Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига якшанба куни ўтган сайлов натижалари эълон қилинган.
Пойтахт сайлов комиссияси раиси Ҳамид Каримовнинг Тошкенда ўтган брифингда маълум қилишича, 330 сайлов участкасининг 279 тасида ғолиблар аниқланган, 51 та сайлов участкасида эса қайта овоз бериш ўтказилади.
Сайлов комиссиясига кўра, сайловда 1,267 миллион киши ёки пойтахт сайловчиларининг 81,2 фоизи қатнашган.
Кун.уз нашри Учтепа туманидаги овоз бериш жараёнида сайлов қонунчилигининг “очиқчасига бузилиш” ҳоллари ҳақида ёзган.
Жумладан, бир киши бир неча сайловчи учун овоз берган, сайловдан бир кун олдин ҳам сайлов тарғиботлари давом этган ва маҳалла фуқаролар йиғини вакили кимга овоз бериш кераклигини “тавсия қилган” .
Кун.уз сайловчиларнинг фаоллиги ҳақида расмийлар берган рақамларни савол остига олган.
Овоз бериш жараёнларида сайлов қонунчилигининг бузилиш ҳоллари кенг тарқалганини Би-би-си суҳбатлашган айрим пойтахтлик сайловчилар ҳам тасдиқлашди.
Олмазор туманидаги истиқомат қиладиган фаол Абдураззоқ Содиқовнинг айтишича, номзодлар сайловдан олдин аҳоли билан учрашмаган, баъзи маҳаллаларда сайлов тарғибот плакатлари ҳам йўқ.
Аммо сайловдан бир кун олдин маҳалла фуқаролар йиғини раислари одамларга телефон қилиб, пўписа қилишган.
“Сайловга бормасанг, маҳалладан справка ололмайсан” дейишди ва баъзилар қўрққанидан овоз берди. Аммо масалан, бизнинг маҳалладан борганлар жуда камчилик эди”,- дейди Абдураззоқ Содиқов.
Унинг ўзи Олмазор туманидаги учта сайлов участкасидаги овоз бериш жараёнларини кузатгани, уларда оммавий қонун бузилишларига гувоҳ бўлганини таъкидлайди.
Фаолга кўра, сайловлар Президент Мирзиёев кутган натижани бермайди.
“Чунки туман ҳокимларининг позицияси мустакҳкамлигича турибди. Президент айтганларинин тескарисини қўрқмасдан қиляпти. Сайлов комиссиясини ҳам ўзлари тузган, ўзлари сайланяпти. Ижро маҳкамасининг раҳбари қонун чиқарув органида депутат бўлиши демократияга зид, деб айтганди Президент. Аммо шундан кейин ҳам ҳокимлар билганини қилди”, – дейди тошкентлик фаол.
Сайловда ишончли вакил сифатида қатнашган фаоллардан бирининг Би-би-сига айтишича, у овоз бериш жараёнларидан “кимнинг сайланиши аввалдан маълум бўлган” деган хулосага келган.
“Ғолиб номзод билан қолганлар ўртасидаги фарқ ер билан осмонча. Аксарият жойларда ғолиб қолган номзодлардан ҳаммасининг биргаликдаги овозидан кўпроқ овоз олган”, – дейди у.
Унинг фикрича, ҳақиқий рақобат бор жойда натижа бошқачароқ бўлади.
Би-би-си сайловларда қонун бузилиши билан боғлиқ хабарлар юзасидан Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилди. Аммо комиссия мулозими туман кенгашларига сайловлар учун пойтахт сайлов комиссияси масъуллигини айтиб, изоҳ беришдан бош тортди.
Якшанба кунги сайловлар Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён маҳаллий кенгашларга илк сайловлар бўлган.
ЎХҲ хабарлар бўлими