Ўзбек мухолифатининг таниқли вакили Намоз Нормўминнинг шу ном билан навбатдаги интернет китоби нашр қилинди. Китобнинг муқаддимаси “Мўътадиллик ва муросага даъват” деб аталади ва унда жумладан шундай дейилади:
МЎЪТАДИЛЛИК ВА МУРОСАГА ДАЪВАТ
(Сўзбоши ўрнида)
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Маълум бўлгани каби замонамиз интернет ва глобаллашиш (дунё халқлари ва улар амал қиладиган қадриятларнинг бир орага келиши) замонасидир. Бунинг аломатларидан бири сўз ва фикр эркинлигининг ниҳоятда кенг тарқалиб бораётганидир. Бугун истаган киши ўзи интернетда саҳифа очиб ёки мавжуд саҳифалардан бирида ўз эътиқоди ёки ҳаёти ҳақида истаган фикрларини айта олади. Албатта, бу яхшилик аломатидир. Чунки инсонларнинг бир бирларини танишлари ва ўзаро муросага келишлари аввало мана шу эркинликлардан фойдаланиш орқали бўлади…
Куни кеча мана шундай эркинлик доирасида бир ўзбек жаноб “халқимизнинг ўзбекона коммунизм йўлини” танлаши кераклигини баён қилди. Бу жанобнинг фикрича, коммунистик тузум (яъни СССР) даврида чоллар нур юзли бўлган эканлар. Энди эса бундай нуроний, яъни коммунизмнинг маҳсули бўлган чоллар кўчалардан кўринмай қолган эмиш. У киши мана шу чолларни қўмсаб, ўзбеклар учун “ўзбекона коммунизмдан” бошқа тузум ярамайди, деган хулосага келибди.
Яна куни кеча бир хоним, мақолаларимга интернетда кўзи тушган бўлса керак, мени “радикалликда” айблаб чиқди. Бу хоним машҳур чет эл радиосининг машҳур журналистларидан биридир. Бу хонимни машҳур қилган яна бир нарса ўз фаолиятининг муқаддимасида диктатор Каримов билан қилган суҳбати эди. Бу суҳбатда у халқимизни қон йиғлатган бу диктаторга “нега сиз ўзбек халқини қон йиғлатмоқдасиз”, дея сўраш ўрнига, “ҳурматли Президент, сиз бўш вақтингизда палов пиширасизми”, дея лаганбордона саволлар берган ва бу лаганбордорлиги билан Ўзбекистонда диктатуранинг тикланишига ўз ҳиссасини қўшганди…
Мен ҳозир бу жанобни коммунизм радикаллигида ва бу хонимни демократия маскасини кийиб, диктатуранинг (радикалликнинг энг мудҳиш шаклининг) амалга ошишида иштирок этганликда бемалол айблашим мумкин. Бунинг учун етарли далилларим ҳам бор. Аммо уларнинг мени “исломий радикалликда” айблашлари учун бундай далиллари йўқ. Уларнинг “далили” менинг динимиз ҳақида ёзган ва асосан бу китобга кирган мақолаларим бўлса керак. Фожеа шундаки, уларга кўра Ислом ҳақида ёзишнинг ўзиёқ инсонни “радикал”, дея баҳолашга далил бўла олади. Яъни, Исломнинг ва мусулмонларнинг бору йўғи “радикалликдан” иборатдир…
Инсонларни “исломофобия” (Исломдан қўрқиш) ҳолатига туширган омил ҳеч шубҳасиз, уларнинг жоҳилликларидир. Бундай жоҳиллик эса, инсонни Мудассир сурасининг 50 ва 51 оятларида тасвирланган ҳолатга тушириб қўяди. Чунки инсон одатда ўзи билмаган нарсага, ҳақиқатга душманлик қилади…
Қуръони Карим “Ўқинг” (Алақ сураси 1 оят) амри билан бошланди ва “Биладиганлар билан билмайдиганлар асло тенг бўлмайдилар” (Зумар сураси 9 оят) қоидасини инсонларнинг ҳақиқатни ўрганишларига асос сифатида тавсия қилди. Шунинг учун ҳам ўзбеклар “Сўраб сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим”, дейдилар.
Мен бу жанобга у “ соғинган коммунизм” халқимизнинг юзини қанчалик қора қилганини ва бу хонимга у “ маъшуқа бўлган” икки юзли демократияга бир пайтлар ўзим ҳам ошиқ бўлганимни хотирлатмоқчи эдим. Яъни, улар “иймон” келтирган қадриятлар менга бегона ҳисобланмайди. Аммо уларнинг Аллоҳ таолонинг динини ҳақиқатан севишларига шубҳам ҳам йўқ эмас. Акс ҳолда улар Исломни радикаллик билан эгизак ҳолда тасаввур қилмас эдилар…
Шундай экан, келинг кунимизнинг неъмати ҳисобланадиган сўз, фикр ва эътиқод эркинлигидан тўғри фойдаланайлик. Сиз ўзингиз танлаган йўлингизда давом этинг ва бу сизнинг ҳаққингиз бўлсин. Биз мусулмонларга ҳам биз танлаган йўлдан давом этиш ҳаққини танинг ва бу бизнинг ҳаққимиз бўлсин. Муроса ва мўътадиллик мана шу қоидадан туғилади…
Бу китобда айтилмоқчи бўлган асосий фикрларга келадиган бўлсак:
Ислом дини тавҳид, яъни Аллоҳ таолони ягона Илоҳ ва Роб, дея эътиқод қилиш динидир…
Ислом ўрта йўл динидир. У таркидунёчилик (роҳиблик) ва таркиохиратчилик (материалистик) дин эмасдир. Исломда дин дейилганда, ижтимоий ҳаётнинг бир қисми эмас, унинг бутун жиҳатлари тушунилади.
Ислом дини дунёвийликка қарши эмас, аксинча унинг дунё ҳаётини тартибга соладиган энг мукаммал қонун ва қоидалари бор. Масалан, ёлғоннинг ароқхўрликнинг ва порахўрликнинг тарк қилиниши билан, ки булар Ислом келтирган мукаммал қонунлардан баъзилардир, ҳар қандай жоҳилият жамиятини тубдан ислоҳ қилиш мумкин…
Ислом дини зулмни унинг манбаига қарамасдан рад қилади ва инсонга ўзининг ва яқинларининг зарарига бўлса ҳам адолатни бўлишни амр қилади.
Ислом дини демократик жамиятларда мавжуд бўлган инсон ҳуқуқлари, шу жумладан раҳбарларни сайлаш ва раҳбарликка сайланиш эркинлигини рад қилмайди.
Бугун исломий деб аталаётган золим оилавий қиролликлар, диктаторликлар режимларининг ва исломни ўз мулкига айлантириб олган роҳиблар (руҳонийлар, муқаддас оталар) режимларининг динимизга алоқаси йўқдир…
Ислом дини жиҳод ва халифалик даъвати билан эмас, “Ла илаҳа иллаллоҳ” ақидасига даъват билан бошлангандир…
Намоз Нормўмин, 15 июль 2012 йил. Истанбул
Изоҳ: Бу китобга кирган мақолаларнинг асосий қисми мен ЎХҲга аъзо бўлишдан олдин, яъни 2009 ва 2010 йилларда ёзилган эди.
Намоз Нормўминнинг янги китобини ушбу линкдан кўчириб олишингиз мумкин: