O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳақ берилмайди, олинади

Ҳақ берилмайди, олинади
360 views
27 May 2016 - 7:00

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг "Бу кунлар" китоби

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БУ КУНЛАР

(20-қисм)

IV. Сўз эркинлиги нимага берилмаяпти?

Хавотирдан.

Ким хавотирланади?

Ўзига ишончи йўқлар.

Ишини эплаб қила олмайдиганлар.

Ишини эплаётган, ўзига ишонган бошлиқ нимадан хавотирлансин!

Ўзбекистонимизда давлат номидан сўз эркинлиги бўғилаётган экан, демак, давлатнинг бир иллати бор албатта. Бошлиқлар ўзига гап теккизмоқчи эмас. Айбини яширмоқчи. Обрўйи тўкилишидан ва ҳокимият қўлдан кетиб қолишидан қўрқади.

Бундан бир мантиқий хулоса чиқади: демак, давлат бошлиғи ишини эплай олмаётганига ўзи ҳам иқрор!

Халққа сўз айтиш ҳуқуқини берса, боши балодан чиқмай қолишини жуда яхши билади. Танқид ёки ҳар қандай бошқача мулоҳаза шунинг учун ҳам унинг энг биринчи душманига айланган. Унга аччиқ ҳақиқатдан ширин ёлғонлар яхши! Бу ширин ёлғонлар халқининг миясини суюлтириб ташлагани, сиёсий ҳамда маънавий савиясини пасайтириб юборгани билан иши йўқ…

V. Сўз эркинлиги бўғилишидан кимга фойда?

Ичкарида ҳеч кимга фойда йўқ, лекин ташқарида…

Ташқарида ҳали ҳам мустамлакачилик ғоясини соғиниб юрганлар қанча. Уларга қолса, бизда халқ билан давлат ҳеч қачон бирлашиб қолмасин. Бирлик давлатни кучли қилади. Душман давлатимизнинг кучли бўлишини асло истамайди. Халқи давлатига қарши, давлати халқига қарши қанча хезланиб турса, душман учун шунча яхши.

Кучли давлатларнинг йиллар давомида синовдан ўтган усули бор: бир қўли билан халқнинг бошини силайди-да: “Ўҳ-ҳў, давлатинг сени роса эзяпти-ку, инсон ўлароқ сенинг ҳақ-ҳуқуқинг йўқми, бизга суянгин, сенга ёрдам қиламиз”, дейди; иккинчи қўлини давлатнинг қўйнига суқади: “Халқинг сени ёқтирмайди, қўйиб берсанг, тезда бошидан улоқтириб ташлайди, устига устак, юртингни исломчилар босиб кетган, агар буларнинг жиловини тортиб қўймасанг, ҳолингга вой, бизга суянгин, сенга ёрдам кўрсатамиз”, дейди. Давлатни халққа қарши, халқни давлатга қарши гиж-гижлайди. Уриштиради. Ўзи бир чеккада туриб, унисининг ҳам, бунисининг ҳам ҳолдан тойишини ва бир куни ўзига муҳтож бўлишини, тиз чўкиб ёрдам сўраб келишини пойлайди. Дунёнинг қари жуғрофиясидан эндигина жой олган, ёшлиги туфайли катта сиёсий найранглар қозонида ҳали қайнаб ўрганмаган давлатимиз ва халқимиз, мана, неча йиллардан буён мана шу фитнага учиб келяпти. Давлат халқимизни ўзидан норози қилиб қўйди, тил топишиш ўрнига бирда оғизаки, бирда қурол билан урушгани урушган. Бу кетишда яқин орада иккала томон ҳам ҳолдан тояди. Бирикиб, бир-биридан мадад олиб кучайиш ўрнига, ҳар қайсиси ўзининг жонини омон сақлаш учун униси бу кўчадан, буниси бошқа кўчадан бориб, бир чеккада томоша қилиб турган қашқир давлатлардан ёрдам сўрайди. Ана ўшанда ҳолимизга маймунлар йиғлайди!

Оммавий ахборот воситалари эркин бўлса эди, сиёсатдаги бунақа кемтикликларни бири бўлмаса бошқаси ўз вақтида, очиқ-ошкора тушунтириб, давлатини ҳам, халқини ҳам фитна-фасодлардан огоҳлантириб турарди, муқаррар фалокатнинг олди олинишига ҳисса қўшган бўларди. Ҳозир-чи?

Бу аҳволимизда эртага нелар бўлишини билиб бўлмайди. Демак, сўз айтиш эркинлигининг йўқлиги ташқарида бизни ютаман деб оғзини катта очиб турган аждарҳоларга фойда холос, ичкарига – мамлакатнинг ўзига жуда катта зарардир.

