O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳолинг не фермер? (Иккинчи мақола)

Ҳолинг не фермер? (Иккинчи мақола)
124 views
22 January 2018 - 9:00

Ҳолинг не фермер?
(Иккинчи мақола)

Бу воқеага ўн йил бўляпти. Ўшанда мен Қонунчилик палатаси депутати бўлиб ишлардим. Хизмат сафари билан Сирдарё вилояти Ҳокимлигига бордик. Ўша пайтда вилоят Ҳокими Абдураҳмонов Абдураҳим ёки Абдураҳимов Абдураҳмон деган киши вилоят ҳокими эдилар. Фамилиянинг ўзиданоқ бу кишининг ота-боболари иймонли кишилар эканлигини билдириб турарди. Айтишларича, у киши аввал Республика Қишлоқ ва Сув хўжалиги Вазири ёки Вазир ўринбосари бўлиб ишлаган ва қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича Республикада йирик мутахассис эдилар. Жуда хушмуомала, одамохун, қишлоқ ва сув хўжалиги тизими учун жуда куюнчак киши сифатида хотирамда қолган. Менимча, у киши Ҳокимликдан нафақага чиққан саноқли кишилардан бири бўлдиям.

Биз депутатлар хизмат сафаримиз тафсилотларини у кишига сўзлаб, режа ва мақсадимизни у кишига англатгач, ўзаро самимий гурунгга ўтиб кетганимизни билмай қолдик.

Эсимда у киши болалар уйлари ҳақида гапиратуриб, «Революциядан олдин болалар уйи бўлмаганлигини, чунки ҳеч ким сағир қариндошини кўчага ташлаб қўймаганлиги, Россияда ҳам бу анъана жуда кам бўлганлигини. Руслардаги Волков, Зайцев, Медведев, Петухов, Кошкин ва шунга ўхшаш фамилиялар ўша фамилия эгаларининг болалар уйи тарбияланувчиси эканлигини билдиришини» айтиб бергандилар. Ҳоким дилкаш суҳбат қуриб турганда, битта нохосдан берган савол билан у кишининг кайфиятини тушириб қўйдим.
Айтилган гап – отилган ўқ! Ҳокимнинг тўсатдан ғамга тушиб изтиробга қолдирганимдан пушаймон бўлдим. Лекин илож қанча? Мен ҳаётдаги тасодифларга ишонмайман. Тасодифлар, аслида СИНОВ. Бу синовдан ким қандай чиқади ўзига боғлиқ. Ҳар бир иш ўз вақти ва соатида Яратганнинг изни билан бўлади. Дарахтнинг қуриган барги ҳам Унинг рухсатисиз тушмайди («И ни единый лист не упадет без ведома Его» (Коран. Сура 6. Скот).

Хўш менинг саволим нимадан иборат эди?

Дилкаш, дўстона суҳбат бўлаётувди. Мен талабалик давримда Сирдарё вилояти «Оқ олтин» туманида беш йил пахта терганимни ёдга олдим. «Беш йил пахта терибмиз, бир марта бригадирни кўрганман. Ҳозир Оқ олтин тумани фермерлари гектарига неча центнердан ҳосил олишяпти?» –Ўн уч,-деди Ҳоким. –Ўзини ўзи қопламайди-ку!-дедим мен дабдурустдан. Ҳоким бу гапдан кейин нигоҳини ерга қадаб, чуқур хўрсинди ва гапни бошқа томонга буриб юборди. Дилкаш суҳбатимиз шу билан барҳам топди.

Ҳокимнинг кайфиятини тушириб қўйганим бир неча кун менга азоб берди. Ўша мушоҳада мени мулоҳаза юритишга чорлади. Ахир ўзингиз ўйланг, шу ердан, албатта, зарар олишини билган фермерга «пахта эк» деб айтиб бўладими?

Бу тажриба менинг ҳам бошимдан ўтган. 2003 йил охири 2004 йил бошида қишлоғимиздаги ерлар фермерларга бўлиниб бериладиган бўлди. Шукур Амин бобом яшаган жойлар ҳам фермерга айланадиган бўлди. Аммамнинг хўжайини поччам «менга ер олиб бер» -деб келиб қолди. Комиссия аъзоларига бобомлар яшаган ердан фермерлик учун ер беришларини бировлардан илтимос қилиб юбордим. Улар «Анвар ёрдам беради деган хаёлга боришганми» поччамга 20 гектардан ортиқ ер ажратиб беришибди. Эртаси куни поччам хурсанд бўлиш ўрнига хафа бўлиб домга кириб келди.

– Ҳа нима гап?-дедим, ер беришмаган бўлса керак деган ўй хаёлимдан ўтди, дафъатан.

