O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Ҳужра”даги қабул ёки ажиб ҳангома

“Ҳужра”даги қабул ёки ажиб ҳангома
35 views
04 March 2017 - 10:06

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўттиз бириинчи мақола) 

 “ҲУЖРА”ДАГИ  ҚАБУЛ  ЁКИ АЖИБ ҲАНГОМА

Бу найрангбозлар тўдаси раис қабули олдидан тайёргарликнинг ўзига хос йўли ва йўналишидан борди. Яъни биринчи гал  менга “Ўзбекистон” телерадиоканалининг радио бўйича директор ўринбосари Султонпошша Ёқубова “бугун раис қабул қилар экан”, дея овора-ю сарсон этиб, бир кунлик вақтимни бекорга ҳавога совурганди. Ўшанда ишни дастлаб МТРК юристи М.Қалқонованинг хонасига киришдан бошлагандик. Бу юрист ойимча хонасига кирар-кирмасимиздан кадрлар бошқармасининг бошлиғи Абдумўмин Абдусаматовни телефон орқали тезда чақиртириб, ҳе йўқ бе йўқ, дарҳол “разбор”ларини бошлаб юборишганди. Яъни Ходжаевнинг кирдикорлари хусусида ёзган билдиришномамнинг муҳокамаси асосида сўроққа тутишлар, тергов-қўрқитишларга зўр беришди. Минг чиранмасинлар бундан бир иш чиқмади. Янада аниқроқ айтганда чиқариша олишмади. Қўполроқ, қўрсроқ тушунтирганда қўрқитиш услуби натижасиз якунланди. Бу учала “хизматкор”га   президентга ёзилган масалалар бўйича мени сўроққа тутишларига на маънавий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳақлари йўқ эканлигини аниқ-тиниқ ва лўнда қилиб тушунтирдим. Бироқ, учовлон буни тушунишни истамасдан барибир турли саволларни ёғдиришга ҳаракат қилиб кўришди. Кейинроқ билсам, бу қўрқоқ-раиснинг мени ўз қабулига чақиртиришдан олдинги бир репитиция-найранга ўхшаш ҳунарларидан бири экан. Шу аснода бу “учлик” мени обдон текшириб кўриш учун ўзига хос дастлабки экспериментсимон синовдан ўтказишга қарор қилишган экан. Чунки, ўша куни МТРК раҳбари қабули амалга  ошмади.

У ўтди, бу ўтди-ю, бошқа бир куни мени раис қабул қиладиган бўлиб қолди. Яна соат нечада денг? Қоқ тушлик пайтида. Енгил нафас олиб, йўлга отланаётсам, ёлғиз эмас эканман: яна ўша директор ўринбосари С.Ёқубова “бирга борамиз” деб туриб олди. Бирга жўнадик. Яна ўша юрист ойимча Муҳайё хоним Қалқонованинг кабинетини зиёрат қилишдан бошланди ишимиз. Мен яна шу эски тос эски ҳаммом каби бир неча кун олдин бўлиб ўтган сценарий асосидаги саъй-ҳаракатлар қайта бошланиб кетса керак деб ўйладим. Хайриятки, ундай бўлиб чиқмади. Биз учовлон: камина, юристой, ўринбосархон раиснинг қабулхонасига қараб йўл олдик. Тартиб шунақа экан. Ходжаев жаноблари М.Қалқонова ва С.Ёқубовасиз  мени қабул қилмас экан, аниқроғи, қабул қила олмас экан. Нимага? Нима учун? Бундайин “тартиб-қоида”нинг туб сабабларига сал туриб тўхталамиз. Чунки, бунга жиддий асос бўладиган омиллар бор.

Қабулхонага кириб боришимиз билан чап томонда котиба, ўнг томонда эса раҳбарнинг ёрдамчиси – мулойимхунуккина йигитча Фарҳодбой кутиб олдилар. Бу олдиндан қаттиқ тайёргарлик кўрилган ўта махсус учрашув шекилли, мен билан борган икки хонимча ёрдамчи йигитнинг хонасига кириб кетишиб (яна алланималардир назардан четда қолиб кетган бўлса керакки), ичкарида ўзларича бироз “чақчақлашиб” олишди. Мен олдинига унчалик ҳам эътибор қилмадим. Бироқ, бундай сирли пичирлашишлар барибир диққатингни ўзига тортмай иложи йўқ экан. Бунақа ўнғайсиз вазиятда на ўтиришингни биласан, на тик туришингни.