Ва ниҳоят, сўз эркинлигининг йўқлиги тўласича Давлат бошлиғининг ўзига зиён!

Бир ўйлаб кўринг: ўзбекистонча “демократия” шароитида фақат президент эркин “фикрлайди” (аслида у ҳам эркин эмас!), фақат у гапиради, фақат у мақтайди, фақат у танқид қилади, бошқа ҳеч ким миқ этмайди. Матбуот ё телевидениеда на Бош вазирни, на Олий Мажлис раисини, на сенат раисини, на Бош пуркурорни, на Олий суд раисини, на биронта бошқа вазирни кўрасиз. Бир Кишидан бошқа ҳеч ким ишламайди гўё. Халқ бошқа бошлиқларини кўрмаган, танимайди, улар нима ишлар қилаётганидан хабарсиз. Ички ва ташқи сиёсатдаги ва иқтисоддаги ютуқлар кимники, хатолар кимники – билмайди.

Ҳозир юриб турган қоидага кўра барча ютуқ Бир Кишиники, лекин биронта хато уники эмас. Қолган бошлиқлари қобилиятини, ким нима ишга жавоб беришини билмаганидан халқ ўзи тушиб қолган оғир аҳвол учун бутун нафратини ўз-ўзидан… тўғри топдингиз… ўша бир кишига қаратади!

Бу бир киши ким?

Президент!

Бунақа ёввойи тузумни яратган киши охир-оқибатда ўзи шу ёввойи йиртқичнинг чангалига тушади!

Ҳар бир бошлиқ ўзининг ишига жавоб берганида эди, хато учун асосан ким айбли эканини халқ биларди ва ўшандан сўрарди. Мақтовини ҳам, нафратини ҳам ҳақли эгасига йўналтирарди. Ёмон ишлаганларни аниқлаш ва, керак бўлса, алмаштириш ҳам президентга осон бўларди. Лекин Ўзбекистонда давлат ҳам, ҳукумат ҳам, парламент ҳам, суд-пуркуратура ҳам Бир Киши бўлгани учун бутун республикадаги ҳамма қинғирликлар – ўғрилик, порахўрлик, маънавий бузуқлик, хуллас, ҳамма ёмонлик учун энди марҳамат қилиб ўша Бир Киши жавоб бериши, шунчаки эмас, қаттиқ жавоб бериши керак бўлади!

Сўз айтиш ҳуқуқи йўқлигидан келадиган яна бир муқаррар натижа: эртага агар давлат бошлиғи боши узра қора булутлар ёпирилиб келса, бир кимса уни юрагидан чиқариб ҳимоя қилмайди.

Кичик хулоса

“Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси I БОБ 2-моддадан.

Давлатни халқ тузади. Тепасига бошлиқларни халқ келтиради. Чиқимини ҳам халқ кўтаради. Ичидан лойиқларни топиб, танлаб-ажратиб, ўзига бошлиқ этиб сайлар ёки тайинлар экан, улар олдига жайдаричасига бундай шарт қўяди:

– Эй ўғлон, сени ўқитдик, етиштирдик, ўзимизга бош қилиб қўйдик, бундан буён тирикчилигинг бизнинг бўйнимизда, энди сен бутун борлиғинг билан бизга хизмат қиласан: ички ва ташқи ишларимизни ҳар доим бизнинг хоҳиш-иродамиз ифодачиси ўлароқ юритасан; бунинг учун сенга айрим ваколатлар берамиз, тарихан шаклланган одобларимиз, урф-одатларимиз доирасида руҳимизга мос қонун-қоида ва низом ишлаб чиқиб, ўшаларга суянган ҳолда бизни бошқарасан; чет давлатлар билан ҳам оқилона сиёсат юритасан, ҳамма билан яхши муомалада бўлиб, миллат ва мамлакатга фойдали битимлар тузасан; дўст орттирасан, душман орттирмайсан; шунда ҳам бирон душман ватанимизга кўз олайтирса, мана ўғилларимиз, мана бойликларимиз, ўзинг бош бўлиб охирги томчи қонинг қолгунича юртимизни ҳимоя қиласан… биз ҳам бу ёқда қараб ўтирмаймиз, ҳаётимиз тўкис, давлатимиз кучли бўлиши учун тинмай ишлаймиз; ватанимиз тинчлиги ва тараққиёти йўлида жонимизни-молимизни тикамиз; айни чоқда биз сенинг ҳар қадамингни вакилларимиз орқали ҳар он кузатиб турамиз, тўғри йўлдан сал оғсанг, тўғрилаб қўямиз, қинғирлик қила бошласанг, тартибга чақирамиз, бузилсанг, бошимиздан улоқтириб ташлаймиз, келишдикми? Унда, қани, ишни бошла! – дейди.

