O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Ҳақ дин келтирдим…”

“Ҳақ дин келтирдим…”
358 views
20 October 2017 - 7:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 214
(давоми)

ЎТТИЗ САККИЗИНЧИ МЎЖИЗА

Улуғ саҳобалардан Аммор ибн Ҳузайма ривоят қилур:

«Мадина халқи Авс, Хазраж деган икки қабила эрдилар. Булар ичида Хазраж раисларидан Абу Омир деган киши Расулуллоҳни кўрмасдан туриб, доим мақтаб, у зотни қачон кўрар эканман, деб кутмакда эди. Чунки бу киши Мадинадаги яҳуд олимларидан Расулуллоҳнинг сифатларини кўп эшитган эди.

Бу сўзни аниқлаш учун, Шом вилоятига сафар қилди. У жойда ҳам яҳуд, насоро олимлари билан кўришиб Таврот, Инжилда айтилмиш охирзамон пайғамбарининг сифатларини улардан ҳам аниқлаб англади. Сўнгра у ердан яна Мадинага қайтиб келиб, роҳиблик ҳавасига тушди. Риёзат қилиб, жонлик нарсалардан чиққан овқатни емасдан, улардан парҳез қилиб, эгнига жанда кийиб, тоат-ибодат қилишга киришди. Шунинг учун буни араблар Абу Омир Роҳиб дер эдилар.

Аслида эса роҳиб деб, насоро динида эр бўлса хотун олмай, хотун бўлса эрга тегмай, жонлик ҳайвонлардан чиққан овқатларни емай, тарки дунё қилиб сўфийлик қилган кишини айтурлар. Бу ҳам шу йўлни тутганлардан эди.

Аммо арабларга ўзини Иброҳим Ҳалилуллоҳдинини тутгандек кўрсатур эди. Охирзамон пайғамбарининг ҳижрат қилиб келар жойи Мадинадеган сўзни Шом олимларидан англаб, бу иш қачон бўлур экан деб қизғинлик биланкутмоқда эди. Шу орада Пайғамбаримиз ҳам Ислом туғини кўтариб Маккадан чиқдилар.

Бу хабар бутун Арабистонга тарқалди. Кеча-кундуз шу ишни кутмоқда бўлган Абу Омир, ўн уч йил ичида бирор йўл бўлса ҳам Маккага бориб Расулуллоҳ билан кўришмоқни тиламади. Йўқ эса, бу ишни билиш учун сафар машаққатларини чекиб, Шом вилоятига ҳам борган эди.

Бу муддат ўтгандан сўнгра Расулуллоҳ Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб келдилар эрса, шу кундан бошлаб унинг ҳасади қўзғалиб кундан-кунга душманлиги кўпайгали турди.

Бир куни ул Расулуллоҳ қошларига келиб:

— Эй Муҳаммад, қандай дин келтирдинг? — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Ҳақ дин келтирдим, — дедилар эрса:

— Йўқ, сен уни бошқасига аралаштирдинг, — деди.

Расулуллоҳ:

— Ёлғон айтурсан, меним келтирганим ёруқ, юмшоқ, ариғ (тоза) диндур. Яҳуд, насоро олимларидан эшитган сўзларинг қайерда қолди? Алар эрса меним сифатларимни сенга аниқлаб айтмиш эдилар, — дедилар.

Анда ул:

— Улар айтган охирзамон пайғамбари сен эмасдурсан, — деди.

Пайғамбаримиз:

— Бу сўзинг ёлғондур, очиқ ёлғон айтдинг, — дедилар.

— Ким ёлғончи бўлса, эл-юртидан чиқиб, ёлғиз қолиб, сарсонликда ўлсин, — деди роҳиб.

Пайғамбаримиз ҳам:

— Илоҳо, шундоғ бўлсин, — дедилар.

Бу сўздан унинг мақсади эрса Расулуллоҳга теккизиб, сен Мадинага шундоғ бўлиб келгансан, демоқчи эди. Сўнгра ул ўз юрти Мадинани ташлаб Маккага кўчиб бориб, мушрикларга қўшилди. У ерда турганда Расулуллоҳга қарши қўлидан келган ёмонлигини қилди.

Ҳижратнинг саккизинчи йили Макка фатҳ бўлгач, қочиб, Тойифга борди. Тойифни қамал қилдилар. Кўп ўтмай, улар ҳам иймон келтиришди. У ерга ҳам сиғмай қолиб, Шомга қараб қочди. Энг охири, бола-чақаларидан ҳам ажраб, Пайғамбаримиз айтганларидек, тентираб юриб ўлди.

(давоми бор)