Кўлимизга маҳаллий матбуот газетаси бўлмиш «Наманган Ҳақиқати»нинг 16 март 2013 йил сони келиб тушди. Унда айтарлик, диққатга сазовор бўладиган, ҳалқимиз учун фойда келтирадиган, жамиятимиз муаммоларини ечадиган, демократиянинг асоси бўлган плюрализм, яъни фикрлар хилма хиллигини ифодаловчи бирор мақола топа олмадик. Диққатимизни тортган мақола шу бўлдики, унда ҳалқимизни хозирги “фаровон” ҳаётини чиройли сўзлар билан ифодалаб шукуроналар айтишга, Ўзбекистонимизда тинч ва осуда ҳаёт кечаётганига урғу берилиб, бу мақолага “Байрам бардавом бўлсин!” дея сарлавҳа берилган ва ҳозирги иқтидордаги хукумат нуқтаи назарини акс эттирибди. Аксинча бўлиши ҳам ва албатта объектив бўлиши ҳам мумкин эмас ахир.
Илҳомжон Жуманазаров ёзган бу мақола жумлаларига Ўзбекистонда кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмайдиган эркин фикрлар билан изоҳ бериб кўрайликчи…
Мақола шундай бошланади: “Кечагина янги йил, Ватан ҳимоячилари куни, оналаримиз, опаю сингилларимиз байраминмнг шукуҳи бир-бирига уланиб, хурсандчилик билан нишонланди. Яна бир неча кундан кейин баҳор ва бахт байрами – Наврўзи оламни катта тантана қиламиз. Ушбу қутлуғ санага ҳар биримиз, оила аъзоларимиз, иш жойимиздан тортиб маҳалла-кўй, бутун Ўзбекистон тайёргарлик кўрмоқда. Жойларда ҳашар баҳона қиш бўйи йиғилиб қолган
ахлатлар чиқариб ташланмоқда, гулхоналар тартибга келтирилиб, мевали ва манзарали дарахт ҳамда гул кўчатлари ўтқазилмоқда. Аввал ўтқазилганларига шакл берилмоқда”.
Бечора халқимиз янги йил байрамини ҳам, бошқасини ҳам қийинчилик ва қимматчилик бўлгани учун кўнгилдагидай, байрамдай нишонлагани йўқ-ку? “Ватан химоячилари” нимани англатишини ҳалқимиз аллақачон унутиб бўлган, ҳақ сўз билан айтадиган бўлсак улар президент ҳимоячилари бўлса керак? Чунки қуролли кучлар ҳам, ички ишлар хизмати ҳам фақат ўз президентини, маҳаллий ҳокимият вакилларини ҳимоя қиладилар холос. Ким пул тўласа қўшиқни ҳам ўша буюради. Ватан химоячиларини таъминлаётганлар ҳалқимиз бўлса ҳам, булар худди президентдан маош олаёгандек ҳис қилишади ўзларини.
Давлатимизнинг талон тарожи ва ҳалқимиз тўлаётган солиқлар эвазига маош олиб кун кўраётганлар ўз ҳалқини талаётганларга хизмат қилаётганлар байрамини ҳалқимиз қўшилиб нишонлай олармикин? Наврўзи олам катта тантана бўлиб, оддий ҳалққа сайллар уюштирилиб, бир егулик тарқатилмаса бу қанақа байрам бўлди? Ростдан ҳам Наврўзга тайёргарлик зўр кечмоқда. Мажбуран ишхоналарда, ўқув даргохларида, муассасаларда шанбаликлар ўтказилиб, ишчи ҳизматчилар ўз ҳисобларидан гуллар, кўчатлар экишмоқда, ўша кунги иш ҳаққи “Маҳалла” давлат ташкилоти фондига ўтказилиши белгилаб қўйилибди. Гарчи “ихтиёрий равишда” дейилган бўлса-да.
