Мен бу воқеани ёзишга бир-неча марта жазм қилдим. Лекин ҳар гал ўғлим билан бўлиб ўтган воқеа кўз олдимда гавдаланар экан, ҳар сафар юрагимга пичоқ санчгандай бўлар эди. Шу йўсинда анчагача ўзимга келолмадим. Шу учун бу ҳақда ёзишим анча-мунча вақтга кечикди.
13.02.16 й. куни соат 17 яримларда ўғлим дўсти Ислом Иминов билан магазинга нон олгани чиқишади. Дўсти магазинга кириб кетгач ташқарида қолган ўғлимнинг олдига фуқаро кийимидаги иккита нотаниш одам келиб унинг қўлларини орқага қайириб кишан солишга ҳаракат қилишади. Дабдурустдан бўлаётган бундай ҳаракатдан ҳайрон бўлган ўғлим уларнинг кимлигини ва нима гаплигини сўраб қаршилик кўрсатади, улар ҳеч қандай тушинтириш бермасдан зўравонликда давом этишади. Ўғлим қаршилик кўрсатади, шунда улар учинчи зўравонни ҳам ёрдамга чақиришади. Ташқаридаги бақир-чақирга магазиндаги Ислом ўғлимга ёрдамга келади, лекин уни аралаштиришмайди. Энди зўравонлар ёрдамга ўзларидан унча узоқ бўлмаган шаҳар ва вилоят оралиғида жойлашган пост ГАИдан автомат билан қуролланган иккита ДАН ходимини ёрдамга чақиради. Улар келиб ўғлимга автоматларини ўқталиб туришади учта зўравонларнинг иккитаси ўғлимнинг қўлларини орқага қайириб учинчиси эса бошини ерга босиб қўлига кишан солиб О7 “Жигули” машинасига куч билан итариб ўтқазиб олиб кетишади.
Ислом менга уйга телефон қилиб, кеннайи, ўғлингизни қўлига кишан солиб Жигулида олиб кетишди, деди. Мен Исломга уйга кел дедим, у келди. Биз бирга Бектемир туман ИИБсига чиқдик. Сўрасак, ўғлингиз қидирувда эди, жиноят қидирув бўлими ходимлари – Шерали, Аслхон, учунчиси шунчалар баджаҳил эдики, унинг дўқ-пўписасидан исми ҳатто эсимда қолмабди, паканароқ тўладан келган бир йигит эди. Шу ерда тергов бўлимининг ходими майор Файзуллахонов билан гаплашдим. У киши эртага соат 10 да келинг, масалага аниқлик киритамиз деди. Эртасига, яъни 14.02.16 йил куни ИИБга борганимда навбатчидан ичкарига киришга рухсат сўрасам у кимгадир қўнғироқ қилди кираверишдаги видеокамерада ичкарида бизни кўриб ўтирган раҳбарият “ким келди, бу ёққа қарасин”, деб мени кўрганидан кейин “қабул қилмаймиз уни, қаёққа борса боравурсин”, дейишди. Уларнинг кечаги айтган гапларини эслатганимда “биз сизларга чақирув қоғози жўнатдик, сиз келмадингиз”, деди. Аслида эса ҳеч қандай чақириқ қоғози жўнатишмаган эди, чақирув қағози жўнатишганда ҳар доим борганмиз. Уларга шуни айтсам улар тан олишмади. Ва мен ИИБдан натижасиз кетишга мажбур бўлдим. Туман Прокуратураси ва Республика Бош прокурорига бўлган воқеани маълум қилиб шикоят йўлладим. Эртасига яъни 14.02.16 куни соат 14-30ларда ўғлимни КПЗдан чиқаришибди. Уйга келди. Кўринишлари бир ҳолатда, курткаси йиртилиб кетган… оёғидаги красофкаси йиртилиб кетган… ҳатто ички кийимлари йиртилган, бошидаги шапкаси эса йўқ эди. Ўғлим руҳан чўккан эди. Мен билан гаплашишни хоҳламади. Бирорта саволимга жавоб ҳам бермади. Ҳатто ҳеч нарса емади. Фақат ўралиб ётиб олди. Мен уни қийнамасдан ўз ҳолига қўйдим. Эртасига эрталаб, бўлган воқеаларни сўзлаб берди. Бектемир ИИБ ТБ бўлимидан В. Тянни ЖКсининг ўнлаган моддалари билан айиблар Бош прокуратурага жиноий иш очишларини сўраб шикоят йўллаганимга қарамасдан, шу бугунгача жиноий жавобгарликга тортилмаган, аксинча яна ўғлимни кўчада юрганида қўй бўғизлагандай ушлаб келтириб ноқонуний тергов ўтказган. Бундай вазиятда В.