Давлат ўзи шу. Давлат халққа ва ватанга хизмат қилади. У сиз билан биз етиштириб, танлаб, сайлаб қўйган вакилларимиз ва уларнинг иш ташкилотидир, холос. Бундан ортиқ эмас.

Етиштирилиб, танланиб, сайланиб (яъни, халқнинг бошига чиқиб) олганидан кейин асл вазифасини унутса, ўртадаги шартни бузса, халқ измидан чиқиб ўз бошича иш юрита бошласа, давлатни нафси ва шахсига бўйсундириб олса, булар устига, ўзи қабул қилган Асосий Қонунни неча йиллардан бери қайта-қайта ўзгартириб-бузароқ: “Ҳеч кимга бермайман сени, Ўзбекистон!!!” дея мансабга чиппа ёпишиб олса… энди тез бунинг чорасини кўриш лозим бўлади.

Давлат ишини халқ номидан кузатиб-тўғри йўлга солиб туриш учун сайлаб қўйилган вакил (депутат)лар ҳамда вазифаси халқнинг кайфиятини акс эттиришу бу йўл билан давлат ва ҳукумат ишларини зийрак кузатиб туриш бўлган матбуот енг шимариб ишга тушиши керак.

Асосий Қонун: “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади”, дейди.

Лўнда ва тушунарли. Бундан давлат а) халқ иродасини ифода этиш ва б) унинг манфаатларига хизмат қилиш учун тузилгани билинади. Демак, халқ бирламчи, давлат иккиламчидир. Халқ давлат учун эмас, давлат халқ учундир. Давлатдан халқ ва унинг иродаси устувор. Давлат эзувчи, босувчи, таловчи ташкилот эмас, балки халқнинг хизматини халқнинг ўзи билан маслаҳатлашиб қиладиган ташкилотдир!

Ўзбекистонда ҳозир аҳвол бунинг тескариси:

а) давлат ирода қилади, халқ шу иродага кўра яшашга маҳкум;

б) давлатнинг мавҳум манфаатларига хизмат қилишга мажбур!

Давлат бирламчи, халқ ўнламчи бўлиб қолган. Ҳамма бало илдизи шу ерда.

Давомида: “Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, дейилган.

Бу жумлани жайдари ўзбекчага айлантирсак, бундай бўлади:

“Давлатни ва мансабдор шахсларни жамият ва ҳар бир ватандош сўраб-тергаб туришга ҳақлидир! Улар ҳар бир ишига жамият олдида ҳам, битта ватандош олдида ҳам жавоб беради!”

Асосий Қонуннинг бу моддаси қоғозда жуда гўзал битилган, лекин амалда иш чатоқ. Оддий халқни-ку қўйинг, сўз айтиш эркинлиги бўлмаганидан, оммавий ахборот воситалари ҳам давлатидан умуман ҳисоб сўраёлмайди. Сўрашга ташаббус қилиши билан давлат унинг оғзига қопқоқ, қўлига кишан уради.

Бундай оғир шароитда “Нимага сўрамаяпсан? Нимага давлатингни тергамаяпсан?” деб оддий халқни маломат қилиб бўлмайди. Аммо халқ номидан сўз айтиш ваколатини олган ҳамда сўз айтиши лозим бўлган Олий Мажлис депутатлари-чи? Улар ҳам мум тишлаган. Тўғрироғи, тўғри гапга – соқов, мақтовга – бийрон.

Жамият номидан ҳокимият ишларини текшириб-тергаб туриши лозим бўлган матбуот эса, асосий вазифасини буткул унутиб, бўйнидаги вазифанинг том тескарисини қилиб ётибди: халқ иродасининг ифодачиси бўлишдек шарафни ташлаб, давлат иродасининг қўғирчоғи бўлишдек олчоқликни танлаган. Натижада рангли-рангсиз саҳифаларини ёлғон-яшиққа ва таги йўқ мақтовларга тўлдириб ётибди, халқ дарди бир чеккада қолиб кетяпти.

Ўзбекистонда сўз эркинлиги берилган бўлса, фақат ва фақат президентни ва унинг ишларини мақташ учун берилган. Қанча ошириб-тошириб мақтасангиз ҳам биров сизнинг оғзингизга урмайди, “мақташ ҳуқуқи”нгизни чекламайди. Яъни, мақтовга чеклов йўқ!

