Бу жумла бир вақтлар қанчадан қанча шоирлару ва ҳаттоки шоир бўлмаганларни илҳомлантирганди. Яна кимлардир шу жумлаларни келтириб, ўзича уни илмий “асослаб” фан номзодлари бўлмади? Халқимизнинг лаганбардор қатлами учун салкам доҳий бўлган президентимизнинг ҳали оғзидан чиқиб улгурмаган сўзлари ҳам илоҳийлаштирилди ва Ислом Карим ҳазратларига суяк ташлаб кимлардир ўзича обрў топди. Лекин буни қарангки, халқимиз ўз ҳикматларида айтиб ўтганидек, ҳолва дегани билан оғиз чучимаскан. Буюк келажак куюк келажакга айланди.
Мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи ва сўнги президенти бўлган Ислом Каримов таъкидлаган буюк келажак йигирма йилда ҳам келмади ва бундан кейин ҳам келмайди. Ҳар мамлакат борки, унинг буюк келажагини ҳукмдори эмас, балки халқи, ёш авлодлари бунёд этади. Албатта буни тўғри англаш учун фан номзоди бўлиш, ёки етук бир иқтисодчи, ёинки сиёсатчи бўлиш шарт эмас. Урвоқдекгина ақли бор одам ҳам тўғри англай оладики, халқини хонавайрон қилган ҳукмдор уни буюк келажакга олиб чиқа олмайди! Ёзнинг жазирамасию, кузнинг салқинида ҳам кунини ғўза пайкаллари орасида ўтказадиган ёшлардан келажакда ким ҳам чиқарди дейсиз. Нари борса Россияга мардикор бўлади! Бу халқ фарзандлари шу кунларда бундан ортиғига ярамайди ҳам.
Одатда ҳукмдорларнинг шиорлари қуйидагича: “Давлат – бу мен”! Давлат ҳам, қонун ҳам менинг ўзим деганларнинг анчаси араб ўлкаларида онасини кўрди ва яна кўришда давом этишаяпти. Аммо Ўзбекистонда бундай ҳаракатлар кузатилинмайди. Сабаби оддий. Тағин ўша ўзимизнинг “узоқни кўзлаб оқил ва доно сиёсат олиб борадиган” ҳукмдоримизнинг сўзлари билан айтадиган бўлсак, биздаги эл қўй оғзидан чўп олмайдиган. Уни ҳар қанча хўрлаган билан, барча хўрликларга ўзида бардош топа олади ва тағин ҳукуматни алқаб ҳам қўяди. Масалан, ҳукмдор кетига тепиб юборса, “кечирасиз, кетим оёғингизга тегиб кетди” деб узр айтиши ҳам мумкин.
Ўзбекистон мустақил бир давлатга айланибдики, йиллар давомида ҳукмдорнинг олиб борган ўша “оқил ва доно” сиёсати боис, ватан хароб бўлиб бормоқда. Республика дунёдаги энг коррупциялашган мамлакатлардан бирига айланди. Ҳозирда Ўзбекистон аҳолиси иш тополмайди, иш топганида маош ололмайди. Маош олганида эса ишлаб топган пулига хемири ҳам келмайди ва у мажбур бўлади тарки ватан қилишга. Четда ишлаб уйда қолган оиласини боқади.
Лекин мамлакатда ҳамма нарса ёмон деган билан уни яхшиланиб бораяптику дегувчилар ҳам учрайди албатта. Бир вақтлар оқ пошшо яхши бўлиб, унинг амалдорлари ёмон эди. Кейинчалик Сталин яхшию, унинг қўли остидагилар ёмон бўлди. Энди эса Ислом Карим юртбоши яхшию, унинг вазирлари ва жойлардаги ҳокимлари ёмон! Шундай эмасми?
Шундай бўлса керак-ки, Президентимиз тез-тез жойлардаги ҳокимларни алмаштириб туради. Бу билан бирор яхши томонга силжиш бўлмаслиги аниқ бўлса ҳам, ҳар қалай халқда эртанги кунга умид уйғониши мумкин. Қолаверса ҳукмдор ўзини адолатпеша қилиб кўрсатиш учун ҳам зарур бўлган чорадир бу.
Яқин – яқинларда ҳам ўзини юртбошининг одами деб билган Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманининг ҳокими (эндиликда собиқ) Ўктам Хидиров оламдан ўтибди.У шу йилнинг 2 июнь кунида аввал пенсияга чиқарилиб, кейин ҳибсга олинганди. Шаҳрисабздан келаётган маълумотларга кўра, орадан бор йўғи бир ҳафта ўтиб у ўлган. Балки қийноқлар остида жон бергандир, мумкин ўзини ўзи ўлдиргандир. Яна ким билади дейсиз, кимдир томонидан ўлдирилгандир.
Ўзбекистондай ёпиқ мамлакатда ҳукумат нима истаса шуни қилади ва бунда биров жавобгар ҳам бўлмайди. Ўктам Хидиров 2003-2005 йилларда вилоятнинг Китоб тумани ҳокими бўлган 2005 йилда шахсан юртбошининг тавсияси билан Шаҳрисабз тумани ҳокими этиб тайинланганди. Уни Қашқадарё вилоят прокуратураси катта миқдорда пора олганликда айблаётган эди.
