Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон
БУ КУНЛАР
(55-қисм)
“Жиддий” матбуотимизнинг совет замонидан қолган қалбаки ташвиқот услубига битта кичкинагина мисол:
2011 йил 27 ўктабир сони биринчи бетида “Ислоҳот” рукнида “Қишлоқнинг кўркам уй-жойлари аҳоли турмуши янада фаровон бўлишига хизмат қилмоқда” деган узундан-узун сарлавҳа остида қишлоқларда “президентнинг шахсий ташаббуси ва ғоясига кўра намунавий лойиҳалар асосида қад ростлаётган уй-жойлар” ҳақида мақола ва учта сурат босилган. Биринчи бетдаги рангли суратда ҳар бир уйнинг дарвозаси олдига биттадан “Ласетти” ёки “Нексия” мошиналари қантариб қўйилган бўлса, мақоланинг иккинчи бетдаги давоми ичига шу ҳовлилардан бирининг ички кўриниши берилган ва… ичкарида ҳам битта мошина турибди! Ана сизга фаровонлик, ана сизга фотосуратчининг топқирлиги! Айни чоқда, “қовун тушириб” қўйгани! Дарвозанинг у ёғига битта, бу ёғига битта мошинани қўйдиртириб аппаратини чиқиллатибди азамат!
Бу ҳам майли. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, 2 нўябир сони биринчи бетида яна шу мавзуга бағишлаб “Шундай юртда яшаш бахт!” сарлавҳали мақола чоп этилган. Унда ҳам “намунавий лойиҳалар асосида қурилган” қатор уйлар сурати. Бир ҳафта бурунги сон билан бу сонда берилган уйлар балки бошқа-бошқа ерларда, ҳатто бошқа вилоятда қурилгандир, аммо томининг рангини демаганда, бошқа ҳамма томондан у уйлар бир хил эди. Худди эгизаклар дейсиз. Ҳатто девор бўёқлари ҳам бир хил ‒ сариқ. Сап-сариқ! Уйларнинг дарвозаси олдига яна қатор қилиб мошиналар қантарилган! Мошинасиз уй йўқ! Халқ фаровонлигини томоша қилинг!
Қалбакилик ҳам эви билан-да! Қулоқларимизга тинимсиз лағмон осишлар етмай, кўзларимиз ҳам тинимсиз бўялиб турибди!
Ҳақиқат туйғуси ўлган ерда одам ёлғонлар ботқоғига ботиб кетаверади.
Матбуот соҳасида ишлаётганларнинг ўзлари ҳам, чеккадаги мухбирлару фотосуратчилар ҳам аслида халқимиз “фаровонлиги” қай даражада эканини билмайдими? Худонинг берган куни қандай ёлғонга, қанақа сохталикка қўл ураётганини ўйлаб кўрмайдими? Кўрмаётган, билмаётган бўлиши мумкин эмас. Чунки бирининг ўзи, бирининг қавму қариндоши, яна бошқасининг ўртоғию дугонаси қишлоқларда рўзғорини зўрға тебратиб кун кўраётир. Тўғри, бу сариқ уйларни ўзига тўқ, қўлида пули борларгина сотиб олади, ҳар бирининг эшиги тагида мошина турса нима қипти? Яъни, эгаси бой бўлганидан кейин йўлагига битта эмас, иккита ё учта мошинани қантариб қўйиб, мақтанса, бир мақтанибди-да ўзбек! Майли, мақтансин, лекин табиий ҳолати билан мақтансин. Ахир сурат сохта-ку! “Фаровонлик”ни кўрсатиш учун мошиналар қатор-қатор қилиб атай териб қўйилган-ку дарвоза тагларига!
Эътибор берилган бўлса, бу ўрингача келтирилган кўчирмалар асосан маҳаллий журналистлар матнидан олинди. Халқимиз ўқийвериб-эшитавериб-кўравериб аллақачон бунақа мақтанчоқ услубга кўникиб кетган, парво ҳам қилмай қўйди. Бизни ҳайратлантирган томони – юртимизга келган чет элликлар ҳам худди шу услубда гапиришлари ва ёзишларидир. Ўзининг мамлакатида ҳеч бири бунақа демаса керак. Хоҳласа ҳам бунақа дея олмайди. Тили буралмайди. Аммо Ўзбекистонга келиши билан Амрикалигию фаранги ҳам, хитойию кариси ҳам бир юмалаб ғирт ўзбек, ғирт ўзбекистонлик бўлади-қолади. “Ўзбекистон барча соҳада эришаётган юксак ютуқларни, мамлакатда тинимсиз ва узлуксиз олиб борилаётган ислоҳотлар
натижасини эътироф этиб” берган суҳбатлари, ёзган мақолалари ўзимизникилардан қолишмайди – ажратолмайсиз. Юртимизда ҳали икки-уч кун турар-турмас ёки битта анжуманга қатнашар-қатнашмас, бу четэллик бизнинг муҳитимизга қандай мослашақолди, матбуотимиз услубини қандай ўзлаштириб улгурди, деб ақлингиз лол бўлади! Анчайин бир журналистимиз савиясида фикрлай бошлаганига қойил қоласиз!
Ишонмасангиз, мана мисоллар:
2011 йил 28 ўктабир сонида:
Испаниялик ўйинчи (актриса) Ирен ВИСЕДО санъат соҳасида Ўзбекистон эришган ютуқларни санаб келиб, сўзи охирида бундай дейди: “Буларнинг барчаси Президент Ислом Каримов томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ғоят оқилона ва халқчил экани ҳамда пухта ўйланганининг самарасидир”.