“Биз бежизга кечагина деган сўзга алоҳида урғу бермаяпмиз”, – дея мақоласини давом эттиради “Наманган ҳақиқати” журналисти. – “Зеро, кунлар кетидан ҳафталар, ойлар ортидан қувиб йиллар шу даражада тез ўтиб кетяптики, ҳақиқатан ҳам кечагинадай туюлади, бизга. Бунинг ортида ҳам бир хислат бордай: ахир юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, дастурхонимиз тўкин, фарзандларимиз бугуни ва эртасидан кўнглимиз хотиржам бўлгач, шукроналик келтириб яшаяпмизда”.
Муаллифга қарата айтар сўзимиз бор. Буни эшитармикан, ёки ўқирмикан? Ким билсин, аммо ичимизда қолиб кетмасин: Манқурт бўлганингиздан кейин сариқ чақа олиб эртангизга, хаёлингизда ишониб, дарстурхонингиз тўкинлигини орзу қилаяпсиз шекилли, фарзандларингиз келажагига ҳам ишончингиз ўзи йўқ, ҳаёлингизда Россияга кетиб юборишга ҳам рози бўлсангиз керак. Чунки сизга тўланаётган маош кўнглингиздагидай эмас. Ёлғонларни камроқ гапиришга ҳаракат қилишни маслаҳат берардим сизга. Юртимиз эса доим тинч бўлган, ҳалқни душмани йўқ, лекин сиз ишонган президентингиз юрғизаётган сиёсатнинг мухолифлари бор, улар эса “ҳалқ душмани” эмас ва шунингдек тинчликни бузадиган одамлар ҳам эмас. Улар давлатимизни эркин ривожланиши тарафдори бўлган одамлардир.
Мақолани ўқишда давом этамиз: “Ўтган йил охирларида қўшни республикадан вилоятимизга хизмат юзасидан ташриф буюрган киши билан суҳбат қуриб қолгандик. Ўша одамнинг ҳайратланиб айтган қуйидаги сўзлари ҳали-ҳамон ёдимда: “Ўзбеклар тўй қилишга, эл-юрт олдига дастурхон ёзишга одатланишгани ҳақида кўп эшитгандим ва буни ўз кўзим билан кўриб, яна бир карра амин бўлдим. Юртингиздаги тинчлик-осойишталикдан, ўзбекистонликларнинг меҳнат, яшаш завқи ва суруридан бахтиёр ҳаёт кечираётганликларига бениҳоя ҳавас қилдим. Одамларингиз саҳардан тўй-у тантаналарга ошиқишади, кўчаларингизда эрта-ю кеч машиналар оқими тўхтамайди. Халқ ҳеч нимадан қўрқмай, чўчимай ишга, ўқишга боради, уйлар, тўйлар қилмоқда, эртасидан, келажагидан ташвиши йўқ. Аллоҳ назари тушган мана шундай улуғ Ватанингиз борлигидан ҳар қанча ғурурлансангиз, фахрлансангиз арзийди. «Бизда бўлса…». Меҳмон шундай деди-ю, жим бўлиб қолди.
Дарҳақиат тўйлар бўлаяпти. Бу тўйлар Россияда, Кореяда гастербайтерларнинг ишлаб топган пулларидан эканлигидан хабарингиз бор бўлса керак, агарда Ўзбекистонга Марс сайёрасидан тушган бўлмасангиз. Кореяда ишлайдиган гастербой ўша ерни фуқаросига Ўзбекистонда қурган уйлари ҳақида, ўз уйида яшаяётган шароити хақида, ўзи суратга олган фильмни кўрсатиб мақтанибди. Кореялик ҳам хайрон бўлиб “сени шунақа уйларинг бор экан, бу ерда нима қилиб азият чекиб юрибсан?” – дея хайрон бўлибди. Гастербойнинг бўйи етган уч қизи бор экан. Ўзбекистонга келиб тўй қилибди ва ўша кореяликни тўйга меҳмонга чақирибди. Базми жамшид роса бўпти. Кореялик тўй охирида “еган овқатларимни пулини кимга тўлайман?” дея тўй эгасига савол билан мурожаат қилибди. Гастербойдан “булар ҳаммаси бекорга” деган жавобни олгач янада хайрон бўлиб “сан у ерда қийналиб, емай ичмай топган пулингни бу ерда тўй қилиб одамларга текин овқат беришга сафларкансанда” дея таажжубланибди. Мана сизга тўю тантаналарнинг асл ҳақиқати. “Бу ҳам бўлса юртимиз тинчлигидан” дейишингиз мумкиндир, лекин ким юртимизга тажовуз қилаяпти? Юртимизни тинчлигини сақлаяпман дея ўз ҳокимиятини мустахкамлаётган Ислом Каримовнинг сиёсатини айтмаяпсизми?
