O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳақиқатнинг олтин олмаси Ўзбекистонда

Ҳақиқатнинг олтин олмаси Ўзбекистонда
186 views
05 June 2012 - 7:39


Бир румин эртак-фильми бўларди. “Мангу ёшлик” деб номланарди у ва унинг қаҳрамони бўлган навқирон йигит мангу ёшликка эришиш учун уч шартни бажариши лозим эди. Уч шартдан сўнгиси ҳақиқатнинг олтин олмасини келтириш эди. Ҳақиқатнинг олтин олмаси эса ёлғончилар салтанатидаги бир ғорда яширилган ва у ғорга фақат  шоҳининг ўзигина кира оларди. Болалак хотирларидан деярлик ўчиб бўлган бу фильмни камина тўлиғича ёдга олишга қодир бўлмасамда, аммо ҳақиқатнинг олтин олмаси ёдимда сақланиб қолган экан. Нима учун айнан мана шу эпизод? Сабабки, ҳаёт ёлғонларга бурканган бўлса, ҳақиқатга ташналик шунчалик ортиб бораркан ва ҳар бир айтилган ҳақ сўз ёлғончилар салтанати деворига қоқилган бир пона бўларкан. Алол оқибат, куни келиб бир кун бу салтанат дарз кетади албатта, лекин унинг жабрини эса эл тортади, ёлғонларга бурканиб яшашга одатланган мана шу манглайи қора халқ тортади!

Бизнинг Ватан – Ўзбекистонни янги давримизнинг ёлғончилар салтанати десак мутлоқ муболаға бўлмайди. Унда фақат ва фақат ёлғонлар, юртни алдаш, дунёни алдаш…. Куни келиб бир кун, юқорида таъкидлаганимиздек, бу салтанат ҳам дарз кетади ва султонимиз бўлган Ислом Абдуғани ўғли (агар ҳақиқатдан ҳам шундай бўлса ҳали) Исроилданми, Россия ёки АҚШ данми бошпана олиб бемалол оёғини узатиб яшайверади. Аммо жабру жафо тўлиғича ёлғончилар салтанати фуқаролари бўлган ўзбеклар ва ўзбекистонликлар гарданига тушади. Ҳозирча эса режим яйраб яшнаяпти. Албатта каримовчилар режими ёлғонларига на дунёда, на Ўзбекистонда ва на ҳукуматда биров ишонмайди. Ишонмаса ишонмас, лекин ёлғонлар бор бўлсин экан!

Ислом Абдуғаниевични Ўзбекистон деб аталадиган Ёлғончилар салтанатининг султони дедик. Демак бош ёлғончи айнан у кишининг шахсан ўзи ва қолганлар эса унинг ортидан эргашганлар экан. Ҳамма бир бирини алдаб яшайди ва бу ёлғонлардан ҳақиқатни ясаб бўлармиди? Албатта йўқ, қачонки ҳақ сўзни айтиши бурчи бўлганлар ҳам ёлғончи бўлишса.

Мамлакатда Ўзбекистон статистика қўмитаси деб аталадиган бир ташкилот бор ва унда ҳам бирорта бўлсин ҳақ сўзни топиш мумкин эмас! Давлат статистика қўмитасининг сайтига (http://www.stat.uz/uz/index.php) назар ташлаган киши мумкин қорнини ушлаб кулар, балки бошини сарак-сарак қилиш билан чекланар. Аммо биров “зўр бўлибти” деса ҳам ундаги ёлғонни кўриб “зўр бўлибти” деган бўлади, аммо ҳаргиз мамлакатимиз бунчалар ривожланиб бораётганига ишонмас!