Ҳа, бу икки қудратли куч ‒ Олий Мажлис ва матбуот ҳақиқатга ва халққа эмас, очиқдан-очиқ ёлғонга ва амалсевар шахсларга хизмат қила бошлади. Давлат тепасига чиққанидан бери ҳеч қайтиб тушгиси келмаётган, давомли “ҳийлаи қонуний”лар ишлатиб, бир қўли билан тожни, иккинчи қўли билан тахтни чангаллаб олган, неча марта модда ўчириб-модда ёзаверганидан Асосий Қонунни ҳам илма-тешик қилиб юборган зотнинг гуноҳига шерик бўляпти. Юртбошининг кичкина яхшилигини оламга ноғора қоқиб билдирар экан, катта-катта айбларини хас-хашак ё тупроқ билан ёпиб кун кўряпти. Яқин йигирма йилдан бери мамлакатда ҳур фикрга қарши салиб юриши эълон қилинган – бу ҳақда ким ёзди ё ким ёзяпти?!

Дин сиқувда, диндорлар ҳар хил номлар остида ёппа қувғинга учраган – қайси матбуот уларнинг ёнини олиб чиқди?!

16 феврал портлашлари юз берди – қайси газетачи халқ номидан мустақил ўрганди бу воқеани?!

Андижонда халқ ўққа тутилди, мингдан ортиқ каттаю кичик, эркагу аёл ўлди – биронта довюрак ёзувчи биронта матбуот органида биронта сўз дея олдими?!

Милёнлаб ёш-яланг ота-онасини ё бола-чақасини боқиш учун чет элларга чиқиб қул бўлиб юрибди. Кўпларининг юртга пули эмас, ўлиги келди – биронтамиз ватанимиз тушиб қолган бу аҳволнинг илдизларини ўрганишга ташаббус қилдикми?!

Аёллар очиқдан-очиқ танини сота бошлади, минг йиллар давомида тўпланган бойлигимиз – одоб-ахлоқимиз қисқа муддатда ер билан битта бўлди, кўчада аёл оғзидан чиқаётган шалақ сўзларни эшитса, эркак тугул, эшак пўст ташлаб юборадиган ҳолга етдик – буларни масала қилиб кўтариб чиқадиган мард борми?!

Бошимизда шунча гап турган бир пайтда ичкаридаги оммавий ахборот воситаларимиз ҳар куни ҳар дақиқа Бир Кишининг у ёғидан ўтиб, бу ёғидан ўтиб таъзим қилгани қилган. Бошқа айтар сўзи, бошқа қилар иши йўқдай шўрликларнинг. Энг ачинарлиси – шу ҳолига ўзи рози…

Бу қадар хўрликларга лойиқ халқмизми? Кўндикми-кўникдикми? Тўймадикми? Шаънимиз шу қадар пастми? Наҳот ён қўшниларимизчалик ҳам бўлмасак?!

Кўриб турибмиз, уларнинг ҳам ўзларига яраша қийинчиликлари тиқилиб ётибди, лекин сўз эркинлиги борасида Қирғизистон, Қозоғистон ва ҳатто Тожикистон бизга қараганда илғорроқ экани аниқ. Аслида, Ўзбекистон халқи ҳам худди бошқалар каби тугал мустақилликка, тугал эркинликка, тугал ҳурликка лойиқ халқмиз!

Миллий менталитетимиз ҳам, анъаналаримиз ҳам Ислом дини доирасида шаклланганини эътиборга олсак, динимиз сўз эркинлигини бўғмайди, аксинча, халқни сўз ва ҳаракат эркинлигига чақиради. Абу Бакр Сиддиқнинг (Оллоҳ у кишидан рози бўлсин) халифа бўлиб сайланган заҳоти сўзлаган хутбаларини эслайлик:

“Мен Оллоҳга ва Унинг элчисига бўйин сунсам, менга бўйин сунинглар. Оллоҳга ва Унинг элчисига тескари ишларни қилсам, сизлар менга бўйин сунманглар!” деган эди у зот.

Абу Бакр Сиддиқ ҳозирги айримлардек Қуръон китобига қўлини қўйиб қасам ичмаган, аммо икки йиллик халифалиги даврида сўзига терс иш қилмади. Тўғри йўлдан заррача чекинмади. Ваъдасига вафо қилди. Абу Бакр Сиддиқнинг бу васият-хутбасида бугунимиз учун ҳам энг зарур йўл-йўриқ бор: сиёсат тўғри олиб борилса, бўйин суниш; хатога йўл қўйилса, сўз эркинлигидан фойдаланган ҳолда бетига айтиб тузатиш; дин, ватан, миллат ва давлат манфаатлари бир чеккада қолиб, қинғир йўлга кириб кетилса, унга бўйин сунмаслик, ҳатто бошлиқликдан олиб ташлаш.