Бухоро шаҳрида эса бор йўғи бир йилу уч ой ҳокимлик қилиб давру даврон ҳам сура олмай қолган яна бир ҳоким Ҳаит Камолов ҳам қамоққа олинибди. Бунисида ҳам ўша айб: коррупция ва иқтисодий жиноят! Коррупциялашган мамлакатда бировни порахўрликда айблаш ақлга ҳам сиғмайдиган ҳолат бўлсада, нега ҳокимлар ва вазирлар қамоққа ташланаяпди? Балки уларнинг топган ўша ҳаром бойлигини ўзлаштириш мақсади ётгандир бунда? Йўқ албатта! Ҳукумат ўзини ўзи ейишга ўтди ва ҳокимлар жавобгарликга тортилаётган бўлсада, ҳали ҳам ҳоким бўлиш орзуси билан яшаётганлар кам эмасдек.
Шундай бир Афанди латифаси бор. Афанди мамлакат подшосинигнг ҳузурида ўтирган экан. Подшо бир шаҳарнинг ҳокимини ҳисоб дафтари билан келишини буюрган ва иттифоқо, шу куни келиб қолибди. Ҳисобларда чалкашликлар борлигини кўрган подшо ҳокимга ҳисоб дафтарини ейишга буюрибди. Ноилож қолган ҳоким дафтарни ебти ва подшоҳ уни қувиб солиб, ўрнига Афандини ҳоким қилиб тайинлаб юборибди. Орадан бир ой ўтиб подшоҳ Афандини ҳам ҳисоб дафтари билан чақиртирган экан. Қарсаки, Афанди юпқа патирдан варақлар тайёрлаб унга шаҳар ҳисоб-китобини ёзиб келганмиш.
“Бутун бошлик шаҳарда сенга қоғоз топилмай қолдими”? – қичқирибди подшоҳ.
“Мени маъзур тутинг шоҳим, меъдамнинг мазаси йўқ эди. Илгариги ҳокимга ўхшаб қоғозни ҳазм қила олмайман”, – деб жавоб берибди Афанди. Бу бир латифа холос.
Лекин негадир Ўзбекистонда ҳар бир ҳокимнинг қисмати қай ҳолда тугаётганини ҳар бир одам кўриб турган бўлсада, тағин эл бошига ҳоким бўлиш иштиёқида яшаётганлар оз эмаслиги ажабланарлик.
15 июнь кунида “юртбошимиз” Сурхондарë вилоятига сафар қилиганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Сурхондарёда бўлган Ислам Каримов 15 июнь куни тушдан кейин Сурхондарё вилояти Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этиб вақтинчалик ҳоким вазифасини ўтаб келган Нормўмин Чориевни вилоятга ҳоким этиб тайинлаган.
Подшонинг келиши олдидан вилоят маркази Термиз шаҳрини туманлар билан боғлайдиган барча йўллар беркитилган. Юрган йўлида одамларга маслаҳатлар беришни хуш кўрадиган юртбоши уй жойлар қурилишларини, ғаллазорларни кўздан кечирганлиги айтилмоқда президентнинг Сурхон сафари ҳақидаги маълумотларда. У бирида Қарши шаҳрида ҳам бўлганида Қашқадарё вилоят туғуруқхонасига ташриф буюриб, ҳаттоки дояларга ҳам маслаҳат бериб кетганди. Юртбошининг “доно” маслаҳатлар бериш жараёни эса Ўзбекистон телеканлларида ҳам намойиш этилганди.
Юқорида эслатиб ўтганимиздек, ҳукумат ич ичидан ўзини ўзи ейишга ўтди. Бу сингари емирилишлар кўплаб мамлакатлар таърихида учрайди. Буни файласуфлар “Веспоянлик даври” деб аташади. Ҳар қандай парокандаликка маҳкум мамлакатда емирилиш шу зайлда ўтади. Аввалига халқ таланади. Бу давр Веспосянлик даврининг биринчи босқичи саналади. Иккинчисида эса ишбилармонлар ва интелегенциянинг шўри қурийди. Учинчисида ҳукумат ўз ўзини ичидан емира бошлайди ва шу билан “оқил ва доно” ҳукмдорнинг ҳукмронлиги тугайди. Унинг ўзи ҳам, номи ҳам тарих ахлатхонасига улоқтирилади.
Мақоламиз бошида ҳукмдоримизни мустақил Ўзбекистоннинг биринчи ва сўнги президенти деб атагандик. У кишининг “оқил ва доно” сиёсатлари мустақил мамлакатни бутунлай йўқ қилиб юборишига шубҳа йўқ ва шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, ўзбекларимиз бошқа президентни орзу қилмасалар ҳам бўлади.
Сўнги йилларда Ислом Каримовнинг ҳокимларни ва вазирларни авахта ташлаётгани эса унинг адолат томон бош бургани белгиси эмас, балки режимнинг умрини имкон қадар чўзиб қолиш учун қилаётган ҳаракатидан бошқа бирор нарса эмаслигини бугунги ўзбеклар тушуниб етишлари даркор. Балки шунда ҳоким деган мансабнинг ишқибозлари ҳам кескин камайиб кетармиди. Диктаторлик режими остидаги ҳар бир ҳокимнинг қисмати шундай тугайди.
Тўлқин Қораев
Швеция