Акром МАЛИК
РАМАЗОН КУНДАЛИГИ
ҲАҚОРАТ – ПАСТКАШНИНГ ОДАТИ
(Ўн тўққизинчи кун)
Инсонлар фазл, илм, тақволари ила фарқланадилар. Фазл фаросат, зеҳн, салоҳиятни қамраб олади. Фазл – Аллоҳнинг иноятидир. Кимдир табиатан кенг мушоҳадали, кимдир табиатан ҳаёли, кимдир табиатан жасоратли ва ҳакозо. Бу жиҳатлар фазлдир. Акси эса тубанлик, пасткашлик, майдалик ҳисобланади.
Кимнингдир жасорати ўртача, аммо ўта зеҳнли бўлса, кимдадир фаросат ўта юксак ҳолда намоён бўлади. Фазлдан насибасига кўра одамлар улуғ, ўрта ва пасткашлар тоифасига бўлинадилар.
Ўз хатоларини топиш, табиатидаги майдалик, зиқналик, ҳасад, қўрқоқлик, субутсизликка қарши кураша бошлаган инсонга Аллоҳ ўз фазлидан насиба беради. Бу шубҳасиз, чунки Аллоҳ ал-Карийм зотдир.
Фазли улуғ инсонлар ҳайбатлидирлар. Улар бир он Аллоҳнинг зикрини унутмаслар. Қўрқувлари Аллоҳнинг қошида юзага чиқади. Уларда на ғийбат, на мақтанчоқлик, на миннат, на дунёга ўчлик бор. Улар бу каби нуқсонларга қарши курашадилар, Аллоҳга бўлган таслимиятлари уларни бу айблардан поклаб боради.
Ўрта одамларда ҳаммаси аралаш: улар зикрда унутувчан, бошқаларнинг турткисига муҳтож, қалби кўпинча беҳаловат, ўз фазилатларини мақтайдилар, ўзларида бирор яхши ҳол кашф этсалар, тезда эълон қилишади, ишларида тақво ва хато қўшилиб юради, аммо аксар ҳолларда иллатларидан фазилатлари кўпроқ кўринади. Улар дўст ва душман тутишдан ожиздирлар.
Пасткашларда фазл, яхшилик, барака деярли йўқдир. Улар ҳамиша майда ишлар ила банд. Асосий белгилари: ўзларини катта тутиш, катта гапириш, чоғи келмайдиган ишлардан лоф уриш, мансабдор ва куч эгаларининг пинжида ўзини буюк қиёфада кўрсатишдан иборатдир.
Уларнинг асосий одатларидан бири ўзгаларни ҳақоратлашдир. Улар ҳеч кимни тан олишмайди, ичларига ҳасад тухум қўйган бўлиб, одамларнинг тинчини бузишни севадилар. Улар ўз хатоларини умуман кўрмайдилар ва асло тан олмайдилар.
Мол-дунёни худо деб эътиқод қиладилар.
Уларнинг дўсти бўлмайди ва улар ҳар қандай фазл эгаларига ҳамиша душманлик пайида бўладилар.
Шошқалоқлик, тилни тия билмаслик, ёлғон хабарга муккасидан кетиш пасткашларга хосдир.
Ким ўзида бу каби нуқсонларни топса, Аллоҳга тавба қилмоғи, истиғфор айтиб, Аллоҳдан фазл сўраши лозим. Зотан, пасткашлик мунофиқлик намойишидир.
Аллоҳим, Ўзинг фазл соҳибисан! Хулқимизни гўзал эт, Расулинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари ила бизни зийнатла, фазлимизни зиёда эт, пасткашликдан асра!
2020 йил, 12 май.