Мақолани ўқишда давом этайликчи: “Орадан ярим йилдан ошиқроқ вақт ўтди ва бу даврда. дунё миқёсида қанчадан-қанча воқеалар юз берди, юз бермоқда. Жафокаш афғон заминида ҳамон давом этиб келаётган биродаркушлик урушини эсланг. Яқин Шарқ, кўпгина араб мамлакатларидаги ўзаро ихтилофларни ойнаи жаҳонда томоша қилинг. Шуларни ўйланг-у, ўйга ботинг. Минг шукур, юртимиз тинч, ҳали тонг отмай тўй ва бошқа маросимларга отланяпмиз, акамиз, укамиз, сингилжону фарзандларимизнинг тўйларига атаб совғапар оляпмиз, уйлар қурмоқдамиз. Ҳар тонг, ҳали қуёш ётоғидан чиқмаган маҳалда келинчаклару сулув қизлар кўчаларни супуришяпти, сувлар сепишмоқда. Қайсидир яқинимизнинг ўғлини ҳарбий хиз матга кузатганимиздан, у ҳам эр йигит бўлиб Ватан ҳимоясига отланганидан бошимиз осмонда. Фарзандимиз атак- чечак юриб қолганидан бениҳоят шодмиз, бу йил мактабни тамомлайдиган қизимиз қайси коллежда илм олиши ҳақида бош қотиряпмиз… Ва, минг шукурки, бундайин ширин ташвишлар барчамизнинг бошимизда бор. Зеро, юртимизда, серқуёш диёримизда истиқлол йилларида юз берган ўзгаришларни таърифу тавсифлашга тил ожиз. Йил сайин турмуши фаровонлашиб бораётган халқимизни, жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган таълим масканларида билим олаётган ёшларимизни бугун осонликча ҳайратда қолдириб бўлмаслиги ҳам бор гап.
Бай-баййй! Шунча ўзгариш булиб кетибди-ю, биз билмай қолибмиз. Сиз айтаётган Афғонистон билан бизни солиштирманг ахир. Афғонистон масаласига келгусида алоҳида тўхталамиз. Араб мамлакатларидаги исёнларни оладиган бўлсак, у ерда халқлар Ўзбекистонган ўхшаш диктаторликдан қутилиб, ўз эркини ўзи яратишга интилаяпдилар. У ерларда ҳам бизни мамлакатимиздай диктаторлар узоқ йиллар ҳукмронлик қилганидан сўнг халқлар бирлашиб ўз вакилларини ҳукумат тепасига олиб келишга уринмоқдалар. Бизга ўхшаб манқуртлардай “хўп бўлади, ўлдириб юборсангиз ҳам сиз подшох экансиз”демасдан.
Бундан ташқари сиз изоҳлаётган фаровонликка ҳеч ким қарши эмас, бу фаровонлик аввалдан бўлиб келган ва бундан кейин ҳам бўлади, фақат ҳалқимизни аввалгидай ҳаммасида эмас, балки чекланган қисмида. Ким бўлиши мумкин ўша чекланган қисми?
Албатта биринчи навбатда ҳукумат тепасида ўтирган амалдорлар, уларга яқиндан ҳамкорлик қилаётган савдогарлар, ички ишлар, маҳсус хизматлардагилар ва юқорида зикр қилганимиздай Гастербойлар. Гастербойларнинг ўшандаям ҳаммасида эмас балки ишини топиб олган, яхши жойлашиб олганлари холос.
Фарзандларимизни коллежга жойлаш “ширин” ташвиш туюлибди бу “Наманган
ҳақиқати” мухбирига, лекин шу ерда бу киши яна бир бор янглишаяпти. Фарзандларни ўқишга, хусусан коллежларга жойлаш осон бўлгани билан у ерларда болалар қандай билим ва қандай тарбия олаётганидан мухбирнинг хабари бўлмаса керак-да.
