O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

ҲОЖАИ ЖАҲОНГА ЭРГАШИБ…

ҲОЖАИ ЖАҲОНГА ЭРГАШИБ…
286 views
30 November 2012 - 8:43

I

Илоҳо, мен гуноҳдан тийилишга қодир бўлмасам, сен гуноҳларни авф этишга қодирсан-ку?!

Яҳё ибн Муоз

Илоҳо, улуғвор сенинг жалолинг,
жасур шаҳидларинг қони ҳурмати,
пайғамбарларингнинг азаматию,
пирларнинг нафаси-жони ҳурмати,

Сендан тилайдирман илму камолот,
ризқда – барокот, ўлмасдан – тавба,
ўлар чоғ – кечирим, дўзахдан – нажот
ва ул охиратда – офият, илло.

Асра алданишдан, нашъаланишдан,
нафсоний туйғулар ҳирсин жиловла,
шайтоний васваса эшигин беркит,
орифлар йўлига эргаштир, бошла.

Энди ҳар нафасим – тавбадир сўнгсиз,
энди сабр бергил, адоқсиз сабр,
аччиқ ҳаёт сўнги – ширин бир ўлим,
қотган вужудимга – юмшоқ бир қабр.

Энди тавба қилиб яшай тоқатда,
поклайин кўнглимни – гуноҳкоримни.
Ҳаммани кечиргин, эл қаторида –
кечир Ҳаким ўғли Абдулкаримни.

 

II

Аллоҳдан қўрқиб йиғлашим ва кўз ёшларимнинг юзимга оқиши танам оғирлигича тиллони садақа қилишимдан афзалроқдир. Қайси банда Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғласа-ю, кўз ёшидан бир томчи ерга тушса, токи томчи осмонга чиқиб кетмагунча унга дўзах ўти тегмайди. Ҳолбуки, ердаги томчи осмонга абадий кетмайди, қайта-қайта ёғаверади.

Каъбул-Аҳрор

Аллоҳ, мен ўзингга келдим охири,
тавбамни қабул эт, гуноҳим кечгин.
Сабру тоқат бергин, нафсни совут
ва ҳирсни жиловла, кўзимни очгин.

Тавбамни қабул эт, гуноҳим кечгин,
кўнглимда имонни абад макон қил,
ҳаёт оғир бўлди, осон бўлмади,
энди охиратни ўзинг осон қил…

 

III

Бу дунёдаги одамлар уйқудалар, ўлгач – ўйғонадилар, надомат чекадилар, аммо надоматлари уларга фойда бермайди. Ўлимни шу дунёда ўйланг. Надоматни шу дунёда чекинг. Тавбани шу дунёда қилинг. Дунё –Аллоҳни таниш учундир.

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий

Балким, ҳали ёшман,
гоҳо бебошман,
балким, юксакларни
кўзлар тилагим –
ва лекин қариди –
билдимки, тошмас –
чирпанди, чарчади
букун юрагим…

Биламан, бошланган
ҳар не тугайди –
япроқ хазон бўлар,
емрилар тоғ ҳам.
Сувлар оқиб кетар,
дарё қурийдир,
охир ўтин бўлар
яшнаган боғ ҳам.

Аллоҳ, мен ўзингга
келдим оқибат –
равон эт тилимни,
очгил дилимни:
аччиқ ҳаёт учун
айтурман раҳмат
ва қақшаб кутарман
ширин ўлимни…

 

IV

Олам – бир дарёдир, унинг қирғоғи – охиратдир. Бу дарёдан омон олиб ўтувчи кемаси – тақводир. Одамзоднинг ҳаммаси мусофирдир.

Абу Исҳоқ Зуҳурҳурий

Кечир, Аллоҳ, кечиргин, кечир…
Шу ерларда юрганим учун,
ўтирганим, турганим учун –
кечир, Аллоҳ, кечиргин, кечир.

Гар Каъбага томон бўлмаса,
гуноҳ – босган ҳар қадамимиз.
Юракларда иймон бўлмаса,
гуноҳ – олган ҳар нафасимиз.

Кечир, сени зикр айламаган
сўзлар, чучмал лаҳжалар учун.
Кечир, Аллоҳ, ёдингсиз кечган
ҳар сония, лаҳзалар учун.

Кечир, Аллоҳ, раҳмат айтмасдан
ичилган сув, дарёлар увол.
Кечир, шукур қилмасдан ютган
ютум-ютум ҳаволар увол.

Етар, энди ёдинг-ла яшай,
дунё ишқин қалбдан ўчиргин.
Кечир ҳамма бандаларингни,
шу қаторда мени кечиргин.

Ҳар қадамим бўлибди гуноҳ,
энди ҳар сўз – арзу кечирим.
Сен буюксан меҳрибонликда,
кечир, Аллоҳ, кечир, кечиргин…

 

V

Қабрда ётганлар аллақачон пушаймон қилаётган ишлар устида тириклар бир-бирлари билан қирпичоқ бўлмоқдалар.

Абу Ҳомид ал-Ғаззолий

Ёзиб турган эдим, Аллоҳ баҳикмат,
ногоҳон гувиллаб эсди бир шамол –
дарахтлар чайқалиб силкинди бехос,
кетма-кет узилди япроқлар беҳол.

Тинмай айланарди барги хазонлар,
ул хазон рақсида боғ турар ларзон.
Очиқ деразадан дафтарга тушди
бир сарғайган япроқ, барги заъфарон.

Аллоҳнинг бир барги бежиз узилмас,
бежиз тушмагандир хонамга хазон –
умр ўткинчидир,
тугаб бормоқда –
қани, ҳаракат қил, шоири замон…

 

VI

Дунё биздан айрилмоқчи эканини хабар бермоқда ва биздан юзини буриб тезлик билан узоқлашмоқда. Бизга бу дунёмиздан бир коса сув ичилгач идишнинг тагида қоладиган бор-йўғи бир томчи каби қолган, холос.

Утба ибн Ризвон

Келар яна Моҳи Рамазон,
саҳар уйғон,
аҳли мусулмон.
Барг – бандидан чирт узилган жон –
кезар ларзон
ерларда хазон.

Чирт узилган баргдай омонат,
бўғзимда килкиллаб ҳалиққан бу жон.
Саҳар уйғон,
аҳли мусулмон –
келар яна Моҳи Рамазон…

 

VII

Кўрдим, умр ва дунёдан кўра – тез ўтиб кетадиган, ўлим ва охиратдан кўра – яқинроқ, орзу-ҳавасдан кўра – бепоёнроқ, хотиржамликдан кўра гўзалроқ нарса йўқ, биродарлар.

Нажмиддин Кубро

Шукур, Аллоҳ, оламни яратдинг,
унда отам, онамни яратдинг,
ва улардан мани яратдинг –
шукур, Аллоҳ, абадий шукур.

Шукур, олган нафасим учун,
муҳаббатим, ҳавасим учун,
изтиробим ва охиратни ўйлаб
ёшдай қалқиб турган юрагим учун –
шукур…

Борига – шукур
ва йўғида берган
сабринг учун шукур,
шукур, Аллоҳ.

 

Карим Баҳриев

karimbahriev.com