O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳеч бир инсон дунёда абадий яшамайди…

Ҳеч бир инсон дунёда абадий яшамайди…
251 views
17 April 2016 - 6:00

1224740501_kto-starshe-turkestanaАлихонтўра Соғуний

ТУРКИСТОН ҚАЙҒУСИ — 30

(давоми)

Энди бу ерда яшовчилар эса, кўпчилиги уйғур мусулмонлари бўлиб, булардан ташқари тунгон, қирғиз, қалмоқ, қозоқ, шива, сулун, оз бўлсалар ҳам бу ёқдан борган ўзбек, ўрис, нўғай қочоқлари бор эди. Бу мусулмонлар ичида нўғойлар, кўпчилиги диний томондан бор йўқ орасида бўлсалар ҳам, замонавий тушунчаларга эга кишилар эди. Қолганлари чеклик маълумот эгалари, уч тўрт кишидан бошқа бошдан оёқ барчаси қора ботқоққа ботмиш эдилар. Айниқса, шу ёқдан борган кўнгли кўр ўзбек бой савдогарлари ҳеч нарса кўрмагандай бўлишиб, парвоналар каби савдо «олови» атрофида айланмоқда эдилар.

Шундоқки, ислом шариатида ароқ ичиш мусулмонларга қандай ҳаром қилинган бўлса, ундан фойдаланиб тижорат қилишлари ҳам, қатъиян ҳаром қилинмишдур. Ғулжага келганимизда англамиш эдик, советдан ўтган моллар ичида энг кўп фойда чиқадиган нарса ичимлик экандур. Шунинг учун ҳаромхўр бой савдогарлар буни кўрганда бошқа молларга қарамай, оз ҳалолдан кўп ҳаромни ортиқ кўришиб, шунга киришганликдан кўпларининг қилган тижоратлари ҳаромга айланмиш эди. Ахири «Ал ҳабийсоту лил ҳабийсин», яъни «палит палитга» деган Қуръон ояти мазмунича, узундан бери йиғилиб келган ҳаром моллари, ўз лойиғи ҳаромхўрлар оғзига тушиб тугади. Қуръонда: «Инноллоҳа ло йуғоййиру моби қовмин ҳатто йуғоййиру ма би анфу сиҳим», яъни «Бир миллат ўзларига юкланган Аллоҳ ҳукмини ўзгартмагунча уларга берган неъматни Аллоҳ улардан олмайди», демакдур. Қисқаси, қилма деганни қилиб, қил деганни қилмаганлар, Аллоҳ ҳукмини бузиб ўзгартирувчилардур.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Или ўлкаси Чингиздан илгари Гурхон даврида кўп ободон бўлганлиги тарихлардан ва ҳам илгари бузулган шаҳарлар ҳаробаларидан кўриниб туради. Ғулжа шаҳри атрофида бир неча ҳаробалар бордирким, эскидан қолган ҳар турлик олтин асбоблар, танга тиллалар кўп чиққанликдан ерлик халқ у ерларни Олтунлиқ деб атайдилар. Шу кунлари бўлса ҳар ёкдан, айниқса, ичкари Хитойдан келувчилар қазишиб, бу ерлардан кўп нарсалар топиб олмокдалар.

Бу орадан 80 неча йил ўтиб, Гурхон давлати йиқилиб, бу ерлар ҳароб бўлган сўнггида, Темурийлар даврига келгунча, узоқ йиллар чингизийларга марказ пойтахт бўлганлигини ёзмиш эдик. Бироқ, бу тахт эгалари Чингиз авлодининг биринчи ҳоқони Чиғатой баҳодир бошлиқ, энг сўнггиси Тўғлуқ Темурхонга келгунча, шу оиладан ўтган бошқа ҳоқонлар каби Оқсарой, Кўксарой ясатиб, унда тахт қуриб ўлтирмасдан, илгариги кўчманчи турклар одатича, кийгиздан ясалган оқ ўтовларда Ўрду қуриб ўлтирмиш эдилар.

Ёзги, кун исиган чоғлари ҳашаматлик Оқ ўрдуларини Хонтангри (Ҳозирги Борохоро тоғ тизмалари) тоғларининг кенг яйловларига кўчирган бўлсалар ҳам, қиш кунларини шу пойтахт Олмалиғнинг оддий уйларида кечириш уларнинг одатлари эди. Шунинг учун Қўрғосдаги Тўғлуқ Темурхон қабри устига ясалган пештахтадан бошқа, эскилик асарларидан кўзга кўрингудек нарса йўкдур. Ғулжадан 20 чақиримча жанубий кун чиқиш томонидаги қамишлик тўқай ичида айланаси 15-20 гектар келгудек 5-6 ясама кўлларнинг ўрни кўриниб туради. Булар эса ўз даврида ўтган турк, мўғул хонлари томонидан қаздирилмиш экандур. Ғоз, ўрдак каби турлик сувсар ов қушлари сувга тушганда кўл айлана чопишиб, хонлар замонларига кўра энг қизғин кўринган шикор ови ўтказар эканлар. Ғулжада марҳум Саидҳожи оғайнимиз меҳмон чақириб, уйига чиққанимизда Қойнуқ томонидаги эскидан қолган Олтунлиқ ҳаробаларини, юқорида ёзилган сувсар кўлларини кўриб, улардан анчагина тарихий маълумотлар олиб, яхши таъсирланмиш эдим.