– Мен колхўзда тўрт гектар ерда пудратчилик қилганман, 20 гектар ерни қандай уддалайман!!!???

– Ўзим ёрдам бераман! –парт этиб айтиб юборсам, денг.

Поччам кўнгли таскин топиб қишлоққа, ер участкасини ҳужжатлаштириш ишларига кетди.

Бу қарорим учун бир ойлар чамаси қариндошлардан таъна-ю маломатлар эшитдим. Уларнинг энг яхши гапи «Хўжалик судида судьялигингни қилсанг-чи, қишлоқ хўжалиги ишларига аралашма, шарманда бўласан!»-бўлди.

Лекин, мен ҳам гапдан қайтадиганлардан эмасман. Ҳали бошланмаган иш бўйича, муаммоларни ўрганиб, уларнинг ечимини қидира бошладим.

Ўша пайтда қишлоқ хўжалиги бўйича жуда катта мутахассис, асли Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидан бўлган, раҳматлик Боқи Муродов Қашқадарё вилоят Хўжалик судида Ўқув Маркази директори бўлиб ишлар, икковимиз жуда иноқ эдик. У киши ўттиз ёшида Ғузор тумани Райкоми Биринчи котиби бўлиб ишлаган пайтда Республикада биринчи бўлиб пахта режасини уддалаган киши. Оиласи ҳам ғузорлик бўлиб менга норасмий почча эдилар.

–Ерни К-700 трактор билан шудгорлайсан, кейин тўрт марта бароналайсан!

– Тўрт марта кўп эмасми?

– Қўл муштидагидек ҳам кесак бўлмаслиги керак, менинг айтганимни қил, беш марта десам, беш марта барона қилиш керак. тушундингми?

–Тушундим.

–Ер шундай текис бўлиши керакки, сув бир маромда пайкалларга етиб борсин, тушундингми?

–Тушундим.

–Кейин бульдозер билан даланинг олти жойига ҳовуз қаздирасан?

–Бу нимага?

– Ерга товуқ порисини солиб, экинларга «шарбат» қилиб юборасан, тушундингми?

– Бу техникаларни қаердан оламан?

– Йўлчи ва қурувчилардан танишларинг борми?

– Бор.

– Ўшалардан оласан-да, товуқ порини Қамашидаши ўрдакчилик фермасидан олсанг зўр бўлади?

– Нимаси зўр бўлади?

– Парранда пориси селитрага нисбатан уч баробар кучли. Унинг 33 фоизи селитра қолгани селофан. Парранда пориси пайкалларга тўғридан-тўғри юборсанг, пахтани куйдириб ташлайсан. Ҳовуз орқали юборсанг, ҳали ўзим ўргатаман, катта ҳосил олса бўлади!

Кўрсатма бўйича ишни бошлаб юбордим. 22 апрель кунида чигит экилаётган майдонга битта қўйни садақа қилиб юбордим. Чунки, экинларни ҳосилга киритиш Аллоҳнинг қўлида. Бу ҳақда Воқеа сураси 63-67-оятларида аниқ айтилган: 63. Вы видите посев семян (на пашне), -64. Так в вас иль в Нас Лежит причина их произрастанья? 65. Будь Наша воля, Мы обратили б ваши жатвы В сухой, ненужный порошок, И вы б дивились, (говоря): 66. Мы были все в долги вовлечены, 67. К тому ж теперь мы лишены всего.

Садақа шўрвасини тановвул қилиб бўлгач чигит экиш бошланди. Ана шу пайт қалбимга ваҳима тушди. Мен қип-қизил ерга танга сочиб чиқаяпман гўё, чигит униб чиқадими ёки чиқмайдими? Ё Парвардигор мени шарманда қилма!

Чигит униб, арвақайлаб кета бошлади. Ора-турада бориб тураман. Яна битта қўйни садақа қилиб юбордим. Битта хато қилибман, холос. Мен шарбат сувини бироз кечиктириб берган эканман. Шарбат суви таралган ҳовуз бўйидаги ғўзаларда кўсаклар роса кўп бўлди. Битта ғўзани фахрланиб санадим. Битта ғўзада 120 кўсак бор экан! Аммо, суғориш муддатида адашганим учун уларнинг ҳаммаси очилмади. Нима бўпти, қишлоқ молига ем бўлди. Буям натижа. Белгиланган режа центнерига 20 миди 25 миди, ҳарқалай режани бажариб, умрида биринчи бор пахта эккан ҳуқуқшунос сифатида барча қариндошлар олдида юзим ёруғ бўлди.

Мен Сирдарё вилояти Ҳокимига ана шу тажрибамдан келиб чиқиб савол бергандим. Буни қарангки, бу савол у кишининг дард-ҳасрати экан.