Тян жиноятчи бўлганлиги сабабли ишдан четлаштирилиши керак эди. Унинг иш юритишга ҳаққи йўқ эди.Аммо улар ўзлари хоҳлаганича сўроқ саволга тутишган, видеокамера ишлатиб, руҳий босимлар остида ўғлимга ўзлари хоҳлаган айбномани қўйишга мос тергов олиб борган ва бир неча ҳужжатларга қўл қўйдириб олишган. Жумладан деярли бир йилдан бери судмедэкспертиза ҳулосасини беришларини сўраб ёзган аризамга жавоб бермасдан келишаётган эди. Ўша тиббий ҳулосани олдим деб ўғлимга қўл қўйдириб олишган. Терговчи В.Тян ўғлимнинг ҳали кўзи очилмаган беғубор болалигидан фойдаланган ва ўғлимнинг шунчалар юрагини ёриб қўлига беришган-ки, уйга келганида қаттиқ шок ҳолатда эди. Бу биздаги ҳуқуқ тартибот органларининг бундай қабиҳ йўллар билан мақсадларига етишлари бугунги кунда янгилик эмас. Мен уларнинг бундай пасткашликларини билганим учун ўғлимни кўздан қочирмасдан эҳтиётлаб юрардим. Аммо бу разил кимсалар ўғлимни бир ишонган дўсти ёрдамида (юқорида ёзганим) нонга чиқишган пайтда “қўлга туширишди”, гўё қидирувдаги катта жиноятчини ушлаб олишди. Бежизга айтишмаган экан, “ Дўстингдан топ” ёки “Ишонмагин дўстингга, сомон тиқар пўстингга” деб.
Мамлакатимиздаги ҳақиқий товламачи ва ўғрилар Т.Иминов ва А.Фаттохов “Ўзпахтасаноат”ни йиллар давомида талагани учун жиноий иш очишдан кўра шу жиноятни фош қилган одамнинг ўзига ва ўғлига сохта жиноий иш очиш осон. Негаки пулдор АКАХОНлардан кўра бева-бечораларнинг хону-монини куйдириш улар учун одатий ҳолдир. Бу энди тарбияга кирадими? Бундай ноҳақликларга дучор бўлган ёшлар қандай ҳулосага келадилар?
А.Фаттохов ва Т.Иминов қилган жиноятлар жазоси қиёматгача қолиши керакми??? Уларга қачон қонуний чора қўлланилади??? Жиноятчиларга жазо борми??? Ўзбекистонда Бош прокуратура қачон ишлайди???
Қуйида А.Фаттохов ва Т.Иминов жиноятларини исботловчи далил-хужжатларнинг баъзиларини илова қилаяпман.
Мен А.Фаттоховга тегишли “Акбар-Азизий” ХКга Т.Иминовнинг акахонлик қилиши натижасида тўрт йил давомида улар тамонидан “Ўзпахтасаноат”нинг пуллари ўзлаштирилганлиги тўғрисида далиллар билан исботлаб саккиз йилдан бери Бош Прокурорни хабордор қилиб келишимга қарамасдан Бош Прокуратура шикоятларимни инобатга олмай, ҳаракатсиз туриб, ваколатсиз ўзидан паст даражадаги органларга гўё бу ишга алоқаси йўқ воситачидай йўллаб ўтиришига, бунинг натижасида менга ва ўғлимга нисбатан “ҳуқуқ қўлловчилар” тамонидан босимлар кучайиб кетганидан ўз НОРОЗИлигимни 2-март куни соат 11 да Президент қароргоҳи олдида ПИКЕТ ўтказиш билан билдирмоқчиман!
Чамангул Негманова