Ҳар ҳолда бугунги қабулнинг ташкилий моментлари хусусида бу учовлон яна бир бор обдон “фикр алмашиб” олишганидан кўнгиллари тўлиб чиқишгани юз ифодаларидан аён бўлиб турарди. Шундан сўнг ёрдамчи йигит бирдан қабулни раис ўз хонасида эмас, балки алоҳида хонада ўтказишни маъқул кўрган эканми, шу боис бошқа бир катакдай келадиган кичкина хонани бизга кўрсатиб, ўша жойда ўтириб туришимизни сўради. Биз бажонидил ўша “ҳужра”га кириб ўтирдик. Бироз ўтар ўтмас Алишер Ходжаев кириб келди ва биз билан саломлашди. Раҳбарнинг одати шундай экан: Қалқоновасиз қабулига бировни йўлатмаскан. Бўлмаса, ўзини “қалқонсиз” ҳис этиб қоларкан. Дастлаб гапни нимадан  бошлашимизни билмай тургандек, бўлдик гўё. Мен бир томондан ҳайрон бўлаяпманки, нега бу жаноб раҳбар бўлатуриб ходимини ўзи ёлғиз қабул қила олмайди? Юзма-юз ўтириб гаплашишга нечун чўчийди? Нима унинг бир қусури бормикин? Бир пайт бу раис деганлари бирдан юристга юзланди ва С.Ёқубовага ҳам алланимани имо-ишора қилгандай бўлди. Шунда М.Қалқонова дабдурустдан сайрай бошлади: “Мана бу ёзилган аризалардаги масалалар бўйича биз фалон қилдик, пистон қилдик. –  Мени кўрсатиб, – мана бу киши ундоқ дебди, бундоқ дебди…”

Кейин Султонпошша опахон келган жойидан “сценарий бўича” давом эттирдилар: “Мана, биз ҳам бу борадаги масалаларни гаплашиб олдик, ундай қилдик, бундай қилдик дея турли важ-карсонлар келтириб, ҳаяжон билан “нутқ” бошлади.

Раис деганнинг қабулига мен эмас, демак, асосан бу иккала хонимча ёзилган экан, деган хулосага келдим. Шу фикрлар хаёлимдан кечаркан, ҳақиқатдан ҳам қабулга ёзилган мен бўлсам-да, фақат уларнинг учаласи бир-бирига гап бермай сайрашаётганлигига ҳайрон қараб ўтирардим. Бириси ундай деса, бириси бундай дейди. Юрист фақат папкасини кўтариб кўрсатса, С.Ёқубова шу папканинг ичидагини қандай қилиб муҳокама қилгани-ю, ундан қандай тегишли хулоса қилиш кераклиги хусусида оғиз кўпиртирарди. Хуллас, бундай қарасам, бу уч оғзибирларнинг менга гап бериш нияти йўқ. Ҳадеб нимага ишора қилаётганлиги-ю ва бундан нима мақсад  кўзлангани, ундан қандай натижа-эффект кутаётганлигини англай бошладим. Уларнинг асл муддаоси нима эканлиги ўз-ўзидан ойдинлаша бошлади. Инсон буни билиши, англаши учун унчалик ҳам ақлли бўлиши шарт эмас эди, аслида. Бу шоввозлар бир-бирига қилган имо-ишораларидаёқ кўп нарсаларни сездиришиб қўйишаяпти. Мен эса, қани булар қайси нуқтада ўзаро суҳбатларини  тўхтатишаркин, дея уларнинг оғзидан чиққан ҳар бир гап-сўзининг ҳар томонлама маъно-мазмунига кўпроқ диққат қилиб, мағзини чақиб, яхшигина таҳлил қилиб, жимгина кузатиб турдим. Во ажаб, буни қарангки, худди шу ҳолатни улар сезибми-сезмайми менга ҳам сўз беришга қарор қилиб қолишди. Шу топда раис жаноблари мени бу икки хонимчага ўзига хос ишора билан кўрсатиб: “Бу киши нима дерканлар?” – дея луқма ташлаб қолди.

