонуний ҳисобланган қарз ҳали ҳам олиб ташланмаган. Аниқ саволлар ёзилган ёзма мурожаатларга тушунарсиз жавоб қайтаришади. Уч марта расмий жавоб олдим. Герб туширилган давлат бланкасида менга ёзма мурожаат қилганимни эслатиб, манзилимни такрорлашади, менинг газ плитамнинг жойлашуви ва маркасини ёзишади. Бу нимага керак? Билмадим. Бу матнни қидирсангиз ҳам, биронта аниқ саволга берилган аниқ жавобни тополмайсиз. Бунинг устига амалдорлар уялмай-нетмай мен билан суҳбат ўтказилганини, менинг саволларимга жавоб берилганини ва мен булардан қониққанимни ёзишади! Шунақа бўҳтонни расмий бланкаларда, имзо ва муҳрлар билан ёзишади. Ҳақиқатан ҳам, ёзишдан осони йўқ.
Саволларим эса оддий:
1. Мен газ истеъмоли учун ҳар ойда тўлаб турган бўлсам, қайси меъёрий ҳужжатга асосланиб менга қарз ҳисобланган? Тўлов миқдорини ҳисоблаш усулини билишга ҳаққим бор.
2. “Тошкентшаҳаргаз” ходимлари газ ҳисоблагичини алмаштириш вақти келганини менга ёзма равишда билдириши керак эди, қани ўша хабарнома? Менга гўёки ўз вақтида берилган ўша ёзма хабарномани сўрамоқчиман.
3. Асосий савол – қайси меъёрий ҳужжатга риоя қилишим керак: қарз тўлаш ҳақидаги “Тошкентшаҳаргаз” буйруғигами ёки Давлат қўмитасининг “ёзма хабарнома берилмаганлиги туфайли ўз вақтида газ ҳисоблагич текширувдан ўтказилмагани учун асоссиз қарз ҳисоблаш ва қабул қилиш”ни газчиларга тақиқлаганигами?
Тўққиз ойлик қоғозбозликдан кейин ҳам тўлашим керак ёки керак эмаслигини билмайман.
“Тошкентшаҳаргаз”дагиларнинг аҳволини тушуниб турибман: агар ўз лоқайдлиги ва иш мажбуриятларини бажаришдаги виждонсизлиги ҳақидаги айбловларни қабул қилишса (чунки меъёрий ҳужжатларга кўра ҳисоблагични текшириш вақти ҳақида менга билдиришлари керак эди!), қонунан жавобгарликка тортиладилар: жарима, модда бўйича ишдан ҳайдалиш ёки бошқа жазо олишлари мумкин. Бундан қочиш учун менга юзаки жавоблар ёзишмоқда. Бу тортишувлар менинг жонимга тегиб, охири бу ўзбошимчаларнинг истагини бажаришга рози бўлишимни умид қилишади.
Аммо бу ҳаракатлар билан “Ўзтрансгаз” ва “Тошкентшаҳаргаз” амалдорлари ҳукуматнинг обрўсини тўкмоқда. Ҳукуматнинг адолат қилишига ишончим сўниб бормоқда, бирор нохушлик рўй берган вазиятда давлатга ёрдам бергим келмай қолади. Мамлакат президенти миллат бирлиги ҳақида гапиради, айрим амалдорлар эса тескарисини қилади. Уларнинг бу амаллари ҳукуматнинг адолат қилишига бўлган ишончни оширмайди.
Нега судга мурожаат қилмадим? Чунки анчадан бери адолатга эришиш мумкинлигига ишонмайман. Давлат суди бепарво амалдорни лоқайдлик учун жазолаб, мени оқлайди деб ўйламайман. Ахир бунинг оқибатида занжир реакцияси бошланиб кетиб, ҳар қандай “оддий” фуқаро давлат амалдори билан судлашиб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни бошлаши мумкин. Бу ҳолда амалдор одамлар устидан мутлақ ҳокимлигини йўқотиб, лаганбардорликлардан баҳраманд бўлмайди ва ҳеч нима қилмагани учун давлатдан олинадиган маош ва имтиёзлардан маҳрум бўлади.
Ўзбекистонда бетакрор вазият юзага келган: муаммолар қонун бўйича ҳал қилинмайди, бунинг учун амалдор устидан президентга шикоят қиламан деб қўрқитиш керак. Фақат Каримовдан қўрқишади, фақат унинг номи туфайли оддий одамлар ҳаётида ўзгариш ясаш мумкин.
Мен ўз муаммоларим батафсил ёзилган катта плакат тайёрлаб қўйдим, президент қароргоҳи олдида пикет қилмоқчиман. Мени қабул қилиб, дардимга қулоқ солишларига ишончим комил. Бошқа йўл билан муаммони ечиб бўлмайди. Минг афсуслар бўлсинки.
Муаммони қонунан ҳал қилиши керак бўлган амалдорларнинг виждони борлигига ишонмайман. Аммо бу ҳақида дода билиб қолса, жазо олишдан қўрқишларини биламан.Шу сабабли газлаштириш ва истеъмолчилар билан муносабатни тартибга солишга масъул “Ўзнефтгаз” ва “Ўзтрансгаз” бошлиқларига матбуот орқали мурожаат қиламан: сизларда оддий одамларнинг дардига эътибор бериш имконияти туғилди. Муносиб раҳбар эканингизни исботлаш ва бу баҳсда адолатни тиклаш орқали хайрли ишга бош қўшишингиз мумкин. Ишонинг, буларнинг сизга фойдаси бўлади.
Ҳаёт Хон Насриддинов”
Манба: “Фарғона” АА