2011 йил 30 нўябир сонида:
Индонезия соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Сламет ЮВОНО: “Анжуманга ташриф буюрган хорижлик меҳмонлар Ўзбекистонда таълим, фан ва маданият жадал ривожланаётганининг, юртингизда мустақиллик йилларида бетимсол ишлар амалга оширилаётганининг гувоҳи бўлдилар. Буларнинг барчаси Президент Ислом Каримов раҳнамолигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг юксак самарасидир”.
Хитой Халқ Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Лю Циань гапни айлантириб ўтирмасдан, ўзбекчасига олиб, бўларини айтиб қўяқолган: “…Шундай эзгу ислоҳотларнинг ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилишида бош-қош бўлаётган Ислом Каримовга раҳмат. Ўзбек халқи ўзининг доно ва оқил раҳнамоси бошчилигида мамлакатнинг буюк келажагига мустаҳкам пойдевор яратмоқда”.
Беларусь тиббиёт университетининг ўқув ишлари бўйича проректори Василий АВЕРЕН Тошкентга келган заҳоти ўзи аслида ўзга мамлакатнинг фуқароси эканини ҳам, нуфузли бир университет проректори эканини ҳам унутиб, жайдари битта ўзбек журналисти каби, қаранг, нималар деган: “Ўзбекистонда буюк келажак ва ёш авлод истиқболини ўйлаб кўрсатилаётган ғамхўрлик юксак самаралар бермоқда. Ушбу фикримни исботлаш учун эса мисоллар кўп. Масалан, юртингиз дунёда юз бераётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз ҳамда экологик муаммоларнинг салбий таъсирига қарамай, оналик ва болаликни муҳофазалаш, аҳоли учун қулай турмуш шароитини яратишга эришаётган мамлакатлардан биридир.
Президент Ислом Каримов томонидан узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар барча соҳаларни, жумладан, тиббиётни ривожлантиришда ҳам юксак самаралар бераётир”.
2011 йил 6 декабир сонида:
“Save the children” халқаро ташкилоти филиали ваколатхонасининг бошлиғи Но Бо КИМ (Жанубий Қурия)га қулоқ берайлик:
“Давлатингиз раҳбари ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимида, жумладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида туб ислоҳотлар олиб борилиб, қатор давлат дастурлари ҳаётга татбиқ этилаётганини алоҳида таъкидлаш керак… Бинобарин, Ўзбекистоннинг барча соҳалардаги салмоқли муваффақиятлари халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотмоқда. Буни Ўзбекистон ўн минг кишилик жамоадан иборат ташкилотимиз томонидан тузилган жаҳон рейтингида болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида катта ғамхўрлик кўрсатилаётган энг илғор етакчи ўн мамлакат қаторига киритилганида ҳам кўриш мумкин”, дебди кариси қурмагур. Вей, беш кетмай иложингиз йўқ. Одатда ўзбек журналисти бир кунда юз марталаб қўллайдиган “Давлатимиз раҳбари” ибораси ўрнига жанубий карис Но Бо КИМнинг оғзига “Давлатингиз раҳбари” бирикмасини солиб қўйилганини демаса, бошқа биронта ўзгариш тополмайсиз!
Франсия Меҳнат, бандлик ва соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Мери Камель КЕНОРМАНД: “Ўзбекистон – изчил тараққий топиб, нуфузи тобора ошиб бораётган давлат. Бугун дунёнинг кўплаб давлатлари, хусусан, евроминтақада молиявий-иқтисодий инқирознинг салбий таъсири яққол сезилиб, ўткирлашиб бораётган бир шароитда юртингиз ижтимоий-иқтисодий соҳада юксак ютуқларга эришаётгани эътирофга лойиқдир. Сабаби, мамлакатингизда истиқлолга эришилган илк йилларданоқ Президент Ислом Каримов томонидан аҳоли фаровонлигини юксалтиришга катта эътибор қаратилди. Бу йўлда пухта стратегия ҳаётга жорий этилди. Таъкидлаш жоизки, аҳолининг барча қатламлари манфаатларига бирдек хизмат қилувчи бундай модел пировардида глобал миқёсда намуна олишга арзигулик кўрсаткичларни тақдим этмоқда. Юртингизда сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда рўёбга чиқарилаётган модернизация жараёнлари, улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида хабар топган инсон бунга минг карра (!) ишонч ҳосил қилади. Кўплаб давлатларга намуна қилиб
кўрсатишга арзийдиган Ўзбекистонга хос ана шундай ёрқин жиҳатлардан бири замонавий социал хизмат тизими эканлиги шубҳасиздир”.
Бу фаранги тушмагур ўзбек журналистлари услубини ўзлаштиришда карисни ҳам ортда қолдириб кетибди! Ҳатто ўзбекларгагина хос кўпиртирувчи “минг карра” иборасини назокат билан қўллаганини қаранг!
Энди сўз А. Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий маркази директори, Россия тиббиёт фанлари академияси академиги Лео БОКЕРИЯга: “Аввало, шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, мазкур тадбир (она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга бағишланган анжуман назарда тутиляпти. – Н.М.Р.) Президент Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилгани давлатингиз раҳбари томонидан мамлакатда соғлиқни сақлашга нечоғли улкан эътибор қаратилаётганидан далолатдир… Буларнинг барчаси Президент Ислом Каримов томонидан аниқ белгилаб берилган ва ушбу йўналишдаги энг яхши хорижий тажриба ҳамда мамлакатингизнинг улкан ютуқларидан фойдаланиш асосида соғлиқни сақлаш тизимини режали ва комплекс равишда ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари ҳисобланади”.
Бу каби хорижий ҳамду санолар “Оламни маҳлиё айлаган диёр!” сарлавҳаси остида берилган.