Фитратимиз (менталитетимиз) ва анъаналаримиз манбаи бундай деб турганида ўртада кечган “мустабид ва золим подшоҳлар, хонлар ўрнатиб кетган ялпи итоат усули” бизга бегоналиги, бизнинг анъанамиздан ҳам, диний қадриятларимиздан ҳам, миллий менталитетимиздан ҳам эмаслиги билинади.

Машҳур араб сайёҳи Ибн Баттута “Саёҳатнома” китобида ўрта асрлар Мовароуннаҳр султони Тармаширин тутумидан икки шингил мисол келтиради:

1. “Бир куни мен пешин намозини адо этиш учун мачитга бордим. Аммо султон ҳали йўқ эди. Унинг маҳрамларидан бири жойнамоз келтириб, меҳроб яқинидаги одатда султон намоз ўқийдиган жойга ёзди ва (имом) Ҳисомуддин Ёғийга: “Султонимиз таҳорат олиб бўлгунларича намозни бошламай тураркансиз, шундай деб юбордилар”, деди.

Имом ўрнидан туриб: “Намоз Оллоҳ учунми ё Тармаширин учунми?” деди ва муаззинга намозни бошлашни буюрди. Султон мачитга кириб келганида икки ракат намоз ўқиб бўлинган эди. У намозини одамлар оёқ кийимларини ечиб қўядиган жойда, мачит остонасида, қолдирган ракатларини ҳам қўшиб ўқиб олди. Сўнг ўрнидан турди ва имомга яқин келди, қўл олиб сўрашмоқчи бўлиб жилмайди. Мен имомнинг ёнгинасида турган эдим. Султон менга бундай деди:

“Юртингга борганингда ажамларнинг битта жулдурвоқи имоми турк султонига қандай муомала қилганини айтиб бергин”.

2. “Имом ҳар жума куни жамоатга ваъз қилиб, султонни яхшиликка ундар, гуноҳ иш ва зулмдан қайтарар, у билан суҳбатларда аяб ўтирмас, султон эса унинг сўзларига қулоқ солиб, йиғлаб ўтирар эди.

Шайх султондан ҳеч бир совға олмас, ҳеч қачон таомини емас, туҳфа қилинган кийим-кечакни киймас, чиндан ҳам Оллоҳнинг тақволи бандаси эди”.

Мана бизнинг имомларимиз! Мана султонларимиз! Мана, тўғри гапга, танқидга ва насиҳатга султонларимиз муносабати! Мана бизнинг менталитетимиз! Тенглик ва кенглик бўлса шунчалик бўлар!

Бундай олиб қараганда, Ўзбекистон президенти ҳам бу лавозимга илк сайланган палласида Қуръонга ва Конститутсияга қўлини қўйиб қасам ичаркан, “Тўғри йўлдан бораман!” деб халқига қаттиқ ваъда берган эди. У қасамни расмий тилдан халқ тилига ўгирсак, бундай бўлади:

“Агар ушбу Конститутсияга ва бошқа қонунларга тўла риоя этсам, менга итоат қилинглар, агар йўлдан чиқсам, тўғриланглар, ишимни эплаёлмасам ёки бутунлай ёмон бошқарсам, вазифамдан олиб ташланглар! Менга билдирилган ишончларингни оқламасам ва ушбу қасамимни бузсам…”

Ваъдага вафо қилинмади, ишончлар оқланмади, қасам ҳам неча марталаб бузилди, аммо қасам давомидаги уч нуқта ўрни ҳамон бўш турибди. Уни фақат сўз эркинлиги тўлдира олади.

Йигирманчи аср бошларида – бундан юз йилча бурун, худди ҳозиргидай талотўп замонда, расмий тил билан айтганда, “ўтиш паллаларида” буюк маърифатпарвар муфти Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари: “Ҳақ берилмайди, олинади”, деган эди.

Эркинликлар ҳам, онадан ҳур туғилган одам ўлароқ, энг қийматли ҳаққимиз экан, уни олайлик. Олишга ҳаракат қилмасак, берилишини кутиб, боридан ҳам айрилиб қолишимиз турган гап. Ҳаққимизни олиш эса, шарафимизни олишдир, номусимизни олишдир.

(Давоми бор)

«Бу кунлар» китобини ушбу линкдан юклаб олишингиз мумкин:
nurullohuz.com