Қизиғи, телерадиокомпаниянинг каттакони ўзининг қабулида кўзингга, юзинга қараб гапира олмайди. Бунинг ўзига хос ва ўзига мос сабаблари бор. Чунки, олғирликда ва талон-тарожлик бобида биринчи рақамга айланган бу раҳбарнинг кўпгина кирдикорларидан хабардор эканлигимдан у-да бохабар. Бу борада олдинги мақолаларимнинг бирида ёзгандим. Шунингдек, бу ҳақда юқорига очиқ-ойдин ёзганлигим унинг боши-кўзини у ёққа бу ёққа салтанглатиб олиб қочишига, шунинг учун ҳам  кўзимга тик қараб сўзлай олмаслигига сабаб бўлаётганди, десам хато бўлмайди. Бу биринчидан. Иккинчидан эса, у мажбур бўлганидан, ўлганининг кунидан қабул этишга маҳкум эканлигидан ҳам шундай йўл тутаётганлиги сир эмас эди. Негаки, Ходжаев раҳбар бўлиб келганидан кейин нафақат ходимларни, ижодкорларни қатағон-қувғин қилиш ишларини олиб борди, балки, давлат бюджетидан ажратилган маблағларни нақдлаштириш ва ўзлаштиришнинг шунақанги усул-услубларини қўлладики, бунақаси камдан-кам ҳолларда учрайдиган ҳодиса деб бемалол айтишимиз мумкин. Бу борадаги қаллобликларини айтавериб саноқ-адоғига етиш анча мушкул. Шахсан унинг томонидан ўтказилган қаттиқ тазйиқ ва таҳдид, босимлардан кейин бир неча таниқли мутахассис ва ижодкор ходимларнинг ҳаттоки, ҳаётдан кўз юмганлигини энди қандай оқлаш мумкин бўларкин?.. Ана шундай нохуш-фожиавий ҳолатларнинг ўзиёқ бу одамнинг ўз ходимлари кўзига тик қараб гаплаша олмайдиган даражада бошини хам қилиб қилиб қўйган бўлса ажаб эмас…

Маккорлик ва айёрликда тенги йўқ бўлган Ходжаевнинг ўзини тутишидан тўғриси, менинг ғашим кела бошлади. Бир қарасангиз, у  талмовсираётгандек. Янада диққат қилиб синчковлик билан назар ташлайдиган бўлсангиз, балонинг ўқига-да ақли ета туриб, атай ўзини овсарликка солаётгандек. Лекин сизнинг кўзингизга тик қарай олмасдан, аланг-жаланг қилиб кўзини-ю юзини у ёққа бу ёққа олиб қочишидан бу одам ўта пихини ёрган эски тулкилардан эканлигини янада яққол сезиш мумкин. Гўё бу одам раҳбар сифатида ўзининг саккиз йиллик фаолиятида илк маротаба компания ходимини қабул қилаётгандек эди… Чиндан ҳам шунча йиллар ичида ҳали бирон марта қайсидир ходимнинг талаби ёки илтимоси билан раис қабул қилибди ва муаммосини ҳал қилиб берибди деган гапни ҳеч ким эшитмаган. Агар биронтаси шундай бўлди, “мен қабулга кириб гаплашдим” дейдиган бўлса-да, ҳеч ким бунга ишонмаслиги аниқ. Шахсан мен у билан ҳужрачадай хонада учрашиб тураркан, бунинг асосий сабаблари нимада эканлигига жавоб топгандай бўлдим. Қўпол, ўринсиз бўлса-да айтиш керак, унинг ичидаги барча ноқисликлари нуқси сиртига, башарасига уриб кетганлиги, жуда кўп “сир”ларини сездириб қўйишдан чўчиш алоамати бу раҳбарда устун эканлигини ҳис этиш қийин эмасди. Худди шу боисдан ҳам у ижодкорлар билан учрашишдан, ўз ходимларини яккама-якка, юзма-юз қабул қилишдан ҳадиксирар экан, деган фикр туғилди, менда.

07.08.2014 й.

(давоми бор)