«Фасийрув фил арди фанзурув осороллоҳ», яъни «Ер айланиб саёҳат қилинглар, унда учраган нарсаларга ибрат кўзи билан қараб фойдаланинглар», деган Қуръон амрича, ҳимматлик илм эгалари, миллатсевар Ватан ўғиллари имконият борича ички ташқи, айниқса, хорижий мамлакатларни сайр саёҳат қилиб, улардан ҳар ёқлама ибрат олишлари, албатта, лозимдур. Бошқаларни кўриб уйғонмоқ, улардан улуғ олиб ҳимматлари қўзламоқ каби ишлар эса, инсоният оламида бўлиш имконияти бордур. Аммо совет тупроғида яшовчи эрксиз инсонлар бу каби улуғ неъматлардан маҳрум. Давлат жосусларидан бошқа ҳеч кимга чиқиш рухсат этилмайди.

Яна бу ўлканинг ирмоғи ҳисобланган Или дарёси эса, сув кўпайган кунларида Сирдарё чўнглиғича бўлиб, бошқа вақтларда ҳам ундан кемасиз ўтиш мумкун эмасдур. Бу сувнинг боши уч оролга бўлинган бўлиб, биринчиси Текас тоғлари, Ғулжанинг жануб томонида; иккинчиси Кунас, тўғри шарқда; учинчиси Қош, шарқ-шимолдадир. Шу уч орол тоғларидан тўкилган уч ирмоқ қўшилғач, Или дарёси ҳосил бўлади ва тўғри ғарбга қараб оққан ҳолда Болқаш кўлига қуйилади. Жаҳонгир Чингиз давридан бошланган давлат эгаларига Или ўлкаси, Олмалиғ шаҳри марказ пойтахт бўлгани учун, у ҳоқон авлодлари даврида бу жойда атрофдан келган ислом уламолари ҳам оз эмас эди.

Айниқса, Чиғатой баҳодир ўзи ислом динига кирмаган бўлса ҳам, уни яхши кўрганликдан бошқаларга тўсқинлик қилмаган, узоқ яқиндан келувчи уламоларга ҳурмат кўрсатилар эди. Шунинг учун «яхшилар сийланган ерда йиғилади» дегандай, атрофдан келган олимларга Олмалиғ шаҳри марказ ҳисобланмиш эди. Ғулжанинг ғарбий жанубида «Хўнуқой мозор» деган қишлоқ бўлиб, машҳур имом Саккокий қабри шу ерда деб онгламиш эдим. Бу кишининг вафоти 626чи ҳижрияда бўлганига кўра, Чиғатой баҳодир даврига тўғри келади. Яна болосоғунлик «Суроҳ» тарихий асар эгаси Жамол Қарший Олмалиғ хони саройида илмий хизмат кўрсатиб турганини ўз саёҳатнома китобида ёзмишдур.

Ялпи Или тупроғи эса, ҳар турлик деҳқончилик, чорвачилик ишларига тўлиғи билан эл беришликдур. Айниқса, буғдой экинида энг бўлиғи бирга юз йигирма келтирганини ўз кўзимиз билан кўрдик. Олмалиғ атрофлари эгизлиги Ҳимолай тоғларидан кейинги Тян-Шан, Хонтангри улуғ тоғлари билан ўралғанлиқдан, дунё бўйича кенгликда биринчи оталган Юлдуз, Қундуз, Кунас унинг узоқ яйловлари ҳисобланади. Шу каби Текас, Тўққизтара, Муҳуржирғалан, Кўкяйлов, Тўраяйлов деган кўрса кўз яйрайдиган ерлар эса, Олмалиғ атрофини ўраган яқин тоғ яйловларидир.

Тарихларда турк бешиги аталган Болосоғун, Иссиққўлнинг тоғларида Сўнгкўл, Манокелди, Махмал, Сусамир деган яйловлари бўлса ҳам, Олмалиғ яйловларига кўра торликдан бошқа яна сиёсий томонларига кўз солиб, Чингиз авлоди ҳукумат пойтахтларини Жунғория маркази Олмалиғда қурмиш эдилар. Бу ўлканинг жуғрофий томони эса, шарқдан Ғўбий чўли, ғарбдан Олтунэмар тоғлари, жанубдан Тян-Шан Муздовони, шимолдан Олтой тоғлари билан чекланади. Бунинг сиёсий томони: қорахитой Гурхондан бошқа, турк улусининг биринчи ҳоқони Ўғузхон давридан бошлаб ХУШ асрга келгунча, Туркистон ҳоқонлари шарқда Хитой, ғарбда Турон, Эрон, Бағдодгача; шимол ва жанубда Қозон, Булғор, Афғонистон, Ҳиндистон мамлакатларига ҳукмрон эдилар.

Ўрта асрлар ўтиб, Оврупода илм маданият кўтарила бошлангач, Куръон ҳукмича улардан улгу олиб ўрганишимиз лозим эди. Йўқ, унга қарши ҳар ёқлама илм маърифатдан ортда қолгач, бутун мамлакатимизга, жаннат мисол она Ватанимизга дини, тили бошқа босқинчилар келиб бўлди. Ёлғизоқ ватанимиз, ҳокимиятимиз эмас, қачонки халқ тақдири бутунлай коммунистлар қўлига ўтти эрса, эрк ихтиёрларидан бутунлай ажраган ҳолда ҳеч ким нафақат болачақа, балки ўз қора бошига ҳам эга бўлолмай қолди. Энди бундан бирдан бир қутулиш чораси эса, замонавий илм фанларини тўлиғи билан қўлга келтириб, қуролланган сўнггида вақти келар экан, Қуръон бошчилиги остидагина мусулмонлар онглиқ равишда қутулиш ҳаракатларини қилар эканлар, ана шундагина ўзларини бу балодан кутқаза оладилар. Бундай ишларда эса аввал Қуръон кўрсатган йўл бирлик, иттифоқликни яхши сақламоқдур. Иккинчиси душманга қарши турганда ўлимдан қўрқмасликдур. Ҳеч бир инсон дунёда абадий яшамайди.

(давоми бор)