Коллеж талабалари одатда ўқимайди, ўқитувчилар эса ўқувчилар билан деярли ишламай қўйган. Чунки ўқитувчилар ўқув юрти юқори бошқармаларидан келаётган кераксиз, ҳеч кимга фойдаси йўқ қоғозларни тўлдириш, ҳар ҳил педагогик юкламалар ва шунга ўхшаш бекорчи ҳужжатларни тўлдириш каби ишлар билан овора бўлиб қолишаяпти, ўқувчиларга дарс ўтиш иккинчи масала бўлиб қолган. Қоғозбозликка кўп этибор берилиши натижасида болалар дарсларга келмасдан тижорат билан машғул, айримлари эса Россияга пул топишга кетмоқда.
Хўп, мана олайлик коллежда ўқишни тугатган ўқувчи дипломини ҳам олди, лекин у қаерда ишлайди? Даланинг ўртасида коллеж қуришдан олдин иш ўринлари, завод фабрикалар қурилганда эди, кейин шунга қараб ишчи кадрлар ҳакида бош қотириб замонавий коллежлар қурилса арзирди. Коллежни битиргани билан ўқувчилар ўз соҳаси бўйича ишлай олмайди, иш йуқ, иш бўлганида эса ойлик маош оз.
Коллежга ўкувчилар боришни хоҳламай қолган, чунки дарслар бўлиб булмайди. Бу ўқув даргохларига гоҳида текширгани комиссиялар келиб туради. Комиссия келадиган бўлса ўқитувчилар уйма-уй юриб ўқувчиларни дарсхоналарга илтимос билан олиб келадиган ҳоллари кўп учрайди, ёки болаларни телефон орқали чақиртиришади. Бу қанақа ўқиш бўлди энди?
“Келажагамиз ёшлар қўлида” деб Ўзбекистон телевидениесида, ОАВларида бонг урилади! Йигитлармиз Россияга ишлаш учун кетётган бўлса, қизларимиз оиламга ҳарна ёрдам бўлсин дея Кореяга, ёши катта корейсларга турмушга чиқаётган бўлса қандай қилиб эртанги кун ҳақида, вилоятнинг марказий газетаси муҳбири таъкидлагандай, хотиржам гапириш мумкин?
Азизлар, албатта сизларни зериктириб қўймаган бўлсам, ҳақиқатни тараннум этиши керак бўлган газетани ёзувларини кўздан кечиришда келгуси чиқишларимизда ҳам давом этамиз.
Лекин, барибир шундай бўлса-да, бугунги дунё глобаллашуви даврида огоҳлик масаласида доимо ҳушёр туришимиз шартлигини зинҳор унутмаслигимиз лозим. Нимадан огоҳ бўлишимиз керак? Дунёнинг глобаллашаётганиданми? Ёки ҳукумат ёлғондан яратаётган террорчилар ва улардан кутилаётган хуружлариданми?
Зеро, Ватан мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш, халқимиз, айниқса ёш авлод қалби ва онгига она-юртга муҳаббат, истиқлолга садоқат туйғуларини чуқур сингдириш масаласи бугунги кунда тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Сиз айтаётган она-юртга муҳаббатни, истиқлолга садоқат туйғуларини мажбуран инсонга сингдириб бўлмайди, аксинча Ватанни севиш кераклигини такидлайверганингиз тескари натижа беради. Урф одатларимиз эса ўзгариб кетаётганидан хабарингиз йўқ шекилли. Мана, масалан иш йўқлигидан, аҳволи оғирлигидан тўй қилолмаётган фуқароларимизга Гугуша тўй қилиб беришни одат қилди. Уям бировларнинг чўнтагидан ўмариб. Мана сизга урф одатларимизни асраш ва авайлаш!
Журналистман деб ҳар ҳил ёлғонларни ёзаверманг, ҳолва деган билан оғиз чўчимайди!
Илхом Мамедов
Наманган шаҳри