Орадан икки, уч ой ўтгач ўзимга ўзим савол бердим. Дунёнинг қайси мамлакатида экин экаётган деҳқон «бу йилги ҳосил тугагач, шунча зарар билан чиқаман» деб ният қилади?

Бу фақатгина СССР пайтида, колхўз,-совхўз пайтида, чигитниям, солярканиям, трактор хизматиниям биров ҳисоб-китоб қилмайдиган мамлакатда бўлиши мумкин? Даҳшат!!!

Декабрь ойидаги сайловчилар билан учрашувда Миришкор туманидан битта, Муборак туманидан битта фермерни йил давомида 10 гектар ерга пахта экканда қанча, ғалла экканда қанча харажат қилишини таҳлил қилдим.

Таҳлилимга кўра фермер ҳар гектардан 70 центнердан ғалла, 40 центнердан пахта олса даромад қилар экан. Акс ҳолда даромадсиз қолиб Тайёрловчи учун хизмат қиларкан.

2009 йил баҳорги экин-текин мавсуми олдидан мана шу таклифимни бироз қоғозга ўраб Марказий Банк бошлиғи Ф.Муллажоновга депутат сўрови сифатида юбормоқчи бўлиб, ҳамхона касбдошларимга ўқиб бердим.

Менинг депутатлик сўровимда деярли шундай дейилганди:

«..Ҳар йили пахта ва ғалла учун Марказий Банк ресурси эвазига кредит ҳисобига ғалла ва пахта етиштирилмоқда. Мен иқтисодчи эмасман, ҳуқуқшуносман. Менинг ҳисобимга кўра ғалладан 70 центнер, пахтадан 40 центнер ҳосил олинса, фермер даромад оляпти. Бунча даромад ололмаётган фермерларга кредит ажратишнинг кераги йўқ. Унинг зарарини яна бюджет қоплаяпти. Шунинг учун ёғ-мой саноати учун даромадли ҳисобланмиш соя, масхар эксак мақсадга мувофиқ».

Матнни ўқиб берганим ҳамон уни эшитган тўртала касбдошим ҳам «буни юбориб бўлмайди!»-дея эътироз билдиришди. «Нега?»- десам, «Пахта давлат сиёсати. Пахта стратегия!»-дейишди бирваракайига.

Мен уларга жилмайдим-да, «Пахта СССРда стратегия эди, ҳозир эмас» -дедим ва улардан бир нарсани илтимос қилдим.

– Мен ҳозир, хатни жўнатишдан олдин қиблага қараб, дуога қўл очаман, шунга қўшилсаларинг бўлди, хўпми?

– Хўп,-дейишди,-улар

Мен қиблага юзланиб, деярли шундай дедим: «Аллоҳим ҳар бир нарсанинг бўлиши сенга боғлиқ, мен ушбу хатимни ўзим учун эмас, халқим фойдаси учун сенга таваккул қилиб жўнатяпман. Бу хатнинг бошланиши ва охирини хайрли қил! Омин».

Хатни жўнатдим. Орадан бир-икки кун ўтгач Марказий банкнинг ҳуқуқшуноси Ф.Муллажонов менинг хатимдан хурсандлигини баён қилиб, бир гапни қистирди. У киши «шу хатдан битта Рустам Содиқовичга ҳам жўнатолмайдиларми? -деб сўраяптилар»-деди. «Жўнатаман»-дедим мен ва олдинги тажрибани қилиб ҳамкасбларимдан дуода қўшилишларини сўрадим.

Бир неча кун ўтгач Р.С.Азимовдан устхат қўйилган жавоб келди:

Молия вазирлиги – Фалончиевга

Қишлоқ хўжалик вазири – Фалончиевга

Иқтисод Вазири – Фалончиевга

«Депутат сўровига жавоб берилсин» деган.

Иккита вазирликдан жавоб келди. Молия Вазирлиги «ҳақиқатда зарар кўриб ишлаётган фермерларнинг зарари давлат бюджети ҳисобидан қопланади, аммо пахтадан 24 центнер ҳосил олинса, ўзини ўзи қоплайди», ғалладан неча центнер ҳосил айтилгани ҳозир ёдимда йўқ. Иқтисодиёт вазирлиги «бу йил фермерлардан мактаб (ёки спортми) солиғи олиб ташланади» деган жавоб берди. Қишлоқ хўжалик вазирлиги жавоб ҳам бермади.

Аммо, таклифим иш бериб, бутун Республикада, айниқса яйловларда масхар экилиб яхши ҳосил олинди. Бу худди газеталарнинг «Газетада чоп этилмаса-да чора кўрилди» деган рукнига ўхшарди.

Анвар Шукуров

facebook.com