Демак, давлат статистика қўмитаси ҳар йилнинг чорагида ўз якунларини ясаркан, ҳали биров бўлсин, ўтган чоракдан янги чоракда пасайиш бўлганлиги каби маълумотлар чиқарилмаган. Фақат ўсиш, худди Совет давридагидек юксак марраларни забт этиш.
“Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан мамлакатнинг 2012 йил биринчи чоракдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари бўйича маълумотлар тайёрланди”. – дейилади статистик ҳисоботларимизда ва давом этади, – “2012 йил январь-март ойларида Ўзбекистон ЯИМ (Ялпи иқтисодий маҳсулот) ўсиши  2011 йилнинг шу даврига нисбатан  7,5% ни ташкил қилди. Бошқа макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўсиш суръатлари қуйидагиларни ташкил қилди:  саноъат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми  – 106,0%, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – 106,1%, асосий капиталга инвестициялар – 104,4%, қурилиш ишлари  – 106,6%, юк айланмаси  – 104,6%, йўловчи айланмаси – 104,3%, чакана товар айланмаси  – 111,0%, пуллик хизматлар кўрсатиш – 120,1%”.
Аблатта бу ерда фақат бир кўрсаткич рост бўлиши мумкин. Бу ҳам бўлса 104,4 фоизга ўсган йўловчи айланмаси. Сабаб, юртдошларимиз ҳали Тошкентга, ҳали Қозоғистонга, бир қарасангиз Россияга нон излаб сафарга чиқаяпти. Балки мана шу сабабдан ҳам бу кўрсаткични рост десак бўлар. Бироқ саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг 106,0% ўсганини қандай изоҳлаш мумкин экан? Саноатнинг ўзи борми бугунги Ўзбекистонда? Автомобиль ишлаб чиқаришнинг ўзи бутун Ўзбекистон саноати бўлолмаса керак ахир.
Энди эса асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўсишига эътибор қаратайлик. Шу йилнинг биринчи чорагидаги Ўзбекистонда ялпи ички ўсиш кўрсаткичи ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан 107,5 фоизни ташкил этибти. Саноат ишлаб чиқпарилишидаги ўсиш эса 106 фоизни ташкил этган. Шу муддат ичида Республикада ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш 17649,6 миллиард сўмни ташкил этиб, жон бошига ҳисоблаганда 105,9 фоизни ташкил қилган. Бу ёлғонни рост деб қараш мутлоқ имконсиз, аммо шуни йўлига бўлсин,  рост деган тақдиримизда ҳам оддий халқ оч-наҳор бўлгани ҳолда, бир тўда ўғри-қароқчилару, порахўр каззоблар тувагини ҳам тиллодан қилиб олгани рост. Аммо улар бу бойликларни халқ билан бўлишаётгани йўқ-ку. Нега энди жон бошига экан? Балки ҳар бир ўғри бошига деб айтилса тузук бўлармиди. Шунда ҳам қиймат 105,9 фоизни эмас, минглаб фоизни ташкил этган бўларди.
Агар Давлат статистика қўмитаси ҳисоботларига ишонадиган бўлсак, Ватанимизда жами бўлиб 301 минг 358 корхона бор ва шулардан  6 минг 890 таси 2012 йилнинг биринчи чорагида янги очилган корхоналар ташкил этган. Шу давр мобайнида 4 минг 434 та ташкилот ёпилган. 301 мингдан зиёд корхонаси бор Ўзбекистоннинг чорак қисм аҳолиси Россияда мардикорчилик қилиб юрибди ва яна йўл тадорини кўраётган ёшларимиз мактаблардан катта ҳаётга йўлланмаларини олиб бўлишди. Катта ҳаёт – бугунги давр ўзбеклари луғатида Россияда мардикорчилик демакдир.
Юқорида келтирганимиз йирик корхоналар эди. Булардан ташқари юртимизда кичик корхоналар ҳам талайгина. Масалан 2012 йилнинг 1 апрель ҳолатида Республикада  248 минг 320 та кичик корхона мавжуд бўлган. Шулардан 6 минг 668 таси шу йилнинг биринчи чорагида рўйхатдан ўтказилган ва 4 минг 275 корхона тугатилинган.
Албатта биз статистик ҳисоботни тўлиғича келтириб ўтиб унинг ҳаммаси ёлғон эканлигини исботлашимиз қийин эмас, фақат ҳурматлик ўқувчимизнинг бундай узундан узоқ мақолани ўқишга тоқати етса.  Лекин бундай куч, бундай на ёзишга ва на ўқишга етади.  Устига устак, ҳисоботнинг турган битгани ёлғон бўлса!
Ислом Абдуғаниевичнинг бир марта бўлсин  рост сўзлагани борми? Ҳукуматдаги порахўрларнингчи? Бундай саволни қўйиш осон, аммо унга жавоб топиш қийин. Ахир жавобни ўзбекистонликларнинг ўзлари беришлари керак эмасми? Юртда эса ҳақ сўз анқонинг уруғи бўлса.
Шундай латифа бор. Афандидан сўрашган экан: “Мулло Насриддин, сиз ҳам бирор жойда бўлсин,  рост сўзлайсизми”? Шунда Афанди жавоб берибди: “Ёлғончилар орасида ёлғон топа олмай қолганимда рост сўзлайман”.  Агар Насриддин Афанди шунчаки бир афсона эмас, балки тирик шахс бўлганида ва ҳозирда у Ўзбекистонимизда яшаганида борми, фақат рост сўзлашга мажбур бўлган бўларди.  Ислом  “акамизга” эса ҳақ сўзнинг мутлоқ кераги йўқ! Аввалбошида айтганимиз, ҳақиқатнинг олтин олмаси ҳозир Ўзбекистонда ва у Туркистон саройими, ёки Оқсаройнингми ертўласида, етти қават бетон деворлар орасида сақланмоқда. Ҳаргиз ташқарига чиқмаса керак.

Тўлқин Қораев
Швеция