O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳидоят талаб қилмоқ банданинг вазифасидур

Ҳидоят талаб қилмоқ банданинг вазифасидур
286 views
30 June 2017 - 9:00

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 176
(давоми)

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ МЎЖИЗАЛАРИ-4

Аҳли китоб олимлари Расулуллоҳни синамоқ учун Таврот ва Инжилда ёзилмиш бирмунча хабарлардан сўрашдилар. Мусо билан Ҳизр алайҳиссаломларнинг суҳбатларидан, Юсуф алайҳиссалом ва унинг акалари ҳақидаги воқеаларидан, Ашоби Каҳф, Зулқарнайн хабарларидан, инсон руҳининг ҳақиқати нима эканлигидан Расулуллоҳга савол бердилар.

Ваҳий орқали бу саволлар Расулуллоҳга маълум бўлди. Сўраган саволларига қаноатлантириб жавоб бердилар. Алар кўрдиларким, Расулуллоҳнинг берган жавоблари ўз китоблари Таврот ва Инжилга тўғри келиб, тасдиқ қилмоқдан ўзга чора тополмадилар.

Муҳаммад жавоби тўғридур, деб иқрор қилдилар. Баъзилари инсофга келиб, иймон келтирган бўлса ҳам куфр, ҳасад балчиғига ботган бир қанчалари бу улуғ неъматдан қуруқ қолишди.

Чунки ҳақиқий ҳидоят Аллоҳдан бўлса ҳам, ҳидоят талаб қилмоқ банданинг вазифасидур. Талаб қилмаган кишиларни ҳидоят қилмоққа қудрати етса ҳам уни ато қилмайдур. Банда ўз ихтиёрича келиб тавба эшигини қоқиб, Аллоҳдан ҳидоят сўрамоғи керакдур.

Банда сўрамагунча, ул эшикни очмоқ Аллоҳга одат эмасдур.

Энди Қуръонда хабар берилмиш ғайб ишларнинг ҳаммасини бу ўринда ёзмоқчи бўлсак, бир китоб бўлур. Юқорида ёзилган сўзларимиз эрса дарёдан бир томчидур.

Яна шуни билмак керакким, Қуръоннинг мўжизалигини ақл ишлатган, фикр юргизган кишилар бошқалардан яхшироқ билгайлар. Ислом динининг ҳақлигини билгудек, ҳақ йўлни ботил йўлдан ажратгудек ақлни Аллоҳ таоло барчага бермишдур. Шунчалик ақлнинг бўлиши бари инсонда баробардур. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб:

— «Қуръон сенинг фойдангга ҳужжатдир ёки зиёнингга ҳужжатдур. Яъни, Қуръонга иймон келтириб анинг йўлида ўлса, фойдаси учун ҳужжат бўлгай, йўқ эса, зиёни бўлиб чиққай.

Қуръон ер устига келгандан кейин унга иймон келтириб амал қилмаганларнинг Худо олдида узр айтгудек тиллари йўқдур.

Ўтган пайғамбарларга берилган мўжизалар улар дунёдан ўтгандан сўнгра умматлари қўлида қолгани йўқдур. Аммо менга берилган мўжизаларнинг энг улуғи Қуръондур. Буни умматларим қўлида қолдирдим. Унга амал қилган кишилар эрса қиёматгача ҳақ йўлдин адашмагайлар, — дедилар.

Қуръонда 114 сура бўлиб, бир ривоятда 6666та оят бордур. Бундан мингта оят амрдур, яъни Аллоҳ таолонинг буйруқларидурким, уларни қилмоққа мўмин бандаларни буюрмишдур. Яна минг оят наҳийдур, яъни, мўмин бандаларини қилманглар, деб қайтарган ишларидур.

«Амр» буюрмоқ, «наҳий» қайтармоқдур. Аллоҳнинг буюрган ишлари эрса барчаси яхшиликдур, анинг қайтарган ишлари бари зарарликдур. Демак, Аллоҳ таоло инсонларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармиш экандур. Яна минг ояти ваъдадур, яъни, Аллоҳ таоло Қуръонга амал қилган бандаларига дунёда охиратда яхшилик берурман, деб шу оятларда ваъда бермишдур.

Яна минг ояти ваъиддур, яъни, Қуръонга амал қилмаганларни дунёда ва охиратда азоб қилгайман, деб шу оятларда қўрқитмишдур.

Яна мингта оят илгариги умматларнинг, Пайғамбарларнинг тарихларидур. Яъни, қайси қавмга қайси пайғамбар келди? Иймон келтирган, келтирмаганларнинг ҳоллари қандоқ бўлди? Пайғамбарга қаршилик қилган қавмлар бошига худо тарафидан қандай балолар келди? Аларнинг қайсилари тўфон сувида ғарқ бўлиб, баъзилари ғазаб ели билан ҳалок бўлдилар. Ҳорунни мол-мулки билан қўшиб ер ютди. Мусо алайҳиссалом билан Фиръавнни, Иброҳим алайҳиссалом билан Намруд қиссаларини, булардан бошқа тарихий воқеъаларни шу оятларда баён қилди. Яна мингта оят билан ибрат олурлик ҳар турли мисоллар, ақл ўргатгудек ҳикматли сўзлар келтирди.

Беш юз оят ҳалол, ҳаром нарсаларни ажратмоқ учун келди. Ислом шариатидаги борлиқ ҳалол ҳаром нарсалар шу оятлар билан ажради. Юз оят эрта-кечда банданинг қандай дуо қилиши керак, Аллоҳга қандай зикр, тасбеҳ айтиши лозим шуларни билдиради.

Қолмиш олтмиш олти оят эрса, уларни мансух демишлардур. Бунинг маъноси эрса, буолтмиш олти оятларнинг ҳукми вақтлик юргизилмиш эди. Вақти етган ўринларига бошқаоятлар тушиб, илгариги оят ҳукми тўхталди, демакдур. Мана шундай бўлганни мансухояти деб айтилур. Бундоғ оятлардан баъзиларини Аллоҳ таоло бутунлай унутдирмиш эди.

Пайғамбаримиз бошлиқ барча саҳобалар ундай оятларни ҳеч вақт эсга олмайдилар. Баъзилари эса ҳукмлари кўтарилиб, Қуръонда тиловатлари қолмишдур. Масалан, Кофирун сураси шундоғдир.  Қолганлари эрса Қуръонда оятлари ўқилиб тиловат қилинур.

Аллоҳ таоло мансух оятларини баён қилиб Бақара сурасида бу оятни келтурди: «Ма нансах мин оятин ав нунсиҳо наъти бихайрин минҳо ав мислиҳо алам таълам анналлоҳа ала кулли шайъин қодир».

Маъноси: «Қуръон оятларидан ҳеч бирининг ҳукмини кўтармадик ёки унуттирмадик. Агар шундай қилган бўлсак андин яхшироқ, фойдалироқни ё унинг ўхшашини келтирдик», демакдир.

Қуръоннинг боши Фотиҳа сураси, оёғи Ан-Нос сураси бўлиб, унинг тузилиш тартиби Лавҳул маҳфузнинг тартибига тўғридур. Лавҳул маҳфуздаги Қуръон қудрат қалами билан шу тартибда ёзилмиш эди. Жаброил алайҳиссалом Қуръон оятларини Лавҳул маҳфузга тўғрилаб Пайғамбаримизга ўқиб бердилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга буюриб шу кундаги Қуръон тартибича қилиб ёздирдилар. Қуръоннинг бу тартиб ёзилиши унинг биринчи ёзилишидур.

(давоми бор)