Ҳолландия прокуратураси Гулнора Каримовага боғлиқ экани айтилган Такилант фирмасига тегишли 300 миллион еврони мусодара этишни сўраб маҳкамага мурожаат этган.
Илгари айтилганидек, ‘сохта’ Такилант ширкатининг Ҳолландиядаги ҳиссалари Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага пора сифатида берилган, деб ишонилади. Такилант ширкати айнан шу пораларни ҳисобга ўтказиш мақсадида ташкил қилинган, дейилади.
Рейтер ахборот агентлигининг хабар беришича, Амстердам маҳкамасига мурожаат қилган прокурорлар 300 миллион еврони мусодара этиш билан бирга, ширкатга 5 миллион евро жарима солишни ҳам талаб қилганлар.
Бундан ташқари қоралов томон Такилант ширкати мулки бўлган Ucell мобил операторининг 6 фоиз ҳиссаларини ҳам мусодара этишга чақирмоқда.
“Бу пуллар Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш эвазига берилган. Пулни қабул қилган Ўзбек Президентининг қизи ва унга қарашли Такилант бўлган”, деб кўрсатилган прокуратура мурожаатида.
Ҳолландия прокурорлари маълумотлари бўйича, пуллар Америка ва Ҳолландия маҳкамасида коррупцияда айбланган VimpelCom телекоммуникация ширкати ва айни пайтда текширув остида бўлган Telia ширкати томонидан тўланган.
Шуни қайд этиш керак, прокурорлар шахсан Каримова хонимни эмас, Такилант ширкатини айбламоқдалар.
VimpelCom ва TeliaSonera ширкатларининг Ҳолландияда қароргоҳлари мавжуд. Коррупцияга қарши қонунчиликка биноан, масъулиятга тортилишлари эҳтимоли бор.
Ҳолландия прокурорларининг таъкидлашларича, Гулнора Каримова 2007-2015 йиллар оралиғида VimpelCom ширкатининг Unitel шўъба корхонаси ва Coscom ширкатининг Telia бўлимини 3G мобил лицензияси билан таъминлаш эвазига 385 миллион доллардан ортиқ пулни пора сифатида олган.
Швецария, Швеция ва Америкадаги маҳкамаларда эса Гулнора Каримова 2012 йилдаёқ шубҳаланувчи деб аталган. Швецария ва Швецияда текширувлар ҳануз давом этмоқда.
Чоршанба, 6 июл куни бўлиб ўтган маҳкамада Гулнора Каримова ва Такилант ширкати вакили иштирок этмаган. Рейтер агентлигига кўра, Гулнора Каримова маҳкама айбловлари тўғрисида қачондир изоҳ бериши ҳам номаълум. Шунга ўхшаш, Ўзбекистон ҳукумати бу мавзуда ҳеч қачон ошкор муносабат билдирмаган.
2016 йилнинг феврал ойида VimpelCom ширкати коррупция айбловлари ортидан, Ўзбекистондаги шахсларга пора берганини тан олиб, 795 миллион доллар жарима тўлашга рози бўлганди. Бу маблағнинг 167 миллион доллари Америка қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси, 230 миллион доллар АҚШ Адлия вазирлиги, 397,5 миллион доллар Ҳолландия ҳукумати томонидан ҳисобланган.
Гулнора Каримова 2014 йил халқаро саҳнадан ғойиб бўлиб, уй қамоғига ўтказилгани тўғрисида хабарлари чиқди. Ўзбекистон Президенти қизининг коррупция жанжалларига аралашгани ҳақидаги маълумотлар 2012 йилда хориж оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлди. 2014 йил швед прокурорлари Гулнорага алоқадор 900 миллион долларлик ҳиссалар борлигини айтиб, уни музлатишни сўрашди. Ўша йили Гулнора Каримова қўриқчилар билан тортишиб турган суратлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бироқ Гулнора Каримова ва унинг болалари айнан қаерда эканлиги ҳозирда ноаниқ қолмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати АҚШда музлатилган пулларни мамлакатга қайтариш бўйича музокаралар олиб бораётгани айтилганди.
Гулнора Каримова номи билан боғланган бир неча ҳамкорлари Тошкентда маҳкамага тортилган. Жумладан, Такилант фирмаси номига расмийлаштирилган Гаяне Авакян, Гулнора Каримованинг фуқаровий эри бўлган, қатор ҳужжатларда исми кўрсатилган Рустам Мадумаровлар молиявий жиноятларда айбланиб, бир неча йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилган. Қамоқ жазолари кейинроқ авф асосида қисқартирилган.
Бироқ Ўзбекистоннинг мобил алоқа соҳасидаги коррупция жанжаллари марказида асосий фигура бўлган Гулнора Каримованинг ўзига нисбатан жазо қўлланилмаган.
Фақат икки-уч йил илгари бош вазир ўринбосари Рустам Азимов дохил ҳукуматнинг қатор юқори мулозимларини ижтимоий тармоқларда танқид қилган Гулнора Каримова интернетдан узиб қўйилган, унинг ҳозирда уй қамоғида экани тўғрисида хабарлардан бошқа маълумот йўқ.
Ижтимоий тармоқларда ўз вақтида Гулнора Каримованинг тадбирларида фаол бўлган Ўзбек шоу-бизнесининг баъзи вакиллари бугун уни эслаб, 9 июл, туғилган куни билан табриклаганлар.
Манба: bbc.com/uzbek