Доктор Ойдин Солиҳнинг ўзбек ва турк китобхонлари орасида шуҳрат тутган “Ҳақиқий тиббиёт” китоби илк бор рус тилида Бишкек шаҳрида нашр этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати нашри хабар қилади.
Замондошлари томонидан “замонамиз Луқмони ҳакими” дея эътироф этилган Ойдин Солиҳнинг (1943-2014) “Ҳақиқий тиббиёт” китоби бунгача турк ва ўзбек тилларида минглаб нусхада бир неча бор нашр қилинган ва тез орада китобхонлар орасида тарқалиб кетган.
Китобда биолог олима ва юқори малакали шифокор бўлган муаллиф касалликни унутилган самарали усуллар асосида, дуруст турмуш тарзи ва юксак руҳоний тамойилларга риоя қилган ҳолда, тиббий ва табиий воситалардан фойдаланиш орқали даволаш ҳамда хасталиклар олдини олиш усулларини таклиф қилган.
“Ҳақиқий тиббиёт” машҳурлигидан муштарийлар орасида китоб қисмлар бўлиниб, ксеронусха олиниб, мутолаа қилингани, ҳатто бу асар машруъ нашрдан ташқари ўзбек тилида Қирғизистон жанубида кўплаб нусхада ўғринча чоп қилингани ҳам далолат бериши мумкин. Китоб Ўзбекистон ичида ҳам минглаб муштарийнинг доимий қўлланмасига айлангани айтилади.
Мазкур асарда баён қилинган йўл-йўриқлар асосида саноқсиз одам шифо топибгина қолмай, бошқаларга ҳам жисмоний ва руҳий саломатликка эришишда ёрдам бераётгани, жойларда Ойдин Солиҳ методи бўйича саломатлик марказлари ташкил этилаётгани маълум. Ҳакима қўллаган шифо услублари Ислом дини ва шариат талабаларига мослиги билан бошқа миллатдаги мусулмонлар орасида ҳам каттагина қизиқиш уйғотган.
Бишкекдаги “Из-босма” босмахонасида рус тилида чоп қилинмиш “Ҳақиқий тиббиёт” кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.
Манба: “Озодлик” радиоси