O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Ҳукмрон “Халқ Демократик” партиясининг ягона номзоди Имомали Раҳмон

Ҳукмрон “Халқ Демократик” партиясининг ягона номзоди Имомали Раҳмон
127 views
04 October 2013 - 13:10

Тожикистоннинг амалдаги президенти Имомали Раҳмон шу йилнинг 6 ноябр кунига мўлжалланган президентликка сайловда қатнашади.

4 октябр куни эрталаб Тожикистон Халқ Демократик партиясининг мингдан ортиқ вакил қатнашган қурултойида Имомали Раҳмоннинг номзоди бир овоздан мақулланган. Аввалроқ республика Ёшлар Иттифоқи ҳам Имомали Раҳмонни ўзининг ягона номзоди ўлароқ  эълон қилган эди.

Тожикистондаги фуқаролар уруши йилларигача ўзи туғилиб ўсган Данғара туманининг Ленин колхозига раислик қилган Имомали Раҳмон биринчи марта 1994 йил президентлик курсисига ўтирган.

Унинг ҳукумат тепасига келишига, айрим сиёсий таҳлилчиларнинг таъкидича, “Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ҳиссаси улкан”.

Ўша йиллар Тожикистон Конституциясига ўзгартириш киритилган ва 1999 йилдаги президентлик сайловида унинг кўп овоз тўплагани ва биринчи етти йиллик муддатга сайлангани эълон қилинган.

2006 йилги президентликка сайловда ҳам қатнашган Имомали Раҳмон ғалаба қозонгани эълон қилинган эди.

Бироқ, Тожикистондаги президентликка сайловни кузатган халқаро экспертлар ва сиёсий доиралар сайлов натижаларини нолегитим, дея баҳолаганди.

Тожикистонда президентликка сайлов шу йилнинг 6 ноябрига белгиланган. Айнан ўша куни Тожикистон  Конституцияси қабул қилинган куннинг 19 йиллиги нишонланади.

Мухолифатга кўра, Тожикистоннинг амалдаги Бош Қонуни бўйича амалдаги Имомали Раҳмон президентлик сайловида қатнашиши мумкин эмас.

Галдаги сиёсий тадбирда  унинг рақиби- номзоди Ойниҳол Бобоназарова Тожикистон мухолифатининг ягона номзоди.

Шунингдек, Тожикистон Иқтисодий ислоҳотлар партияси Олим Бобоев, Тожикистон Аграр партияси академик Толиббек Бухориев, Тожикистон Демократик партияси Саиджаъфар Исмоновнинг, Тожикистон Социалистлар партияси эса Адбуҳалим Ғаффоров номзодларини илгари суришлари ҳақида эълон қилдилар.

Зулфия