“Туркманистон ва Ўзбекистоннинг ўта репрессив сиёсати 2013 йилнинг 23-24 апрел кунлари синчковлик билан кўриб чиқилади”, дея хабар беради Ҳюман Райтс Уотч.
Марказий Осиёнинг бу икки давлатидаги аҳвол 23-24 апрел кунлари Женевадаги БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашида муҳокама этиладиган.
ҲРУга кўра, йиғин ҳар икки мамлакатда давом этаётган репрессия борасида очиқ сўзлашиш, вазиятни қоралаш, шу билан бирга, инсон ҳуқуқларини топташ ҳолларига барҳам бериш талабини илгари суриш имкониятидир.
“Турманистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари дунёдаги энг репрессив тузумлар қаторида”, дейди Ҳюман Райтс Уотч.
Инсон Ҳуқуқлари Кенгашининг олдинги йиғини 2008 йил декабрида бўлиб ўтган. Ҳюман Райтс Уотчга кўра, ўшандан бери Ўзбекистон ва Туркманистондаги вазият қарийб ўзгармаган.
“Фавқулодда даражали қатағон ҳукумрон Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукуматлари муаммоларни бартараф этишга уриниш у ёқда турсин, уларни тан олишмайди. Мазкур ҳолат эса, улар қатъий ва бир овозда огоҳлантирилиши зарурлигини англатади”, дейди Ҳюман Райтс Уотчнинг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Вероника Голдстон.
“Ашхобод ва Тошкент ўзларидаги инсон ҳуқуқларини таҳқирлаш билан боғлиқ рекорд қабул қилиб бўлмас экани ҳамда қандай муайян ўзгаришлар қилиш кераклигини қаттиқ ва аниқ қилиб қулоқларига қўйишлари зарур”, дея қўшимча қилади Голдстон хоним.
Тавсиялар
Йиғиндан олдин Туркманистон ва Ўзбекистон борасида тайёрланган ҳисоботда асосий хавотирли нуқталар урғуланган. Шу билан бирга, муаммоларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ҳам берилган.
Улардан энг асосийси – ҳар икки ҳукуматни ҳам БМТ кузатувларига изн беришга ундаш лозимлигидир. Ҳюман Райтс Уотчга кўра, шу пайтгача, БМТнинг 10 нафар маърузачиси Туркманистонга киришига рухсат берилмаган, Ўзбекистон рад этган маърузачилар сони эса, 11 нафарга етган.
Халқаро Қизил Хоч ташкилоти билан ҳамкорлик эса, яна бир диққат қаратилиши керак бўлган масаладир.
12 апрел куни Халқаро Қизил Хоч Ташкилоти очиқдан-очиқ Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларига боришни тўхтатаётганини эълон қилганди.
Хавотирлар
Ҳукуматнинг мустақил фуқаролик жамиятлари фаолияти ва сўз эркинлигини тўхтовсиз равишда бостириши, инсон ҳуқуқлари ва журналистларнинг сохта айбловлар билан қамоққа ташланиши Ўзбекистондаги вазият билан боғлиқ хавотирлар сирасига киради.
“Натижада, 10дан ортиқ ҳуқуқ ҳимоячилари ва қатор мустақил журналистлар ҳамда мухолифат фаоллари нотўғри айбловлар билан қамоқда қолишмоқда”, дейди Ҳюман Райтс Уотч.
Бундан ташқари, ташкилот ўз ҳисоботида қийноқлар ва номақбул муносабат Ўзбекистон учун сурункали муаммога айланиб бўлганини урғулайди.
Йиллик пахта йиғим-терим мавсумида мунтазам равишда мажбурий меҳнат, жумладан, болалар меҳнатидан фойдаланилиши ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувчиларини мамлакатга қўйилмаётгани ҳам диққат қаратилиши лозим бўлган масала сифатида таъкидланган.
Туркманистон
“Туркманистон қамоқхоналари ҳам ташқи кузатувга ёпиқ қолмоқда”, дейди инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Ҳюман Райтс Уотч.
Ташкилот Турманистон билан боғлиқ бошқа хавотирлар жумласига ўзгача фикрловчиларни қамоққа ташлаш сиёсатини ҳам киритади.
“Йигирма йилдан ортиқ вақтдан бери номаълум сондаги инсонлар сиёсий важлар билан мамлакат қамоқхоналарида қолаётир”, дея бонг уради ҲРУ.
“Ҳукумат яқинда 4 кишини озод қилди. Улардан икки нафари 6 ярим йиллик қамоқ жазосини тўла ўтаб бўлган. Аммо, уларнинг қўйиб юборилиши қамоқда яна қанча маҳбус қолгани борасидаги саволни ўртага ташлади холос”, дейди Ҳюман Райтс Уотч.
Ташкилот Туркманистондаги қатағонлар туфайли инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистлар очиқ фаолият юритишларига имкон йўқлигини ҳам таъкидлайди.
Вероника Голдстонга кўра, БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши муҳокамаси ўтган галги йиғиндан қарийб 4 ярим йил ўтиб, Туркманистон ва Ўзбекистондаги вазият қанчалар кам ўзгарганини англашга хизмат қилади.
“Ушбу ҳукуматларнинг ҳамкорлари ўзларидан сўрайдигани: қандай қилиб уларни кўпроқ муросага ундаш мумкин, деган саволдир. Жавоб эса, аниқ – кўпроқ босим ўтказиш”, дея хулоса қилади Ҳюман Райтс Уотчнинг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Вероника Голдстон.