O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳолинг не фермер?

Ҳолинг не фермер?
139 views
21 January 2018 - 11:00

ҲОЛИНГ НЕ ФЕРМЕР?
(Биринчи мақола)

Ўтган асрнинг 30-йилларида колхозлаштириш ишлари қўпол равишда амалга оширилганлигини эътироф этамиз. Аммо, колхозларни фермер хўажликларига айлантиришда, кейинчалик уларни қайта «оптималлаштириш»да хатоликлар бўлмай, ҳаммаси силлиққина бўлдими?

Ўзаро суҳбатлар пайтида тажрибали колхўз раисининг колхўзларни фермерга айлантиришдан норози бўлиб гапиргани эсимда. Унинг бош далили – «колхўз одамларни иш билан таъминлаб турувди! Қўли текканнинг оғзи тегади, деганларидек, колхўзчилардан бири тўй қиладими? Таъзия маросими уюштирадими? Уларга колхўз правлениеси ёрдам бериб турганди. Энди бу фермер деганнинг ҳар бири ўзини колхўз раисидай ҳис қилади, энди бировни иш билан ҳам таъминламайди, ёрдам ҳам бермайди, яйловига мол кирса қувиб солади».

Раиснинг гапларида жон бор эди. Яна бир оқил кишининг бундай фикриниям эътиборга молик дейман:

–Колхўзлар тарқаб кетгач қишлоқларда ўғирлик кўпайиб кетди. Ҳатто, оналар ишсиз юрган ўғлига раҳми келганидан ўз эри, боласининг отаси чўнтагидан пул ўғирлаш ҳақида маслаҳат берган пайтлар бўлди.

Яхшиям Россияда иш чиқиб қолди, бўлмаса қишлоқларда ўғирлик, ғарлик авж оларди!

Қизиқ бир воқеани эшитганман. Билмадим буни тўқима деб ўйлаш ҳам мумкин. Аммо, менга гапирган киши ёлғон гапирмайдиган одам.

Колхўз, совхўзларни йўқ қилиб, уларнинг ўрнига фермер хўжаликлари ташкил қилиш бўйича Бош-Қош бўлган раҳбар ишдан бўшаб қопти. Ҳовлисида Ўзбекистонда ноёб ҳисобланмиш узум навларидан қилинган токзори бор экан. Мансабда турган пайтида Тошкент, водий вилоятлари ҳокимлари шу мўъжазгина ҳовлидаги узумзорни парваришлашга энг зўр мутахассис жўнатиш учун бир-бирлари билан талашар эканлар. Ҳаёт шафқатсиз. Мансабдан кетгач барча талашлар барҳам топибди. Баҳор иссиғи авжига олаётган пайтда ўтган хотираларни эслаб собиқ Вазир токзорини яхшилаб парвариш қилдириш йўлини халқона ечибди.

«Ўғлим,-дебди собиқ Вазир, кечқурунги овқат пайтида- токзорга қанақа ноёб узум навлари эктирганимни биласан, барглари ва новдалари каттариб, узунлаб букилиб қоляпти. Хомток қилишни билганимда ўзим эплардим, ҳам жисмоний меҳнат эди. Аммо, бу ишни устаси қилгани яхши. Эртага мардикор бозорга бориб, водийлик деҳқонлардан иккитасини олиб келсанг. Ишини қилади. Пулини берамиз гап тамом, вассалом».

Ўғил ҳам отасининг гапини икки қилмасдан эрта тонгдан мардикор бозорга борибди ва иккита тажрибали боғбон мардикорни олиб келиб, уларга ишни кўрсатибди. Бу пайтда собиқ Вазир тонгдан кейинги уйқуда экан. Деҳқонлар ишни кўламини чамалаб, «кун исиб кетмасдан, аввал тепадаги барг ва новдаларни хомтокини юламиз, кейин пастдагисини» дейишиб тепага чиқиб кетишибди.

Мардикорлар гапга чечан одамлар бўлиб, тез ишлашар ва кўп гапиришар ҳам экан. Уларнинг ғала-ғовур гурингидан собиқ Вазир ҳам уйғониб кетибди. Ташқарига чиқиб токзор остидаги йўлакчадан ҳожатхона томон юрибди ва бехосдан тепадаги мардикорлар унинг номини тилга олаётганликларини эшитиб қолибди.

– Аҳмаджон,-дебди биринчи мардикор иккинчисига, узумларнинг нави зўр эканми? Уйнинг эгаси сара боғбон эканми? Лекин шунақанги навларни эктирган одам, узумни хомтокини узишни билмаса-я?

– Бэ-э, қўйсангчи Фалончиев (уй эгаси фамилиясини айтиб)га ўхшаган муттаҳамнинг уйи бўлса керак, вилоятлардан бепул опкелтирган, узумини ейишни билади-ю уни парваришлашни билмайди!

– Бўлиши мумкин, ўша муттаҳам бўлмаганда, сен билан биз бир гектарлик узумзоримизда ишлаб, бу ёқларга келиб қолармидик!

– Ҳа, эсингда борми, бир гектарлик, икки гектарлик боғларни гапириб «бу Афандининг иши эмасми?»-деганди. Шундан кейин ҳамма кичик боғбонлар синиб кетувди!

– Гапирма-э, ўша муттаҳамнинг фамилиясини эшитсам, жиним қўзийди!

Собиқ Вазир ҳожатга боришниям эсдан чиқариб, юқоридатоклар барги остида кўринмайдиган мардикорларнинг жуда «илиқ» ҳақоратларини эшитибди. Уйнинг эгаси оқил одам экан «менинг ишдан кетишимга, мана шунақа мискинларнинг қарғиши сабаб» деб ўйлабди ва мардикорларнинг пастга тушишини кутиб, дастурхон ҳозирлабди.

Мардикорлар тепадаги ишларни якунлаб пастга тушсалар не кўз билан кўрсинларки, роса ҳақоратларга кўмган киши елкасида оқ сочиқ илиб, қўлида обтовани ушлаб, дастурхонда нонушта тайёрлаб турганмиш.

–Э,-дебди мардикорлардан бири, – кечирасиз, уйнинг эгаси сизлигингизни билмай гапириб қўйибмиз.

–Майли,-дебди, уйнинг эгаси уларнинг қўлига сув қуяр экан. Ўтган гапларни унутамиз, қилган хатоимни тушундим, узр, қани дастурхонга марҳамат.

Хулоса қилиб, битта ҳадисни келтираман.

Расули Акрам деярли шундай бир мисол келтирганлар буни ноқобил раҳбарлар ва қора халққа нисбатан ишлатса бўлади, деб ўйлайман.

Кема тепаси, бошқарувида турганлар баландда туриб пастда, кема эшкагини тортаётганларга сув бермасалар, пастдаги меҳнаткашлар кемани тагини тешиб сув оладилар!

Анвар Шукуров

facebook.com